21.05.2019

ЧАҚАЛОҚНИ 6 ОЙ ЭМИЗИШ КЕРАК БЎЛАДИ...МИ?

Ҳомиладор аёллар ва болаларнинг овқатланиши билан боғлиқ муаммолар нимада ҳамда уларнинг ечими қандай? Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилишида мазкур савол депутатлар диққат марказида бўлди. «Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинар экан, аввалги ўқишдаги таклифлар, фикр-мулоҳазалар инобатга олингани таъкидланди.

 

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишининг қатор омиллари мавжуд. Аввало, мазкур йўналишдаги масалаларни яхлит равишда тартибга солувчи ягона ҳужжат йўқлигидир. Болалар овқати (хомашё)га «ишлаб чиқариш-олиб келиш-сақлаш-сотиш» занжири бўйича ҳамда маҳсулотнинг қадоқланиши, сифати ва хавфсизлигига талаблар ўрнатилмаган. Шу билан бирга, ушбу тизим устидан назоратни амалга оширишнинг ҳуқуқий асоси белгиланмаган. Демак, шу ва бошқа сабабларга кўра лойиҳа долзарб аҳамият касб этади.

Қонун лойиҳасидан кўзланган асосий вазифалар болаларимизнинг соғлом овқатланиши учун шароит яратиш, она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилишдан иборат. Шунингдек, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига, уларнинг рекламасига, ўрамига (идишига), шунингдек, тамғаланишига, уларни ташиш, сақлаш ва ишлатишга доир талабларни белгилаш назарда тутиляпти.

Лойиҳадаги камчиликлар тузатилгани, ҳавола меъёрлар ўрни аниқ тушунчалар билан тўлдирилгани мақсадга мувофиқдир. Масалан, лойиҳада тизимдаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қисқа шаклда айтиб ўтилган эди. Иккинчи ўқишда эса оналар, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғини сақлаш бўйича ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ҳамда ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда. Ҳомиладор аёллар, эмизувчи оналар, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш белгиланмоқда. Бу каби тўлдириш ва тузатишларни деярли ҳар бир моддада кўриш мумкин. Ана шуларни инобатга олиб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлайман.

 

Аксавли ТУМИШОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари улар организмининг физиологик хусусиятлари ҳамда эҳтиёжларига жавоб берадиган бўлиши шартлиги белгиланмоқда. Она сути билан озиқлантириш имкони бўлмаганда, унинг ўрнини босувчи озуқа махсус саноат асосида ишлаб чиқарилган, кимёвий таркиби ва озуқалик қиймати бўйича она сутига яқинлаштирилган бўлиши қайд этилмоқда.

Асосийси, соҳада масъул орган мавқеи ва ваколатлари ҳамда бошқа ташкилотлар, хусусан, жамоат ташкилотларининг ваколатлари белгилаб қўйилмоқда. Шу билан бирга, она сути билан боқишни тарғиб қилиш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланмоқда.

Гўдакларни олти ойгача истисносиз кўкрак сути билан боқишни тарғиб этиш масаласи муҳим саналади. Табиий озиқлантириш соғлом авлодни тарбиялашга хизмат қилиб, болага инсонийлик, меҳр-оқибат, садоқат тушунчалари гўдаклигиданоқ сингади. Бошқа ҳар қандай маҳсулот қанчалар сифатли бўлмасин, она сути энг яхши озуқа эканини унутмаслигимиз, ёшларга буни уқтириб боришимиз зарур.

 Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Фракция аъзолари Олий Мажлис томонидан кўриб чиқилаётган, қабул қилинаётган қатор ҳужжатларда Ҳисоб палатасининг алоҳида ўрин тутаётганини таъкидлади.

 

Қаҳрамон МИРЗАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Номланишидан кўриниб турибдики, мазкур қонун лойиҳаси Ҳисоб палатаси фаолиятини тартибга солишни назарда тутади. Унда палатанинг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, фаолият юритиш тамойиллари қамраб олинган.

Жумладан, Солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси ва келгуси йилга мўлжалланган Давлат бюджети лойиҳаси, йил якуни бўйича унинг ижроси юзасидан тайёрланадиган ҳисобот ҳар томонлама пишиқ, пухта бўлиши муҳим.

Шундан келиб чиқиб, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси ва унда назарда тутилган меъёрлар бугунги кун талабларига ҳар томонлама мос бўлиши лозим.

Ҳисоб палатаси мустақил равишда, холис, шаффоф, муҳими, қонунга таянган ҳолда фаолият олиб бориши зарур. Лойиҳада ушбу жиҳатлар инобатга олинган ва қатор хорижий мамлакатлар тажрибалари ўрганилган. Ўйлаймизки, мазкур лойиҳа кучга киргач, палата ишини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Баҳс-мунозара, фикрлар хилма-хиллиги асосида ўтган йиғилишда яна қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Ҳавола меъёрлардан бутунлай воз кечиш, қонунлар матнини ўқилганда аниқ тушунадиган тарзда ёзиш кераклиги алоҳида таъкидланди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: