21.05.2019

УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СОҲАСИГА ДОИР МУАММОЛАР ВА УЛАРНИНГ ЕЧИМИ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш» мавзусида семинар ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти кенгашлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари раҳбарлари, маҳаллий Кенгаш депупутатлари иштирок этди.

Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида кўп қаватли уй-жой фондини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш, хорижий тажриба асосида реновация дастурини ишлаб чиқиш, иситиш тизимларини яхшилаш, Уй-жой мулкдорлари ширкатларида маъмурий харажатларни камайтириш учун профессионал бошқарув компаниялари фаолиятини қўллаб-қувватлаш вазифаси белгиланган.

Семинарда таъкидландики, соҳага тегишли қонунларни янада такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда.

Шунингдек, йўл қўйилаётган қатор камчиликлар ҳам айтиб ўтилди. Масалан, ижро ҳокимияти органлари хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари фаолиятини етарлича мувофиқлаштирмаяпти. Кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланиш борасида комплекс ёндашувнинг йўқлиги аҳолига сифатли ва кафолатли коммунал хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга тўсиқ бўлмоқда ва уй-жой мулкдорларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Кўп хонадонли уй-жой фондини тегишли даражада сақлашни назорат қилишнинг самарали тизими ташкил этилмаган, кўп ҳолларда уй-жой фондини техник эксплуатация қилиш ва унда аҳолининг хавфсиз яшаши бўйича белгиланган талаблар бузилишига йўл қўйилмоқда. Бино ва иншоотларни таъмирлаш-тиклаш ишларини бажаришга оид қоида ва муддатларга риоя этилмаяпти, эски уйларни бузиш бўйича ишлар олиб борилмаяпти, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларнинг ҳолати санитария нормалари, қоидалари ва гигиена меъёрларига жавоб бермайди.

Семинарда коммунал хизматлар кўрсатишда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий адолат тамойилини ҳисобга олган ҳолда бошқариладиган нарх ва тарифларни шакллантириш механизмини такомиллаштириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз, сифатли товарлар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, Уй-жой коммунал хизматлар кўрсатишнинг ягона ҳуқуқий стандартларини ўрнатиш, ушбу соҳада бошқарувнинг самарали механизмини йўлга қўйиш, тарифлар ўрнатишнинг шаффофлиги ва асосланганлигини таъминлаш, шу жумладан давлат-хусусий ҳамкорлик бўйича чоралар ёрдамида сармоядорларни жалб қилиш мақсадида уй-жой, коммунал хизматлар ва уларнинг тарифлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

 

Улуғбек РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати раҳбари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: