Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
14.05.2019

ОҚНИ ОҚ, ҚОРАНИ ҚОРА ДЕЙИШ ШУНЧАЛИК ҚИЙИНМИ?

Ҳурматли Бош муҳаррир! «Ўзбекистон овози» газетасининг 2018 йил 18 декабрь сонида «Бир фитна оқибати» сарлавҳали танқидий мақола чоп этилган эди.

Ёдингизда бўлса, унда 2017 йилнинг 4 июлида Ургут туманидаги «Шаҳризода Санам» фермер хўжалиги раҳбари, Анвар Зиёев ва ижарачи Асад Йўлдошевга тегишли трансформаторнинг сўрғичи бузилиб, номаълум шахслар томонидан ҳисоблагичлар алмаштириб қўйилгани, ўша куннинг ўзидаёқ қаёқдандир пайдо бўлган «Деҳқонобод» электр таъминоти корхонаси ходими Адҳам Искандаров, туман мажбурий ижро бюроси ходимлари Илҳом Қурбонов ва Шоҳимардон Қурбонов Анвар Зиёевга тегишли ҳисоблагичнинг сўрғичи бузилгани ҳақида далолатнома тузишгани ва Ургут туман прокуратурасига топширгани ва ўғлимга нисбатан асоссиз айблар қўйилгани мисоллар асосида баён этилган эди.

Шунингдек, мақолада Ургут туманидаги тоғ ён бағрида жойлашган «Шаҳризода Санам» фермер хўжалиги раҳбари, фарзандим Анвар Зиёевга 2017 йилнинг 5 декабрида Ургут туман прокуратураси жиноят ишлари бўйича терговчи вазифасида иш ўрганувчи Азамат Нарзиев томонидан «сув чиқарадиган насос қурилмалари учун «Деҳқонобод» электр таъминоти корхонаси ўрнатган электр ҳисоблагични алмаштиргани», «...электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келиши натижасида «Деҳқонобод» электр таъминоти корхонаси манфаатларига 25 миллион 674 минг сўм миқдорида зарар етказгани», «кўрсатилган жиноятни қасддан содир қилгани» сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаси билан айблов қўйилгани ва Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди томонидан 2018 йил 26 мартда ўтказилган суд мажлисида бу зарар фермер томонидан қопланиши ҳақида ҳукм чиқарилгани ҳамда унга бир йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси тайинлангани ҳақида сўз боради.

Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг 2018 йил 5 августда ўтказилган очиқ мажлисида эса Ургут туман «Деҳқонобод» электр таъминоти корхонаси томонидан 2018 йил 7 августда тузилган солиштирма далолатнома асосида «Шаҳризода Санам» фермер хўжалигининг электр энергиясидан қарзи мавжуд эмас, деган қарор чиқарилган. Аммо ҳозиргача жиноят ишлари бўйича суд ҳукми бекор қилинмаган ва туҳматга қолган фарзандим Анвар Зиёев қарийб икки йилдан буён айбсизлигини исботлаш учун ишдан қолиб, суд-ҳуқуқ маҳкамаларига қатнаб сарсон-саргардон бўлмоқда.

Мен Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг 2018 йил 5 августда ўтказилган очиқ мажлисида «Шаҳризода Санам» фермер хўжалигининг электр энергиясидан қарзи мавжуд эмас, деб чиқарган қарори асосида 2018 йил 26 мартда Анвар Зиёевга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди томонидан тайинланган бир йил муддатга ахлоқ тузатиш жазосини олиб ташлаш бўйича юқори судларга ариза билан мурожаат қилган эдим.

Олий суд судьяси Т.Мелибоев томонидан қабул қилинган ажримга кўра, судланган А.Зиёев иши бўйича суд қарорларини назорат тартибида кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги кўрсатилган ва бир йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси ўзгаришсиз қолдирилган. Унинг бу жавобини умуман тушунмадим. У ё ишни чақириб, масаланинг ичига кириб, ўрганиб кўрмаган ёки фуқаролик судининг қарорини тан олмаяпти.

Ушбу танқидий мақола чоп этилганидан кейин Сиз томонингиздан Олий суд раҳбариятига юборилган хатга 2019 йил 4 январда олинган жавобнинг охирги бандида: «Ҳозирда судланган А.Зиёев томонидан суд қарорларини назорат тартибида кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси ажрими устидан назорат тартибида шикоят берилмаган», деб ёзилган.

Шундан сўнг мен адвокатим Ш.Қурбонов билан бирга Олий суд судьяси Т.Мелибоев томонидан қабул қилинган ажримни нотўғри деб топишни сўраб ариза ёздим ва 2019 йил 14 январда Олий суднинг жиноят ишлари бўйича ўринбосари қабулида бўлдим. Натижада менинг шикоятим қаноатлантирилиб, Т.Мелибоевнинг ажрими бекор қилинди, бу иш Самарқанд вилоят судида уч нафар судьядан иборат суд коллегиясида кўриладиган бўлди. Лекин афсуски, орадан уч ойдан зиёдроқ вақт ўтган бўлишига қарамай, бугунгача бу иш на Олий судда, на вилоят судида кўрилмаяпти!

Бу алдовларга чидай олмай, яна 3-4 маротаба рангимни сарғайтириб, Юқори суд мутасаддилари қабулига бориб ўтиришимга тўғри келди. Охири 2019 йилнинг 11 апрелида бу иш бўйича Олий суднинг ҳайъат раиси ўринбосари И.Муслимов имзоси билан берилган жавоб хати 2019 йил 6 февралда Республика Бош прокурорига, Ургут туман прокурорига ва адвокат Ш.Қурбоновга жўнатилганини аниқладим. Лекин энг ҳайрон қоларли жойи, бу жавоб хати нима учун уч ой давомида бизнинг қўлимизга етиб келмади?

Савол туғилади: майли, бир суд айбдор қилди, бошқаси оқлади. Наҳотки шу оқловга асосан туҳматга қолган бир инсонни айбсиз, деб иқрор бўлиш шунчалик мушкул бўлса?! Биз Юқори судга Т.Мелибоевнинг ажримидан норозилик шикояти ёзиб, умид билан кутдик, лекин бу иш яна айланиб, Ургут туман прокуратурасига юборилди? Бу мантиққа қанчалик тўғри келади?

Ҳурматли Бош муҳаррир! Менинг ҳеч кимга ҳеч қандай хусуматим йўқ. Мақсадимадолат қарор топиб, туҳмат оқибатида ранги сомон бўлган ўғлимнинг фарзандлари, ёру-биродарлари, қолаверса, эл-юрт олдида юзи ёруғ бўлса, дейман. Ҳалол меҳнат билан топган даромадидан Меҳрибонлик, Саховат уйларига, болалар боғчаларига доимий равишда хайрия қилиб келаётган ўғлимнинг арзимаган пул учун электр ҳисоблагичнинг сўрғичини узиб, уни алмаштириб қўйишига ҳар қандай ақли расо инсон ишонмаслиги тайин! Афсуски, кимларнингдир манфаати, таниш-билишчилиги, ўйинлари суд идораларини ҳам чалғитаётгани кишини таажжубга солади.

Ахир, бундай ҳолатлар қонун, адолат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб иш кўраётган суд-ҳуқуқ идоралари ходимлари шаънига, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга соя солади-ку, суд обрўсига путур етказади-ку.

Таҳририят ҳам ўз позицияисни ҳимоя қилмаса, айтган гапи ҳавога учиб кетса, газетанинг таъсир кучи, нуфузига салбий таъсир қилади, деб ўйлайман.

Ёшим бир жойга борганда бундай сарсонгарчиликни кўриш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Бундай ёзишмаларни ўзимга эп кўраман, деб ҳам ўйламаганман. Аммо начора, мажбур бўлдим...

 

Сизга ҳурмат билан,

Абдузоҳир ЗИЁЕВ,

меҳнат фахрийси.

 

Таҳририятдан:

Абдузоҳир Зиёев Ургут туманининг Баҳрин қишлоғида яшайди. Ўттиз йилга яқин собиқ Навоий жамоа хўжалигини бошқарган, Олий Мажлис, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлигига бир неча бор сайланган, туман ва вилоятда таниқли, обрўли инсон. Фарзанди Анвар Зиёев 2007 йилдан буён «Навоий» агрофирмаси қошида ташкил этилган «Шаҳризода Санам» фермер хўжалигига раҳбарлик қилади. Маҳалладаги ободончилик ва хайрия ишларига мунтазам ҳомийлик ёрдами кўрсатиб келади. Бу очиқ хатга алоҳида муносабат билдиришни лозим топмадик. Ҳар бир мутасадди идора бу борада ўзига хулоса чиқариб олади, деб ўйлаймиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: