30.04.2019

ДЎСТ КЎП БЎЛСА, ЙЎЛ КЕНГ БЎЛАДИ

Меҳрожиддин Дархонов, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Хитой халқ мақолларида дўст кўп бўлса, йўл кенг бўлиши айтилади. Бу ҳақиқат Ўзбекистон ва Хитой давлатларининг ўзаро муносабатларида исботини топяпти, десак муболаға бўлмайди. Хитой Ўзбекистоннинг ҳаёт синовидан ўтган ишончли ҳамкоридир.

 Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги кўплаб компания ва корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Уларда ишлаб чиқилаётган тўқимачилик маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа товарларга Хитой бозорида талаб катта. Шу маънода айтиш жоизки, Хитой Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш бўйича дастурларни амалга ошириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва саноатнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришда фаол иштирок этмоқда.

Буюк ипак йўли нафақат ҳудудлар ўртасида савдо-сотиқ алоқаларини, балки давлатлар ва қитъалар ўртасида ахборот алмашувини таъминлашга хизмат қилган, янги маҳсулотлар ва қишлоқ хўжалиги экинлари тарқалишида, маданий қадриятларнинг ривожланишида муҳим восита вазифасини бажарган ва шу тариқа цивилизациялараро мулоқот учун шарт-шароитлар яратилган.

 Маълумки, Хитой 2013 йилда дунё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида «Бир макон, бир йўл» деб номланган иқтисодий тараққиётнинг янги стратегиясини эълон қилган эди. Шу тариқа кўп асрлик Буюк ипак йўлини қайта тиклаш ғоялари амалга оширилмоқда. «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо ва инвестиция соҳаларида қулай шароитлар яратиш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, маданият соҳаларида ҳамкорлик салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади.

«Бир макон, бир йўл» лойиҳаси доирасида ташкил этиладиган транспорт йўлаги Австралия ва Индонезияни, Осиё мамлакатларини Европа, Африка ва Лотин Америкаси орқали АҚШ билан боғлайди. Бу улкан йўлнинг асосий йўналиши Ўрта Осиёдан ўтади. Бу йўлакнинг узунлиги 6 минг 500 километрни ташкил қилиб, унинг 4 минг километри Хитойнинг Тинч океани соҳилларидан Синьжон – Уйғур Мухтор ўлкасигача бўлган йўлдир. У ердан Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон орқали Эрон, Ироқ, Сурия ва Туркияга боради. У ёғи эса Европага бир қадам.

Денгиз йўли ҳам худди қадимги савдо йўли сингари Гуанчжоудан бошланади ва Вьетнам, Таиланд, Малайзия, Сингапур, Индонезия орқали Қизил денгизга чиқиб, Африкагача етиб боради. Бир сўз билан айтганда, бу йўл Хитой ва бошқа мамлакатларга тараққиёт учун янги имкониятларни яратиб беради. У Марказий Осиё, Европа ва Африка минтақасида жойлашган 60 дан ортиқ мамлакатни ўзаро боғловчи иқтисодий йўлакларни янада такомиллаштириш ҳамда янги транспорт ва савдо йўлларини яратишга қаратилган.

2017 йилнинг май ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» биринчи халқаро форумида мазкур ташаббус ҳар бир давлатнинг ўз имкониятларидан тўла фойдаланиш, иқтисодий жиҳатдан бир-бирини тўлдириш, савдо ҳамда инвестицияларни рағбатлантириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш учун кенг йўл очишини қайд этган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан жорий йилнинг 25-27 апрель кунлари Пекинда бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» иккинчи халқаро форумида иштирок этди.

Форум ишини ОАВ орқали катта қизиқиш билан кузатиб бордик. Унда 40 дан зиёд хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари учун қулай имконият экани шубҳасиз. Анжуманда иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, узоқ муддатли тараққиётнинг янги манбаларини излаб топиш борасидаги шерикликни фаоллаштириш, «яшил» иқтисодиёт ва инновацияларни илгари суриш, устувор инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

«Бир макон, бир йўл» иккинчи халқаро форуми доирасида «Яньци» халқаро конференциялар марказида ўтказилган делегация раҳбарларининг давра суҳбатида Президентимиз нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари халқаро ва минтақавий ўзаро боғлиқлик масалалари Марказий Осиё, жумладан, денгиз портларига бевосита олиб чиқувчи йўлга эга бўлмаган мамлакатимиз учун долзарб бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай эканини билдирди.

Шунингдек, Марказий Осиёнинг транспорт ва логистика имкониятларини ошириш, «яшил иқтисодиёт» орқали озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, туризмни ривожлантириш, экологик муаммоларни биргаликда бартараф этиш ва бошқа долзарб масалалар бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, Марказий Осиё минтақасининг транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда Хитой — Марказий Осиё — Ғарбий Осиё иқтисодий йўлагини шакллантириш долзарб муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Мутахассислар томонидан «иқтисодий белбоғ» деб таърифланаётган лойиҳа туфайли минтақа мамлакатларининг иқтисоди ривожланиб, савдо-сотиқ кўпаяди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси самарали амалга ошса, Ўзбекистон дунёнинг ривожланган давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо ва инвестиция соҳаларида қулай шароитлар яратиш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, маданият соҳаларида ҳамкорлик салоҳиятини ошириш имконига эга бўлади.



DB query error.
Please try later.