Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
21.05.2019

ОЛМОН ТИЛИ – ТАРАҚҚИЁТ ТИЛИ

Ўзбекистон билан Европанинг энг ривожланган давлати бўлмиш Олмония ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик, дўстона алоқалар тобора кенгайиб, мустаҳкамланиб бормоқда. 2019 йилнинг январь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи муносабати билан ўтказилган учрашувларда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида имзоланган 10 миллиард еврога тенг инвестициявий шартномалар ана шу ҳурмат ва ишончнинг ёрқин намойишидир.

 

Дойчланд, жёмени...

Маълумки, саноқли кунлардан сўнг Германия давлат бошлиғи Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Шу муносабат билан биз Олмония ва олмон тили ҳақидаги айрим муҳим маълумотлар устида фикр юритмоқчимиз.

Олмония – Европанинг қоқ марказида жойлашган ва айни кунда ана шу континентнинг энг қудратли мамлакатларидан биридир. 82 миллион аҳолиси бор, бу мамлакат Австрия, Бельгия, Венгрия, Голландия, Дания, Франция, Швейцария, Чехия, Польша каби 9 давлат билан чегарадош. Ер майдони 357340 квадрат километрни ташкил этади. Бу юртнинг номи даставвал duitisk, кейинчалик theudisk ёки tiu(t)sch) сўзи «уруғга тегишли», «халқчил» маъносида VIII асрда олмон тилига, XI асрда ушбу тилда гапирувчи халққа нисбатан, XIX асрда мамлакатга (Deutschland) ва ниҳоят XX аср ўрталарида яхлит давлатга (Вundesrepublk Deutschland) нисбатан ишлатилган.

Ҳозирги кунда Германия Дойчланд (Deutschland), унинг тили эса дойч (Deutsch), дойче шпрахе (Deutsche Sprache), яъни халқ тили маъносида ва халқнинг номи Дойче (Deutsche) деб юритилади. Бу атама дунёнинг бошқа турли халқлари тилларида турлича айтилиб келади. Чунончи, қўшни давлатлар Швецияда Tyskland (Тискланд), Данимарқа ва Норвегияда pyska, Piskaland (Пискаланд), Италияда тил – lei parla tedesco, давлат номи эса – Germania; Ирландияда – Gearmainis, давлат эса Gearmen, Суаҳилида – Ujerumani, инглиззабон халқлар герман қабиласининг номи билан Жёмени (Germany ), жёмен (German) ва унинг тилини жёмен (german language) деса, фарангзабон халқлар бу мамлакатни алеман қабиласининг номи билан (Allemand) Алмо ва тилини алмо деб юритади. Худди шу атама испанларда Alemania, Португалияда Alemanha, Туркияда ва туркийзабон миллат бўлган Озарбайжонда ҳам айнан шундай Almanya (Алмания), алманлар, алман дили, қолаверса, Татаристонда ҳам Алмания, алман тили каби иборалар кундалик лексика сифатида истеъмолга киритилганига сал кам юз йил бўлган. Форсий забонда бу ном Олмония, мардуми олмон, забони олмони, Almanu, араб тилида almanja атамалари норматив иборалардир. Аммо фин тилида дойчларнинг сакс қабиласи номи олиниб, тил ва давлат номи saksa, аҳолисини saksalainen деб аташади. Эстонлар олмонларни sakslane деб юритади. Славян халқларида бу давлат номи Германия, унинг миллий тили немецкий язык, аҳолиси немец деб айтилади.

Бундай айтилишнинг тарихий сабаби шуки, XIII асрдан бошлаб славян ерларига юриш қилиб келган дойчлар маҳаллий халқ тилини билмасдан, асосан улар билан имо-ишора тили билан мулоқот қилгани сабабли ерли славянзабон аҳоли уларнинг юртини немания, халқини соқовлар (немцы), тилини эса соқов тили (немой, немецкий язык) деб аташган. Қўшни славян халқларида шунга ўхшатиб, Польшада Niemzy, Словакияда Nemcija, Венгрияда Nemeorszag дейиш урф бўлган. 1924 йилдан собиқ СССР таркибига киритилган Ўзбекистонда Германия, унинг халқи ҳамда тилининг ўрисча номини бирозгина силлиқлаб немислар, немис тили деб ўзбекчалаштириб қўйган. Ўшандан буён юз йил ўтса ҳам бизда дойчни немис деб аташади.

Бизнинг фикримизча, ҳар бир халқ ва унинг тили номланишини ўз тилимизга ўгиришда таржиманинг оддий транслитерация усулидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Биз 32 миллионли ўзбекни бутун дунё Uzbekistan, Usbekistan, Uzbek, Usbeke дейдику. 82 миллионли халқнинг номини биз ҳам дойчлар, юртини Дойчланд, тилини дойч тили деб юритсак, тўғри бўлади. Бироқ ҳозирча, келинг, ҳеч бўлмаса, туркийзабон ва форсийзабон урфга биноан Олмония, олмонлар, олмон тили дейишга ўрганайлик. Ахир бу халқ бугунги кунда бизнинг энг оқибатли, ишончли ҳамкорларимизданку.

Бугунги кунда олмон тили дунёнинг 120 миллиондан ортиқ аҳолиси, жумладан, 7 давлатида — Австрия, Олмония, Швейцария, Лихтенштайн, Люксембург, жанубий-шарқий Франция, шимолий Италияда давлат тили ҳисобланади. Олмон тили дунёнинг 119 мамлакати мактабларидаги қарийб 20 миллион ўқувчига чет тил сифатида ўргатилади. Дунё олий таълими тизимида эса бу тил 117 давлат институт ва университетларида асосий чет тил сифатида ўрганилмоқда. Олмон тили Европанинг ғарби ва шарқи ўртасида кўприк вазифасини бажариши ҳам шу куннинг воқелигидир. Олмон тили — олмон фалсафаси, адабиёти, мусиқаси, фани ва маданияти, иқтисодиётини ўрганишга киришишнинг олтин калитидир.

 

Олмон тили – фалсафа тили

Бугунги кунда ер юзида турли миллат ва элатларга мансуб 7 миллиардга яқин аҳоли яшайди. Бу халқларнинг ўз миллий тили бор, албатта. Улар бир-бири билан мулоқот қилиши учун чет тилларни ўрганиши лозим. Дунёда турли мақом ва имкониятга эга бўлган 7000 дан ортиқ тил бор. Бироқ барча халқлар учун халқлараро тил ҳам мавжудки, бундай лингва франка мақомига бугунги кунда инглиз тили эга (Бу мақом инглиззабон халқлар турли даврларда олиб борган колониал сиёсатнинг ҳосиласи эканлиги кўпчиликка маълум бўлса керак).

Ҳозирги олмон тили VIII асрдан буён маҳаллий шева ва диалектларнинг бирлашуви асосида ривожланиб, бугунги кунда барча жабҳаларда норматив адабий тилга айланган жаҳон тиллардан биридир. У ўз бошидан тўрт тараққиёт босқичини босиб ўтган немисзабон халқларни бирлаштирувчи миллатлараро ва давлатлараро тил ҳисобланади. Бу тилда бугунги кунда дунёнинг 120 миллиондан ортиқ аҳолиси фикр алмашади. Дунё тамаддунини ривожлантирган буюк фалсафий асарларнинг кўпи айнан ана шу тилда бунёд бўлган. Диалектика фанининг отаси ҳисобланмиш «Табиат диалектикаси» асари муаллифи Фридрих Ҳегел (Гегел эмас), материализмнинг асосчилари бўлган Иммануил Кант, Лудвиг Фойербах, Фихте ва Юнглар, буюк тарихчи олим Й.Ҳердерлар олмон тилида қалам тебратиб, дунё фалсафий тафаккурини ривожлантирган.

 

Олмон тили – қудратли бадиий тил

Бу тилнинг бадиий имконият ва салоҳиятини энг юқори пардаларда намоён қилган олмон адиби Йоҳанн Вольфганг фон Гётедир. У олмон миллатининг энг улуғи ва серқирра даҳо шахси сифатида олмон тилининг барча бадиий-илмий имкониятларини 60 йил давомида битган ўзининг шоҳ асари бўлмиш «Фауст» фожианомасида, «Мағрибу машриқ девони», авлодларни йиғлатган «Ёш Вертернинг изтироблари» каби асарлари ва бой шеърияти, минерология, санъат назарияси ва амалиётига бағишланган асарларида ёрқин намоён эта олган.

Буюк олмон драматурги ва шоири Фридрих Шиллер Оврупо капиталистик жамиятининг унсур ва қусурларини ўзининг «Макр ва муҳаббат», «Қароқчилар», «Мария Стюарт» каби драмаларида олмон тилининг барча услубий имкониятларини ишга солганки, бу асарлар бугунги кунда ҳам дунё театрлари саҳналаридан тушмай келмоқда.

Готҳолд Эфраим Лессинг эса ўзининг «Донишманд Натан», «Эмилия Галотти», «Минна фон Барнҳелм» каби драмалари ва санъат назариясига бағишланган машҳур «Лаокоон» каби асарларида умуминсоний қадриятларни, динлараро муштараклик ва бағрикенгликни юксак пардаларда тараннум этган. Бу асарлар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмай, кўплаб чет тилларга, жумладан ўзбек тилига қайта-қайта таржима қилиниб, миллий бадиий тафаккуримизни ривожлантириб келмоқда.

 

Олмон тили — санъат тили

Кўплаб соҳалар қаторида тасвирий ва мусиқа санъати соҳасида ҳам олмон тафаккурининг натижалари бисёр. Альбрехт Дюрер (1471-1528), Каспар Давид (1774-1840), Отто Рунге (1777-1810) каби мўйқалам соҳиблари, Йоҳанн Зебастиан Бах (1685-1750), Лудвиг ван Бейтҳофен (1770-1827), Рихард Вагнер (1813-1883) каби даҳо бастакорлар ижоди ҳозиргача дунёни ҳайратга солиб келмоқда.

 

Олмон тили – иқтисодиёт тили

Маълумки, бугунги кунда Олмония иқтисодиёти дунёнинг кўпгина мамлакатларига намуна бўлаётдир. Ана шу соҳанинг дастлабки таълимоти ҳисобланмиш «Капитал» асари Карл Маркс ва Фридрих Энгельс қаламига мансублигини ҳамма билади. Мамлакатимизда шаклланаётган бозор иқтисодиётининг ёрқин намунасини, умуман иқтисодиётда яратилган мўъжизанинг олмон намунасини ҳам иқтисодиётчи профессор Лудвиг Эрхард яратган ва бу мўъжизани бутун дунёга намоён қилиб, иккинчи жаҳон маҳорабасида яксон қилинган ўз юртини қисқа фурсатда ривожланган давлатлар қаторига олиб чиққан.

 

Олмон тили – фан ва техник кашфиётлар тили

Автомобиль саноатининг шоҳ асари бўлмиш «Мерседес Бенц», «Фольксваген», «БМВ» каби оғир ва енгил автомашиналарни олмон инженерлари тафаккури яратган. Медицина соҳасига дахлдор диагностика – ўпка ташхисини аниқловчи аппаратнинг асосини нурлар белгилашини олмон олими Рёнтген, автомашина ва бошқа техник аппартларинг юраги бўлмиш Отто моторни Николапус Отто, саляркада ишлайдиган моторни Дизель, ойнаи жаҳонни дастлаб 1928 йилда олмон инжнери Паул Нипков, дастлабки механик компьютерни 1938 йилда асли қурувчи-инженер бўлган Конрад Цузе, биринчи китоб босиш (типография) техникасини 1445 йилда дунёнинг энг буюк саккизта ихтирочисининг бири олмон Йоҳаннес Гутенберг яратган. Физика фанининг корифейи нисбийлик назариясини кашф этган Алберт Айнштайн (Эйнштейн эмас), нурланиш қонуни ва квант назариясини Макс Планк, квант механикасини эса ихтирочи Вернер Ҳайзенберг, ўпка касаллигини келтириб чиқарувчи таёқчани ҳам олмон табиби Роберт Кох кашф этган. Олмонлар қилган бу ихтиролар инсоният тараққиётига мислсиз ҳисса бўлгани барчага маълум. Шуларнинг бари олмон тилининг қудрати ва салоҳиятидан дарак беради.

