07.05.2019

«ЖОНГА ПАЙВАНД ДЎСТЛАРИНГДАН КЕЧМАГИЛ»

Ўтган ҳафтада мамлакатимизда Тожикистон халқ шоири Мирзо Турсунзода таваллудининг 108-йиллигига бағишланган қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги «Мусиқа саройи»да «Жонга пайванд дўстларингдан кечмагил» номли тадбирда шоирнинг ҳаёти ва ижоди ёдга олинди.

Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий ҳамда Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Тожикистон халқ шоири Низом Қосим улуғ шоир Мирзо Турсунзоданинг ижоди, ўзбек ва Тожик адибларининг қадим дўстлиги, ҳамкорлиги ҳақида тўхталишди.

«Овози Тожик» газетаси бош муҳаррири Шерпўлат Вакилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адиба Олмос Ахмедова, Тожикистон маданият вазирлиги ташқи алоқалар бошқармаси бошлиғи Абдуғаффор Абдужабборов ва бошқалар Мирзо Турсунзода ижодий меросига ҳурмат эҳтиром билдирдилар, шоирнинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилишди. Тожикистон халқ шоири, Меҳнат қаҳрамони, Тожикистон фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, қатор халқаро мукофотларга сазовор бўлган шоирнинг «Мамлакат офтоби», «Хазон ва баҳор» достонлари, Иккинчи жахон уруши йилларида ёзилган «Хайр, азиз онажон», «Ҳеч қачон» шеърлари ҳамда «Ватан фарзанди» достонида инсон қадри, тинчлик, халқлар дўстлиги юксак маҳорат билан куйланди.

Сўзга чиққанлар Мирзо Турсунзода ижодида нафақат ўз халқи, балки бутун инсоният муаммолари акс эттирилганини алоҳида таъкидлашди. Буни «Тоҳир ва Зуҳра» мусиқали драмаси, «Ҳиндистон балладаси», «Мен озод Шарқданман» сингари шеърий тўпламлари, «Ҳасан Аравакаш», «Осиё овози» каби достонлари ҳам яққол исботлаши айтилди. Адабиёт тил, миллат танламайди, балки инсониятни бирлаштиради деган ҳақиқатни Мирзо Турсунзода ижоди ва ҳаёти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. У даврида Ойбек, Ғофур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Зулфия, Миртемир каби адибларимиз билан дўстона алоқада бўлган ва кўпгина ўзбек шоирлари шеърларини тожик тилига таржима қилган.

Ўзбек-тожик ҳалқлари, адиблари ўртасидаги бундай самимий дўстлик, ҳамкорликни машҳур шоир Низом Қосим ҳам эътироф этди:

Бу дўстлик асрлараро тарихга эга. Дўстлик ҳамда миннатдорлик жо бўлган бу ҳис-туйғу бизларда абадий сақланади.

Мана бугун биз буюк аждодларимизни ва уларнинг давомчиларидан бири Мирзо Турсунзода ижодини эсладик. Бир стол атрофида ўтириб, бугунги кун адабиётидаги муаммоларни муҳокама қилдик. Ўзбек ва тожик санъаткорлари биргаликда қўшиқлар куйлашди. Бу байрам бизга кўтаринки руҳ бағишлади. Ишончим комил, дўстлигимиз, ҳамкорлигимиз мустаҳкамланиб бораверади. 2019 йил охирида Тожикистонда Эркин Вохидов юбилейига таёргарлик кетмоқда. Худо хоҳласа, биз бу йил яна учрашамиз.

Албатта, сизларни кутамиз.

 

Ойсанам Ғуломжонова

ЎзЖоку талабаси.



DB query error.
Please try later.