14.05.2019

100 ЁШИДА ҚАЙТА ОЁҚҚА ТУРГАН МОМО

Уруш ва меҳнат фахрийлари республика пансионатида байрам тадбири ўтказилди

Эрталаб қўл телефонимга қисқа хабар келди. «...Бугун соат 10:00 да Қорақамиш мавзесида Уруш ва меҳнат фахрийлари республика пансионатида тадбир бор». Негадир шу хабарни ўқиб, телевидение орқали намойиш этилган «Берлин-Оққўрғон» фильми хаёлимга келди. Аниқроғи, фильмда асирликка тушган бир қаҳрамоннинг сўзларини эсладим. «...Биз қочоқ эмасмиз. Қочоқларнинг ортидан отишади. Кўксимиздан от...». Мазкур фильмда фронт ортидаги қийинчиликлар, халқимизнинг оғир турмуш шароити, ота-боболаримиз кўрсатган жасорат акс этган.

Тўғриси, бундай ҳикояларни кинода кўриш бошқа, ўша қора кунларга гувоҳ бўлган инсонларнинг ўзидан эшитиш бошқа. Шунинг учун Уруш ва меҳнат фахрийлари республика пансионати томон йўл олдим.

Ҳар гал муассасада бўлганимда у ердаги отахон ва онахонларнинг мунис чеҳрасига боқишга уринаман. Суҳбат давомида эса уларнинг ҳар бир сўзида ҳикмат борлигини англайман. Бугун ҳам худди шундай бўлди. Дарвозадан киришимиз билан бағрини очган нуронийлар билан узоқ ҳол-аҳвол сўрашдик. Улар муассасадаги шароитлар, турли концерт дастурларига, театрларга боришаётганини мароқ билан гапириб беришди.

— Ҳар гал пансионатга келганимда руҳим енгиллашади, — дейди ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Аброр Қурбонов. — Шу яқин атрофдан ўтдимми, албатта, нуронийларнинг зиёратига ошиқаман, суҳбатини олишга ҳаракат қиламан. Очиғи, улардан ўрганадиган, ибрат оладиган жиҳатларимиз кўп. Ўрни келганда бир воқеани айтиб берсам. Яқин танишим ўқитувчи бўлиб ишлайди. Бир куни синфидаги энг тўполончи ўқувчиларни пансионатга олиб келибди. Отахон ва онахонлар билан таништирибди. Улар болалалик хотираларини, яъни бир бўлак нон учун тонг саҳардан дўкон олдида навбатда туришганини сўзлаб берибди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари эса илм олиб, ўзи истаган соҳани танлашига имкони бўлмаганини, 10-12 ёшдан завод-фабрикаларда меҳнат қилганини айтишибди. Бир ҳафта ўтмасдан болаларнинг хулқида, ўқишида ижобий томонга ўзгариш бўлибди.

— Шундай бўлгани рост, — дейди Уруш ва меҳнат фахрийлари республика пансионати директори Фарангиз Акрамова. — Муассасамизда 150 нафардан ортиқ нуроний истиқомат қилади. Ҳозирги вақтда тўқиш, тикиш, дурадгорлик, шахмат, шашка тўгараклари фаолият юритмоқда. Кутубхонамиз ҳам уларнинг ихтиёрида. Йилда бир марта олимпия қўмитаси вакиллари келиб, махсус турнир ўтказади. Ғолибларга совғалар берилади.

Яқинда пансионат биносининг иккинчи қисми ҳам ишга тушди. Бу мустақил ҳаракатлана олмайдиган беморларга қарашда анча енгиллик бермоқда. Энди нуронийлар билан ҳам суҳбатлашинг, уларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитинг.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Меҳрожиддин Дархонов муассасада 100 ёшни қаршилаган онахон истиқомат қилаётганини айтиб қолди. У меҳнат фахрийси Валентина Чекова экан.

— 23 йилдан буён шу ердаман, — дейди у. — Турмуш ўртоғим ўн тўрт йил олдин вафот этди. Ёшлигимиз айни Иккинчи жаҳон уруши вақтига тўғри келди. Ҳамширалик дипломим бўлгани учун Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги кичик бир шифохонага ишга кирдим. Вазият ниҳоятда оғир эди. Буни ҳар қанча сўзлаб берсак ҳам ҳақиқий вазиятни тасаввур қилиш мушкул. У вақтда ҳеч ким соғлиги ҳақида ўйламас, жонидан ўтсагина шифокор ҳузурига келарди. Бу орада жанггоҳларда яраланиб, госпиталда даволаниб, урушга яроқсизлиги учун юртига қайтарилган аскарлар билан ҳам кўп суҳбатда бўлдим. Эҳ, уларнинг биргина кўз қараши уруш даҳшатини кўрсатиб берарди гўё. Ногирон бўлиб қолган аскарлар ўзини кераксиз инсондек ҳис этишарди. Ишонасизми, шифокорлар етишмаслиги сабаб, кичикроқ жарроҳлик амалиётларини мустақил ўтказишга мажбур бўлганман.

— Яқинда бир гуруҳ нуронийларни Жиззах вилоятига саёҳатга олиб бордик, — дейди Фарангиз Акрамова. — Онахон ишлаган шифохонада ҳам бўлдик. Валентина Чекованинг шогирдлари ҳамон шифохонада фаолият олиб боришар экан. Улар билан дийдорлашиб, онахон анча ёшарди.

Илк бор муассасага келганимда Валентина Чекова нотўғри йиқилиш оқибатида ўрнидан туролмасди. Аммо онахонда оёққа туришга ишонч бор эди. Бу йил момо юз ёшни қаршилади.

— Мен урушда бўлмадим, қонга тўлган жанггоҳларни кўрмадим, — дейди меҳнат фахрийси Роза Ватулина. — Аммо урушдан узоқдаги аҳолининг дардини, кўзидаги мунгни кўрдим. Асосан аёллар, болалар далада, завод-фабрикаларда меҳнат қиларди. Тўлғоқ азобини унутмасдан, чақалоғини дала бошига қурилган беланчакка боғлаб ишлаган фидоийларни кўрдим. Тилагим битта — юртимизда, ер юзида ҳеч қачон уруш бўлмасин.

Пенсионатдан қайтаётиб, юрагимизда алланечук ҳислар пайдо бўлди. Фарзандларингни атрофингга олиб бехавотир сайр қилиш ҳам аслида катта бахт эканини англаб етгандек бўлдик.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози»мухбири.



DB query error.
Please try later.