21.05.2019

«ҚАНЧА ШОНИНГ БЎЛСА, ВАТАННИ КЎТАР!»

Ўзбек шеъриятида ўчмас из қолдирган Ҳалима Ҳудойбердиеванинг ижоди тўғрисида шунчаки гапириб бўлмайди. Унинг шеърларини шунчаки эътироф этиб бўлмайди. Чунки у шунчаки ёзмаган. Суюкли шоирамиз бир шеърида «Шунчаки ёзмоқ шоирга ўлим», деган эди. У ижод масъулиятини шундай тушунгани ҳақиқат. Унинг шоира сифатида ўзига талаби ҳам шундай бўлгани аниқ.

Ҳалима Худойбердиеванинг дардли сатрлари, фалсафий фикрлари, Ватанга бўлган юксак муҳаббати уфуриб турган шеърлари тўғрисида катта ҳаяжон, масъулият, юксак ҳурмат-иззат билан гапирамиз. Қаранг, устоз шоира нима дейди:

 

Кундуз юриб ёздим, тун туриб ёздим,

Ёзганимда кўксимга тиғ уриб ёздим.

Дардларимга сиёҳ кор қилмай қолгач,

Қаламни қонимга ботириб ёздим.

 

Бундай ўтли сўзлар Ҳалима Худойбердиевагагина хос. У бутун борлиғини, ҳаётини шеъриятга бағишлаган, фидо этган шоира эди, чин маънода халқ шоираси эди. Ҳаётнинг кўп оғир синовларини, зил-замбил юкини елкасида мардона кўтариб енгилмаган, ўзини йўқотмаган шоира эди.

Куни кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева хотирасига бағишлаб «Қанча шонинг бўлса, Ватанни кўтар», деб номланган ижодий кечада сўзга чиққанлар ҳам бу фикрларни такрор-такрор таъкидлашди. Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Дилбар Маҳмудова, шоирлар Эшқобил Шукур, Гулжамол Асқарова ва бошқалар Ҳалима Худойбердиева ижодининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ҳикоя қилишди, унинг шеърларидан намуналар ўқишди.

 

Умида НИШОНОВА,

ЎзЖОКУ талабаси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: