30.04.2019

«УРУШ МЕНИ ҚАРИТДИ, БОЛАМ…»

Уни Пискентда Абдураҳим дўхтир дейишарди. Ота салкам ярим аср бир жойда — туман пахта тозалаш заводи тиббиёт бўлимида ишлади. 80 ёшдан ошганда ҳам унинг уйда тинчиб ўтирганини ё чойхонада улфатчилик қилганини ҳеч ким кўрмаган. Фарзандлари «Ота, қўйинг шу ишингизни, яна чарчаб қолманг», — дейишса, «биринчидан ҳаракат бу — саломатлик, иккинчидан, завод одамлари ўзимга ўрганишган-да, қувватим борида ўшаларга кўмаклашай», — деб жавоб берарди. Шунақа одам эди у. Ўзи қолиб, бошқаларнинг ташвишига шерик эди. Лекин ноҳақликка, адолатсизликка тоқати йўқ эди…

Ғалаба байрами эди. Отахондан ҳаёт йўли, уруш хотиралари ҳақида сўзлаб беришни сўрадим. Абдураҳмонов Абдураҳим отага ўтмишни эслаш, қонли жангларни хотирлаш оғир эди. У кўзларини бир четга тикиб, узоқ жим қолди. Сўнг оҳиста гап бошлади:

– Мен 1938 йили Тошкент шаҳридаги тиббиёт техникумини битириб, бир неча ой фельдшер бўлиб ишлагач, ҳарбий хизматга чақирилдим. Киев вилоятининг Смела шаҳридаги полкда хизмат қилдим. Фин урушида бўлдим. 1940 йилнинг ноябрида уйга қайтдим. 1941 йил май ойида уйландим. Уруш бошланди. Икки йил ҳарбийда бўлиб, жангларда тажриба орттирган эдим. Биринчилар қатори яна фронтга кетдим. Мен-ку, ҳар қалай техникумни битирган, рус тилини яхши билардим. Уруш ҳақида тасаввури бўлмаган содда ҳамюртларимни ёғоч милтиқда машқ қилишга қўйишди. Лекин уларнинг кўпчилиги дастлабки кунларданоқ душман ўқига нишон бўлишди.

Жанг майдонларида бошсиз, қўл-оёқсиз, айқаш-уйқаш бўлиб ётган мурдалар, дарахтларга осиб кетилган жасадлар ҳар қандай одамни ларзага соларди. Дастлаб Туркманистоннинг Мари шаҳрида дивизия санбатида тиббий-транспорт взводи командири бўлдим. Орадан бир неча ой ўтиб, Калининда, Москва яқинидаги 9-гвардиячи дивизияда хизмат қилдим. Москва вилоятининг Истра шаҳрида яраланиб, госпиталга тушиб қолдим.

Уруш-ку, даҳшат. Лекин дунёда урушдан-да даҳшатлироқ, госпиталлардаги азоблардан-да азоби – бу юраклардаги оғриқлар, руҳий тушкунликлар эди. Тонг азондан душманнинг бомбардимончи самолётлари ишга тушарди. Изидан танклар, кейин пиёдалар бостириб келаётган душманга биргина милтиғу, «Максимка» пулемёти билан қарши туриш... Бизникилар кун бўйи жанг қилиб чекинишарди. Тунда нафасни ростлаш қаёқда? Окоп қазирдик.

Бизникиларда эса на танк бор, на самолёт. Фақат тўплар бор эди. Аммо бир суткада тўрт марта отишга рухсат берилган. Пиёдалар 50 метрга, танклар 200 метрга яқин келгунича ўқ узишга ҳаққимиз йўқ эди. Бирорта ҳам снаряд бекор кетмаслиги керак. Бир отишда уролмадингми – икки томонлама бахтсизлик. Ҳам снаряд бекор кетади, ҳам турган жойингни сездириб қўясан. Сени ҳам осмондан, ҳам ердан уришади.

41-йилнинг охирларида Москва мудофаасида – Волокаламск, Истра, Роза шаҳарларидаги жангларда қатнашганман. Рокоссовский қўмондонлик қилган бизнинг 16-армия биринчи бўлиб душманни Истра шаҳридан Смоленскка қадар улоқтириб ташлаган. 42-йилнинг июлида бизни қамалдаги Ленинград шаҳрига Ладога кўли орқали киритишди. Бу шаҳарда кўрган кунларимизни ҳеч кимнинг бошига солмасин. Қамалда икки марта контузия бўлиб, даволаниб чиқдим. Учинчи марта ҳаво ҳужуми пайтида ярадорларни олиб чиқаётганимда мени тупроқ остидан кавлаб олишибди. Кейин яна госпиталь…

Ленинград қамалидан сўнг бизни Москвага – Бош қўмондонликнинг резерв қисмига юборишди. 1-танкчи армиянинг 31-корпуси, 384-авторотасида катта фельдшер бўлиб хизмат қилдим. Шу қисмдан 1946 йилнинг февралида уйга қайтганман.

Отахоннинг ёлғиз бисоти – кичкина қутида сақланаётган, ҳар бири ўтган кунларидан ҳикоя қилувчи ҳужжатларга кўз югуртираман. «Қизил Юлдуз» ордени, «Ленинград мудофааси учун», «Москва мудофааси учун» медаллари. Унда бу каби нишонлардан 18 та. Лекин Абдураҳим ота уларни камдан-кам тақарди. Байрамларда, ҳар икки-уч йилда Москвага – қуролдошлар учрашувига таклиф этилган пайтлардагина. Мўъжазгина архивидаги сарғайиб кетган суратлар, жанговар дўстларининг манзиллари, яна қанча-қанча тарихий ҳужжатлар… Уларнинг барига отанинг номи битилган.

Абдураҳим отанинг бир одати бор эди: фарзандлари, набиралари билан кўришганда, бошқалардек кафтини кафтига урмасди – бағрига босиб, пешонасидан ўпиб қўяр ва дуо қилар эди. Ҳалол инсон тарбиясини олган фарзандлар ҳам эндиликда оталари каби файзли хонадонларнинг соҳиблари бўлишди.

 

Тўхтамурод ҲАСАНБОЕВ,

журналист.



DB query error.
Please try later.