30.04.2019

САЙЁР СУДЛАРНИНГ ҚАБУЛЛАРИ

фуқаролар муаммосини ҳал этишга, ҳуқуқий онгини ўстиришга хизмат қилмоқда

Бугун суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, судларнинг фуқаролар мурожаатига муносабати ўзгараётгани кўпчиликни мамнун этмоқда. Айниқса, Президентнинг ўтган йил июль ойида қабул қилинган «Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда сайёр қабул ва сайёр судларнинг ташкил этилиши суд органлари фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминламоқда.

Биргина жорий йилнинг февраль ойида Тошкент вилояти туманларида ўтказилган сайёр қабуллар натижасида кўплаб фуқароларнинг муаммолари ҳал этилди, керакли ўринда юридик йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилди.

Куни кеча эса Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳар халқ қабулхонаси биносида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти ва судъяларнинг сайёр қабули бўлиб ўтди. Қабулда Олий суднинг асосий таркиби бўлмиш Маъмурий, Иқтисодий, Жиноят ва Фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва туманлараро суд раислари фуқароларни қабул қилди.

Фармонга асосланиб ўтказилган халқ қабулларида фуқаролар ўзларини қизиқтирган, қийнаётган саволларга жавоб ҳам олишмоқда. Бизга мурожаат қилаётганлар, асосан, якка тартибдаги тадбиркор, хусусий корхона раҳбарлари бўлиб, улар ҳуқуқий билими етарли бўлмагани сабабли турли муаммоларга дуч келишмоқда, — деди Чирчиқ туманлараро Иқтисодий суд раиси Ашурахон Ибрагимова.

Тадбир учун жиддий тайёргарлик кўрилгани, яратилган шароитлар қабулни кўнгилдагидек ўтказиш имконини берди. Қабулга келган бир онахон кўзларида ёш билан турганини кўрдик.

Мен Раъно Эргашоваман. 2014 йил ўғлим 97-модда 2-қисм «Б» банди билан судланиб, 23 йил озодликдан маҳрум этилган, — деди у. — Тўғри, у жиноят қилган, аммо 23 йил кўп муддат, шунинг учун белгиланган жазога енгиллик сўраб келдим. Ҳозирда ўғлим Қорақалпоғистоннинг Жасълиқ деган жойида жазони ўтамоқда. Қилган ишидан қаттиқ пушаймон. У 29 ёшда, умрининг энг гуллаган даврини панжара ортида ўтказмоқда. Мана бундай сайёр қабул кўнглимда яна умид учқунини уйғотди. Худо хоҳласа, ўзимга керак бўладиган ҳуқуқий маслаҳатлар оламан, деб келдим.

Ташкиллаштирилаётган сайёр қабуллардан асосий мақсад фуқароларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш, — дейди Тошкент вилоят, Юқори Чирчиқ Маъмурий суд раиси Анварбек Аминов. — Қолаверса, аҳолига қабул қилинаётган қонун ва фармонларнинг туб моҳиятини тушунтириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ривожлантириш билан бир қаторда муаммоларига ечим топишга қаратилган.

Бинобарин, бундай тадбирлар юртимиз аҳолисини ҳуқуқий онгини ўстириш, тушунмовчиликларга барҳам беришда муҳим аҳамият касб этади.

 Ушбу қабул якунида жами 17 нафар фуқаро қабул қилиниб, мурожаатларнинг учтаси назорат тартибида кўриб чиқиш учун рўйхатга олинди. Қолган 14 таси бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

 

Чўлпоной Аҳмедова,

Мафтунахон Суннатиллаева,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: