30.04.2019

ДАВЛАТ МАРД КЕЛСА, ДЕҲҚОН ҲАМ КАМ КЕЛМАЙДИ

Андижонлик фермерлар қишлоқ хўжалигини мажлисбозлик, маъмурий буйруқбозлик билан ривожлантириб бўлмаслигини айтишмоқда

Қишлоқ хўжалиги — миллионлаб юртдошларимизни банд қилиб турган энг улкан тармоқ. Бу соҳада ҳар қандай қарор, ҳар бир тадбирни деҳқон билан бамаслаҳат қилмасдан яхши натижага эришиш мумкин эмас. Лекин, афсуски, ернинг қалби, соҳанинг дардини биладиган заҳматкаш инсонлар билан кам гаплашяпмиз, йиғилишларга чақириб, кўп ақл ўргатяпмизу, уларни ҳам эшитиш кераклигини эсдан чиқариб қўяпмиз.

Мухбиримиз Андижон вилоятига хизмат сафари чоғида фермерлар, қишлоқ хўжалигида «эти қотган» деҳқонлар билан суҳбатлашди.

 

Баҳодиржон РАҲИМОВ, Андижон туман «Нафосатли дала равнақи» фермер хўжалиги раҳбари, Андижон туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

— Олти йилдан бери фермер хўжалиги раҳбариман. Бугунга келиб, англаганим шуки, фермер меҳнатдан қўрқмаслиги керак. Ҳа, айнан қўрқмаслик. Чунки меҳнатдан қочиш бошқа, меҳнатдан қўрқиш бошқа. Ер эгаси меҳнатдан қўрқмаса, яратади, яшнатади, бойийди, бойитади. Чунки ер ҳаммани, оламдаги барча жонзотни боқади. Осмонда учиб юрган қушларни, қурт-қумурсқани, ҳаттоки океандаги балиқларни ҳам ер тўйдиради. Шунинг учун ерни эъзозлашимиз, у билан тиллашиш керак, десам баландпарвоз гапдек эшитилиши мумкин. Лекин ерни севмасак, қадрламасак, қандай оламшумул режалар ҳақида ўйламайлик, биримиз икки бўлиши қийин.

Айтиш керакки, орамизда соҳага адашиб кириб қолганлар ҳам йўқ эмас. Масалан, бир кемани тасаввур қилинг. Унда турли одамлар бор. Кимдир у қирғоққа, кимдир бу тарафга нимадир олиб ўтади. Кемага чиқишдан ҳамманинг бир мақсади бор. Лекин булар нима қилар экан, деган қизиқиш билан кузатиб турганлар ҳам учраб туради. Улар мақсадсиз кишилар. Деҳқончиликда буни кечириб бўлмайди. Ана шундай шахслардан ерни олиб, ҳақиқий режаси, ташаббуси, асосийси, мақсадли ҳаракати бор инсонларга бериш керак. Чунки ердан фойдаланишнинг ўз тартиб-қоидалари бор, қонун бор. Уларга амал қилмаганларни кечириб бўлмайди. Фикримча, бундай шахслар учун давлат, халқ манфаати аҳамиятсиз. У ўғриликни билади. Ана шундайларнинг мақсади бўлмайди. Биласизми, айрим тоифа инсонлар бор: улар бирор ишни қилсам, уддалаб кетаман, деб ўйлайди. Ваҳоланки, ўша вазифани қандай бажаришни билмайди.

Қонун, қарор ва фармонлар ишимизга масъулиятни оширади, имкониятларимизни кенгайтиради. Лекин аслида қишлоқ ҳўжалиги ишлари ҳаммаси таваккалчилик. Чунки унинг қолипи, даланинг эса девори ҳам, томи ҳам йўқ. Пухта ўйлаб, ишнинг кўзини билган киши, муҳими, ер илмидан хабари бор инсон даромад қилади, ундан бошқалар ҳам манфаат кўради. Масалан, бозорда бир кило олма 1,5 минг сўм, беҳи эса 20 минг бўляпти. Нега? Сабаби, беҳи кам. Талаб даражасида етиштирилмаяпти. Демак, бозор эҳтиёжидан келиб чиқиб маҳсулот етиштириш деҳқоннинг, фермернинг вазифаси.

Ўйлашимизча, давлатнинг талаби ҳам, истаги ҳам шу: халқимиз дастурхонини арзон, сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш. Фермернинг бошқаларга ҳам нафи тегишини таъминлаш. Шунинг учун кўп тармоқли фермер ҳўжаликлари кўпайиши, уларга ишлаш учун эркин шароит яратилиши лозим. Ана шунда фермер ҳам, унинг ишчилари ҳам давлатнинг чўнтагига кўз тикмайди. Ҳар хил қинғир ишларга йўл қўйилмайди. Яъни, давлат номидан иш тутадиган раҳбарлар мард келса, деҳқон ҳам кам келмайди.

 

Икромжон ҚАЛАНДАРОВ, Жалақудуқ туманидаги «Дадабой» фермер хўжалиги раҳбари:

— Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, аввало шуни айтмоқчиманки, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун биринчи навбатда мажлисбозликни тўхтатиш керак. Бу — давлат раҳбарининг ҳам талаби. Афсуски, фермерларнинг 20-30 фоиз вақти йиғилишларда ўтади. Бир соатми, беш соатми, фарқи йўқ. Ўша куни туман марказига бориб келиш керак. Бу фермер қимматли бир кунини йўқотди, дегани. Далада энди иш бошламоқчи бўлсангиз, ўн иккига, бирга ёки яна қайсидир вақтга мажлисга чақиришади. Ахир фермер бир неча йиллардан бери бажариб келаётган ишини ўзи қилаверади. Ҳаммани бир жойга тўплаб, кимгадир танбеҳ бериб ёки кимнидир мақташ билан вазият ўзгариб қолмайди. Иш далада бўлади, хонада эмас.

Баъзида раҳбариятдан «менга тилла олиб берармидинг?» деган гапларни ҳам эшитамиз. Мақсад нима? Ердан нимадир олиш, яратиш эмасми? Ахир ердан олинган мўл ҳосил чинакам бойлик-ку? Нега энди шартнома режасини 100-120 фоиз бажарган фермер даласидаги ғўза пояларини йиғиштириб ололмайди? Одамлар биз берадиган 15-20 минг сўм учун ишламайди. Уларга кузда йиғиб олинадиган ўтин керак. Ғўзапоялари берилмаса, ёлланма ишчилар ишлашга келмайди. Ўтган йили худди шу ҳолат кузатилди. Агар рухсатсиз поялар йиғиштирилса, дарҳол жавобгарлик учун чақириламиз.

Бундан ташқари, буғдой экишдан олдин далани ғўзадан тозалаб, ерга яхшилаб ишлов бериш керак. Ғўзапоялар ичига сепилган уруғ ёввойи ўтларга аралашиб кетади. Агротехника тўғри олиб борилмагач, баҳорда 50-60 ўрнига 40 центнердан буғдойга ҳам рози бўлишга тўғри келади. Президентимиз томонидан имзоланаётган қарор ва фармонлар қуйида яхши ишламайди. Агар улар амалиётга тўлиқ татбиқ этилса, ривожланиш, юксалиш суръати қанчалар ортиб кетишини биласизми?

Мисол учун, ҳужжатларга кўра, фермернинг 10 фоиз ерини эркин ҳолатда қўйиш белгиланган. У ерга қўшимча даромад учун исталган экинни экиш мумкин. Биринчи навбатда, алмаштириб экиш орқали ҳосилдорлик, табиийки, деҳқон манфаатдорлиги ортади. Бу ерга бўлган меҳрни янада кучайтиради.

Ўзим фермер бўлганим учун айтмаяпман. Лекин инсоннинг иши раҳматга арзийдиган бўлса, уни рағбатлантириш, масалан, ортиқча топширилган ҳосил учун баландроқ нарх тўлаш керак, назаримда. Бир кишига кўрсатилаётган эътибор ва унинг ишига нисбатан яхши муносабат бошқаларни ҳам ана шунга чорлайди. Ҳосилни ортиғи билан етиштиришга, давлатни алдамасликка бор кучи билан ҳаракат қилади.

Яна бир гап. Кўп тармоқли фермер хўжаликларини кўпайтириш, ишини ривожлантириш долзарб саналади. Ушбу масалада бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат қилдим. Чорвачилик учун қўшимча ер сўрадим. Зотдор, кўп сут берувчи қорамоллар сотиб олдим. Аммо уларни боқишга жой йўқлиги боис, айримларини сотишимга тўғри келди. Аризам, мурожаатим негадир эътиборга олинмаяпти. Сабаби эса менга қоронғи.

Кўп тармоқли фермер хўжаликларининг кўпайиши жуда ҳам яхши. Чунки иш ўрни яратилади. Бозорларимиз арзонлашади. Халқимизнинг дастурхони тўкин-сочин бўлади. Бироқ бунинг учун шароит яратилмаса, ер-жой ажратилмаса, қарор ва фармонлар қоғозда қолиб кетаверса, ўсиш бўлмайди. Кўп тармоқли хўжалик ташкил этилди, деб маълумот тайёрлаган билан амалда ўзгариш бўлмаса, кимни алдаймиз? Кимга нима наф бундан?..

 

Ҳамидилло ОРТИҚОВ, Жалақудуқ туманидаги «Ҳабибилло» фермер хўжалиги раҳбари:

— Фермернинг ўзи даланинг бошида турмас экан, 10 киши бўладими ёки ундан кўпми кўнгилдагидек иш ташкил қилинмайди. Бемаҳал мажлисбозлик оқибатида фермернинг умри далада эмас, йўлда, хоналарда ўтади. Агар расмиятчиликлар камайса, ишимизда анча унум бўлади. Энг қизиғи, ўша йиғилишларда фермернинг фикри ҳеч кимга қизиқ эмас.

Масалан, тунов куни йиғилиш бўлди. Бир фермернинг ғўзалари 90 фоиз чиққан. Лекин ундан сув қуйиш талаб қилинди. Аслида бунга ҳожат йўқ эди, озгина ёмғир билан уруғнинг қолган қисми униб чиқади. 10 фоизни деб 90 фоиз пахтани дангаса қилиб қўйиш мумкин. Униб чиққан ғўзага ҳозир сув қуйилса, илдизи ер остига эмас, устига ўсади. Кейин уни тез-тез суғориб туриш талаб этилади. Акс ҳолда, салбий ҳолатлар юзага келади. Фермер шуларни тушунтирди, бироқ мутасаддилар эшитишни истамади. Оқибатда тушунмовчилик келиб чиқди. Тепага тушуниб-тушунмай етказилаётган ахборот билан хулоса бериш ҳам тўғри эмас, назаримда. Кимнингдир ишига баҳо бермоқчи бўлган шахс фермер даласига бориб, аҳволни ўз кўзлари билан кўриши, хатоси бўлса, ўша ернинг ўзида тўғри маслаҳат бериши ёки уни тўғрилаш учун зарур чоралар кўрилиши лозим. Қуруқ гап билан натижага эришиб бўлмайди.

Бир масалани айтиш вазифам, деб биламан. Қишлоқ хўжалигида ҳаммага бирдек мажбурият, талаб юклаб бўлмайди. Сабаби — олинадиган ҳосилнинг ҳажми, сифати бевосита ернинг таркиби, жойлашуви, иқлимига боғлиқ бўлади. Мисол учун, бизнинг қишлоқ шароитида 4 хил ер бор. Қайси навни экса, қандай натижа бўлишини деҳқон ўзи яхши билади. Шунинг учун танлаш имкониятини унинг ўзига қўйиш керак. Фермер сўраган уруғ берилиши лозим. Йил давомида офтобнинг тиғида меҳнат қилган одам даромад қилишни истайди. Негадир уруғлар туманлаштирилган. Бир туман белгиланган навни экиши айтилади. Масалан, бизнинг еримизда ҳамма нав ҳам ҳосил беравермайди. Ўтган йилнинг октябрь-ноябрь ойларида уруғ учун берган буюртмамиз эътиборсиз қолгани учун бошқа тумандан сотиб олишга мажбур бўлдик. Бу ортиқча чиқим, оворагарчилик дегани.

Ўтган йили янги навдан эккандик, натижа ёмон бўлмади. Бу йил ҳам ана шу уруғдан қададик. Бор маҳоратимиз, меҳнатимизни ишга солдик. Об-ҳаво яхши келса, режани ортиғи билан бажариш мақсадидамиз.

 

Оллоберди ЮЛДАШЕВ, Жалақудуқ туманидаги «Истиқлол карвони» фермер хўжалиги раҳбари:

— Пахта 80-90 фоиз очилгач, теримга тушиляпти. Бу жуда ҳам яхши. Чунки пахта яхши етилгач, терилса, сифати ошади, биринчи навга қабул қилинади. Бироқ айрим ҳолларда шошқолоқлик билан пахта 50-60 фоиз очилган майдонларга ҳам теримчилар юбориляпти. Бу фермерларга зарар. Нимага дейсизми, иккинчи, учинчи терим пахталари паст навларда, арзон нархда қабул қилинади. Бу деҳқоннинг даромадига ва кайфиятига салбий таъсир кўрсатади. Кейин эса ўз-ўзидан у давлатни алдашни бошлайди. Ўзбошимчалик билан пахта ёки буғдой ўрнига бошқа экин экади. Чиқимни қоплаш, касод бўлиб қолмаслик учун чора излайди.

80-90 фоиз очилган далада иккинчи теримдан кейин пахта тугайди. Шунга қарамай, учинчи, тўртинчи теримга мажбурий чиқарилади. Ваҳоланки, арзимаган 100-200 кило сифатсиз пахтани деб ер ҳам, одамлар ҳам сарсон. Унга тўланадиган пулдан бир неча баробар ортиқ чиқим билан озгина пахта терилади. Мана шуларнинг ўрнига пахта тугаган далаларни тезроқ поялардан бўшатиш, шудгорлаш ишларини олиб бориш керак. Бу келгуси йил мўл ҳосил олиш кафолати бўлади.

Агар фермер шартнома шартини бажариб қўйса, кейинги босқич ишларига ўтиш учун сунъий тўсиқларга нима ҳожат бор? Далаларни қанча тез бўшатсак, ишлов бериб буғдой учун ҳозирласак, ер шунча дам олади, ҳосилдорлик ортади. Агротехник тадбирлар тўғри бажарилмаслиги оқибатида кўпчилик жабр кўради.

Фикримча, яна такрорлайман, фермер шартнома асосида ишлаши керак. Шартнома шартлари бажарилмаса, муддати келганда қонуний чоралар кўрилсин. Унга қадар фермерни, деҳқонни бироз ўз ҳолига қўйиш лозим. Чунки олинадиган ҳосилдан у ҳам манфаатдор, унга кўз тикиб турган ишчилар ҳам. Ҳеч ким ерга ёмон ниятда уруғ қадамайди. Афсуски, бизда шартнома исталган пайтда ўзгариб туради. Бу қайси мантиққа, қайси тартибга асосан қилиниши номаълум.

Шунингдек, ҳосилни қабул қилиш масканларидаги лаборатор текширувлар ҳам кимгадир бўйсунмайдиган бўлиши лозим. Шундай бир тизим топиш керакки, у холис баҳо берсин. Фермерга ҳам, ташкилотга ҳам ёнбосмасин. Негадир лабораторияларда доим ҳосилдан камчилик топилади, намлиги юқори, ифлосланган, нави паст ва яна бошқа сабаблар билан яроқсиз, деб баҳоланиб, буғдой ҳамда пахтанинг килоси камайиб кетади. Ўйлашимча, ушбу масалада ҳам янгилик жорий қилиниши лозим. Лаборатория иши ҳеч қайси тарафга оғишмайдиган усулда ташкил этилса, одамлар, айниқса, қадоқ қўлли деҳқонлар рози бўлади...

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.

 

Таҳририятдан:

Фермер-деҳқонларнинг юқоридаги фикрларини эшитиб, турли мулоҳазалар туғилади. Энг аввал хаёлга келадиган хулоса шуки, маъмурий буйруқбозлик билан қишлоқ хўжалигида катта ўзгаришларни амалга ошириб бўлмайди. Ҳамма ҳоким ёки ҳудудлардаги бошқа раҳбарлар ҳам пахта ёхуд буғдой даласидан чиқмаган, деҳқончиликнинг сир-синоатини яхши билмайди. Қурилиш соҳаси ёки бўлмаса ҳуқуқ-тартибот тизимидан бугун ҳокимликка ўтган амалдор эртага бир туманга бориб, қирқ йиллик деҳқонларга далани кўрмай, экиннинг ҳолатини билмай «ҳозир бориб пахтани суғорасан», «мен билмайман, шу бугуноқ ғаллангга дори сепасан», деб буйруқбозлик қилиб ўтирса, қишлоқ хўжалигида аҳвол ўнгланиши қийин. Аксинча, вақт-бемаҳал ўтказиладиган мажлислар кўпни кўрган деҳқону фермерларнинг ҳафсаласини пир қилиши, давлатга нисбатан ишончини сусайтириши, шаштини сўндириб қўйиши мумкин. Аслида бу анча нозик ва чуқур масала.

Тўғри, ҳар хил қинғир ишларни кўзлаб, ердан ғайри мақсадларда фойдаланиш пайида юрадиган фермерлар билан қаттиқроқ гаплашиш, уларни доим тергаб туриш тўғридир. Лекин бу ерда бошқа савол ҳам келиб чиқади. Ерга меҳри, ҳалол меҳнатга эътиқоди йўқ кимсаларга қарор билан ер бериб, фермер қилганлар ким? Ўйласак, муаммоларнинг сабаблари очилиб бораверади.

Ишини биладиган, ўзини ҳурмат қиладиган фермерлар фақат шартномада белгиланган шартлар асосида ишлашни исташини, асаббузар гап-сўзлар, узоқ чўзиладиган мажлислар фақат зиён эканини айтишмоқда. Улар ҳақ. Чунки ҳужжат устувор бўлмаган, қонун-қоида қадрланмаган жойда буйруқбозлик авж олаверади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: