23.04.2019

МАКТАБ ДИРЕКТОРИ НЕГА ИШДАН БЎШАТИЛДИ?

Бу воқеа шу кунларда бўлаётганига ишониш қийин. Аммо бу аччиқ ҳақиқат.

2017 йилнинг 28 ноябрь куни соат тушки 13 лар атрофида Урганч шаҳридаги 24-сонли мусиқа ва тасвирий санъатга йўналтирилган мактаб директори Зарифбой Иброҳимов иш кабинетида қон босимини мўътадиллаштирувчи дори ичиб ўтирганди, тўсатдан хонасига икки йигит кириб келади ва «Сиз ичган экансиз, олиб кетишга келдик!» дейишади. Директор таажжубда қаёққа эканлигини сўраганида, экспертизага бориши шартлигини айтишади. Булар Урганч шаҳар прокуратураси ва шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари бўлиб, З. Иброҳимовни ўқувчилар ва устозлар кўз ўнгида олиб кетишади.

Урганч туман шифохонасида шифокор кўригидан ўтказилганда З.Иброҳимов спиртли ичимлик истеъмол қилмагани маълум бўлади. Аммо ҳуқуқ ходимларига «топшириқ» жиддий берилган кўринадики, улар бунга қаноат қилмай, З. Иброҳимовни вилоят суд тиббий экспертиза бюросига олиб бориб, қайта текширувдан ўтказишади. Ундан қон олишади.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари директорни қайтариб, ўз хонасига олиб келиб, энди ундан шаҳар прокурори номига «орган ходимларига эътирози йўқлиги ҳақида тилхат» ҳам олишади.

 2017 йил 29 ноябрь санасида Хоразм вилоят суд тиббий экспертиза бюроси томонидан берилган хулосада З. Иброҳимовнинг ҳеч қандай спиртли ичимлик ичмагани қайд қилинган.

Бироқ воқеа шу билан тўхтамади. Бу ҳаракат санъат билим даргоҳи директорини вазифасидан олиб ташлаш учун кимнингдир топшириғи бўйича «махсус операция»нинг бошланиши эди. Бундай дейишга асосимиз етарли.

 Яъни, айни ўша 28 ноябрь куни директор З. Иброҳимов бир танишининг юбилейида иштирок этаётган эди. Соат 12:31 да унинг қўл телефонига вилоят прокуратураси бўлим прокурори Гулшан Ўрозбоева қўнғироқ қилиб, мактабдан ўз аризасига биноан бўшаб кетган бир ходимни ишига тиклаш кераклигини айтади. З. Иброҳимов бир тадбирда экани, бу масалада сал кейин қўнғироқ қилиб, ҳаммасини тушунтиришини, хоҳласа мактабга келиб, жамоа билан учрашиб, аҳволни ўрганишини илтимос қилади.

Ўртада бўлган бошқа гап-сўзларни айтишдан чекланамиз. Чунки ортиқча баҳс-мунозарага йўл қўймоқчи эмасмиз.

 З. Иброҳимов тадбирдан қайтиб, асабийлашганидан қон босими кўтарилиб, дори ичиб ўтирганида юқорида айтганимиз — орган ходимлари хонасига кириб келишади...

 У прокурорга бировнинг юбилейида ўтирганини айтганди. Бундай тадбирда кўпчилик озроқ бўлса-да спиртли ичимлик ичиши табиий. Эҳтимол, прокурор ҳам уни ичган бўлса керак, деб ўйлагандир. Иш вақтида ичган раҳбарни вазифасидан бўшатиш осон-да. Бироқ З.Иброҳимов спиртли ичимлик ичмаган эди.

 ...2018 йилнинг 28 март куни соат 19 дан 10 дақиқа ўтганда («ажрим»да айнан шундай ёзилган) жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбланаётган З. Иброҳимовни «вилоят прокурори ўринбосарининг айбланувчини лавозимидан четлатиш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиб» лавозимидан четлатиш бўйича ажрим чиқаради.

 Унга тақалаётган айбларда мактаб директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Р.Мадаминов ва ҳисобчи лавозимида ишлаган Р.Ниёзметовалар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, Р.Ниёзметованинг опаси С.Ниёзметова супурувчи вазифасида ишлаган бўлса-да, ишга келмагани, аммо тебелларда ишлади, деб тўлдирилгани, шунингдек, З.Оллаберганова буйруқда фаррош бўлса-да, ошпаз ёрдамчиси бўлиб ишлагани, дурадгор штатига ишга қабул қилинган У. Зарипов ҳам ошпаз вазифасини бажаргани, фаррош З. Рўзиева ҳам ўзига юклатилган вазифани бажармай, бошқа ишларда ишлагани кабилар кўрсатилган. Бир вазифани бажармай, бошқа вазифада ишлаган, шу тахлит раҳбар айби билан давлатнинг катта маблағи талон-тарож қилинганмиш.

 ...Иш судгача боради. Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди 2018 йил 4 июль куни ҳукм чиқаради. Ҳукмда етказилган зарар қоплангани инобатга олинади ва Зарифбой Иброҳимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан жазодан озод қилинади.

 Айнан мазкур ҳукмда «Ҳукм қонуний кучга киргач, жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг 2018 йил 28 март кунги лавозимидан четлаштириш ажрими бекор қилиниши» кўрсатилган.

 Ҳукм қонуний кучга кириши учун норози тарафлар ўн кун ичида кассация тартибида шикоят ёзиши ёки прокурор протест киритиши керак эди. Прокурор протест киритмаган. Суднинг адолатли қарори юзасидан З. Иброҳимов республика Судьялар олий кенгаши раиси У.Мингбоев номига «миннатдорлик хати» юборган. Ахир ҳар ким ҳаётда хатога йўл қўйиши мумкин. Директорнинг «айби» ходимларнинг бошқа штатда ишлатиб, бошқа вазифани бажартирганида эди. Демак, бир қараганда улар ишламай маош олишган эмас. Бу талон-тарожлик эмас, яъни масъул раҳбар бу ўринда бирор манфаат кўрмаган. Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди масаланинг ана шу томонига эътибор қаратмаган.

 Кейин нима бўлди, дерсиз? Бўлиб ўтган ғалати воқеаларни З. Иброҳимов шундай баён қилади: «Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Э. Худойназаров ҳузурига ишимни давом эттириш бўйича билдирги билан кирдим. У билдиргимга имзо қўйиб, кадрлар бўлимига топширди. Мактабда вақтинча директор бўлиб ишлаётган Б. Муродовдан комиссия тузиб, муҳр, штамп ва бошқа буйруқ дафтарларини баённома асосида менга топшириш вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б. Тиллаев ва Урганч шаҳар халқ таълими бўлими мудири Қ. Гаффоровларга юклатилди.

2018 йил 19 июлдан яна ўз вазифамни бажаришга киришдим. Менга шаҳар халқ таълими бўлими мудири Қ. Гаффоров «Суд ҳукмига асосан ўзингизга буйруқ ёзиб ишлайверасиз», деди. Орадан тўрт кун ўтиб, яъни 2018 йил 23 июль куни вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг мени ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруғи келди. Ҳайрон бўлиб, Э. Худойназаров ёнига борсам у: «Буйруқни ўзгартириб берамиз, ишлаб тураверинг. Бу ҳозир бировларни тинчлантириш учун керак!», деди.

Вилоят ҳокими ўринбосари С. Салоев кабинетида мазкур масалага ойдинлик киритиш учун бордик. Вилоят халқ таълими раҳбарлари шу ерда яна «Буйруқ вақтинча эди, ўзгартириб берамиз, ишлайверсин!» дейишди.

 Аммо прокуратура босими давом этаверди. Бу ҳолатда асабларим дош беролмаслигини, соғлиғимни издан чиқаришимни ўйлаб, 2018 йил 2 октябрдан пенсияга кетишим ҳақида раҳбарият билан келишдим. Ниятим — 1 октябрь куни касбий байрамимизни нишонлаб, жамоа билан хайрлашиш эди.

 Аммо орадан ўн бир кун ўтгач, вилоят халқ таълими бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи Й. Собиров ва шаҳар халқ таълими бўлими мудири Қ. Гаффоровлар ички ишлар ходими билан келиб, мендан муҳр ва штампни топширишимни талаб қилишди. Ҳамма ҳужжатларни янги директор Д. Какаевга топширдим. Бу машмашалар давомида мактабимиз саккиз ойда тўрт директор кўрди. Бу ҳолат ўқув жараёнига салбий таъсир кўрсатгани табиий...»

 Ўзига нисбатан бўлаётган бу адолатсизликдан зада бўлган З. Иброҳимов фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига вилоят халқ таълими бошқармасининг 2018 йил 23 июлдаги буйруғини бекор қилиб, ўз вазифасига тиклаш ва мажбурий прогул кунлари учун қонуний иш ҳақини ундириб бериш ҳақида даъво аризаси киритади. Мазкур суднинг 2018 йил 7 декабрдаги «ҳал килув қарори» билан унинг даъво аризаси қисман қондирилади. Яъни, суд вилоят халқ таълими бошқармасининг 2018 йил 23 июлдаги буйруғини ғайриқонуний, деб топиб, бекор қилади ва З. Иброҳимов директор вазифасига ишга тайинланади, мажбурий прогул кунлари учун эса унга иш ҳақини ундириб беради.

 «Ундириб бериш» ҳам ғалати кечганини айтиш керак. Вилоят халқ таълими бошқармаси суд қарорини ижро қилиб, З. Иброҳимовни ўз вазифасига тиклагач, бошқарма ғазнасида пул йўқлиги учун кейинчалик тўлаб бериш шарти билан ундан мазкур 15 миллион 164 минг 822 сўмни олдим, деган мазмунда тилхат ундиришади.

Қизиқ ҳолат: директор «Майли кўп йиллардан буён ишлаётган соҳам», деб тилхат ёзиб берган. Лекин пул унга қандай берилган? Халқ таълими бошқармаси ҳисобидан бу маблағ қай йўсинда тўланган? Бу саволлар ҳамон жавобсиз.

 З. Иброҳимовдан «тилхат»ни олиб, шу билан МИБни ишонтирган вилоят халқ таълими раҳбарлари яна бир йил муқаддам бошланган «операцияси»ни, аниқроғи, «топшириқ»ни бажаришда давом этишади.

 Қўлимизда икки ҳужжат бор. Ҳар иккиси ҳам вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят аппеляция судлов ҳайъатига келтирилган аппеляция шикояти. Уларнинг ҳар иккиласига ҳам вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Х. Бектимиров имзо қўйган. Аммо, иккисида икки хил имзо. Бу аппеляция шикоятлари 2019 йил 4 февраль санасида бериляпти. Бундан ташқари, Урганч шаҳар прокуратураси томонидан 2019 йил 12 февралда аппеляция тартибида протест ҳам келтирилган.

 Ваҳоланки, фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди 2018 йил 7 февралдаги ҳал қилув қарорига норози тараф аппеляция тартибида шикоят бериши, прокурор протест келтириши учун 20 кунлик муддат белгилаганди. Бироқ жиноят ишлари бўйича Хонқа туман судининг 2018 йил 4 июлдаги ҳукмига ҳеч бир томон норози бўлиб, шикоят аризаси, прокурор протести киритмаган. Айнан шу суд ҳукми билан З.Иброҳимов ўз вазифасига қайта тикланган эди.

Вилоят прокурорининг вояга етмаганлар ҳақидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бўйича ёрдамчиси Г. Ўрозбоева ҳамда Ю. Қаландарованинг ҳатти-ҳаракатларига қонуний баҳо беришни сўраб юқори турувчи органларга ёзилган шикоят аризаларига муносабатни кўриб кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан киши.

 2017 йил 21 декабрда вилоят прокурорининг ўринбосари О.Шомуротов аризачига юборган «мурожаатга жавоб хати»да шундай жумлалар бор: «Шунингдек, спиртли ичимлик ичганлигингиз ҳолатига аниқлик киритиш мақсадида шифокор кўригидан ўтказиш учун Урганч туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилганингизда, суд-тиббий экспертизадан ўтказишни сўраганингиз сабабли шифокор томонидан берилган йўлланма экспертизадан ўтишингизга асос бўлганини маълум қиламан».

Бу жавобда мантиқ қани? Қайси фуқаро ўзи шифохонага бориб, мени ичганимни аниқлаб беринглар, деб мурожаат қилади?!

З. Иброҳимов ўз аризаларида Г. Ўрозбоева томонидан телефон орқали босим қилингани исботи сифатида Ucell компаниясининг айни шу саналарда 94 314 11 55 рақамли телефонига вилоят прокуратурасининг 224 11 39 рақамли хизмат телефонидан икки марта қўнғироқ қилингани ҳақидаги маълумотномасини ҳам илова қилганди. Аммо бу телефон рақамлари кимга тегишли, уларда нима гаплашилгани ҳақда бир оғиз гап йўқ. Нега?!

 Ҳа, дарвоқе, айнан Г.Ўрозбоева бир педагогни ишга тиклаш ҳақида З. Иброҳимовга босим ўтказгани, аммо у қонуний ишлашини айтиб, бу буйруқни бажармаганидан сўнг барча мажоролар бошланганди. З. Иброҳимов вазифасидан четлаштирилган вақтда унинг ўрнига директор бўлган Д. Какаев 2018 йил 5 сентябрда ўша педагогни ишга олган.

 Зарифбой Иброҳимов Г. Ўрозбоева муқаддам ҳам телефон орқали босим ўтказгани ҳақида куйиниб гапиради: «Мактабимизга ўқувчилар имтиҳон асосида танланиб, қабул қилинади. Имтиҳонлар августда бўлиб ўтади. Август ойи охирларида Г. Ўрозбоева қўнғироқ қилиб, бир ўқувчини қабул қилишимни талаб қилди. Мен имтиҳонлар тугаганини айтсам, эшитишни ҳам истамади. Прокурор босими шу даража бўлдики, у айтган ўқувчини ўқишга қабул қилдик. Бундай ҳолатлар якка эмас».

Ҳа, дарвоқе, 2019 йилнинг 26 март куни фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят суди апеллация инстанцияси Ж. Файзуллаев раислигида фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2018 йил 7 декабрдаги ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан келтирилган апеллация шикояти ва Урганч шаҳар прокурори томонидан келтирилган апеллация протестини кўриб чиқди ва «...келтирилган апеллация шикояти ва протест қаноатлантирилмасдан қолдирилсин» деб ажрим чиқарди.

Зарифбой Иброҳимов суднинг адолатли ажримидан мамнун.

 ... «Ўзбекистон халқ таълими аълочиси», жамоатчилик асосида «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раисининг кексалар билан ишлаш бўйича ўринбосари бўлган Зарифбой Иброҳимов ҳозирча директор бўлиб ишлаяпти, жамоат ишларида фаол қатнашмоқда. Аммо кўнгли нотинч. Негаки, унга қарши «операция» зимдан давом этаётганини сезиб турибди.

Бўлган бу нохуш воқеани таҳлил этиб, ўйлаб кўрайлик, агар директор прокурор гапини «хўп бўлади», деб олганда табиийки, бошига бу ғавғолар тушмасди. Бу аниқ, аммо масаланинг иккинчи томони тушунарсиз. Прокуратура ходими унга нега қўнғироқ қилаяпти, нега мактабнинг ишига нега асоссиз аралашяпти, нега унинг бу ҳаракатларига раҳбарият қонуний баҳо бермаяпти?..

Биламиз, кимлардир бу саволларга жавоб бериш ўрнига турли баҳоналарни рўкач қилиши, чалғитувчи гап-сўзларни кўпайтириши мумкин. Аммо биз бугун қандай ислоҳотлар жараёнида яшаётганимиз, қандай талаблар қўйилаётганини ўйлаб кўрайлик: нималар дейилаяптию биз нималар қиляпмиз?

 

Рўзимбой ҲАСАН,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: