Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
30.04.2019

МЕҲР КЕЛДИ МЎЙНОҚҚА...

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон халқ шоири:

— Биз, қорақалпоғистонликлар Президентимизнинг Хитойдаги «Бир макон, бир йўл» иккинчи халқаро форумидаги иштироки билан боғлиқ воқеаларни ҳаяжон билан кузатиб бордик. Дунё миқёсидаги шундай катта форумда туриб ҳам Президентимиз Қорақалпоғистон келажаги тўғрисида қайғургани, Орол инқирози оқибатларини бартараф этиш масаласига яна бир бор жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратгани, айниқса, оналарнинг кўнглини тўлдирмоқда.

Мана, Хитойда ҳам Президентимиз ўзи учун ажратилган қароргоҳда БМТ Бош Котиби Антониу Гутерриш билан учрашибди. Ўрта Осиёда ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга оид ва бошқа муҳим масалалар билан бир қаторда Президентимиз яна Орол инқирози муаммоларига кенгроқ тўхталди.

Қорақалпоғистонлик оналар шу кеча кундузда ҳам Мўйноқда катта кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганига гувоҳмиз.

Мўйноқ туманида қурилиш, таъмирлаш ишлари жадал олиб бориляпти. 2018 йил декабрь ойидан бошланган Оролнинг қуриган майдонига саксовул экиш ишлари ҳам илк натижаларини бера бошлади. Яъни, уруғ сепилган 468 минг гектарнинг қарийб 100 минг гектарида саксовул уруғлари униб чиқа бошлаган.

Йилига 500 минг гектарни «яшил қоплама» билан қоплаш вазифаси қўйилди. Қиш-баҳор мавсумида катта ишлар қилинди.

Президентимиз икки йилнинг ичида Мўйноқ тумани бўйича иккита қарор қабул қилди. Уларга кўра, Мўйноқни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ишлари олиб бориляпти. Бу ерда фаолият юритаман, деган тадбиркорларга 10 йилга барча солиқлардан озод қилинадиган имтиёзлар берилди.

Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорда туманда 2019-2021 йилларда 125 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Ушбу лойиҳалардан илк иншоотлар —245 ўринли маданият уйи, 1000 ўринли стадион ва 800 ўринга мўлжалланган амфитеатр фойдаланишга топширилди.

Мўйноқ туманидаги энг долзарб масалаларнинг бири аҳолини иш билан таъминлаш. Денгиз тўлиб-тошиб турган вақтларда Мўйноқ тумани аҳолиси 100 минг кишидан ошган. Улар асосан балиқчилик билан шуғулланган. Денгиз қуриши билан уларнинг аксарияти бошқа жойларга кўчиб ¬кетган ва ҳозирги кунда туманда 31 мингдан ортиқроқ аҳоли истиқомат қилади.

Туманда ишсизлик масаласини ҳал қилиш мақсадида қатор корхоналар барпо қилинмоқда. Жумладан, Чехиянинг «Eriell» компанияси томонидан тузни қайта ишлаш корхонаси қурилди, «Ўзпахтасаноат» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобига қурилаётган тўқимачилик фабрикаси ҳам яқинда иш бошлайди. Бу ерда 600 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш режалаштирилган. Мўйноқ балиқ консерва заводи биноси қурилиши ҳам ниҳоясига етмоқда. Ушбу корхона август ойларига қадар ишга тушиши кутилмоқда. Бу заводга Мўйноқ атрофидаги кўллардан балиқ етиштириб берилади.

Туман марказида ҳозир 24 та кўп қаватли уй-жой қурилмоқда. Шу йилнинг август ойи охирига қадар, Мустақилликнинг 28 йиллигига жами 580 квартиранинг калитлари ўз эгаларига топширилади. Ушбу квартираларнинг дастлабки тўловлари юқорида таъкидланган корхоналар томонидан тўлаб берилиши назарда тутилган.

Жорий йил бошидан Оролнинг қуриган майдонларида қудуқлар қазила бошланди. Ҳозирда 12 та қудуқ қазилган. Уларда чорвачилик учун яроқли сув чиқмоқда. Шу сабаб бу ерда мўйноқликлар учун балиқчиликдан ташқари чорвачиликни ривожлантиришга ҳам имкониятлар яратилмоқда...

Шулар ҳақида ўйлаб, қалбимиз тўлқинланади. БМТ Бош котибининг кўмаги билан БМТ шаъфелигида Оролбўйи учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди иш бошлагани, Оролбўйи учун умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётгани қорақалпоғистонликларга катта умид беряпти.

Биз, оналар узоқни кўзлаб олиб борилаётган савобли ишларга бош эгамиз.

Шу йил октябрь ойида Нукусда Оролбўйида экологик инновация ва технологияларни ривожлантириш бўйича Халқаро анжуман ўтказилар экан. Бу ҳам катта қувончли хабар. БМТ Бош Ассамблеяси эса бизнинг ҳудудни «Экологик инновация ва технологиялар» ҳудуди деб эълон қилиш бўйича резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиқаётганлиги тараққиёт учун айни муддао бўлибди.

Қорақалпоғистон халқи ва унинг бугунги, эртанги куни учун қилинаётган ишларни кўриб, кўнгилга шундай сатрлар келади:

 

Орол кетиб, умид келди Мўйноққа,

Янгиланган умр келди Мўйноққа.

Янги йўллар, янги жаннат овуллар,

Янги орзу, меҳр келди Мўйноққа...


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: