07.05.2019

ЖАВОБСИЗ ҚОЛАЁТГАН САВОЛЛАР

Газетамизнинг 2019 йил 12 март сонида «Ишламасдан ҳам маош олса бўлади» сарлавҳали мақола чоп этилганди. Унда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг қароридан «129-автокорхона» МЧЖ таъсисчиси норозилиги сабаблари ҳақида фикр юритилганди.

Гап шундаки, Самарқанд шаҳридаги «129-автокорхона» МЧЖ 2012-2013 йилларда ночор молиявий ҳолатга тушиб қолади. Ҳатто бир қанча ҳайдовчилар ишга ҳам чиқмай қўйишади. Корхона раҳбарияти уларнинг айримларини узлуксиз прогул учун ишдан бўшатади. Шундан кейин собиқ ишчилар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашига, судга бир неча марта мурожаат қилишади. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида улар иши қайта-қайта кўрилади. Суд даъвогарлар фойдасига ҳал қилув қарорлари чиқаради.

Жумладан, 2013 йилнинг 11 сентябрида Ўткир Асламов, 2015 йилнинг 25 мартида Шарафиддин Болиев, 2016 йилнинг 25 июлида Шерзод Тошпўлатов, 2016 йилнинг 24 октябрида Наврўз Баратов, 2019 йилнинг 29 январида Юлдуз Муҳаммадиева — фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьялари ушбу иш бўйича ҳал қилув қарорлари чиқаришган.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 29 январдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарлар Даврон Нурилоев, Изатилло Маҳмудов, Содиқ Қобилов, Аслам Солиев, Ғайрат Исоқов, Камол Акбаров, Ортиқ Исмоилов фойдасига 2016 йил август ойидан 2017 йил июль ойигача, Лутфилло Жунайдов фойдасига эса 2014 йилнинг январь ойидан 2018 йилнинг декабрь ойигача бўлган муддат учун иш ҳақи ундирилиши кўрсатилган. Даъвонинг моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги қисми рад этилган.

«Ишламасдан ҳам маош олса бўлади» сарлавҳали мақолада «129-автокорхона» МЧЖ таъсисчиси суднинг бу қароридан норози экани, қўлида унинг ҳақлигини исботлайдиган ҳужжат ва далиллари борлиги, суд ишни кўришда бир қатор қонун талабларини инобатга олмагани ҳақида ёзилган эди.

Яқинда мақола юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судидан таҳририятимизга жавоб хати келди. Унда суд қарорлари тўғрилиги, таъсисчи суд қарорларидан норози бўлса, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг тегишли нормаларига асосан юқори турувчи инстанцияларга шикоят аризалар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги айтилган.

Автокорхона таъсисчиси Рустам Яҳиёев бу жавобдан ҳам қониқмади. Таҳририятга янги ҳужжатларни тақдим этди.

Биз масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида суд ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли моддалари билан қайта-қайта танишдик, даъвогарлар, жавобгарлар, ҳуқуқшунослар билан суҳбатлашдик. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг бу ишга алоқадор ҳужжатларидан бири — 2016 йил 25 июлдаги ҳал қилув қарорида даъвогарларнинг ишга тикланиши ва иш ҳақлари ундирилиши кўрсатилган.

Адвокатлар М.Бердиқулов ва С.Алибеков мазкур ҳал қилув қарори ҳақида шундай фикр билдиришди:

 «Суд қарорини қабул қилишда бир неча муҳим жиҳатлар эътибордан четда қолдирилган:

Биринчидан, даъвогар судга амалдаги қонунлар талаблари асосида мурожаат қилмаган. Бу ерда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 270-моддаси талабларига хилоф равишда иш тутилган. Яъни, ишга тиклаш учун мурожаат этишда кодексда белгилаб қўйилган бир ойлик муддат ўтказиб юборилган. Суд даъвогарларнинг орадан 4 йил ўтиб ишга тиклашни сўраб даъво қилишганини эътибордан қочирган.

Иккинчидан, автокорхона собиқ ишчилари манфаатини кўзлаб фуқаролик судига Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан киритилган даъво аризаси асоссиз эди. Негаки, «129-автокорхона» МЧЖ бу кенгаш аъзоси эмас. Судда даъвогар томонидан автокорхонанинг касаба уюшмаларига аъзолиги тўғрисида бирор-бир ҳужжат тақдим этилмади. Бу борадаги биргина далил — Самарқанд вилоят давлат архиви томонидан 2017 йил 27 сентябрь куни берилган №258-Б-сонли хат ҳам «129-автокорхона» МЧЖнинг касаба уюшмага аъзо эканлигини тасдиқламайди. Бу эса айнан шу масалада вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши судга даъво аризаси киритиш ваколатига эга эмаслигини кўрсатади.»

Биз бу масалага янада аниқлик киритиш мақсадида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашида бўлдик. Бу идорадан берилган маълумотномадан «129-автокорхона» МЧЖ касаба уюшмаси аъзоси эмаслиги ойдинлашди.

Жавобгар тараф судда бу масаланинг кун тартибига қўйилишини талаб қилган. Аммо суд томонидан бунга эътибор берилмаган.

Бу ерда савол туғилиши табиий: наҳотки, катта бир корхонада касаба уюшма қўмитаси тузилмаган бўлса? Ёки бундай ташкилот фаолияти мажбурий эмасми?

Бу саволларга «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидан жавоб қидирамиз:

 «Касаба уюшмалари ихтиёрийлик асосида республика, тармоқ ва ҳудудий бирлашмаларини ташкил этиши, шунингдек, уларга кириши мумкин, мазкур бирлашмаларга касаба уюшмалари фаолиятининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқлари ва кафолатлари татбиқ этилади.»

Қонуннинг иккинчи моддасидаги ушбу жумлалардан англаш мумкинки, касаба уюшмаларига аъзо бўлиш мутлоқ ихтиёрий: «129-автокорхона» МЧЖ жамоаси касаба уюшма фаолияти хизматига эҳтимол эҳтиёж сезмагандир. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судидаги судьялар эса касаба уюшмасига уларнинг аъзо ёки аъзо эмаслиги билан қизиқиб ўтиришмаган. Бунинг ўрнига даъвогарлар фойдасига ҳал қилув қарорлари чиқаришаверган.

 «129-автокорхона» МЧЖ маъмурияти ҳайдовчиларни ишдан бўшатишда «касаба уюшма қўмитаси билан келишилмаганлик»да айбланади.

«Агар жамоа шартномасида, келишувида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, бундай розиликни олмай туриб шартномани бекор қилишга йўл қўйилмайди», дейилади «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасида.

Аммо корхонада касаба уюшма қўмитасининг ўзи йўқ бўлса, бундай келишув ким билан амалга оширилиши керак эди? Касаба уюшма қўмитаси тузилмаганида корхона раҳбарияти айбдор экани ҳақида бир нарса дейиш қийин. У қонунда кўрсатилганидек ихтиёрий равишда тузилади.

Адвокат Маҳмуд Бердиқулов диққатимизни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 275-моддаси 3-қисмига қаратади:

 «Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги, бошқа ишга ғайриқонуний ўтказилганлиги ёки ишдан ғайриқонуний равишда четлатилганлиги оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ходимга ҳақ тўлаш тўғрисидаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш чоғида меҳнат низоларини кўрувчи орган ходимнинг пул ундиришга доир талаблари бир йилдан ортиқ бўлмаган муддат учун қондирилади».

Судлар томонидан эса қонуннинг бу талабига риоя қилинмаган кўринади. Чунки даъвогарларнинг йиллаб ишга чиқмагани тўғрисида корхона кадрлар бўлими ва бухгалтериясида тегишли ҳужжатлар мавжуд экан.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди ҳал қилув қарори қабул қилишда яна бир қанча далилларга етарлича ҳуқуқий баҳо бермаган экан.

«129-автокорхона» МЧЖ таъсисчисининг айтишича, собиқ ҳайдовчилар уйларига ишга чиқиш ҳақида буюртма хатлар юборилгани, ишдан бўшатилиши ҳақида ёзма равишда огоҳлантирилгани, ИИБга қилган мурожаатидан сўнггина, ҳайдовчилар автомашиналарни носоз ҳолда гаражга ташлаб кетишлари каби бир қатор ҳолатлар суд назаридан четда қолиб кетибди.

Даъвогарларнинг даъвоси бўйича даъво муддатини тикламасдан, уларни ишга тиклаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилиши ҳам фуқаролик процессуал қонун талабларига зид экани айтилмоқда. Аслида бундай қарор апелляция, кассация ва назорат тартибида бекор қилиниши керак экан. Биринчи босқич суди ҳал қилув қарорида даъвогарларга 2015 йилнинг 1 октябридан то 2016 йилнинг 25 июль кунигача иш ҳақи ўртача ойлик иш ҳақи ҳисобидан ундирилсин, деб кўрсатилган. Савол туғилади: бу ерда ўртача ойлик иш ҳақи нимага асосан, қандай миқдорда белгиланади?

Яна бир ажабланарли ҳолат: Суднинг 2015 йил 25 март кунидаги ҳал қилув қарорида(судья Ш.Болиев) даъвогар Содиқ Қобилов 1979 йилдан буён корхонада ишлайди, деб кўрсатилган. 2016 йил 26 октябридаги ҳал қилув қарорида эса (судья Н.Баратов) даъвогар С.Қобилов 1982 йилдан буён корхонада ишлайди дейилган. Аслида эса у 2011 йилнинг 10 октябрь куни ишга қабул қилиниб, бу ерда 2 йил ҳисобидан бор-йўғи 1,5 ой ишлаган. Бу ҳақда корхонада тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд. Масалан, даъвогарларнинг ишга чиқишини кўрсатувчи табеллар, корхонада ўтказилган молиявий ҳисоб-китоблар бўйича бир эмас, уч маротаба ўтказилган аудит хулосалари, ҳамма-ҳаммасида ҳар бир ҳайдовчининг иш кунлари аниқ-равшан кўрсатилган. Судда уларга аҳамият берилмаган.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси М.Тожибоев жавоб хатида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 198-моддаси талаблари ҳақида шундай фикрларни келтиради: «... ходим иш берувчига бевосита етказилган ҳақиқий зарарни тўлаши шарт. Бевосита етказилган ҳақиқий зарар деганда иш берувчининг мавжуд мол-мулки (шу жумладан, иш берувчи учинчи шахслардан ижарага олган мол-мулк) амалда камайганлиги ёки ёмон ҳолатга келганлиги, шунингдек, иш берувчининг ортиқча тўловлар қилиш зарурати тушунилади. Ходим иш берувчига етказилган бевосита ҳақиқий зарар учун ҳам, иш берувчи бошқа шахсларга етказилган зарарни тўлаши натижасида келиб чиққан зарар учун ҳам моддий жавобгар бўлади».

Шу ўринда автокорхона таъсисчиси Рустам Яҳиёевнинг қуйидаги сўзларини келтиришни лозим деб топдик:

— Ҳайдовчилар ҳеч бир сабабсиз ишга келмай қўйишди, аммо ўша алфозда машиналарни уйларида сақлашди. Автомашиналардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишиб, жамият мулкига моддий зарар етказишди. Биз улардан ишга чиқишни талаб қилдик. Оғзаки, ёзма равишда огоҳлантирдик. Почта орқали уйларига хатлар юбордик. Бу можаро бир йил атрофида давом этди. Ниҳоят, ички ишлар идорасининг аралашуви билан автомашиналар гаражга қайтарилди. Қонун-қоидага итоат этишни ҳоҳламаган ҳайдовчилар билан эса хайрлашишга мажбур бўлдик. Хўш, энди биз ўша ҳайдовчилар томонидан жамиятга етказилган зарарни қандай ундириб оламиз? Яна асосийси, суд томонидан қайта-қайта қабул қилинаётган ҳал қилув қарорларининг ижросини таъминлаш мақсадида суд ижрочилари жамиятнинг ишлаб турган техникаларини сотиб, тўпланган маблағни неча йилдан буён ишламаётган ҳайдовчиларга улашмоқда. Бунинг натижасида корхонамиз таназзул сари кетди. Иш ўринлари йўқотилди.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

журналист.

 

ТАҲРИРИЯТДАН:

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида бир неча бор кўрилган ушбу можароли масаланинг охири кўринмаяпти. Даъвогар ҳам, жавобгар ҳам ўзини ҳақ деб билмоқда. Суд даъвогарлар фойдасига кетма-кет ҳал қилув қарорлари чиқармоқда. Аммо жавобгар ўзининг ҳақлигини исботлаш мақсадида кўплаб далиллар келтираяпти ва уларга суд томонидан эътибор берилмаётгани ҳақида шикоят қилмоқда. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2016 йил 25 июлдаги ва 2019 йил 29 январдаги ҳал қилув қарорлари турли саволларни келтириб чиқаряпти... Бу масалани синчиклаб ўрганиб, хулоса чиқариш керакка ўхшайди.



DB query error.
Please try later.