30.04.2019

САМАРҚАНДЛИК 70 НАФАР ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИСИ ЭЪТИБОРДАН, ЭЪЗОЗДАН МАМНУН

Ҳасан НОРМУРОДОВ, «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими раҳбари, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони уруш иштирокчиларининг умрини узайтиришга, руҳини кўтаришга хизмат қилади.

Иккинчи жаҳон уруши тугаганига, инсоният фашизм балосидан қутулганига шу кунларда 74 йил тўлади. Ўтаётган йиллар бизни тарихдаги энг қонли, шафқатсиз урушлардан бири бўлган бу мудҳуш фожиадан қанчалик узоқлаштирмасин у етказган зиён-заҳматлар, йўқотишлар авлодлар қалбида мангу муҳрланиб қолади.

Уруш қатнашчилари сони, сафи тобора қисқариб бормоқда. Лекин уларнинг мардлиги, жасорати, халқимиз олдидаги буюк хизматлари ҳеч қачон унутилмайди.

Президентимиз томонидан уруш фахрийларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг оғирини енгил қилиш, турмуш шароитини янада яхшилаш, сиҳат-саломатлигини доимий назорат қилиш, дори-дармон ва турли маиший техника воситалари билан таъминлаш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.

Самарқанд вилояти ҳокими, сенатор Эркинжон Турдимов раҳбарлигида бугун вилоятимизда истиқомат қилаётган 70 нафар уруш қатнашчиси ҳақидаги маълумотлар базаси шакллантирилди. Уларга аввало туман ҳокимликлари, турли корхона-ташкилотлар мутасаддилари бириктирилди. Уруш қатнашчиларини оилавий шароити, турар-жойи, сиҳат-саломатлиги мунтазам назорат қилинмоқда. Туман тиббиёт бирлашмалари, поликлиникалар, потранаж ҳамширалари томонидан уруш қатнашчилари саломатлиги бўйича алоҳида кузатиш ишлари олиб борилмоқда.

Президентимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан Самарқандлик уруш қатнашчилари мамнун бўлишмоқда.

Мактаб ўқувчилари турли жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда уруш қатнашчилари хонадонларида ҳашарлар уюштирмоқда. Ҳомийлар томонидан ажратилган кўчатлар ўтқазилди.

«Нуроний» жамғармасининг вилоят ҳамда шаҳар, туман бўлимлари томонидан уруш қатнашчиларининг таклифлари, мулоҳазалари, мурожаатлари алоҳида ўрганилмоқда. Уларнинг таълим даргоҳларига бориш, маҳалла-кўйда одамлар билан учрашиш имконияти чегараланган. Шуни ҳисобга олиб уйларида йўқлаш, уруш ва тинчлик ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини эшитиш, эсдаликка суратга тушиш, хотираларини ёзиб олиш борасида ҳам бир қатор хайрли ишларни бошлаб юборганмиз. Шунингдек, уруш қатнашчиларининг ҳурмат-иззатини жойига қўйиш, уларнинг қаҳрамонликлари ҳақида мақолалар ёзиш, ҳужжатли фильмлар олиш борасида ҳам бир қатор ишларни режалаштиряпмиз.

«Нуроний» жамғармаси томонидан «Уруш аёллари», «Уруш болалари», «Ўзбекистонга эвакуация қилинганлар», «Каттақўрғонлик Ҳамид Самадовнинг жасорати» мавзуларида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, бутун инсоният Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари олдида бош эгиб таъзим қилади.



DB query error.
Please try later.