07.05.2019

ЎЗ КАСБИНИНГ ФИДОЙИСИ ЭДИ

Мустақилликнинг илк йилларида, янги давлат барпо этишга эндигина киришилган, бири-биридан оғир муаммолар қалашиб ётган бир пайтда уюшган жиноятчилик зўрайиб, жамиятга таъсир кучини ўтказишга урина бошлаган эди.

Ўша пайтда Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар бўлимига ишга кириш учун ҳужжат топширган Набижон Айдусов Лабзакдаги босмахонада хизмат қиларди. Отаси Қозоқвой ака ИИВ тизимида фаолият кўрсатиб, нафақага чиққан, акалари Комилжон, Собиржон ва Суннатилла ҳам ота йўлини танлашган эди.

Онаси Рашидахон ая кенжа фарзандининг бу ишидан норози бўлди, ота эса аксинча, уни қўллаб-қувватлади:

— Ўғлим Айдусовлар сулоласининг давомчиси бўлса, бунинг нимаси ёмон? Бу касбни танлаган одам қийинчиликларни ҳам бўйнига олади. Йигит кишининг хизматчилик юзасидан ишга эрта кетиб, кеч келиши эса касб тақозоси, — дея Набижонга оқ фотиҳа берди...

Ҳарбий денгиз флотида хизмат қилган Набижон 1990 йилда спорт бўйича белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтиб, Шайхонтоҳур туман Ички ишлар бўлимига кичик инспекторликка қабул қилинди...

Набижон Айдусов ўзи севган касбида атиги икки йил ишлади. Ҳалоллиги, ҳамкасбларига муносабати, хизмат пайтида вазиятни тўғри баҳолаб, тезкор иш тутиши туфайли обрў-эътибор қозонди, туман ҳудудида кўплаб уюшган жиноятчиликларни бартараф этишда қатнашди. 1992 йилнинг 7 апрелида, кеч соат 19.00ларда «Чорсу» меҳмонхонаси майдонида тўпланган жиноятчилар гуруҳини қўлга олиш бўйича ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда Набижон ҳам бор эди...

Қочишга уринаётган жиноятчилардан бири кутилмаганда Набижонннинг кўксига пичоқ санчди. У бир зарб билан жиноятчини ерга ётқизди, лекин оғриқ зўридан йиқилди...

Жиноятчилар ушланди, ҳамкасблар зудлик билан Набижонни меҳмонхона яқинидаги шифохонага етказиб келишди. Ярадор жарроҳлик столига ётқизилди, тезкор муолажа бошланди. Лекин қон кетиши тўхтамади. Жарроҳлар баданга санчилган қўлбола пичоқ умуртқа ёнида жойлашган қон томирини кесиб юборганини аниқладилар. Ярадорга ҳар қандай кўмак кўрсатишга, қон беришга тайёр турган ҳамкасблари кўп эди. Афсуски, ўша давр тиббиёти бундай мураккаб амалиётни бажаришга ожизлик қилди...

— Ўша куни ярим тунда уйимизга келган милиция ходими қайноғам Комил аканинг яшаш манзилини биздан сўраб олди, кейин ҳеч нарса демай чиқиб кетди, — деб эслайди Набижоннинг турмуш ўртоғи Зулхумор Йўлдошева. — Кейин билсам, улар бу машъум хабарни бизга қандай етказишни билмай, Комил акага айтишган экан. Эртасига эрталаб Суннатилла ака уйга кириб келди, рангида-ранг йўқ. Қайнонам ўғлидан «Набижон бугун уйга келмади, хабаринг борми?», деб сўради. Суннатилла аканинг гапиришга ҳам чоғи бўлмай йиғлаб юборди...

 Набижон Айдусов ҳалок бўлганида якка-ю-ёлғиз фарзанди Сарвар эндигина бир ёшу тўққиз ойлик бўлганди. У ўғлини жуда яхши кўрар, ярим тунда ишдан қайтганида турмуш ўртоғи Зулхумор қаршилик қилса ҳам уни уйғотиб олар, «Ҳали кўрасан, Айдусовлар сулоласининг бу кенжа вакили машҳур изқувар бўлади», деб эркалар эди. Машъум воқеадан кейин Зулхумор қайтиб турмуш қилмади, умрини Набижондан қолган ёлғиз ёдгорига бағишлади...

Сарвар мактабда ўқиб юрган пайтларида инглиз тилини мукаммал ўзлаштирди, Тошкент молия ва иқтисод коллежини аъло баҳолар билан битирди. Ота йўлини танлашга иштёқи баланд бўлса ҳам, онасининг раъйини қайтаролмади. Туроператорлик курсида таҳсил олди. Энди хорижий фирма ҳамкорлигида туристик фирма очиш ниятида юрибди...

Эл-юрт осойишталигини таъминлаш, хизмат вазифасини ўтаётган пайтида қуролланган жиноятчиларни қўлга олиш вақтида кўрсатган мардлиги ва жасорати учун ИИБ кичик инспектори, сержант Набижон Айдусов вафотидан сўнг ИИВ томонидан давлат мукофотига тавсия этилди, Тошкент шаҳар ИИБ Бош бошқармаси ҳудудида юрт осойишталиги йўлида ҳалок бўлган милиция ходимлари хотирасига ўрнатилган ёдгорлик монументига унинг сурати қўйилди...

Ички ишлар ходимлари жасорати, бурчга садоқати ҳақида гап кетганда, Набижон Айдусов номи ҳам ҳурмат билан тилга олинади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: