21.05.2019

ГЕНЕРАЛНИНГ ФОЖИАСИ

Ушбу мақолани эълон қилишдан олдин узоқ мулоҳазаларга бордик

...Ўн тўққизинчи аср ниҳоясида ўлкамизга келган швед олими ўзининг «Осиё юраги» номли китобида шундай ёзади: «Жўрабекнинг билим доираси ғоятда кенг, ҳарбий билимларни пухта эгаллаган. Жўрабекнинг меҳмондўст уйида яшаганимда у менга ҳикоя қилиб берган, бошидан кечирган саргузаштлари, таржимаи ҳоли мисли Шарқ эртакларидай сеҳрли эди».

Оврупалик олимни шарқлик илк генераллардан бирининг ажабтовур ҳаёт йўли беҳуда қизиқтириб қолмаган.

Генерал Жўрабек аслида ким эди?

Одатда эртаклар яхшилик билан тугайди, қаҳрамон муроду мақсадига етади. Бизнинг қаҳрамонимизчи?

Бу саволга жавоб тариқасида Жўрабекнинг ҳаётидан бир қатор иқтибослар келтирамиз.

Кенегас уруғидан бўлган Жўрабек ўз даврининг саводли, шижоатли ва айнан юқори табақа вакили бўлгани боис Бухоро амирлиги тасарруфидаги Шаҳрисабз беклиги ҳокими вазифасида ишлаганди. Амирликда солиқларнинг кўплиги қора халқ учун доимо уқибат келтирган. Ноҳақликка чидолмаган одамлар исёнлар кўтаришгача боришган. Ана шундай ғоят оғир ва мураккаб шароитда элга бош бўлиш осонмас.

1870 йилда ўлкамиз мустамлакага айлантира бошланди. Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарлар бирин-кетин эгалланади. Истилонинг осон амалга ошишига амирлик ва хонлик қўшинларининг бирлашмагани, ибтидоий қуроллагани, замонавий қуроллар етишмаслиги асосий сабаб бўлган.

Бухоро амири ўзини Чор Русияси вассали деб тан олиши Шаҳрисабз ва Китоб беклигидаги ватанпарвар инсонлар норозилигини келтириб чиқаради, улар қўлда қурол билан ўз тупроқларини ҳимоя қилишга отланадилар. Ана шу лаҳзаларда Шаҳрисабз беги Жўрабек тарих саҳнасига миллий қаҳрамон бўлиб чиқади, у катта қўшин тузиб, ёвга қарши курашга отланади. Аммо, кучлар ва имконлар тенг эмасди. Генерал Абрамов қўмондон бўлган, замонавий ўқотар қуролларга эга босқинчилар қўшини Жўрабек қўшинини мағлуб этади. Жанг майдонида енгилиш бу тўла мағлубият дегани эмасди. Ҳали ҳудуддаги энг йирик ҳисобланган Қўқон хонлиги забт қилинмаганди. Жўрабек дўсти ва сафдоши Бобобек билан янгитдан қўшин тузиш ниятида Қўқон хони Худоёрхон ҳузурига боради. Ўз салтанатини қай йўл билан бўлмасин сақлаб қолиш ҳаракатида бўлган Худоёрхон босқинчилар билан ихтилофга бормаслик учун Жўрабекни уларга ушлаб беради.

Юртни ҳимоя қилишга бел боғлаган Жўрабекни Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман алоҳида иззат билан маҳкамасида эмас, хос чорбоғида қабул қилади. Суҳбат орасида қисмати шу йўсин кетишини кутмаган, босқинчиларга банди бўлган Жўрабекка: «Миллатдошларинг сени сотишди, улардан аламингни олмайсанми?» деб Кауфман ўз таклифини билдиради ва айни шу нуқтадан Жўрабекнинг иккинчи, яъни фожиали ҳаёти бошланади...

Ҳарбий салоҳиятга эга, дунёвий сиёсатдан бохабар Жўрабек ноилож қолиб, бу таклифга рози бўлади ва Чор Россияси армиясига хизматга киради.

...Ҳарбий архивларда Жўрабекнинг ҳарбий хизмати ҳақида талайгина маълумотлар сақланмоқда. Унга 1882 йили рус армияси полковниги, 1901 йилда эса генерал-майор унвонлари берилган.

У ҳарбий бўлинмаларга қўмондонлик қилиб, Самарқанд, Қўқон, Ўзган, Хўжанд каби шаҳарларга ҳарбий юришларда қатнашган. Ўзини тутиб берган Худоёрхондан шу тахлит ўчини олмоқчи бўлган шекилли...

Умри охирида генерал Жўрабек Тошкентнинг Қорасув мавзесидаги уйида яшаган. Унинг ғоятда бой кутубхонаси бўлиб, меҳмони бўлган чет эллик олимлар бу ҳақда ҳайратланиб ёзишган. Унинг кутубхонаси ноёб китоблар, тарихий қўлёзмаларга бой эди. Бундан ташқари, генерал Жўрабек тарих билан жиддий қизиққан, Петербургда бўлиб ўтган шарқшуносларнинг учинчи халқаро конгрессида иштирок этиб, маъруза ўқиган. «Туркестанские ведомости» газетаси бош муҳаррири Н. Остроумов Жўрабек билан учрашувдан сўнг ўз таассуротларида шундай деб ёзади: «У рус бошлиқлари хусусидаги ўз фикр ва мулоҳазаларини тўғридан тўғри, ҳатто кескин тарзда айтади. Бироқ шахсий ҳаётига оид маълумотларни айтишдан тийилади. Умуман, Жўрабек ўткир шахс!»

Бундан тушуниш мумкинки, Жўрабек босқинчилар хизматига кирганидан афсусланган, ўзининг ёшликдаги хатосини тўғирлаш учун имкон қидирган. Ва бу имкон тез орада келган.

1905 йил 9 январда Чор Русияси пойтахтида рўй берган ва тарихга «Қонли якшанба» номи билан кирган воқеадан кейин Тошкентда ҳам босқинчи салтанат сиёсатига қарши норозилик ҳаракатлари бошланган. Булар иш ташлашлар, рус маъмурларига очиқдан очиқ бўйсунмаслик ҳаракатларида кўринади.

1905 йил 29 декабрь куни Тошкентда жуда катта норозилик йиғини бўлиб ўтади. Чоризм сиёсатига қарши бўлган ўн минглаб кишилар қаршисида генерал Жўрабек ҳам сўзга чиқади, эзилган оддий одамларни оғир аҳволдан қутқариш кераклиги ҳақида кескин фикрларни билдиради.

Чор маъмурлари учун генерал Жўрабек ҳамма вақт ишончсиз одам бўлган. Сиёсий вазият таранглашган вақтда оддий одамларни исёнга кўтариш, ўлкада озодлик ҳаракатини бошлаш юксак салоҳиятга эга обрўли кишиларнинг қўлидан келарди. Генерал Жўрабек ана шундай камдан кам инсонлардан бири эди.

Демак, ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, жасур генерални «орадан кўтариш» масаласи юқори доираларда кўриб чиқилган ва 1906 йилнинг 24 январидан 25 январга ўтар кечаси уюштирилган қотиллик унинг ҳаётига нуқта қўйган.

У сирли равишда бир тўда қотиллар қўлида ҳалок бўлганди. Туркистон генерал-губернатори изларни яшириш учун «Марҳумнинг душманлари йўқ эди ва қотиллик шубҳасиз талончилик мақсадида қилинган» деган баёнот билан чекланади. Ҳатто вақтли нашрларда қотиллар қўлга олингани, улар устидан тергов бошлангани, тез орада суд бўлиши ҳақида хабарлар босилади. Аслида ҳеч қандай суд жараёни бўлмайди, ҳеч ким жавобгарликка тортилмайди. Жўрабекнинг яқинлари маъмурларга неча карра ёзган аризалари жавобсиз қолдирилади...

Масаланинг яна бир томони бор: рус маъмурлари ўз қилмишларини яшириш учун генерал Жўрабекнинг қабри устига мақбара ҳам тиклашади.

 Кейинчалик генерал қабри яқинига бошқа кишилар ҳам дафн этила бошланади. Шу тариқа Жўрабек қабристони пайдо бўлади, ёнида масжид ҳам қурилади.

Ўтган бир асрдан ортиқ вақтда генерал Жўрабек қабри устига тикланган мақбарани кўпчилик зиёрат қилишга келарди, вилоятлардан ҳам кишилар келишарди, аммо...

2015 йили рўй берган табиий офат оқибатида масжид тамомила ёниб кетди. Генерал қабри устига қурилган мақбарага зиён етмади. Шу йилнинг ўзида ёнган масжид қайта тикланди. Шу қайта тиклаш жараёнида Жўрабек қабри устидаги мақбара эскилиги учун, қайтадан қурилади, деган баҳонада бузиб ташланди. Қабр ҳам йўқ бўлади.

 Орадан тўрт йил ўтаяптики, мақбара ҳамон қайта тиклангани йўқ. Нима учун, деган саволга ҳеч ким аниқ жавоб бера олмайди.

 Фикримизча, ўлкамизнинг зиддиятли даврида сиёсат майдонига чиққан, тарихимизда ном қолдирган шахс қабрига эътиборли бўлсак, бундан ҳеч кимга зиён етмайди, деб ўйлайман.

 

Содиқ МЎМИНОВ,

тарих фанлари номзоди.

 

Таҳририятдан:

Ушбу мақолани эълон қилишдан олдин узоқ мулоҳазаларга бордик. Мутахассис олимлар билан маслаҳатлашдик. Тарихий шахсларнинг мураккаб ҳаёт йўли ҳақида эҳтиёткорлик билан фикр юритиш кераклигини англаган ҳолда, ушбу мақолани биз бир мақсад билан чоп қилмоқдамиз. Бу ҳам бўлса, тарихга ҳурмат билан қараш, тарихий шахсларга бугунги нуқтаи назардан эмас, ўша замон ва сиёсий вазиятни ҳисобга олиб баҳо бериш керак, деб ўйлаймиз. Шундан келиб чиқиб, генерал Жўрабекнинг қабри ва унинг маънавий мероси атрофида бўлаётган турли тушунмовчиликларга мутасаддилар аниқлик киритишини, маҳалла аҳлининг истаклари инобатга олинишини мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Марҳум генаралнинг қабри устига қурилган мақбарани қайта тиклаш, унинг китоблари қаерда, кимда сақланаётганига аниқлик киритиш жуда кўплаб саволларга жавоб бўлишига ишонамиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: