28.05.2019

ИЛМ ВА ОЛИМ ҚАДРИ

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ, академик:

Президент Шавкат Мирзиёевнинг фан ва таълим соҳасида юксак марраларни кўзлаб олиб бораётган эзгу ишлари аллақачон ўз натижасини бера бошлади.

Ўзбекистон Миллий университетида Президентимиз томонидан ўтказилган йиғилишда иштирок этар эканман, биз йиллар давомида бир бутунликда ривожланиши шарт бўлган илм-фан ва таълим тизимини нотўғри бошқарганимизни яна бир марта англаб етдим. Ўшанда ислоҳотлар биринчи бўғиндан эмас балки, ўрта бўғиндан бошланган эди. Бу эса пойдеворсиз иморатга ўхшарди. Бугун илм-фан ва таълим тизимининг барча бўғинлари биргаликда тараққий этмоқда. Буни қуйидаги омилларда ҳам кўриш, англаш мумкин. Илм-фан ва таълимни ривожлантиришни бугунги стратегиясида бирор бир ўринда бўшлиққа йўл қўйилмаган.

Биринчи навбатда, мактабгача таълим муассасаларига янгидан ҳаёт бағишланди. Тўғрисини тан олганимизда мазкур тизим мамлакатимизда тугатилиш арафасида турган эди. Аслида бола тарбиясида бошланғич ва асосий ҳал қилувчи бўғин ҳисобланадиган, болаларни жамият томон дастлабки қадамлари ташланадиган мактабгача таълим муассасалари қисқа вақт ичида катта имконият ва салоҳиятга эга тузилмага айланди.

Иккинчи навбатда, мактаб ва касб-ҳунар таълими йўналиши кескин ислоҳ этилди. Йиллар давомида ўзини оқламаган коллеж ва лицейлар тизими қайтадан кўриб чиқилиб, 11 йиллик мактаб таълимини тиклаш изчиллик билан амалга оширилди. Жамиятда муаллимнинг обрў эътибори юксалди. Босқичма-босқич ўқитувчилар маоши оширилди. Бу жараён яна давом этмоқда. Мазкур тизимга четдан аралашишларга барҳам берилди. Мактаб ва муаллим қадри кўтарилди. Сунъий тўсиқлар олиб ташланди. Бу борада ота-оналар ва кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазаларига таянилди.

Учинчи навбатда, ва энг муҳими олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари олдига аниқ вазифалар қўйилди. Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, бугун бизга сон эмас, сифат керак. Олий таълим тизимида қотиб қолган ва амалда ўзини оқламаган кўплаб эскича қараш ва тушунчалардан воз кечилди. Бош мақсад кадрлар тайёрлашнинг замонавий талабларини ўзлаштириш, бу борада хориж тажрибасини ўрганиш белгиланди.

Тўртинчи навбатда, Ўзбекистон фанлар академияси ва унинг тасарруфидаги илмий текшириш институтлари фаолиятини йўлга қўйиш, уларнинг моддий-техник базасини тиклашга жиддий эътибор қаратилди. Олимлар ва уларнинг ихтироларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бошланди, илм-фан ривожи йўлидаги ташаббусларга кенг йўл очилди.

Мухтасар айтганда, илм ва олим қадри ўз жойига қўйилди. Энди Ўзбекистон илм-фан мамлакатига айланиши, истеъдодлар, кашфиётчилар юрти сифатида бутун дунёга танилиши, тан олиниши учун катта имкониятлар яратилди.

Мен кўп чет элларда бўлганман., хорижлик олимлар бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган таълим ва илм-фандаги ислоҳотларни зўр мамнуният ва қизиқиш билан кузатишаётганликларини айтишади. Бу борадаги ташаббусларни бутун дунёга намуна қилиб кўрсатиш кераклигини таъкидлашади.

Ўзбекистонда илм-фан ва олим қадри тобора юксалаётгани, бу жараёнга давлатимиз раҳбарининг ўзи раҳнамолик қилаётганидан фахрланамиз. Бу эътиборнинг масъулиятини ҳам яхши англаб турибмиз. Бугун биз илм ва фанни ривожлантириш, юксак малакали кадрлар тайёрлаш орқалигина мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишимиз мумкинлигини, бундан бошқа йўл йўқлигини чуқур англаб олишимиз керак.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: