07.05.2019

БАХТЛИ ОИЛАНИНГ СИРИ НИМАДА?

«Менинг оилам — менинг бахтим» шиори остида 15 май — Халқаро оила куни муносабати билан «Ёшлар пресс-клуби»нинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ёшлар Иттифоқи «Ибратли оила» танловининг Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари, фан, санъат, маданият ва спорт, ишлаб чиқариш соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган намунали оилалар қатнашди. Иштирокчилар оила масалаларига боғлиқ фикр-мулоҳазалари, бахтли ва намунали ҳаёт кечириш сирлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, ёшлар ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг «Ўзбекистонда оилани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини тадқиқ этиш» амалий лойиҳаси раҳбари, психолог Феруза Акромова марказда оила институтини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.

— Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда 8,3 миллиондан ортиқ оила бор, — дейди Феруза Акромова. — Ўтган йили «Оила» маркази томонидан 2 миллиондан ортиқ «Ибратли оилалар» базаси шакллантирилган. Барчага намуна бўлаётган оилалар сонини кўпайтириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, никоҳни мустаҳкамлаш, ёшларга оила муқаддас деган тушунчани сингдириш мақсадида турли тадбирлар, лойиҳалар ўтказиб келяпмиз.

Хусусан, 15 май — Халқаро оила куни муносабати билан 3 майдан эътиборан ойлик бошланди. Унинг доирасида «Фаровон оила — жамият равнақининг асоси» мавзусида телемарафон, «Фаровон оиланинг бунёдкори бўлайлик!» шиори остида ҳафталик, ҳудудларда «Отам — ишончим, онам — қувончим» иншолар ҳамда «Оилам — саодатим» ижодий ишлар танловлари ўтказилади.

— Ойлик доирасида ташкил этиладиган барча тадбирлар, танловларда исталган ёшдаги ҳамюртларимиз иштирок этишлари мумкин. Яъни, ёш чегараланмаган, — дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази матбуот хизмати раҳбари Гўзал Матяқубова. — Масалан, ҳафталиклар доирасида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун расмлар кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда болажонлар ўз ота-оналари ҳақида ҳикоя қилувчи расмлари билан иштирок этади. Шунингдек, оила, ота-она ҳақидаги шеърлар, асарлар, ҳикоя ва эртаклар, турли саҳна кўринишлари ҳам ташкил этилади. Мактабларда эса шу мавзуда иншолар танловлари бўлиб ўтади. Мақсадимиз, мазкур ойлик доирасида имкон қадар республикамизнинг барча ҳудудлари, қишлоқларию маҳаллаларини қамраб олишдан иборат. Болаларга боғча ёшиданоқ оиланинг муқаддаслиги, уни асраб-авайлаш ҳақидаги тушунчаларни сингдириш орқали муносабатини шакллантириб бориш айни муддао бўлади.

Шу билан бирга, ойлик доирасида иккита йирик конференция ва битта танлов ўтказилади. Конференцияларда ОАВда оила масалаларининг ёритилиши, оммага етказишда маълумотларнинг холислиги, ҳаққонийлиги, шов-шувлардан йироқлиги ва албатта, ваҳима уйғотмаслиги масалалари ҳам муҳокама қилинади. Уларга халқаро экспертлар, юртимиздаги малакали мутахассислар жалб этилади. Танловда эса оила маслаларини ёритиб беролган ва оила мустаҳкамлигига хизмат қиладиган энг яхши мақола, энг яхши ижтимоий ролик, энг яхши ҳужжатли ҳамда бадиий фильмлар саралаб олинади. Уларнинг муаллифлари эса белгиланган тартибда тақдирланади.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Хосият Рустамова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи Қўчқор Норқобил мустаҳкам оила қуриш, оилада узоқ йиллик фаровонликни қарор топтиришда инсон қандай яшамоғи кераклиги ҳақида гапириб ўтишди. Сессия давомида халқимиз ардоқлаган, ибратли оиласи билан эл орасида ҳурмат қозонган санъаткорлар Лутфулла ва Гулчеҳра Саъдуллаева, Александр ва Меҳри Бекжонова, Гавҳар Зокирова бахтли оила қуриш сирларини ёшлар билан ўртоқлашди.

«Оила» маркази ва Ёшлар Иттифоқи томонидан суратга олинган оила ва фарзанд тарбияси мавзусида намойиш этилган ижтимоий роликлар ҳам кўпчиликка манзур бўлди.

— Бу йил турмуш қурганимизга 51 йил бўлди, — дейди актриса Гулчеҳра Саъдуллаева. — Бу йиллар ичида бахтли кунлар ҳам, нохуш хотиралар ҳам бўлган. Яшаш, ҳаёт кечириш турли кечмишлар, дегани. Энг муҳими, оиланинг асосий таянчи бўлган туйғуларга путур етказмасликдир. Оиланинг мустаҳкамлиги кўпроқ аёл кишининг сабру қаноати, тадбиркорлигига боғлиқ. Оиланинг ички гап-сўзларини ташқарига чиқармасдан, фақат чиройли мақсад ва орзуларга интилиб яшаган инсонларнинг турмуши тотли бўлади. Бувимнинг «Бахтнинг ўнг қаноти — сабр, сўл қаноти — шукр», деб доимо бизга уқтириб келган сўзлари бутун ҳаётим давомида менга йўлдош бўлди.

— Негадир кўпчилик оилалар бузилишида қизлар тарбиясини сабаб қилиб кўрсатади, — дейди Александр Бекжонов. — Аслида эса оиланинг мустаҳкамлиги эркак кишининг ҳам масъулияти, оилада тутган ўрнига боғлиқ. Эркак ўз оиласида тартиб-интизом, аҳлоқ, ўзаро илиқ муносабатнинг шаклланишида масъул бўлиши керак. Бугунги оилаларимизда ота фақат иқтисодий таъминотчи бўлиб қолмасдан, хонадондаги маънавий муҳитни яхшилашга ҳам муносиб ҳиссасини қўшиши зарур.

— Оиланинг тинчлиги, аҳиллиги, бахти албатта биринчи галда ота ва онага боғлиқдир, — дейди Шайхонтоҳур туманидаги 34-мактабнинг физика фани ўқитувчиси Матлуба Ражабова. — Мана 37 йилдирки, турмуш ўртоғим билан бирга яшаб келамиз. Уч қиз, бир ўғилни вояга етказдик, олий маълумотли, уйли-жойли қилдик. Ҳаётда яхши ва ёмон кунлар, ҳаётнинг ширин лаҳзаларию машаққатлари ёнма-ён юради. Қийинчиликларсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Ана шундай синовлардан биргаликда ўтган, ҳар қандай вазиятда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаган, тушунган инсонлар чинакам бахтли, деб биламан. Бизнинг турмушимизда ҳам ўз муштлари бўлган. Сабр-қаноат, ўзаро ҳурмат билан барчасини енгиб ўтдик. Бугунги кун ёшларида ана шу сабр тушунчаси камайиб кетгандек гўё. Бу ҳам майли, айрим катталар ҳам қаноат қилиш, шукр қилишни унутиб қўймоқда. Ахир бола ота-онасидан ўрнак олади, ўрганади. Ёш оилаларнинг тиниб-тинчиб кетишида асосан катталар ўрни беқиёс эканини унутмаслик керак.

Тадбирда бир қанча намунали оилалар ташкилотчилар томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Пресс-клуб якунида меҳмонларга «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан нашрдан чиқарилган Оила энциклопедияси тарқатилди.



DB query error.
Please try later.