30.04.2019

«БИЗКИМ, ЎЗБЕКЛАР...» КЎНГИЛ МУЛКИГА АЙЛАНГАН КИТОБ

Ижодкор зиёлиларимиз орасида истиқлолимизнинг дастлабки қадамларидан бошлаб енг шимариб, ёшларга хос ғайрат-шижоат билан ишлаётган, маънавий-маърифий мавзуда ижтимоий аҳамиятга молик асарлари, жамиятимиз маънавий ҳаётидаги фаоллиги билан ўқувчиларнинг юксак баҳосига сазовор бўлган адибларимиздан бири, шубҳасиз, Абдуқаҳҳор Иброҳимов бўлади. Унинг 1999 йили «Шарқ» нашриёти Бош таҳририятида чоп этилган биргина «Бизким, ўзбеклар...» китоби бугунга қадар олти марта қайта-қайта сайқалланиб, янги маълумотлар, тарихий фактлар, фикр-мушоҳадалар билан тўлдирилиб, ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилди. Китоб билан дўст тутинган кўплаб оилаларда бу асар маънавий мулк бўлиб қолди.

«Бизким, ўзбеклар...» нима тўғрисида? Бу асар, шу йўсиндаги баъзи бошқа китоблардан фарқли ўлароқ, миллатнинг номини кўкларга кўтарувчи қуруқ мадҳия ёки ҳамду санодан иборат эмас. Муаллиф ўзига хос самимий йўл танлаган. Китоб ўзликни англаш, босиб ўтилган узоқ ва машаққатли тарих саҳифаларида қатланиб ётган сон-саноқсиз ҳақиқату эътирофлар, ибрату ҳикматлар, бугунги кунимиз учун сув ва ҳаводай зарур хулосаларни қалбан англаш, ўтмиш аждодларга муносиб ворислар бўлиш, чинакамига ўзбекона турмуш тарзи ҳақида. «Бизким, ўзбеклар...» ўқувчи қалбида Ватанни янада кўпроқ, янада муносиброқ, фаолроқ севиш, уни асраб-авайлаш, бойликларига бойлик қўшиш туйғусини кучайтиради.

 «Бизким, ўзбеклар...»нинг дастлабки нашрига сўзбоши ёзган адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров таъкидлаганидек, муаллиф «ўтмиш тарихимиз ва унинг ранг-баранг ҳодисалари ҳақида ўта дахлдорлик, энг яхши маънодаги ижодкорона миннатдорлик билан мушоҳада қилади... Тарихимизни, серқирра маданий-маърифий меросимиз қатламларини у худди тоғ жинсларини текшираётган геологдек ғоятда синчиклаб кўздан кечиради ва ёзувчи, публицист таҳлилидан ўтказади, қаламга олган бири иккинчисидан мураккаб мавзулар ичида мисоли ғаввосдек сузади, керакли жавоҳирларни қидиради».

Китобни ўқир экансиз, бунга ҳар жиҳатдан амин бўласиз. Ўзбек давлатчилигининг тарихи ва асослари, мафкура, тарих ва тарихшунослик, миллий шаклланиш ва ривожланиш босқичлари, тамаддун негизлари, миллий ва фуқаролик масъулияти, инсон, давлат ва жамият муносабатлари, Ислом Каримов янги ўзбек давлатининг асосчиси, давлатчилик тарихи яратилишининг ташаббускори... Собиқ тузум шароитида тақиқлаб қўйилган бу мавзуларда қалам тебратиш осон иш эмас. Бунинг учун жуда кўп манбаларга мурожаат қилиш, ўқиш ва уқиш, англаш ва тушуниш, тафаккур чиғириғидан ўтказиш, ҳар бир фикрни тарих ҳақиқатига мос равишда ифодалаш, ортиқча ғурур, ҳис-ҳаяжонга берилмай, аниқ манбалар, аниқ ҳақиқатларга асосланиш талаб этилади.

Иккита мисол. Муаллиф АҚШнинг Чикаго шаҳрида чоп этилган «Жаҳон қомусий луғати»да ўқиб, «Бизким, ўзбеклар...»га киритган бир иқтибосга эътибор беринг: «ЎЗБЕК — жаҳон халқлари орасида биринчилардан бўлиб, туркий халқлар ўртасида биринчи бўлиб ўтроқлашган, маданий турмуш кечирувчи, жаҳон цивилизациясига ҳисса қўшган миллат...». Китобнинг ўзидан иқтибос: «Мисрликлар милоддан аввалги тўрт мингинчи йиллардаёқ Нил дарёси сувидан ерни суғоришда фойдаланиб келсалар-да, бироқ дарё оқимининг қачон кўтарилиб, қачон пасайишини билолмай келар эдилар. Бағдодда халифа Ҳорун ар-Рашид даврида тузилган, халифа Маъмун замонида кучайган «Байт ул-ҳикма»да ишлаган буюк астроном, математик ва географ Аҳмад ал-Фарғоний бу муаммони ҳал қилиб берди. Ватандошимиз дарё сувини ўлчайдиган асбоб — «миқёс ул-жадид»ни яратди. Бу — халқимиз жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссанинг бир заррасидир».

«Бизким, ўзбеклар...»нинг кейинги ўн икки йил ичида олти марта нашр этилишининг ўзиёқ муаллиф бу ўта масъулиятли, заҳматли ишнинг уддасидан чиққанини исботлайди. Шу ўринда Абдуқаҳҳор Иброҳимов билан ижодий ҳамкорлик қилиб, унинг ижод самараларини ўз вақтида ёруғликка чиқариб келаётган «ШАРҚ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти ходимларининг ибратли хизматларини ҳам айтиб ўтиш лозим.

Шундай китоблар бўладики, уларни бир эмас, бир неча бор ўқийсиз, баъзи саҳифалари, муаллифнинг муҳим фикрлари деярли ёд бўлиб кетади. Аммо ҳар гал ўқиганингизда ўзингиз учун ғоят муҳим бўлган янги-янги маълумотларга эга бўласиз. Китобнинг буюк хазина эканлиги ҳам шунда. «Бизким¸ ўзбеклар...» каби ўқувчи тафаккурини чархлайдиган, тарихий ҳақиқатларга ошно этадиган китоблар адабиётимизда тобора кўпаяётгани маданий ҳаётимизнинг ютуғи десак, янглишмаган бўламиз. Бундай китоблардан узоқлашмаслигимиз, уларга қайта-қайта мурожаат қилишимиз, мутолаа қилиш асносида англаганларимизни бошқалар билан баҳам кўришимиз лозим.

Абдуқаҳҳор ака табаррук ёшда бўлсалар-да, ижод қаламини қўлдан қўяётганлари йўқ. Тошкент маҳаллалари тарихига оид рисола қўлдан-қўлга ўтиб, ҳавас ва қизиқиш билан ўқилди, маърифий жамоатчиликнинг яхши баҳосини олди. Республика маънавият ва маърифат кенгаши миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази ҳомийлигида чоп этилган «Руҳий озиқ махзани» китоби («Янги аср авлоди») «Бизким, ўзбеклар...»нинг ёнида турса арзирли салмоққа эга эканини эътироф этишимиз зарур. Асли китобхон халқмиз, аммо бу фазилатимиз маъно ва бадиийлик жиҳатидан мукаммал асарлар ҳисобига янада ривож топаётгани ҳам бор гап. Шундай экан, заҳматкаш адибимизга мустаҳкам соғлиқ, янги ижодий муваффақиятлар тилаб қоламиз.

 

 Аҳмаджон Мелибоев



DB query error.
Please try later.