21.05.2019

САМАРҚАНД ҲОКИМИ БАҲОДИР ЯЛАНГТЎШБИЙНИНГ ТАРИХИЙ ХИЗМАТЛАРИ

Ёки Регистон майдонидаги Шердор, Тиллакори мадрасаларини қурдирган бунёдкор ҳақида нималарни биламиз?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясидаги маърузасидан кейин ташкилотга Ўзбекистон «ташриф қоғозига» айланган Самарқанддаги Регистон майдони макетини совға қилган эди. Бу эсдалик совға ҳозир Хавфсизлик кенгаши ва БМТ Бош Ассамблеяси орасидаги супага ўрнатилган бўлиб, бутун дунёга Ўзбекистон номини намойиш этиб турибди.

Маълумки, Самарқанд соҳибқирон Амир Темур даврида илм-фан, маданият ва санъат маркази бўлган. Мирзо Улуғбек ўз ҳукмронлиги даврида илм-фан ривожига алоҳида эътибор қаратиб, салобатли мадраса, унинг ёнида карвонсарой қурдиради. Регистон майдонидаги илк муҳташам мадраса шу тариқа «Мадрасаи олия» номи билан машҳур бўлган ҳамда бу илм даргоҳида дунёнинг турли бурчакларидан келган илми толиблар таҳсил олган. Бу иншоотлар қаршисида қурилган улкан гумбазли сўфийлар ҳонақоси эса ҳудудда тасаввуф таълимотининг ривожланишига, илмий-назарий жиҳатдан мукаммаллашувига хизмат қилган.

Даврлар ўтиши билан Регистон ҳудудида қурилган иншоотлар нурай бошлагач, Самарқанд ҳокими Ялангтўшбий Баҳодирхон (1576-1656 й.) 1619-1638 йилларда ўз маблағи ҳисобига Улуғбек мадрасаси қаршисида ўз номи билан аталган, ҳозирда Шердор номи билан келтирилаётган мадрасани қурдиради. Орадан ўн йил ўтгач, унинг ёнида жойлашган карвонсарой ўрнига эса 1649-59 йилларда Тиллакори мадрасасини тиклайди. Шердор мадрасаси тўрт бурчакли шаклда қурилган, ҳовлиси икки қаватдан иборат бўлиб, 52 ҳужрани ўз ичига олган. Тиллакори мадрасасида катта масжид жойлашган, унинг тўрида мусулмон одатига кўра, қиблага қарата мармар меҳроб, ўнг тарафида эса садаф зинали баланд минбар қурилган. Бу ерда мадраса талабалари ва маҳаллий аҳоли ибодат қилишган.

Ўзбекларнинг олчин уруғидан бўлган Ялангтўш Баҳодирхон, шунингдек, Абдулкарим исмини ҳам қўллаган, расмий ҳужжатларда эса Низомуддин Ялангтўшбий Оталиқ номи билан ёрлиқ берган. Отасининг номи Бойхўжа бўлиб, нақшбандия тариқатининг таниқли сўфийси Хўжа Ҳошим Даҳбедийнинг муриди бўлган. Ялангтўш Баҳодирхоннинг уч фарзанди – Иқлимабону ва Ойбиби исмли қизлари ва отасидан 6-7 йил илгари вафот этган Бойбек исмли ўғли бўлган. Ялангтўш Баҳодир ўзи қурдирган Шердор мадрасасига 1619 йили ўз номини ёзиб қолдирган: «Муҳандис гумбаз аркини тасвирлаганда кўк ҳайратдан ҳилолни бармоқ каби тишлаб олди, унинг асосчиси Ялангтўш Баҳодир бўлганлиги учун ҳам, қурилиш йили «Ялангтўш Баҳодир» деб номланди». Бундан англашиладики, мадрасанинг дастлаб номи «Ялангтўш Баҳодир» мадрасаси бўлган.

Расмда: Самарқанд ҳокими Баҳодир Ялангтўш Шердор мадрасаси қурилишида.
Рассом Аҳмад Умаров.

Шердор мадрасаси пештоқига чизилган оқ оҳуни қувлаётган қизғиш рангли шер, кўзли доира шаклидаги қуёш тасвирларида ботиний маънолар мужассам бўлиб, буржларга кўра бахтли келажакка, абжад ҳисобида Ялангтўш Баҳодирхонга ишора қилинади ва шу билан бирга мадрасанинг қурилиши бошланган йилни кўрсатади.

Ўтган асрнинг буюк маърифатпарварларидан Маҳмудхўжа Беҳбудий «Ойна» журналида Шердор мадрасаси тўғрисида шундай ёзади: «Пештоқнинг хорижий жабҳасинда меҳробнинг икки тарафинда бир-бириға муқобил икки шер (арслон) шаклини мусаттаҳ чиний ва кошилар ила арслон рангида мулавван тасвир қилингани учун Мадрасаи Шердор аталибдур. Арслон нақшасининг асари бу кунда ҳам маълумдур. Мадраса ва миноранинг бошқа жиҳатларинда тасвир йўқ ва аксарият ила ояти ҳадис ва тарихи абётни мармарларға музойиқланган ва коши мулавван чинийлар ила ёзилгандур. Мадраса минора ва қуббаларининг бутун сатҳини араб, эрон, ҳинд услуб наққошиси узра мулаввун чиний ва рангоранг коши ила ниҳоят нафис суратда нақшлангандурки, тўрт аср бўлган бўлса ҳам кошилар офтоб ва ой нурини акс этдурар ва кўзни қамашдурар.»

Регистон ансамблининг яратилишига бош бўлган Ялангтўш Баҳодирхоннинг ҳаёти ва фаолиятига доир мавжуд материаллар жуда кам. Тарих дарсликларида унинг асосан Самарқанддаги ҳокимлик фаолияти, Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг қурилишида бош-қош бўлганлиги ҳақида қисқача маълумот бериш билан чекланиб қолинган. Яна бошқа манбаларда XVII асрда Марказий Осиё халқлари ҳаётига улкан хавф солган жунғорлар ҳужумини бартараф этишда ҳал қилувчи роль ўйнаганлиги эътироф этилади.

 Ялангтўшга аштархонийлар даврида мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўзига хос юқори ўрин эгаллаган зодагонлардан бири бўлган отасининг ўша даврдаги нақшбандийлик тариқати етакчиларидан бўлган Маҳдуми Аъзам авлодларига шогирд бўлиши келгусидаги фаолияти учун бир қатор имкониятларни яратиб берган. Ялангтўш ёшлигидан Бухоро ҳукмдори Динмуҳаммад эътиборида бўлади ва ўша ердаги мадрасада диний, дунёвий ва ҳарбий соҳаларда таҳсил олади. 1593 йилда олчин уруғи бийи этиб тайинланганда у ўн етти ёшда эди. Аста-секин сиёсий давраларга кириб бораётган Ялангтўш 1611-1612 йилларда Вали Муҳаммадхон ва аштархонийлар ҳукмдори Имомқулихон ўртасидаги зиддиятларга аралашиб қолади ва Имомқулихоннинг қўллаши туфайли 1612 йилда дастлаб Самарқанд амири ва кейинроқ оталиқ мақомига эришади.

Ўз қўшини, бойлигига эга бўлган Ялангтўш Бухоро хонлигининг ҳарбий ҳаракатларида фаол қатнаша бошлаган ва тезда шуҳрат қозонган. 1623 йил ва 1631 йилда форс қўшини Балх вилояти устига юриш қилганда Балх ҳокими Надр Муҳаммадхонга ёрдам берган. Надр Муҳаммадхон Имомқулихон ўрнига тахтга ўтиргач, Ялангтўшга Кобул атрофидаги бир қатор қабилаларни инъом қилган. Кейинчалик улар ўртасида низо чиқиб, бу жанжаллар туфайли Абдулазиз хон сифатида тарих саҳнасига кўтарилади ва Надр Муҳаммадхон тарафида турган Шоҳжаҳон қўшини билан тўқнашади. Бу жангда Ялангтўш Балхни қайтариб олишда фаол қатнашган. Унинг бундан кейинги фаолияти жангу жадаллар ичида кечади. Имомқулихон аскарларига бош бўлиб, Тошкент ва Туркистонни эгаллайди, Эсимхон, Турсун каби султонларга қарши кураш олиб боради, Тошкентни турли хил босқинчилардан ҳимоя қилади.

Бу даврда Марказий Осиё халқлари бошига улкан хавф таҳдид солиб турарди. Мазкур ҳудуддаги давлатларнинг географик, иқтисодий жиҳатдан қулай шароитда жойлашганлиги, бойлиги кўпдан Шарқий Туркистоннинг шимолий қисмида яшовчи жунғорларни қизиқтириб келарди. Улар Еттисув ва Сирдарёни босиб олиш орқали рус ўлкалари ва Марказий Осиё билан боғловчи савдо йўлларига эгалик қилиш билан келгусида бошқа юртларга ҳарбий юришлар бошлашни кўзда тутардилар. Шу боис XVII асрнинг иккинчи чорагида ҳозирги Қозоғистон ҳудудига Хитойнинг ғарбий ерларидан келган жунғорларнинг босқини кучаяди.

Қозоқ бийлари ўзбек ҳукмдорлари билан бирлашиб ташқи душманга қарши курашиш йўлини тутишади. Қозоқ хонларининг тарафини олган Ялангтўш Баҳодирхон 1640 йили 10 минглик қўшини билан жунғорларга ҳужум қилиб, уларни ортига чекинишга мажбур қилади, бироқ ўз ерларига қайтиб борган қозоқларнинг тинч ҳаёти узоққа чўзилмайди. Самарқандлик жасур жангчиларнинг юртига қайтиб кетганини билган жунғорлар хони Ботур хунтайжи катта қўшин билан қозоқлар устига ёпирилиб келади, Еттисув ерларигача бўлган ҳудуд жунғорлар ҳукмронлиги остига ўтади.

Бу сафар ҳам Ялангтўш Баҳодирхон мукаммал даражада қуролланган самарқандлик 30 минглик қўшин билан қозоқ қардошларга ёрдамга отланади. Чимкент ёнида бўлган катта тўқнашувда Самарқанд қўшини ғолиб келиб, жунғорларни ҳозирги Алмати ҳудудларига қадар улоқтиришади. Уларнинг омон қолган қисми қозоқлар томонидан йўқ қилинади. 1643 йили хунтайжи Эрдона Ботур бошчилигидаги жунғорлар қўшини қайтадан Дашти қипчоқ ерларига бостириб келади. Орбўлоқ дарёси ёнида жунғор қўшини билан қозоқ хони Жаҳонгир (Жангир) қўшинлари ўртасида аёвсиз жанг бўлиб ўтади. Савашнинг авж палласида Ялангтўш Баҳодирхон 20 минглик қўшин билан қозоқ қардошларга ёрдамга етиб боради, душман қўшинининг ортидан қақшатқич зарба бериб, уруш тақдирини ўз фойдасига ҳал қилади.

Бу шонли ғалабага атаб Қозоғистонда турли тадбирлар, халқаро конференциялар ўтказилиб, унда қозоқ халқининг мардоновор ғалабаси мадҳ қилинади. Афсуски, бу жангда муҳим ўрин тутган жасур ўзбек саркардаси Ялангтўш Баҳодирхон ва у бошқарган қўшин хизматига ҳар вақт етарли ва ҳаққоний баҳо берилмайди. Тарихчиларимизнинг аксарияти эса Ялангтўш Баҳодирхоннинг жанговар саркарда сифатида ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ каби халқларни жунғорлар босқинчилигидан асраб қолишда кўрсатган фидойиликларини яхши билишмайди ва бунга эътибор ҳам қаратишмайди!

Кейинчалик Ялангтўш форсдаги ҳукмрон туркий сулолага қарши юриш қилиб, Машҳад ва яна бир қанча шаҳарларни эгаллайди, Амир Темур йўлини тутиб, кўплаб уста-ҳунармандларни Самарқандга олиб келади, умрининг охиригача Самарқанд заминининг гуллаб-яшнаши, илм-фан ривожи, халқ ҳаётининг фаровонлиги йўлида хизмат қилади, мадрасалар қурдиради. Шарқ гавҳари бўлган Регистон ансамблини ҳозирги кўринишга олиб келади.

 Ялангтўшбий Баҳодирхон Марказий Осиё ҳудудида яшаётган халқларни, жунғорлар ҳужумидан асраш билан мамлакатларни вайроналикдан, қирғинбарот хунрезликлардан асраб қолган. Бу унинг Марказий Осиё халқлари олдидаги жаҳоншумул хизматидир.

Унинг бадиий сиймоси қозоқ халқ оғзаки ижодида Жалантос Бахадур Сейтқулули деб номланиб, жангчи ҳоким қаҳрамонликлари ҳақида турли афсона ва ривоятлар яратилган. Айни вақтда Қозоғистонда Ялангтўш Баҳодирхонга атаб уч ҳайкал ўрнатилган. Қозоғистоннинг бир қатор шаҳарлари, жумладан, Алмати, Семипалатинск, Павлодар, Қизил Ўрда шаҳарларининг марказий кўчалари Ялангтўш Баҳодирхон номи билан аталиб келинмоқда.

Менинг таклифим шундан иборатки, Самарқандда ер юзининг сайқали бўлмиш нодир тарихий ёдгорлик — Регистон мажмуини тиклаган ва бугунгача дунё аҳлини ҳайратга солиб келаётган мадрасалар асосчиси Ялангтўшбий Баҳодирхонга шу майдонда ҳайкал тиклаш, унинг ёнида мемориал уй-музейини яратиш, Самарқанд шоҳкўчаларидан бири ва истироҳат боғини Ялангтўшбий Баҳодирхон номи билан аташ вақти келди.

 

Эркин МУСУРМОНОВ,

Самарқанд давлат университети доценти.

 

 

«Тиллакори мачити (мадрасаси) ўзбекларнинг Олчин уруғидан бўлган Ялангтўш Баҳодир томонидан 1618 йили қурилган. Шердор мачити (мадрасаси) 1616 йили қурилган. Регистонда турган учала мачит (мадраса) ҳам энг улуғвор саналади».

 

 «Мачит ва мадраса Тиллакори 1647 йили ўзбекларнинг олчин уруғидан бўлган Ялангтўш Баҳодир томонидан қурилган. Тилла-кори га тўғри бурчак остида ўнг томонда Шер-дор мадрасаси жойлашган бўлиб, у 1618 йили ўша амир Ялангтўш томонидан тикланган».

(Рус тарихчиларининг асарларидан.)


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: