14.05.2019

ЖАСОРАТ ВА МАТОНАТ ШАҲОДАТНОМАСИ

ёки ўзбек халқининг буюк ғалабага қўшган бебаҳо ҳиссаси муҳрланган китоб

Ҳар гал мамлакатимизнинг Мустақиллик майдонидаги Хотира мажмуасини зиёрат қилар эканман, Мотамсаро она ҳайкали пойида узоқ ўйга толаман. Она сиймоси пойидаги «Сен доимо қалбимдасан, жигарим!» деган сўзлар замирида қанчадан-қанча умидлар, интизорликлар, ўкинчлар, фарёдлар, сабру бардошлар сукут сақлаб тургандай бўлади. Урушдан қайтмаган ватандошларимиз номлари битилган зарварақларга кўз ташлайман. Аксарияти 18-22 ёшли йигитлар...

Инсоният тарихи – қанчадан-қанча донишманду оқиллардан мерос, башариятга бахтли саодатли яшаш йўлини кўрсатган улуғ ғоялар, тафаккур ёлқинлари жам улкан китобдир. Инсоният тарихи — буюк тараққиёт, бунёдкорлик ва яратувчанлик, фозиллик ва комиллик сари бошланган адоқсиз йўллардир. Инсоният тарихи — одамзод, башарият аҳлини эзгуликка, қалбан, руҳан покланиш, улғайишга чорлаган буюк таълимотлар мажмуасидир. Лекин шу билан бирга, инсоният — бу инсон қалби ва руҳи, бунёдкорлигининг, тафаккур дурдоналарининг йўқ қилиниши, вайрон этилиши, кули кўкка совурилишига сабаб бўлган аёвсиз уруш ва қирғинлар, бедодликлар, инсон фожеалари тарихи ҳамдир.

Дунё адабиётининг энг сара намуналаридан қайси бирига кўз ташламанг, уларда уруш ва жаҳолат оловида ёнаётган инсон тафаккури фарёдини, юрак ўртанишини туясиз. Уруш ва тинчлик, минг афсуски, ер юзидаги ҳаёт шу икки сўзда жам бўлган моҳият ичра ўтади. Халқимизда «Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кунлик файз-барака кўтарилади», деган гап бор. Уруш, қирғинбаротлар бўлган жойдан-чи?

Инсоният тарихи бунёдкорлик ва вайронкорлик, яратувчанлик ва бузғунчилик, висол ва айрилиқ, бахтиёрлик ва жудолик, севинч ва оҳу фарёд ичра ўтиб келмоқда. Энг ажабланарлиси, буларнинг сабабчиси ҳам ҳазрати инсоннинг ўзидир. Баъзан ўйга чўмасан, наҳотки дунёда тинч-тотув яшаш шунчалар қийин? Нега инсоният шу бугунгача жоҳилликни бир четга отиб, тинчликка элтувчи улуғ йўлга чиқа олмаяпти? Ахир уруш инсоният бошига солган кулфатларни кўриб, билиб турибмизку. Наҳотки, тинчлик йўлига ўтиб олиш шунчалик оғир бўлса? Афсуски, дунёда бўлаётган қуролли тўқнашувлар, низолар, этник ва миллатлараро, диний можаролар моҳиятига назар солиб, бу йўл ҳали қанчалар узоқлигини ҳис қиласан, ҳис қиласан-у, гарчи якунига етганига 74 тўрт йил бўлган эрса-да, доғи, ҳижрон ва алами, оғриғи дилларни ҳали ҳануз зирқиратиб турган Иккинчи жаҳон уруши, унинг нафақат мамлакатлар, халқлар, инсонлар, авлодлар қалбида қолдирган оқибатлари, жароҳатлари ҳали ҳам тўхтовсиз оғриқ бераётганини юракдан ўтказасан. Шубҳасиз, бу уруш эзгулик ва ёвузлик, маърифат ва жаҳолат ўртасидаги уруш эди. Шунинг учун ҳам бу урушда қозонилган ғалаба инсониятнинг, эзгу ният ва мақсадларининг ёвузлик ва ноинсонийлик устидан қозонилган ғалабаси сифатида эътироф этилади.

Президентимизнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги фармони, Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори тинчлик учун курашган инсонларни хотирлаш ва қадрлашнинг яна бир ёрқин тимсоли бўлди.

Қайд этилганидек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минг-минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанглардан омон қайтган боболаримизга, фронт ортида оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли синовларда ўзлигини йўқотмаган иймони бутун аждодларимизга меҳр-оқибат кўрсатиш мамлакатимизда миллий анъанага айланди.

Тарих солномаларини варақлар эканмиз, Ўзбекистон халқи Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага қанчалар катта ва муҳим ҳисса қўшганлигини англаймиз. Маълумотларга қараганда, бу урушга юртимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар эркак, 500 га яқин хотин-қиз сафарбар этилган. Ўша пайтда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион кишини ташкил этгани, ёш болалар, қария ва аёлларни ҳисобга олиб, ўйлаб кўрсак, халқимизнинг 40 фоизидан кўпроғи қўлига қурол олиб, аёвсиз жангга отланган. Улардан 604 мингдан кўпроғи уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтган. 500 минг нафардан зиёд юртдошимиз мардларча ҳалок бўлган.

Фронт ортидаги оғир, машаққатли юмушлар эса кексалар, аёллар ва болалар зиммасига тушган. Улар оч-наҳор, уйқусиз меҳнат қилиб, бу урушда ғалабани таъминлашга бебаҳо ҳисса қўшган. Уруш даврида Ўзбекистон аҳолиси томонидан мудофаа жамғармасига 649,9 миллион нақд пул, 4 миллиард 226 миллион сўмлик заём, 52,9 килограмм олтин ҳамда кумуш топширилган. Фронтга 7 миллион 518 минг 800 та гимнастёрка, 2 миллион 636 минг 700 та пахталик, 2 миллион 221 минг 200 та этик ва қўнжли ботинка юборилган. Енгил саноат корхоналари томонидан 246 миллион сўмдан зиёд турли маҳсулотлар, шунингдек, 1 миллион 282 минг тонна ғалла, 482 тонна картошка ҳамда сабзавот, 1000 тонна полиз маҳсулотлари, қуруқ ва ҳўл мевалар жўнатилгани мардлик, матонат, саховат намунасидир.

Ҳар қандай урушда жанг тақдирини ҳал этишда қурол-аслаҳа катта роль ўйнайди. Фашизмнинг тор-мор қилинишида, айниқса, Ўзбекистонда уруш йилларида ишлаб чиқарилган қурол аслаҳалар катта аҳамият касб этгани алоҳида эътиборга молик. Далилларга кўра: 2100 самолёт, 17342 самолёт мотори, 17100 миномёт, 60000 ҳарбий кимёвий анжом, 1 миллион дона граната, 3 миллиондан ортиқ радиолампалар, 27000 танкка қарши отадиган қурол, 2 миллион 318 минг авиация бомбаси, 22 миллион дона мина, 560000 дона снаряд, 5 бронепоезд, 2200 кўчма ошхона қўшинларга етказиб берилган.

Албатта, бу халқимиз матонати, фидойилиги ва жасоратининг қанчалар улуғворлигини кўрсатиб турибди. Лекин масаланинг яна бир томони ҳам борки, бу ҳақда тўхталмай бўлмайди. Ўзбекистон халқининг нафақат жанг майдонларида, фронт ортидаги ҳаракатларида ҳам уларга ўзининг ўткир ва таъсирчан сўзи билан ғайрат, шижоат, метин ва енгилмас ирода бағишлаган адибларимиз, қалам аҳлининг катта хизматларини алоҳида эътироф этмоқ лозим.

Уруш йилларида Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Шароф Рашидов, Уйғун, Миртемир, Мирзакалон Исмоилий, Султон Жўра, Илёс Муслим, Собир Абдулла, Чустий, Матёқуб Қўшжонов, Одил Ёқубов, Мирмуҳсин, Назармат, Адҳам Раҳмат, Иброҳим Раҳим, Назир Сафаров, Зоҳиджон Обидов, Зинат Фатхулин, Ўткир Рашид каби қатор шоир ва ёзувчиларнинг нафақат Ўзбекистонда, фронтдаги кўчма газета таҳририятларида бир қўлда қуролу бир қўлда қалам билан душманга қарши кураш олиб бордилар. Ана шуларни эслаганда беихтиёр Уйғун домланинг «Баҳоримиз келур» номли шеъри хаёлимиздан ўтади:

 

Қуролинг қўлингдан тушмасин сира,

Душман яксон бўлсин урушларингдан.

Сендан келажакка қолсин хотира,

Ер ларзага келсин юришларингдан.

 

Сизнинг зарбангиздан ёв бўлур барбод,

Келур баҳоримиз – ғолиб фасллар.

Шонли авлодимиз яна бўлур шод,

Минг йиллаб унутмас сизни насллар!

 

Яқинда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсиддиновнинг уч жилдли, жами 1700 саҳифадан иборат «Иккинчи жаҳон уруши ва фронт газеталари» китобини варақлар эканман, халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага қўшган ҳиссасини кўрсатувчи, ҳали биз билмаган қанчадан-қанча маълумотлар, адибларимизнинг ўтлиғ шеър ва достонлари, қўшиқлари, чиқишлари борлигига амин бўлдим. Юқоридаги шеърлар ҳам илк бор ўзбек тилида фронт газеталарида эълон қилинган.

Албатта, матбуот пайдо бўлибдики, у ҳар бир даврнинг нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки маданий ҳаётини, бўлиб ўтган воқеа ва ҳодисаларни кўзгу янглиғ ўзида ёрқин акс эттириб келади. Ана шу маънода матбуот Иккинчи жаҳон уруши йилларида жанг майдонларида жон бериб, жон олаётган жангчиларнинг жанговар руҳини кўтаришда ўша даврнинг қудратли маънавий қуроли бўлиб хизмат қилганига шубҳа йўқдир. Китобда таъкидланишича, уруш даврида фронтларда ўзбек тилида 20 га яқин номда газета мунтазам чоп этилиб, ўзбек аскарларига узлуксиз етказилиб турилган. Бу газеталардаги мақолалар, очерклар, хат-хабарлар ўзбек ҳарбийларининг жасорати, жанговарлигини, руҳиятини кўтаришга жуда катта таъсир кўрсатган. Заҳматкаш олимнинг китобларини варақлар эканмиз, гарчи газеталарнинг ҳар бир сонида ўша давр руҳи, мафкураси бўртиб турган бўлса-да, уруш даври матбуотининг, шу жумладан, фронт газеталарида чоп этилган «Ўзбек халқи шарафига», «Ўзбек қизининг ботирлиги», «Алоқачи Халил Латипов», «Қаҳрамон Шарқ фарзандлари», «Ўткир кўзли йигитнинг ўқи», «Фронт жангчиларига совға ортилган эшолон жўнатилди», «Тўпчи Қурбон», «Биз енгилмас кучмиз», «Икки қаҳрамон», «Яхши разведка натижаси», «Марра маҳкам ушланди», «Фронтимиз баҳодирлари» каби минглаб хабар ва мақолалар, Ғафур Ғуломнинг «Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак», «Сен етим эмассан», Ҳамид Олимжонинг, «Жангчи Турсун», «Роксананинг кўз ёшлари», «Қадаҳ», Зулфиянинг «Қўлимда қуролу устимда шинель», «Ҳижрон кунларида», Мақсуд Шайхзоданинг «Олма», Ўткир Рашиднинг «Ғалаба баҳори», Чустийнинг «Хуш келдинг, ўғлим», Адҳам Ҳамдамнинг «Олға, дўстим, ҳамон олға юр», Ёнғин Мирзонинг «Зафар карвони», Мирмуҳсиннинг «Зеби», Рустам Каримийнинг «Бораман» каби шеър ва достонларининг фашизм устидан эришилган тарихий ғалабага кўрсатган таъсирини дилдан идрок этамиз.

Газеталарнинг 1945 йил 20 май сонида академик шоир Ойбекнинг «Фашист Германиясининг ўлим соати» номли мақоласи берилади. «...Тўрт йилдан бери қилган умидимиз амалга ошди. Инсоният тарихида энг улуғ бўлган тўла ғалаба тўғрисидаги хушхабар бутун оламга ёйилди. Ғолиб аскарларимиз томонидан кули кўкка соврилган Гитлер Германияси таслим бўлди. Бизлар – тарихий воқеанинг замондошлари, улуғ кунларни, маслагимиз, иродамизнинг, халқимизнинг тантанасини бошдан кечирмоқдамиз».

Таниқли адабиётшунос олим, академик Наим Каримов таъкидлаганидек, Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбек тилида нашр этилган бу газеталар, афсуски, Ўзбекистон тарихи билан шуғулланувчи олимлар эътиборини жалб этмай келди. Жонкуяр олим Рустам Шамсиддиновнинг ва у раҳбарлик қилаётган илмий жамоанинг турли шаҳарлардаги архив ва кутубхоналарда чанг босиб ётган фронт газеталарини ўрганиб, улардаги эътиборга молик материалларнинг аксар қисмини нашрга тайёрлаганликлари катта сабот билан оғир меҳнат қилинганини кўрсатиб турибди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбек тилида чоп этилган бу газеталар фронт ва фронт ортидаги Ўзбекистон халқининг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини ёритишда ниҳоятда қимматли, ноёб манба ҳисобланади. Умуман, бу газеталарда эълон қилинган материаллар, хусусан, фронтларга йўлланган хатлар — жангчиларнинг ота-оналари, рафиқалари, фарзандлари, қавм-қариндошларига ёзган хатлари, ҳарбий қўмондонлик томонидан ўзбекистонлик мард жангчиларга топширилган мукофотлар, суратлар Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги тарихини янада кенгроқ ёритишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу материалларда ўзбекона қалб, бағрикенглик, матонат, қаҳрамонлик бўртиб туради. Китобда турли асосли манбаларга таянилган ҳолда Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистондан меҳнат армиясига сафарбар этилганлар, уларнинг ҳаёти, меҳнат фаолияти ҳақида ҳам кўплаб маълумотлар келтирилади. Буни қарангки, 1941–43 йилларнинг ўзида Ўзбекистондан 155 минг киши меҳнат армиясига сафарбар қилинган экан. Тошкент вилояти ҳарбий комиссариатидан эктремал ҳолатда эшелонда 1700 киши Бошқирдистонга жўнатилади. Уралдаги мудофаа саноати ва фабрикаларида 32 минг 620 нафар, Пермдаги Молотов номли заводда 978 нафар, Киров номли заводда 200 нафар, 90-сонли заводда 800 нафар, 103-сонли заводда 50 нафар, 12-қурилиш трестида 70 нафар, Орск шаҳрида 7000 нафар ҳамюртимиз меҳнат қилган экан. Бунга ўхшаган мисоллар китобда жуда ҳам кўп. Албатта, бу катта бир эзгу ишнинг бошланишидир. Китоб муаллифи ўз олдига юксак мақсад қўяди. Нафақат Россия ҳарбий давлат архиви, Мудофаа вазирлиги архивида, Украина, Белорусь, Латвия, Литва, Эстония, Венгрия, Чехия, Германия архив ва музейларида ҳам қанчадан-қанча бу каби газеталар сақланган бўлиши, улар ҳам ўрганилиши зарурлигини таъкидлайди.

«Иккинчи жаҳон уруши ва фронт газеталари» номли бу китоблар инсоният бошига чексиз кулфатлар келтирган фашизм балосини ер юзидан супуриб ташлашдек буюк тарихий курашда ўзбек халқининг ҳам катта ҳиссаси борлигини аниқлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Дарҳақиқат, бугун дунёнинг кўпдан кўп мамлакатлари ҳудудидаги қабристонларда, оқ қайинлар остида, зангор тепаликлар бағрида ўзбек ўғлонлари мангу ором топган. Фронт газеталарида уларнинг жасоратлари, қаҳрамонликлари тасвирланган, муҳрланган. «Иккинчи жаҳон уруши ва фронт газеталари» китобининг қиммати, қадри ҳам ана шунда.

 

Минҳожиддин МИРЗО,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари.



DB query error.
Please try later.