07.05.2019

АЛЬБЕРТ ЭЙНШТЕЙН: Халил Раҳматулин туғма механик, ҳали у бутун дунёга машҳур бўлади...

Халил Раҳматулин Ўзбекистонда таълим-тарбия олган эди. Илк илмий изланишларини ҳам Тошкентда бошлаганди. Ўзбек халқидан кўрган меҳр-оқибатини бир умр унутмаган олим ўзбекистонлик ўнлаб ёшларни дунёга машҳур бўлишида, ўзбек илм-фани ривожланишига беқиёс ҳисса қўшди. Кейинчалик Москва давлат университетида ўқиб, умрини охиригача фаолият кўрсатган бўлишига қарамасдан, бутун ҳаёти давомида ўзбекистонлик олимлардан қўл узмади. Уларни доим қўллаб-қувватлади. Бугун Халил Раҳматулин ҳам, унинг ўзбекистонлик шогирдларидан кўпчилиги ҳам оламдан ўтиб кетишган. Лекин улар асос солган илмий мактаблар ҳамон яшамоқда, давом этмоқда...

Халил Раҳматулин 1909 йил 23 апрелда Қирғизистоннинг Тоқмоқ шаҳрида таваллуд топган. Дастлаб Тошкентдаги педагогика техникуми, Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети), М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида таълим олади. 1937 йил юқори тезликдаги аэродинамика йўналишида номзодлик диссертациясини ёқлагандан сўнг Москва давлат университети доценти, аэродинамика лабораторияси мудири бўлиб фаолият кўрсатади. 1943 йил парашютлар назарияси йўналишида докторлик диссертациясини ёқлайди. 1947 йил Ўз РФА академиклигига сайланади. 1951 йилда унинг ташаббуси билан газлар динамикаси, кейинчалик Газлар ва тўлқинлар динамикаси кафедраси ташкил этилади. Бу кафедрага устоз 1988 йилгача раҳбарлик қилган.

Устознинг илмий фаолияти ўзининг кўп қирралилиги билан барчани ҳайратлантиради. Олимнинг тадқиқотлари механика соҳасида муҳим ўрин тутадиган, динамик жараёнлар муаммосини, эластик ва пластик тўлқинлар тарқалиш жараёнларини, газларда шаклланадиган ва тарқаладиган зарба тўлқинлари, парашютлар ва ғовак муҳитлар аэродинамикаси, грунтлар динамикаси, кўп компонентли муҳитлар ҳаракати, химиявий технология ва бошқа кўп соҳаларни ўзида мужассамлаштиргани билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Эластик ва пластик муҳитлар динамикаси назариясида устоз илгари аниқланмаган махсус юксизланиш (вазнсизлик) тўлқинлар тарқалиш жараёнини кашф этди. Ушбу кашфиёт россиялик машҳур олим Алексей Ильюшин томонидан «Раҳматулиннинг эластик ва пластик тўлқинлари» деб аталган ва илм оламида тан олинган. Мамлакатимизда устознинг бу йўналишдаги ишларини академиклар Васил Қобулов, Тожибой Бўриев ва бошқалар давом эттиришган. Кўп йиллар давомида Москва, Киев, Кишинев, Олмаота, Тошкент ва Бишкек шаҳарларида устоз ва унинг шогирдлари ташаббуси билан «Эластик ва пластик тўлқинлар тарқалиши» мавзусида ҳалқаро симпозиум ва конференциялар ташкил этилган эди. Олим томонидан кўндаланг зарба назариясида қайишқоқ ипларда тарқаладиган бўйлама ва кўндаланг тўлқинларнинг тарқалиш назарияси ва қонуниятлари биринчи марта тажрибалар асосида тадқиқ этилган ва изоҳлаб берилган. Бу назария асосида бажарилган ҳисоб натижалари Иккинчи жаҳон уруши йиллари ҳаво тўсиқлари аэростатлари билан Москва осмонини душман ҳужумларидан ҳимоя қилишда кенг фойдаланилган эди.

Республикамизда иплар назариясининг яратилиш ва ривожланишида устоз билан бир қаторда марҳум академик Маҳамад Ўразбоевнинг хизматлари беқиёсдир. Халил Раҳматулин қайишқоқ иплар ва боғланишлар назариясини яратишда Маҳамад Ўразбоевнинг илмий ишларидан фойдаланган бўлиши керак. Эластик ва пластик муҳитларда ҳамда қайишқоқ боғланишларда тўлқинлар тарқалиш жараёнлари тадқиқ этилган ишлар мажмуаси учун устоз 1945 йил Давлат мукофоти лауреати ҳамда М.Ломоносов номидаги мукофотга сазовор бўлган. Улуғ олим томонидан яратилган ажойиб ускуналардан бири катта космик параметрларга эга бўла оладиган оқимларни энг ишончли ва иқтисодли усул билан ҳосил қиладиган гипервоз қувурни айтиб ўтиш жоиздир, чунки шу қурилма яратилганлиги учун устоз 1974 йилда иккинчи марта Давлат мукофотига сазовор бўлган.

Устознинг грунтлар динамикаси соҳасидаги изланишлари ерости ва гидротехник иншоотларни зарбали кучларга, кучли портлашларда ҳосил бўладиган тўлқинлар таъсиридан мустаҳкамлигини таъминлаш муаммоларини ҳал қилишга қаратилган. Халил Раҳматулин раҳбарлигида грунтлар назариясини ривожлантиришда физика механика хоссалари бошқа туташ муҳитлардан кескин фарқлангани сабабли, унинг ҳолат тенгламасини аниқлаш мақсадида Москва давлат университетининг Мехника институти тўлқинлар динамикаси лабораториясида махсус тажрибалар ўтказилган. Ўзбекистонда устознинг бу йўналишдаги ишларини марҳум академик Тошпўлат Ширинқулов ва унинг шогирдлари давом эттириб, йирик илмий натижалар олишган.

Халил Раҳматулин кўп компонентли муҳитлар ҳаракати назариясининг асосчисидир. У биринчи бўлиб бир неча фазали аралашмалар ҳаракати назариясини яратган, бундай муҳитларда тўлқин тарқалиш жараёнларини таҳлил этиб, икки компонентли муҳитда чегаравий қатлам назариясига асос солган. Устоз томонидан таркиби қаттиқ ва суюқ заррачалардан иборат кўп фазали товуш тезлигидан юқори ҳаракатланадиган газлар оқими масаласини биринчи қўйилиб, унинг ечимлари келтирилган эди. Бу назария асосида устознинг бевосита раҳбарлигида илмий мактаблар юзага келди. Бундай мактаблар Москва давлат университетида, Ўз РФА Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлик институтида Халил Раҳматулиннинг шогирди марҳум Жорулла Файзуллаев раҳбарлигида ташкил этилган эди. Унинг «Кўп фазали муҳитлар динамикаси» монографиясининг АҚШ да чоп этилиши бу йўналишда бажарилаётган илмий изланишлар салмоғи ниҳоятда юқори даражадалигининг исботи эди. Тез суръатда ривожланган механиканинг бу соҳасидаги натижалар гидротехникада, химия технологиясида, атом энергетикасида кенг қўлланилган ва бу йўналишда бажарилган ишлар мажмуаси учун 1979 йилда Халил Раҳматулинга Меҳнат Қаҳрамони берилган эди.

Устоз республикамиз учун долзарб бўлган жуда кўп муаммоларни ечишда фаол қатнашган, жумладан, аэродинамика ва аэрохимия усулда шолига, чигитли пахтага дастлабки ишлов беришнинг янги технологияларини яратишда раҳбарлик қилган. Унинг ташаббуси билан чет элларда маълум бўлмаган усуллар ёрдамида юқори сифатли аралашмалар ва сузпензиялар олиш учун янги типдаги гидродинамик қурилмалар яратилган эди.

Альберт Эйнштейн Москвага келганида Халил Рахматулин билан учрашади ва узоқ суҳбатлашади. Мулоқот сўнгида «Халил Раҳматулин туғма механик, ҳали у бутун дунёга машҳур бўлади...» деган экан.

Домланинг нақадар улуғ ва меҳнаткаш олим бўлганлигини яна бир исботини Россия Фанлар Академиясининг академиги Роберт Нигматулиннинг эсдаликларида кўрамиз. 1957 йили фазога биринчи марта ер йўлдоши учирилиши шарофати билан Москвада ўтказилган тадбирда таниқли олим Сергей Королев бу ютуқларда Рахматулин ва Кельдишларни алоҳида хизматлари борлигини таъкидлаган эди.

Бағри кенг, кучли қобилият, ноёб истеъдод эгаси бўлган Халил Раҳматулин шогирдларига нисбатан ўта меҳрибон ва ғамхўр эди. Уларнинг нафақат олим бўлишига, балки яхши инсон бўлишига ҳам катта эътибор берарди. Халқимизда «Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин» деган мақол бор. Домла бу тўғрида ўз фикрини қуйидагича билдирган эди, «Ҳар бир устоз шогирдини фақат олим бўлишига эмас, унинг одамларга яхшилик қиладиган ҳақиқий инсон бўлишига аҳамият бериши, бу борада ҳам устозлик қилиши керак»...

 

Ботиржон МАРДОНОВ,

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети профессори,

Ҳусан ВАЛИЖОНОВ,

 Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти фахрий профессори,

Машраб АҲМЕДОВ,

Механика ва иншоотларни сейсмик мустаҳкамлиги институти етакчи илмий ходими.



DB query error.
Please try later.