30.04.2019

СЕКТОРЛАРДАГИ ҲАҚИҚИЙ АҲВОЛ ЁХУД ДЕПУТАТЛАР НЕГА ЖИМ?..

«Сектор раҳбари ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ишсиз фуқаролар, ногирони бор оилаларнинг алоҳида рўйхати шакллантирилиб, уларга амалий ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда».

Хоразм вилоятидаги барча маҳаллий Кенгашлар сессияларида шаҳар ва туманларда ташкил этилган тўрт сектор томонидан жорий йил биринчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Қизиқ жиҳати, ҳамма ҳисоботларда юқорида келтирилганга ўхшаш бир хил жумлалар учрайди.

 Аввало, Президент ташаббуси билан ҳудудларнинг секторларга бўлиниши ва штаблар ташкил қилиниб, уйма-уй юриш орқали фуқароларнинг муаммолари ўрганилаётгани айни муддао бўлаётганини таъкидлаш лозим. Ишчи гуруҳлар аъзолари қатъий график асосида хонадонларни 180 кунда тўлиқ ўрганиб чиқиши режалаштирилганди. Аммо сессиялар давомида секторлар раҳбарлари ҳисоботлари пайтида кўпи билан икки вароқ ҳажмда маълумот беришди. Гап ҳисобот ҳажмида ҳам эмас, албатта. Лекин бир-бирига мисли эгизакдек ўхшашиб кетадиган ахборотларда эҳтиёжманд аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ҳақида кўпи билан тўрт қатор маълумот келтирилгани таъбимизни бироз хира қилди.

Агарда ҳар бир секторга камида ўнта маҳалла кириб, бу маҳаллаларда ўртача етти-саккиз ижтимоий ҳимояга муҳтож оила борлигини ҳисобга олсак, уларни ўйлантираётган муаммолар ҳам кам эмаслигини тушуниш қийин бўлмайди.

Шунингдек, ҳисоботларда аниқ рақамларни кўрмадик. Ҳолбуки, шаффофлик шароитида факт ва рақамларни яширишнинг ҳожати йўқ. Қисқа қилиб айтганда, сектор раҳбарларининг ушбу йилдаги илк ҳисоботлари ими-жимида ўтди. Депутатларнинг масъулларга бирор савол билан мурожаат қилмагани бизни ҳайратга солди. Ваҳоланки, ҳар бир сектор ҳудудида камида 4-5 нафардан туман Кенгаши депутати фаолият олиб боради. Улар ҳудудлардаги вазиятни яхши билишади. Эҳтиёжманд оилалар билан кунора суҳбатда бўлади. Ҳар ҳолда бизнинг назаримизда шундай эди.

Юқоридагилардан икки хил хулоса чиқариш мумкин. Депутат ўзининг сайлов округидаги ҳақиқий аҳволни яхши билмайди ёки сектор бошлиғи бўлган масъул раҳбарларга қарши боришни истамайди, андиша қилади.

Қачонгача, деган табиий савол туғилади. Депутатларга муҳим ваколатлар берилиб, улардан қатъийлик, доимо халқ орасида бўлиш сўралаётган бир пайтда бу ҳолатни, лоқайдликни қандай тушинишга ҳайрон қоласан киши.

...Бир қараганда, сессиялардаги ҳисоботлар, шу ҳақдаги маҳаллий нашрлардаги ахборотларни ўқиб, секторларда ишлар яхши, деган тасаввур уйғонади. Ҳаммаси жойида, фуқароларнинг муаммолари ўз вақтида ечимини топмоқда, ҳамма бундан мамнундек. Аммо...

 Ҳали-ҳамон Халқ қабулхоналарига мурожаат қилаётганлар сони камайгани йўқ. Вилоят ҳокими ўтказаётган ҳудудлардаги сайёр қабулларда тирбанд навбатларга кўзимиз тушади. Партиямиз қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатлар сонида ҳам пасайиш йўқ.

Назаримда, аксарият секторларда ишлар юзаки, қоғозларни тўлдириш учунгина қилинаётгандек. Маҳалла фуқаролар йиғинларидан олинган оилалар ҳақидаги маълумотлар ҳисоботларга тиркаб қўйилаётгандек.

Хўш, шундай экан, депутатлар нега жим? Улар ҳали ҳам истиҳола билан юрибдими? Ёки қўрқадими?

...Депутатлар, партия фаоллари иш фаолиятини кескин ўзгартирадиган палла келди, ҳатто ўтиб ҳам бормоқда. Бу ёқда сайловларга ҳам кам фурсат қолмоқда.

 

Муқаддас НОРҚУЛОВА,

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгашибўлим бошлиғи.



DB query error.
Please try later.