14.05.2019

БОЛАЛАРНИНГ ГАПИРИШ ҲУҚУҚИ КАФОЛАТЛАНАДИ

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Мустаҳкам оила барпо этиш, ўғил-қизларни камолга етказиш учун интиладиган, болаларнинг бахтидан қувонадиган халқмиз.

Бинобарин, Конституциямизда бола ҳуқуқларига алоҳида урғу берилган. Унда ҳар бир боланинг жинсидан, ирқидан, миллатидан, тилидан, диний қарашлари ва эътиқодларидан, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланган. Жумладан, Асосий қонунимизнинг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканлиги белгиланган. Давлат эса етим ҳамда ота-она васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитиш ишларини ўз зиммасига олган. Шунингдек, болалар ҳуқуқлари ва манфаатларига тааллуқли муҳим халқаро шартномалар ратификация қилинди.

Масалан, бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунда болаларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилишда ота-оналар, маҳалла, таълим муассасалари, давлат органлари ва кенг жамоатчиликнинг вазифалари, умуман, бу борада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб қўйилган. Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ушбу масалаларга оид устувор вазифалар белгиланган.

Соҳага доир қатор халқаро ҳужжатлар қабул қилиниши, қонун ҳужжатларининг кучга кириши асосида мазкур ҳуқуқий тамойиллар янада такомиллашмоқда. Хусусан, Президентимизнинг апрель ойида эълон қилинган бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори бола ҳуқуқларини кафолатлашга ҳизмат қилиши билан аҳамиятли.

Қарорда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратишга оид миллий ҳаракатлар дастури тасдиқланиши белгилаб берилгани мазкур ҳужжатнинг натижадорлигини оширади. Муҳим янги ташаббуслардан бири шундаки, Жиноят кодексини БМТнинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига доир факультатив протоколга мувофиқлаштириш назарда тутилди. Шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қабул қилиниши уларнинг ҳуқуқларини таъминлаб беришда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, бугунги кунда амалдаги бир қатор қонунларга, жумладан, бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонунларга, Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали қонунчилик базаси янада мустаҳкамланади.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича шу кунгача алоҳида институт мавжуд эмасди. Эндиликда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилиб, фақат болалар ҳуқуқларини таъминлашга кўмаклашувчи сектор тузилиши болаларнинг ҳуқуқлари ҳимояси кучайишига кенг имкониятлар яратади.

Қарорнинг энг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири — боланинг манфаатларига алоқадор масала ҳал этилаётганида, унинг фикри тингланишини таъминловчи механизм шакллантирилишидир. Оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга бўлган бола, ёшидан қатъи назар, ҳар қандай ҳолатда ўз фикрини ифода қилишга ҳақли экани қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйилиши долзарб масала ҳисобланади.

Аҳоли билан учрашувларда халқимиз томонидан кўп кўтариладиган масалалардан бири — қизларнинг никоҳ ёшини 18 ёшга кўтариш эди. Ушбу қарор билан халқимиз хоҳиш-истаги амалга оширилди. Яъни, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун бир хил — 18 ёш этиб белгиланди. Бу эса қонунчилигимизнинг халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга мос равишда такомиллаштирилиши ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қарорнинг ҳаётга татбиқ этилиши болалар ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган тизимли саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Фарзандларимизнинг бахтли бўлишдек эзгу ниятларини амалга оширишга барчамиз масъулмиз ва бу жараёнда якдил бўлиб фаолият олиб бормоғимиз зарур.



DB query error.
Please try later.