14.05.2019

54 МУРОЖААТ ЖОЙИДА ҲАЛ ЭТИЛДИ

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси ҳамкорлигида сайёр қабул ўтказилди.

Унда секторлар раҳбарлари, вилоят ташкилотлари, туман ҳокимлиги мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сайёр қабулда 158 нафар фуқаронинг 185 та мурожаати кўриб чиқилиб, 54 мурожаат жойида ҳал этилди. 8 та мурожаат бўйича тушунтириш берилди. 122 та мурожаатни ўрганиш ва ижросини таъминлаш бўйича тегишли ташкилотларга топшириқ берилди.

Тумандаги Бойбўри қишлоғида 1 минг 700 нафардан зиёд аҳоли яшайди. 200 нафардан ортиқ бола таълим олиш учун 6 километр узоқликдаги Тўқбой қишлоғида жойлашган 73-умумий ўрта таълим мактабига қатнайди. Айниқса, совуқ кунларда ёки ёғингарчилик пайтида шунча йўл босиб мактабга бориш осон эмас. Сайёр қабулда қишлоқ аҳолисининг мазкур муаммоси тингланиб, ижобий ечим топадиган бўлди.

Бугун жуда хурсандмиз, энди бизнинг қишлоқда ҳам мактаб қуриладиган бўлди, – дейди Бойбўри қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Сайфулла Алмуратов. – Ҳар ҳолда мутасаддилар шундай ваъда беришди. Бундан ташқари, маҳалламиз идораси ҳам йўқ. Бу муаммони ҳам айтдик. Ўрганиб чиқиладиган бўлди. Илгари республика у ёқда турсин, вилоят ва ҳатто туман раҳбарлари жойларга келиб, аҳолининг дардини тинглашини хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Дардимизни кимга айтишни билмас эдик. Ҳозир эса раҳбарларнинг ўзи келиб, муаммойингиз нима, деб сўрамоқда. Бундан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.

Сайёр қабул давомида меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, унда 82 та ташкилот-корхона ва муассаса 413 та бўш иш ўрни билан қатнашди. Кўпчилик фуқароларга ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Масалан, Замира Абсаломова туман тиббиёт бирлашмасига лаборант, Феруза Муртазоева эса орастабон бўлиб ишга жойлашадиган бўлди. Шароф Норқобилов шу ернинг ўзида туман ободонлаштириш бўлимига ишга қабул қилинди.

Анчадан буён иш излаб юргандим, – дейди Ш.Норқобилов. – Бугунги ярмакада қоровуллик ишига жойлашдим. Қишлоғимдан иш топганим яхши бўлди. Бундан оила аъзоларим ҳам хурсанд.

Шунингдек, сайёр қабул доирасида ногирон ва соғлиғини йўқотган бир гуруҳ фуқароларга 20 та ногиронлик аравачаси, 15 та ҳасса, қўлтиқтаёқ, соғлиғини тиклаши учун сиҳатгоҳларга 17 та йўлланма тарқатилди.

 

Ў.БАРОТОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.