23.04.2019

ҲАЙРАТЛАРИМ СУРАТИ

Рўйхатни яна ва яна давом эттириш мумкин. Буларни ўқиб, ҳайратланмай илож йўқ. Шунча ишни уюштириш, бошқариш бир одам учун яна, у аёл бўлса, оғирлик қилмадимикан, деган ўйга боради одам... Бир пайтлар Музработ туманига ҳоким этиб тайинланган Азамат Хўжамқулов ҳам Тўфанинг довруғини эшитиб, қабристонга йўл олибди. Уни обдон айланиб, кўздан кечираркан, Тўфа Боймуродовага шундай савол берибди:

– Қабристон ободончилиги учун сарфлаган шунча маблағни қаердан олгансиз?!

У шошиб турган эканми, жавобни ҳам кутмай унинг елкасига қоқиб, қуюқ раҳматини баён этибди. Тўфа Боймуродованинг мутасаддилардан кўрган ягона рағбати шу бўлибди...

2018 йил. Тўфа Боймуродова Ўзбекистон Республикаси Президенти халқ қабулхонасига мурожаат этиб, мушкуллари осон бўлаётган қанчалаб одамларнинг ризолик овозларини эшитар экан, яраси янгиланди. Устозига маслаҳат солди. Икки ёрти бир бутун, дегандек, Т.Боймуродованинг қабристонни номлаш ҳақидаги мурожаатномаси Президент халқ қабулхонасига етиб борди. Орадан тўрт кун ўтар-ўтмас, шу йилнинг 10 март куни Боймуродова Музработ тумани ҳокими номидан қуйидаги мазмунда расмий хат олди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига туманнинг «Юртим жамоли» маҳалласидаги қабристонга «Биби Робия» номини беришга ва қабристон билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга амалий ёрдам бериш тўғрисида»ги мурожаатингиз туман ҳокимлиги, кенг жамоатчилик ва «Дарбанд» маҳалласи томонидан ўрганиб чиқилди. Мурожаатингизга кўра туман ҳокимлигининг ишчи гуруҳи томонидан «Юртим жамоли» маҳалласидаги қабристонга ном бериш борасидаги талаб ва меъёрлар ҳамда маҳаллий аҳолининг фикри ўрганиб чиқилиб, тегишли масъуллардан хулосалар олинган ҳолда қабристонга Биби Робия номини бериш борасида туман ҳокими қарори чиқарилганлигини ҳамда мазкур қабристон билан боғлиқ муаммолар кенг жамоатчилик иштирокида ҳал этилиб, мурожаатингиз қаноатлантирилганини маълум қиламан.

Орадан ҳеч вақт ўтмай, шу йилнинг 6 апрелида Т.Боймуродова туман ҳокими номидан яна бир расмий хат олди:

Тўфа Боймуродова аризасига асосланиб туман ҳокимининг 2018 йил 11 мартдаги «Туманда янги ташкил этилган географик объектларга ном бериш тўғрисида»ги 756-сонли Қарорига қуйидаги ўзгартириш қиритилсин:

Қарорнинг 2-бандига мувофиқ тумандаги «Юртим жамоли» МФЙ ҳудудида жойлашган «Биби Робия» номидаги қабристон қайта давлат кадастр рўйхатидан ўтказилсин.

Туман ҳокими: Ж.Холмуродов.

Шу билан ҳикоямга нуқта қўйсам ҳам бўларди. Ахир, эртагим қаҳрамони муроди мақсадига етди. Эшитганларимни эшиттирдим, кўрганларимни баҳоли қудрат кўрсатишга уриндим. Лекин... Қаҳрамонимнинг етти ярим йил мобайнидаги сарсон-саргардонлиги, хўрликлари, асаббузарликлари хунини ким тўлайди?! Бу кўргуликлар унинг саломатлигига таъсир кўрсатмади, маънавий оламини шикастламади, деб ким айта олади?!

Республикамизнинг бошқа вилоятлари, туманларида бундай маънавий-ахлоқий эврилишлар рўй бермаяптими?! Боймуродовага ўхшаб йиллар давомида ташкилотма-ташкилот, ҳокимиятма-ҳокимият сарсон-абгор юрганлар йўқми?! Ўз гўшалари, ўрдаларида дардларига дармон, кўмак тополмаётганлар Президент виртуал қабулхонаси эшикларини қоқишга мажбур бўлмаяптиларми?!

Ҳокимиятлар жойлардаги Президент маҳкамасининг ваколатхоналаридир. Ҳокимиятларга катта имтиёзлар ва ваколатлар берилиши билан бир қаторда катта масъулият ҳам юкланган. Бу халқни рози қилиш йўлидаги ҳар қандай муаммонинг ечимини топиш вазифаси. Муаммонинг катта-кичиги, асосийси ёки асосий бўлмагани йўқ. Инсон ҳаётига дахлдор ҳамма нарса асосий. Мазкур «Биби Робия» қабристони, унинг атрофида рўй берган воқеалар Музработ тумани ҳокимияти эътиборидан четда қолган, дейишга асосли далиллар кўриниб турибди. Шуни айтиш керакки, қабристон давлат тасарруфидаги жой. Ундаги қурилишлар, ободонлаштириш ишлари билан биринчи навбатда туман ҳокимиятига қарашли бошқармалар, идоралар шуғулланиши даркор.

Ваҳоланки, қабристонга ҳашар йўли билан халқ маблағига девор олинса, кимдир унга дарвоза ўрнатса, Тўфа Боймуродовага ўхшаган сахий қалблар кечаю кундуз қабристонга гуллар, дарахтлар экиб яшнатиш, сув чиқариш, сув омборлари қуриш билан овора бўлса... Ҳаттоки, қабристон номи ёзилган пештахталар ҳам давлат томонидан эмас, хусусий шахслар томонидан амалга оширилса... Ахир, қабристон айрим шахслар маҳрига тушган эмас, яна қайтарамиз – у давлат ихтиёридаги макон. Шундай экан, давлат мулки нега эътиборсиз ташлаб қўйилди?!

Назорат йўқлиги, талаб етишмаслиги оқибатида маҳалладошлар ўртасида низолар чиқа бошлади... Қабристон, унга ном бериш ҳақидаги ўзаро тортишувларга ҳокимият томошабин бўлиб қараб тураверди, қабристонга «Биби Робия» номини бериш ҳақидаги халқ қарорини ўз вақтида ҳимоя қила олмади...

Айтингчи, бундай ҳокимиятнинг ўз улуси орасида обрўси қоладими?! Унга ишонч сўнмайдими?! Етти ярим йил ҳал бўлмаган бу муаммо Президент виртуал қабулхонаси томонидан уч кунда ўз ечимини топди. Баъзи воҳалардаги давлат ваколатхоналари раҳбарлари, ходимлари йўл қўяётган бу ва бу каби хато, камчиликларни марказ қачонгача ўнглаш билан шуғулланади?!

Сафардан қайтаётиб, Музработ тумани ҳокими лавозимига янги тайинланган Эркин Алимов билан саломлашиб, хайр-хўшлашиб кетиш нияти туғилди. Бахтимга ҳокимнинг қабул куни экан.

Қабул маросимларининг қўш қанотли эшиклар ортида ҳоким билан яккама-якка суҳбат орқали ўтганининг кўп бор гувоҳи бўлганим учунми, бугунги манзарадан ҳайрон қолдим. Ҳокимиятнинг кенг ва ёруғ мажлислар залининг эшиги ланг очиқ. Ўртада ҳоким, чор-атрофида ўз муаммолари билан келган туман аҳолиси вакиллари. Кўринишдан гўё давра суҳбатига йиғилишган. Расмиятчилик йўқ. Ўртада биродарлик, бир-бирини эшитиш, маслаҳат, ёрдам бериш... Йиғилганлар орасида мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳам бор. Шикоятчилар муаммоларига қараб вакиллар билан шу ернинг ўзида учрашиб, шу ерда масалани ҳал қилишга уринишаяпти... Халқни рози қилишнинг бу қадар тезкор, самимий йўли, очиғи, мени хурсанд қилди...

 

Дилбар Маҳмудова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

 

Давоми келгуси сонда.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: