Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
21.05.2019

ҚОРОВУЛБОЗОРДА БИР КУН

Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманига етиб борганимизда қуёш борлиқни қиздира бошлаганди. Ҳарорати вилоят марказидан бирмунча фарқ қилувчи туманда қурилиш, бунёдкорлик ишлари қизғин. Туман ҳокимлигида ҳоким ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Шарофат Йўлдошева кутиб олди. Салом-аликдан сўнг мақоламизга асос бўлувчи манзилларга отландик...

Намунали янги кўп қаватли уйлар атрофи озода, саришта. Дарахт кўчатлари ҳали ёш бўлгани учун соя-салқин жойлар кам. Кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида ногиронлар аравачаси учун махсус ускуна (пандус) ўрнатилган. Кираверишдаги ўнг эшикдан ёшлари 60 дан ошган аёл бизни кутиб олди ва ичкарига бошлади. Икки хонали уйнинг биттаси тикувчилик қилиш учун жиҳозланган. Атрофга бир-бирини такроламайдиган турли бичимдаги либослар илинган. Уларни 2-гуруҳ ногирони Нафиса Бекниёзова тиккани эса янада қувонарли.

— Аввал 4 акам ва уларнинг оиласи билан бир ҳовлида яшардик, — деди Нафиса Бекниёзова. — 2016 йилда туман хотин-қизлар қўмитаси кўмагида имтиёзли кредит эвазига уй олдик. Тикув машинаси ҳамда ногиронлик аравачаси беришди. Онам билан бирига яшаяпмиз. Қўлим меҳнатда, юрагимда ниятларим кўп. Қўни-қўшниларим киради ёнимга, ўзим ҳам сайр қилиш учун кўчага чиқиб тураман. Тикув машинаси эса овунчоғим. Ҳам пул ишлаб топаман, ҳам янги либосни кийган кишини кўриб, қувониб кетаман.

Биз билан суҳбатда кўзларини ердан узолмаган маъсуманинг барча орзулари амалга ошишига тилак билдириб, файзли хонадонни тарк этдик. Кейинги манзил «Бўзачи» маҳаласи бўлди. У ерда маҳалла раиси, туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Гулнора Нарзиева ҳамда бир гуруҳ хотин-қизлар бир тадбирга ҳозирлик кўраётган экан. «Обод қишлоқ» дастури асосида қайта қурилаётган маҳалла биносининг ҳовлиси гулзор қилинган. Ана шундай манзара ичида бир гуруҳ қизлар овози эшитилди. Шеърхонлик қилаётган ўқувчилар бизни кўриб салом беришди. Ватан, она, аёлни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди. Депутат ёшларга китоб тарқатди.

Томорқасида иссиқхона ташкил этган, қуёнчилик, паррандачилик билан шуғулланаётган уй бекаларининг даромадлари билан қизиқдик. Айтишларича, улар бир иш билан чегараланиб қолмайди.

«Уйимизда қорамол, қўй, товуқ боқамиз. Ким бизга нима бераркин, деб кутиб ўтирмаймиз-ку. Мавсумий ишларга ҳам улгурамиз. Қизим, ўғлим ва келиним билан 1,5 сотихга имтиёзли кредит эвазига иссиқхона қилиб, помидор экдик. Ҳосилимиз яхши. Даромадига қараб, келаси йил ишимизни яна ҳам кенгайтирмоқчимиз», дейди Лутфия Муҳидова.

Маҳалла биносига кирганимизда бир аёл маълумотнома олиш учун келди. Уни ҳам суҳбатга чорладик. Ўзини Гулсара Наврўзова, деб таништирган аёл аввалига гапиришга ийманди. Фарзандлари ҳақида сўраганимизда жим турмади.

— Тўғрисини айтсам, турмушим осон кечмади, — деб гап бошлади у. — 2005 йилда туғилган ўғлим ногирон. У доимий парвариш, қаровга муҳтож. Уйимиз томидан чакка ўтиб турарди. Эшик ва дераза ойналари йўқ эди. Туман ҳокимлиги ва саховатли инсонларга раҳмат. Таъмирлаб беришди.

Турмуш ўртоғимнинг топгани кўчада йўқ бўлади. Шу боис ҳам ишлаб, ҳам рўзғорга қарашимга тўғри келади. Пешона экан, болаларим отасиз қолмасин, деб сабр қиляпман. 11 ёшли қизалоғим анча ёрдамчи бўлиб қолган. Иш билан банд бўлганимда у акасига қараб туради. Мана ҳозир ҳам қизим акасига қараб қолди. Мутасаддилар мавсумий ишга олишяпти. Шунга маълумотнома учун келгандим. Ногиронлик нафақаси олардик. Бундан буён маош ҳам оламан. Рўзғорим бут бўлади. Она учун болаларининг фаровонлигидан муҳимроқ хурсандчилик бўлмаса керак...

Ўзи емай едириб, қийналса ҳам, жигарбандини бағридан қўймайдиган Гулсара Наврўзова каби оналар ҳаётини, умрини фарзандига бағишлайди. Уларнинг тутган йўли барчага ўрнак бўлишга арзийди. Ана шу ўйлар билан «Бўзачи» маҳалласидан узоқлашдик. Хаёлга чўмиб қолганимни кўриб, хотин-қизлар қўмитаси раиси Шарофат Йўлдошева гап бошлади:

— Ҳокимиятга ишга келганимда мазкур вазифанинг масъулиятини тушунардим, аммо бошдан ўтказиб кўрмагандим. Ҳар куни ўнлаб опа-сингилларимиз билан кўришамиз, суҳбатлашамиз. Эрта тонгдан кечгача, баъзан ярим кечасигача ишлаймиз. Буни кимдир мажбурлаганидан ёки қўрққанимиздан эмас, зиммамиздаги масъулиятни тўлақонли бажариш, одамларнинг ишончини оқлашга бўлган иштиёқ сабабли қиламиз. Давлат раҳбари ҳаловатсиз ишлаб турган бир вақтда бизга дангасалик ярашмайди. Айниқса, ўзингиз кўрганингиздек, хотин-қизларнинг қисмати, гўдаклар тақдири ҳаловатингизни ўғирлар экан.

Тўғри, ҳали кўп иш қилмадик. Олдинда турган вазифалар бисёр. Лекин ҳаракат бор, ҳамкорлик бор. Масалан, туман аҳолиси бандлигига алоҳида ҳисса қўшган Қоровулбозор туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Фаррух Бекмирзаевни олайлик. Ёш бўлишига қарамасдан, бугун уни барча танийди. Саховатпешалиги, ишбилармонлиги билан аҳоли ҳурмати ва эътиборига эришган. Айни пайтда йирик бир лойиҳанинг асосчиси бўлган. Мана бу қурилаётган (автомобиль ойнасидан ташқарини кўрсатади) масжиднинг бош ҳомийси. Бир неча юз миллион сўм маблағ эвазига қад ростлаётган бу маскан туманимиз аҳолисини янада бирдамликка чорлади. Ишчиларга овқат тайёрлаш учун оилалар навбатга туришяпти. Бундай аҳилчилик одамга куч беради.

Шарофат опа депутат билан ҳамкорликдаги тадбирлар ва лойиҳалар ҳақида гапирди. 120 нафардан ортиқ одамни иш билан таъминлагани, туман экспортидаги катта ҳиссаси барчанинг эътирофига сазовор бўлаётгани таъкидлади. Суҳбатимиз депутат ташкил этган иссиқхонада давом этди.

 — Айни пайтда бизга яратилган қулайлик ва имкониятдан фойдаланиб, ишимизни янада кенгайтирмоқчимиз, — деди Фаррух Бекмирзаев. — Яқинда Россия билан ҳамкорликда инвестиция олиб кирдик. Меваларни қуритиб, хорижга экспорт қилиш ниятидамиз. 9 гектар ташландиқ ерга 200 миллион сўм маблағ сарфлаб, минг машина тупроқ ташлаб, ишлов бердик ва кузги экин учун тайёрлаб қўйдик. У ерда бодринг ва помидор учун Корея технологияси асосида энергия тежамкор иссиқхона барпо қилинади. Яна 100 та янги иш ўрни яратмоқчимиз. Партиямиз электорати бўлган хотин-қизлар, ишсиз ёшларнинг бандлгини таъминлашга ҳисса қўшсак, эҳтиёжманд кишиларга кўмак бера олсак, одамлар биздан рози бўлади. Бу эса ишимиздаги барака ва самарадорликни янада оширади.

Суҳбатимиз орасида депутат мақтанишни ёқтирмаслигини айтди. Халқнинг дуоси билан униб-ўсаётганини таъкидлади. Катта-катта лойиҳалари, режаларини биз билан ўртоқлашди. Фақат депутатнинг илтимосига кўра, буларга кўп тўхталмаймиз. Унинг фикрича, қилинган ишларни айтиш унинг баракасини учириб, савобини камайтирар экан...

Ҳа, мақола аввалида тўхталмагандим. Лекин энди айтмасам бўлмайди. Буюк Ипак йўли карвони Қоровулбозор туманидан ҳам ўтган экан. Туманга кираверишдаги Сардоба эса бунинг исботи саналаркан.

— Тарихдан маълумки, сардобалар Буюк Ипак йўлининг ёқасида қурилган, — деди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қоровулбозор туман кенгаши раиси ўринбосари Нарзулло Маҳмудов. — Сардоба сўзи форс тилидан олинган бўлиб, «сард» — совуқ, «об» эса сув маъносини англатади. Демак, ушбу иншоот сувни сақлаш учун хизмат қилган. Мазкур сардоба 16 асрда Абдуллахон ҳукмронлиги даврида қурилган. Унинг 3 та эшиги бўлиб, ҳовуз кенглиги 15 метрни ташкил этади. Афсуски, мана шундай тарихий обида бир неча йиллар давомида қаровсиз қолган. Айни пайтда давлатимиз томонидан ажратилган катта маблағ эвазига таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шукрлар бўлсинки, қадамжолар, зиёратгоҳлар обод бўлиб, моддий меросимиз қайта тикланмоқда. Ўз навбатида бу ишлар туризмни ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.

Режалаштирилган ишларни тугатиб, соатга қараганимда кеч тушиб қолган эди. Кун бўйи мен танишган инсонлар, қадамим етган жойлар, хилма-хил тақдирлар ҳақидаги таассуротлар анчагача хаёлимдан кетмади. Эртанги режалар ҳақида ўйлар эканман, янги манзилда мени кутаётган янгиликларни тасаввур қилиб уйқуга кетдим...

 

Зилола УБАЙДУЛЛЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: