Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
14.05.2019

СЕЛ НИМА? УНДАН ҚАНДАЙ САҚЛАНИШ МУМКИН?

Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда сел тошқинлари ҳақидаги дастлабки маълумотларни тўплаш, тадқиқ этиш 1880 йиллардан бошланган. 1927 йил Ўзбекистонда Фарғона тоғолди мелиорация экспедицияси тузилган. Мазкур ташкилот мутасаддилари тошқинларнинг тарқалиш ва келиш вақти бўйича изланишлар олиб боришган. Кейинчалик бу ишларни Ўзбекистон гидрометеорология хизмати давом эттирган. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида мазкур йўналишда илмий иш олиб бориш ёки башорат қилиш учун мана шу манбаларга таяниш мақсадга мувофиқдир.

 

Илмий тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, 1880 йилдан то ҳозирги вақтга қадар 3000 дан ортиқ сел тошқини юз берган экан. Лекин уларнинг рўйхатини ҳеч ким тартибли ёзиб бормаган. Чунки табиий офат юқори тоғли туманлардаги аҳоли ва маълум бир ҳудудга зарар етказмагани учун рўйхатга киритилмаган. Ана шу камчиликлар билан 3000 тошқинни умумий сел босишининг ўртача ҳисоби, деб олсак бўлади. Бироқ мазкур маълумотлар билан ҳам тахминий башоратларни қилиш мумкин. Мисол учун, ушбу қайдларга таяниб, сел тошқинларининг энг кўп юзага келиши сабаблари аниқланган. Бизда селларни ўрганиш асосан қуйи тоғолди ҳудудларида олиб борилган. Сабаби, ушбу ҳудудлар аҳоли яшайдиган масканларга яқин ва энг кўп сел келадиган жойлардир. Хусусан, Фарғона водийси ва шунга ўхшаган бошқа манзиллар шулар жумласига киради.

Сув тошқини таркибининг 15 фоизидан ортиғи лойқали бўлса, у фанда сел дейилади. Ёмғирнинг жадаллиги юқори бўлган табиий шароитда сел тошқинларининг кузатилиши фанда тасдиқланган. Бизда 3-4 кун давомида майдалаб ёғадиган ёмғир сел тошқинларини келтирмайди. Ва аксинча, ёмғирнинг 10-15 дақиқалик жадаллиги қаттиқ сел тошқинини юзага келтиради. Манбаларда қайд этилган 3000 та сел тошқинининг 84 фоизи ана шундай жала ёмғирларидан шаклланган. Қолганлари ёмғир билан қор аралашиши, тўғонларнинг уриб кетиши натижасида ҳосил бўлган.

Бугунги кунда сел тошқинлари олдини олишнинг 4 хил усули мавжуд. Биринчиси, тоғ олди, адирлар ёнбағирларида агротехник усулларни қўллаш орқали. Бунда мазкур ҳудудларга дарахтлар экилади. Мисол учун, Чирчиқбўйининг ёнбағирларида горизонтал йўналишларда дарахтлар экилган. Ана шу ўрмонзорлар ҳисобига сўнгги йилларда Чирчиқ атрофидаги сойларда сел тошқинлари нисбатан камайган. Бундан хулоса шуки, сел тошқинларига қарши курашувчи ташкилотларнинг республикамизда сел тошқини юз бериши мумкин бўлган тоғ ёнбағирларида агротехник усулни қўллаши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Иккинчиси, тоғолди сув йўналишларини бошқариш. Бунинг учун сув четлатувчи, сув қочирувчи новлардан фойдаланилади. Бунда тоғдан келадиган сув тошқинлари мазкур новлар орқали аҳоли яшамайдиган ёки бошқа хавфсиз ҳудудларга чиқариб юборилади.

Учинчиси, сойнинг ўзанида муҳандислик иншоотлари тўсиқларини қуриш. 1950-1960 йилларда сел омборлари қурила бошланганди. Фарғона водийси, Андижон, Косонсой, Қувасойда 30 дан ортиқ сел омборлари қурилгани маълум. Бу ерда сел тошқинларининг ҳажмлари ушлаб қолинган ва ортиқча сув каналлар орқали пастликларга юборилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда 170 дан ортиқ сел омборлари мавжуд. 1958 йил биринчи қурилган сел омбори баландлиги 14 метр бўлган бўлса, ҳозирда Илонсой дарёси ўзанида худди шундай сел омбори 30 метрлик қилиб қурилмоқда.

Тўртинчиси, дарё қирғоқларини сув ва сел тошқинларидан ҳимоялаш. Бунинг учун махсус бетонлар ўрнатиш мумкин. Темир тўрлар ичига тошлар тахлаб қўйилиши амалиётга киритилган. Ҳозир Паркент туманида қурилаётган ҳимоялаш иншоотлари бунга мисол бўлади.

Хорижда сел омборларини қуриш яхши ривожланган ва унинг турли хил усуллари бор. Бу борада Қозоғистонда тажриба катта. У ерда сел омборларини тозалаш ва кузатиш учун замонавий усуллардан фойдаланилади ва бу тажрибани ўрганиш мумкин. Уларда сел омборлари ҳар йили лойқалардан тозалаб турилади. Бу бизда амалиётга киритилмаган. Бугунги кунда 1958-1960 йилларда қурилган сел омборларимизнинг ҳаммаси лойқа билан тўлган. Бунинг оқибатида, агар қаттиқ сел келадиган бўлса, унинг талафоти катта бўлиши эҳтимоли бор.

Шу ўринда савол туғилиши табиий. Нега сел келиши хавфи катта бўлган ҳудудлар харитаси тузилмаган? Тузилган бўлса ҳам, нега биз ана шу хавфли жойларда яшайдиган аҳоли билан иш олиб бормаймиз? Аҳоли бу хавфни билмаслиги мумкин. Лекин 50 йил келмаган сел тошқини 51-йили келиши мумкин.

Демак, сел тошқинлари асосан жадал ёққан ёмғирлар асосида шаклланар экан. Бу Ўзбекистонда апрель, май, июнь ойларига тўғри келади. Энг кўп сел кузатиладиган давр — май ойидир. Шунинг учун май ойи бошланишидан аввал сел тошқинлари вужудга келиши мумкин бўлган ҳудудларни мутахассислар назорат қилиб бориши лозим. Бундан ташқари, айб ўзимизда ҳам бор, деб ўйлайман. Чунки тоғолди қишлоқларида аҳоли сони кўпайгани сайин одамлар янги-янги ҳудудларда тартибсиз тарзда уйлар қуриб, ёмғир ва сел тошқинларидан ҳимояланишни унутиб қўйишмоқда. Сел ёки сув тошқинлари ўтадиган сойларнинг қирғоқларига кўчиб ўтмоқда. Биз нима қилишимиз керак? Аҳолини огоҳлантиришимиз, уларни хавфсиз жойларга кўчиришимиз, бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришимиз керак. Сел тошқини ҳар 100 йилда бир келиши мумкин. Шуни эътиборга олишимиз, ўша ҳудудлардан аҳолига уй-жой ажратилишида масъул ходимлар керакли маълумотларга эга бўлиши лозим.

Паркент туманига ҳар йили бораман. Аҳоли аста-секин юқори тоғолди ҳудудларига кўтарилиб бормоқда. Улар хоҳлаган жойига уйларини қуриб олмоқда. Сел келадими-йўқми, иши йўқ. Шунинг учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари халқ билан ишлаши керак. Уларнинг қўлида сойларнинг, ҳар бир туманнинг қаеридан сел бошланади, қаерга таъсир қилиши мумкин бўлган жойларнинг харитаси бор. Шу билан бирга, сел тошқинларидан ҳимояланишда доимий, мунтазам иш олиб борилиши лозим.

Сел тошқинларини башорат қилиш мумкин ва улар турли хилда бўлади. Биринчиси, бир кунлик меъёрда 30 миллиметр ёмғир ёғади десак, демак, ўша куни сел ёки ёмғир тошқинларини башорат қилишимиз мумкин. Табиатда гидрометеорологик башоратнинг 67 фоизи тўғри бўлса, у ижобий ҳисобланади. Шунақа эҳтимолий башоратлар бор экан, нега улардан самарали фойдаланмаймиз?

Сел-ёмғир тошқинларининг таъсири ва уларнинг оқибати бўйича ҳолатлар доимо раҳбарият эътиборида бўлиб келган. Лекин кўпгина масъул ташкилотлар, сел тошқинларининг ҳимоя чорасини кўриш учун юқоридан топшириқ кутиб ўтиради.

Сел омбори, кўприк қураётганда сел ҳажмини, сув сатҳини эҳтимолий ҳисоблаш тенгламалари бугунги кунда мавжуд. Қўлимизда ҳисоблаш тенгламалари бор экан, нега бу тенгламалардан фойдаланмаймиз? Шу билан бирга, 100 йилда бир келадиган эҳтимолий қийматни ҳам ҳисоблаш усуллари мавжуд.

2015 йилда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъуллари томонидан ана шу масала бўйича катта йиғин ўтказилди. Унда биз сел келиши ва унинг олдини олиш бўйича ўз фикр ва таклифларимизни билдирганмиз, лекин афсуски, уларнинг барчаси қоғозда қолиб кетди.

Ўзбекистон бўйича 1918-1924 йиллар мобайнида рўй берган сел тошқинларининг қайд этилган саналари бор. Маълум бўлишича, сел тошқинлари қуёш фаоллиги билан боғлиқ. Қуёш фаоллиги қанча камайса, сел тошқинлари шунча кўп кузатилар экан. Бу битта омил ҳисобланади. Демак, қуёш фаоллиги камайган пайтларда сел тошқинларининг кўпайиши шу йилларда ҳимояланишимиз кераклигини кўрсатади.

Қуёш фаоллиги камайишини қаердан билса бўлади? Унинг фаоллиги йилма-йил, ойма-ой кузатилиб борилади. Россия, АҚШ, Буюк Британия олимлари бу иш билан кўп йиллардан буён шуғулланишади. Улар 3200 йилгача қуёшнинг фаоллик даври маълумотларини интернетга жойлаштиришган. Ана шу башорат бўйича биз ҳозир қуёшнинг энг кам фаоллик йилига кириб келдик. Демак, ҳудудимизда кейинги йилларда сел хавфи кучайиши мумкин. Нима қилиш керак? Сел билан курашадиган ташкилотлар сел хавфи бўлган сой ва дарёларнинг харитасини тузиши, халқ орасига кириши, сел кузатилиши мумкин бўлган аҳоли яшайдиган жойларда улар билан суҳбат олиб бориши, уларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш, ҳозирдан бошлаб тоғ бағирларига дарахтлар экиш, сел омборларини барпо этиш ва сел оқадиган ўзанларда селга қарши иншоотлар қуриш ишларни жадаллик билан олиб бориши лозим.

Изланишларимиз шуни кўрсатадики, Фарғона водийсининг адирларида сел тошқини бўлиши учун 4-6 миллиметр ёмғир қиймати етарли бўлади. Бундай маълумотлар сел тошқинларидан ҳимояланишда муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда сел тошқинлари ўтадиган сойларнинг харитаси, маълумотлар статистикаси мавжуд. Сел омборлари ҳар йили баҳор келишидан олдин албатта ўрганиб чиқилиши, селга қарши чоралар кўрилиши, барча ҳолатларда олим ва мутахассислар томонидан таҳлил қилиниши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Сел омборларидан биринчи навбатда аҳолини, чорва молларини хавф-хатардан ҳимоя қилиш учун фойдаланилади, кейинчалик йиғилган тоза сув турли мақсадларда ишлатилади.

Иншоотлар фойдаланиш мақсадига кўра, турли йилларга, мисол учун, энг камида 100 йилга мўлжаллаб қурилади. Шуни инобатга оладиган бўлсак, бундан 50-60 йил муқаддам селга қарши қурилган иншоотларимиз ҳозирги талабларга умуман жавоб бермайди ва бу жуда катта хавф-хатар олдида турганимизни билдиради. Шунинг учун бу ишга бепарво бўлмасдан, лоқайдликни йиғиштириб қўйиб, олим ва мутахассислар ёрдамига таянган ҳолда сел келиш эҳтимоли юқори бўлган барча ҳудудларда бу табиий офатнинг олдини олиш мақсадида эски сел иншоотларини қайтадан таъмирлаш ва янгиларини қуриш лозим бўлади.

 

Абдуқаҳҳор ТЎЛАГАНОВ,

техника фанлари номзоди, доцент.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: