23.04.2019

ОЛАМНИНГ ЛИСОНИЙ МАНЗАРАСИ

мўрт, янги билим ва тасаввурларни қабул қилишга мос келмайди, чегараланган, тор, янгиликларга очиқ эмас...

2019 йил 19 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига эътибор берилган эди.

Турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. Шу боис Президент томонидан илгари сурилган 5 ташаббус муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, давлат раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича мазкур ташаббусларни илгари сурмоқда.

Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.

Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.

Диққат этилса, Президентимизнинг биринчи, учинчи ва тўртинчи ташаббуси замирида бир ғоя – мактаб ўқувчилари ҳамда олий ўқув юртлари талабаларини китоб ўқишга жалб этиш, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш мужассамлашган. Чунки, ёшларни «мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш», «аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш» ва ниҳоят «ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш» каби бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолатлардир, уларни комплекс ёндашув йўли билангина ҳал қилиш мумкин.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойишида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ қила бориб, олий ўқув юртлар талабаларини китоб ўқиш ва китобхонлик маданиятига ўргатиш борасида анча-мунча ишлар қилинди.

Аммо, ҳозирга қадар ўзбек жамиятида китоб культи ва китобхонлик маданиятининг асосий унсурлари кундалик ҳаётимиздан муқим ўрин олганича йўқ. Чунки, қарийб чорак аср мобайнида жамиятда билим культи эмас, бойлик культи ҳукмрон бўлди, китоб культи эмас, пул культи одамларнинг тафаккурини бутунлай чулғаб олди. Бу соҳадаги масъуллар, кутубхоначилар, маънавиятчилар ва ҳоказолар гапни китобларнинг қимматлиги, бозор иқтисодиёти деб ҳамма китобга эмас, пулга ўзини урганлиги билан изоҳлашни яхши кўришади. Аслида бозор иқтисоди ривожланган бошқа давлатларда биздан ўн карра кўп китоб ўқилади. Ҳақиқий бозор иқтисодиёти муносабатлари ҳукмрон бўлган жамиятда инсон ҳар кун ўқиши, ўз билим ва малакасини ривожлантириши, ҳаётга қарашини янгилаб бориши керак.

Тўғрисини айтганда, яқин ўтмишда интеллектуал, китоб ўқийдиган, ўз фикрига эга ва жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни тафаккур қиладиган, мустақил фикрлайдиган шахслар ҳеч кимга керак эмас эди, шу сабабли ўқиган одам, ўқийдиган одам бу тизимга бегона эди. Мамлакатдан ўн минглаб интеллектуаллар, малакали мутахассислар чет элларга чиқиб кетгани замирида ҳам шу аччиқ ҳақиқат ётибди. Ўша пайтларда, илмнинг, билимнинг, ўқимишли инсоннинг обрўйи тушди, «китоб ўқиш» ва «ўқиш-изланиш» деган машғулотларга одамлар истеҳзо билан қарайдиган бўлдилар...

«Шарқ зиёкори» МЧЖнинг олиб борган кузатишларига қараганда, мамлакат аҳолиси ўртасида телевизор кўриш даражаси 94 фоизни, китоб ўқиш даражаси бор-йўғи 4,5 фоизни ташкил этаркан (2017). Бу ачинарли ҳол, албатта. Ваҳоланки, ўқиш билим олишнинг энг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади. Чунки у инсон онги ва тафаккурини ўткирлайди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги махсус Фармойишидан сўнг тегишли масъул ташкилотлар томонидан республика бўйича «Энг яхши китобхон» танлови эълон қилинди. Қувонарлиси, 20 ёшгача ва 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган китобхонлар учун алоҳида-алоҳида иккита қимматбаҳо ютуқлар қўйилди ва уларнинг ғолиблари телевидение, интернет нашрлари орқали реклама қилинди. Бироқ фақатгина китобхон танловлари ўтказилган кезлардагина китоб ўқиш масаласи жамиятнинг эътиборини тортмоқда, тегишли масъул давлат тузилмалари, мактаб ва лицейлар ва ОТМлардаги талабалар орасида ҳам ўқитиладиган предметлардан ташқари бадиий, илмий-оммабоп ва илмий асарлар ўқиш ҳали оммавий тус олгани йўқ.

Бошқа тарафдан, китобни танлашга жиддий эътибор бериш, дуч келганини эмас, саралаб ўқиш керак. Ўқиган китобимиз фикрлашимизни, дунёқарашимизни ижобий томонга ўзгартириши, муаммоларимизга ечим топиши, ҳаётимизни тўғри ўзанга солиши лозим.

Бугун жамиятнинг энг ўқимишли қатламида ҳам таҳлил этиш қобилияти кам. Натижада, оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқларда ким нима деса, лаққа тушиш ҳолатлари кўпайган. Бунга ҳам айнан китоблар мутолааси камайиб кетгани сабабдир.Аслида ўқиш мактабни ёки университетни тамомлаш билан тугаб қолмайди, у бутун умр давом этиши керак бўлган амалдир!

Ҳозирги ёшлар, айниқса, ўқувчи ва талабалар, уларнинг шахс бўлиб шаклланиш босқичи (7-14 ёш ораси) ахборот технологиялари инқилоби маҳсулотлари (компьютер, Интернет, таблоид...) оммавий фойдаланилган даврга тўғри келди (дунё миқёсида ҳам шундай). Шу сабабли улар анъанавий китоб ва китобхонликдан бирмунча узоқлашдилар ва турли хил ахборотларни аудио-визуаль йўл билан қабул қилишга мойилдирлар. Шу сабабли ёшларнинг Интернет орқали ва компьютер, таблоидлар ёрдамида китоб ўқишини эътиборга олиб, Ziyo NET ва Ziyouz каби порталларга PDF, Doсx каби форматларда юкланган бадиий ва илмий адабиётларга йўналтириш лозим. Жумладан, Ziyouz порталидаги қуйидаги китоблар ҳозир ёшлар орасида энг машҳурлигини эътиборга олиб, ҳар бир академик гуруҳда шу сайтлардаги PDF, Doсx каби форматларда юкланган адабиётларни ўқиш кераклигини тарғиб қилиш зарур.

Ziyouz.com портали томонидан интернет тармоғида ўтказилган «Ёшлар нима ўқияпти?» мавзусидаги сўровномада ёшларнинг қандай китоблар мутолаа қилаётгани ўрганилган. Бу сўровнома якунларига кўра, ёшлар томонидан энг кўп ўқилаётган китоблар рўйхати 97 номдан иборатдир (қаранг: http://davronbek.ziyouz.com/?p=2037).

ОТМларнинг Ахборот-ресурс марказларида ушбу китоблардан махсус фонд ташкил этиш лозим, агар улар китобсақловларда мавжуд бўлмаса, Ziyouz ва Ziyo NET порталларидан бу китобларнинг PDF, Dosx каби форматлардаги шакллари нусха олиниб, АРМларнинг сайтига ёхуд компьютерларига юклаш лозим бўлади.

Масаланинг бошқа тарафи ҳам бор. Ҳозирги пайтда олий ўқув юртларининг ўқув-ишчи режаларида алоҳида «мустақил ўқиш» соатлари бор ҳамда ҳар бир талаба берилган адабиётлар рўйхатидаги илмий адабиётларни ўқиб-ўзлаштириши лозим. Аммо, бу усул кутилган натижаларни бермаётгани, у талабанинг адабиётларни бир неча саҳифасини ўқиб шоша-пиша конспект қилиши билан чегараланиб қолаётгани ҳам маълум. ОТМларнинг 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб янги, дунё стандартларига яқинлаштирилган ўқув режа ва дастурларига ўтаётганининг замирида фанлар, предметлар бўйича асосий билимларни талабанинг ўзи ўқиб-ўзлаштириши кераклиги фактори ётибди. Агар бу жараён ҳам шу пайтгача бўлиб келган «мустақил ўқиш» тусини олса, кутилаётган натижаларга эришиш қийин.

Ҳар бир инсон оламни ўз она тилиси воситасида танийди, унинг тасаввурлари, тушунчалари ва қадриятлари она тили орқали унинг онги ва тафаккурига жойлашади. Фанда буни ҳар бир кишида мавжуд бўлган «оламнинг лисоний манзараси» дейишади. Инсондаги «оламнинг лисоний манзараси» энг кичик ёшлардан бошлаб болани табиат, фольклор, адабиёт, санъат, ижтимоий ҳаёт, жисмоний тарбия, спорт, гигиена каби соҳалар билан таништириш орқали шакллантирилади, расмли эртак китоблар, мактаб дарсликлари, болалар адабиёти бу жараённинг ажралмас қисмидир. Бу боланинг онгида шаклланган «оламнинг лисоний манзараси» эди. 10-12 ёшдан кейин эса инсоннинг бутун ҳаёти ва келажаги мазмунини белгилаб берадиган ҳақиқий, илмий билимларга асосланган «оламнинг лисоний манзараси» шакллана бошлайди. Бу манзарани эса китоб мутолаасисиз, китоб орқали билим ва кўникмаларни, тушунчаларни ўзлаштиришсиз шакллантириб бўлмайди. Афсуски, амалий тажриба бугунги талабаларнинг 50-60 фоизи ана шу талабларга жавоб бера олмаётганини кўрсатмоқда... Чунки, вақти-замонида улар китоб ўқиш билан шуғулланмаган ва натижа ўлароқ уларнинг онгида шаклланган «оламнинг лисоний манзараси» мўрт, янги билим ва тасаввурларни қабул қилишга мос келмайди, чегараланган, тор, янгиликларга очиқ эмас...

Хуллас, аҳоли ва ёшлар ўртасида китоб ўқиш анъанаси ва китобхонлик маданиятини тиклаш учун тарғибот-ташвиқот ишлари билан бирга китоб ўқиш учун тегишли инфраструктурани барпо қилиш ишлари ҳам параллель олиб борилиши керак. Бу иш кампания тарзида эмас, тизимли равишда ҳар куни амалга оширилиши керак. Бу ишнинг шакли, усули, кўриниши, ташкилий жиҳатлари қанча кенг ва серқамров бўлса, шунча яхши. Ахир биз энг камида бир авлод умри каби катта замон билимини йўқотдик...

Ушбу сатрларни ёзар эканман, буюк маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир» деган чуқур маъноли сўзларини эсладим. Ҳақиқатан ҳам бугун, XXI асрнинг дастлабки чорагини якунлар эканмиз, «китоб мутолааси биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир», дейиш ўринли...

 

Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ,

Самарқанд давлат университети филология факультети декани, профессор.



DB query error.
Please try later.