 

Олмон тили – инновациялар тили

Юқорида қайд қилинган барча ихтиролар дастлаб инновация, яъни янгилик сифатида тарихга кирган, албатта. Аммо ҳозирги кунгача жаҳонни ўзгартирган 20 дан ортиқ машҳур инновацияларни ҳам олмонлар яратган, юқорида қайд қилинганлардан ташқари яна қуйидагилар: 1650 йилда физик Отто фон Гюреке яратган вакуум техникаси, 1834 йилда Фридрих Келлер яратган ёғоч чиқиндиларидан, целлюлозадан олинадиган қоғоз тури, 1859 йилда физик Филлип Райс ихтиро қилган телефон, жинси (Jeans) матосини яратган тўқимачи-саноатчи Лёб Штраус, 1881 йилда трамвайни кашф қилган Вернер фон Сийменс, 1897 йилда граммофон ва пластинкани ихтиро қилган Эмиль Берлинер, 1903 йилда Райнҳолд Бургер яратган термос идиш, 1897 йилда аспирин дорисини яратиб, миллионлар дардига даво топган кимёгар Феликс Ҳофманн, 1925 йилда Оскар Барнак яратган микрофильм олувчи фотоаппарат, 1934 йилда Ҳерманн Кемпер кашф қилган осма йўл – бариси-барисини олмониялик инсонлар яратган ва бу уларнинг инновацион қудратидан дарак беради.

 

Олмон тили – ҳамкорлик тили

Юқорида қайд қилинган кашфиётлар асосида фаолият олиб бораётган олмон тадбиркорлари бугунги кунда дунёнинг барча ривожланган давлатлари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатган. Жумладан, Ўзбекистон ривожига бевосита ҳисса қўшаётган давлатлардан бири ҳам Германия Федератив Республикасидир. 1994 йилда имзоланган Германия — Ўзбекистон ҳамкорлик шартномаси асосида икки мамлакат учун манфаатли қатор лойиҳалар йўлга қўйилган. Жумладан, «MAN» юк машиналарини ишлаб чиқариш, Германиянинг «Kemnits» заводи тўқимачилик технологиясининг пахтани қайта ишлашда қўлланилиши, «KLAAS» концерни ва «Lemken» компанияси билан қишлоқ хўжалиги техникалари, «KNAUF» компанияси билан қурилиш материаллари, «Deutsche Kabel» компанияси билан кабель-ўтказгичлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини санаб ўтиш мумкин. Таълим тизимидаги чет эл фондлари — Конрад Аденауер, Фридрих Эберт фонди, DAAD – Олмония академик алмашувлар хизмати, Гёте институти, Ҳумбольдт фонди ва бошқалар. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига 784,4 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги тўғридан-тўғри олмонзабон фирмалар инвестициялари ва кредитлари жалб қилинган. 2018 йилнинг 9 ойи давомида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айрибошлаш ҳажми 526 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Бугунги кунда мамлакатимизда германиялик сармоядорлар иштирокида 123 та, шу жумладан, соф хорижий капиталга эга бўлган 26 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Республикамизда Германиянинг 33 фирма ва компаниялари ваколатхоналари аккредитация қилинган.

Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида ҳам Олмония билан анча кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган. Олий таълим соҳасида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Ҳайделберг ҳамда Бохум университетлари ўртасида, Ўзбекистон миллий университети ва Мюнстер университети ўртасида шартномавий асосда ҳамкорлик ўрнатилган. Халқ таълими соҳасида бугунги кунда мамлакатимиздаги 1842 мактабда 377 мингдан ортиқ ўқувчи немис тилини ўрганмоқда, шу жумладан, 5 мингга яқин ўқувчи Тошкент, Самарқанд ва Марғилон шаҳарларида Германиянинг тил соҳасидаги ихтисослашган дипломини (DSD) олиш ҳуқуқини берувчи учта махсус мактабларда таҳсил олмоқда. 4443 нафар ўқитувчи немис тилидан сабоқ бермоқда.

2019 йилнинг январь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи муносабати билан Берлинда ўтказилган форумда имзоланган ҳамкорлик шартномаси асосида Германиядан келиши режалаштирилган 8 миллиард евро ҳажмли инвестициянинг эгалари – олмонзабон тадбиркорлардир.

 

Олмон тилининг Ўзбекистондаги бугунги аҳволи

Бугун дунёда глобаллашув даври бошланди. 2012 йил 10 декабрда мамлакатимизда чет тилларни ўқитишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор эълон қилинди. Унга биноан 2013 йилдан бошлаб Халқ таълимида чет тилларни ўқитиш аввалгидай 5-синфдан эмас, балки 1-синфданоқ йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Бу эамон талаби, яхши янгилик. Бироқ қарорда ўрганилаётган чет тиллар сифатида асосан деган урғу билан биргина инглиз тилига эътибор қаратилганлиги анча-мунча мунозарали ҳолатга айлана борди. Бу қарорнинг ижросига киришган Халқ таълими вазирлиги тизимига қарашли барча таълим муассасалари раҳбарларига мактабларда асосан ва фақат инглиз тили ўқитилишини жорий қилиш буюрилган. Мактаб директорлари эса ўз мактабларида ишлаётган барча немис, француз ва бошқа чет тиллари ўқитувчиларига тез фурсатда А. Авлоний номидаги Республика малака ошириш институти қошида ташкил қилинган 4 ойлик қайта тайёрлаш курсларида ўқиб, инглиз тили ўқитувчиси сертификатини олиб келишни, акс ҳолда ишдан бўшатилишларини маълум қилишган. Бундай талабга ҳамма ҳам бир хил тайёр бўлмаган ва натижада қарийб беш мингга яқин немис, француз ва бошқа чет тиллар ўқитувчилари ўқув йили давомида ишдан бўшатила бошланди. Башарти мамлакатда асосан инглиз тили ўқитилиши керак бўлганда ҳам бу талабга экстрем, шошма-шошарлик билан эмас, бундай бирёқлама чет тил сиёсатини аста-секинлик билан, босқичма-босқич амалга ошириш лозим эди. Қолаверса, ишдан бўшатилган ўқитувчиларни тайёрлашга шу мамлакатнинг беҳисоб маблағлари ва ўқитувчиларнинг умри сарфланганини инобатга олиш керак эди-ку! Бундай кескин «чора-тадбирдан» нафақат мамлакат зиёлилари, балки жаҳон халқлари ва уларнинг мамлакатмизда аккредитация қилинган сиёсий, иқтисодий ва дипломатик доиралари таажжубга туша бошлашди. Бизнинг тегишли маорифчиларга мурожаатларимизга улар «буни ота-оналар хохлашаяпти», деган мантиқсиз ва ёлғон жавоб беришди ва ўзларини оқлашди.

Германия ва унинг давлат тилига муносиб эътибор бериш, бу тил ёрдамида немисзабон мамлакатлар билан ҳамкорликни янада юқори поғонага кўтариш ҳозирги куннинг талаби. Президентимиз таъкидлаганидек, келгусида биз ўзбек — немис алоқаларини ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш асосида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик доирасида янада мустаҳкамлаш йўлида ўз саъй-ҳаракатларимизни биргаликда давом эттиришимиз лозим. Миллий тил эса миллий манфаатнинг ўзагидир.

 

Хуррам РАҲИМОВ,

профессор, Германиядаги Олмон-ўзбек илмий жамияти,

Ўзбекистон немис тили ўқитувчилари ассоциацияси раиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: