23.04.2019

«ИШОНАСИЗМИ, ФАМИЛИЯМНИ ЭСЛАЙ ОЛМАДИМ?!»

60 ёшга кираётган онанинг аламли ҳикояси...

Андижон вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова қўл телефонимга қайта қўнғироқ қилганида, Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгашида эдим. Манзура опа билан кўришиб, ўтган йили иш бошлаган тикув цехига йўл олдик. Манзилга етгунга қадар вилоятда аёллар турмуш тарзини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида суҳбатлашдик.

Маълум бўлишича, Андижон шаҳар Мустақиллик МФЙ «Мустақилликнинг 27 йиллиги» тикувчилик мажмуасида 300 нафарга яқин опа-сингилларимиз иш билан таъминланган. Уларнинг аксарияти эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган фарзандлари бор, жазони ўташ муассасаларидан қайтган ва яна бошқа турли қийинчиликларга дуч келган, ижтимоий оғир вазиятга тушган аёллар экан. Катта жамоа махсус кийимлар тикиб, вилоят аҳлига етказиб бермоқда. Манзура опанинг сўзларига қараганда, ўтган йили август ойида иш бошлаган ушбу мажмуа 800 миллион сўм атрофида даромад кўрибди, ушбу маблағ ҳисобидан 45 нафар ишчига уй харид қилиши учун бошланғич бадаллар тўлаб берилибди.

Тикувчилар орасида ёши энг каттаси билан суҳбатлашдик. Аёлнинг аянчли тақдири, кўрган-кечирганларини эшитиб, кўзимизга ёш келди. Оғир вазиятга тушиб қолган аёлларни кечириш, тушуниш ва қўллаб-қувватлаш сиёсати жуда муҳим эканига гувоҳ бўлдик. Онахоннинг мураккаб ҳаётидаги ҳикоясини тинглаган киши буни тушунади.

 

Муҳаббат (исми ўзгартирилган) опанинг ҳикояси

1961 йил Андижон вилояти, Пахтаобод туманида туғилиб, ўсганман. 3 ўғил, 2 қизим бор. Биринчи марта турмушга чиққанимда ҳали 17 га ҳам тўлмагандим. Жуда яхши оила эди. Тақдир экан, турмушим узоқ давом этмади. Фарзандим 6 ойгина яшади. Орадан кўп ўтмай турмуш ўртоғим ҳам оламдан ўтди. Натижада ота ҳовлимга қайтдим. 23 ёшга тўлгач, Андижон шаҳрига келиб, дўконга ишга кирдим. Ана шу вақтда бир инсонга сўрашди. Иккинчи рўзғор сифатида. Шаръий никоҳ билан турмуш қурдим. Эримнинг ичкиликка муккасидан кетганини, қимор ўйнашини билмагандим. Шунга қарамай, у одам билан яшашда давом этдим. Калтаклашлари, гуноҳ ишларига чидадим. Иккинчи турмушим бўлгани учун сабр қилишга мажбурман, деб ўйлардим. У одамдан 4 нафар фарзанд кўрдим. 1991 йилда ўзгаларнинг уйига босқинчилик қилганларнинг юкини шахсий автомашинасида манзилига олиб боргани учун шерик сифатида 7 йилга қамалиб қолди. Ўша вақтда қўлимда бир ойлик чақалоқ билан қолгандим.

Болаларни боқиш, рўзғор тебратиш зиммамга тушди. Кўкат, кейинчалик тамаки маҳсулотлари ва ҳар хил дори-дармон олиб сотдим. Фармацевтика факультетида сиртдан ўқийдиганларнинг китобларини олиб, ўқиб-ўрганиб, дорихоначи бўлиб ишладим. Йиллар ўтиб, болаларнинг харажатлари ҳам ортиб борди. 1998 йил эди, чамаси, Ҳиндистондан дори-дармон олиб келиш билан шуғулландим. Ўшанда 10 минг дона дорини бошқа бир шахсга сотганман. Унинг наркотик модда сифатида баҳоланишини билмагандим. 2001 йилда 7 ой қамалиб чиқдим. Ҳозир ўйласам, ўша ишларни қилишга мажбур эдим. Чунки эрим қамалиб қолгач, қайни отам уйни сотиб, ўғлимни олиб чиқаман, деб бизни уйдан ҳайдаб юборди. 4 болам билан ижарада қолдик. Акаларимдан ҳам хафа эмасман. Бирининг 11, бошқасининг 9, яна бирининг 13 нафар фарзанди бор эди. Шу боис улар менга эмас, мен уларга ёрдам берардим. Хуллас, ҳаётнинг синовли кунлари давом этди.

Айланма маблағим у қадар кўпмасди. Одамларнинг ишончини қозонганим учунми, сотиб, кейин пулини беришга маҳсулот олардим. Масалан, битта юк машинасида сигарета келса, ўшани Қўқон шаҳрига олиб бориб сотардим. Пулини бир неча кун ичида йиғиб беришга келишардик. Фойданинг 25 фоизи менга тегарди.

Биринчи марта Ҳиндистондан олиб келинган дориларни Қўқондаги дори бозорида тожикистонликларга сотганман. Улар автобусда олиб кетаётган вақтда қўлга тушган. Қамалдим, пул ҳам, тилла ҳам, орттирилган бойликлар, ижарага берилган машиналар ҳам кетди. Фақат болаларим қаровсиз қолгани мени қийнарди. 7 ойнинг ўтиши осон бўлмади. Ёпиқ ҳолатда давом этган тергов ва суд жараёнларидан сўнг 8 сентябрда қўйиб юборишди.

Қамоқдан қайтганимдан кейин жуда қийналдик. Ўзим шок ҳолатида, тергов, суд ва қамоқхона таъсиридан қутилиш осон кечмади. 25 минг сўм пул билан қолгандик. Фақатгина пиёз, ёғ ва қотирилган нонлар бор эди. Пиёзни қовуриб, нон билан димлаб едирардим фарзандларимга. Бир неча ой шу тариқа яшадик. Бир куни Қўқон шаҳридаги қарздорлардан пулларимни олгани бордим. «Тико» автомашинасида рулет юкланганини кўрдим. Ҳайдовчи бир киши бўлса кетаман, деб турганди. Ўша машинага ўтиришга қарор қилдим. Ҳайдовчидан маҳсулотни қаердан олгани ва қаерга олиб боришини сўрадим, улгуржи бозорга олиб кетаётган экан. Ундан 5 та рулет олдим. Негалигини билмайман, ўша вақтда ичимдаги овозга қулоқ солдим. Дўконларга бирма-бир кириб, сотувчилардан, дўкон эгаларидан харидор изладим. Биридан 2 тонна, яна биридан 3 тоннага буюртма олиб чиқдим. Бир одам Тошкентга етказиб бера олсам, 5 тонна олишини айтди. Килосига 900 сўмдан берадиган бўлди.

Шундан кейин Андижонга келдим. Рулет тайёрлайдиганларни қидириб топдим. Ҳар душанба эрталабга, пайшанба кечга 10 тонна рулет кераклигини айтдим. Килосига 300 сўмдан беришга келишдик. Улар дарров рози бўлишди. Қўқон шаҳридан йиғиб келган пулни 2 тоннасига тўладим, 8 тоннаси қарзга бериладиган бўлди. Қўқонга олиб бориб, уларни нақд пулга сотдим. Рулет тайёрловчиларга қарзни тўладим. Шунда цех эгаси ун ва тухум етказишда ёрдам сўради. Андижон шаҳридаги «жаҳон» бозорига бордим. Тухум сотадиган билан гаплашдим, ҳафтасига 10 минг дона сотиб беришга келишдик. Хуллас, ҳар томонлама ишим юришиб кетди. 2005 йилгача Қўқонда яшадик.

Андижонга қайтгач, ижарада яшай бошладик. Инсон эканман, мен ҳам бир инсонга кўнгил қўйдим. У билан шаръий никоҳда яшай бошладик. 2007 йилда бешинчи фарзандим — ўғлим туғилди. Бу орада иккинчи турмуш ўртоғим қамоқдан қайтди. Икки ўғилни берасан, деди. Уларни қийналиб катта қилдим, деб аввалига рози бўлмадим. Ўғлим дадасининг қизи билан уйимиздан тиллаларни олиб чиқиб кетганида 13 ёшда эди. Шу баҳона бўлиб, эримнинг таклифига рози бўлдим. Ўғил болага ота керак, деган фикрга келдим. Уруш-жанжаллар, тортишувлардан кейин икки ўғлимга уйни 2 сотихдан бўлиб берадиган бўлди.

Узр, гапларим кўплигидан воқеалар аралашиб кетяпти. Чунки буларнинг барчаси бир вақтда, менинг ҳаётимда рўй берган.

Хуллас, ишимни ўзгартирмоқчи бўлдим. Жиддийроқ, катта ишга қўл уришни режалаштирдим. Ўша вақтларда Қирғизистондан машина олиб келиш авжига чиққанди. Шу иш билан шуғулланишга ҳаракат қилдим. У ердан 6 миллионга сотиб олинган машинага худди шунча бож тўланади. Таъмирлаш ва яна бошқа харажатлар билан 19-20 миллионга тушган автомашинани 35-40 миллионга сотардик. 2007 йил 30 дона машина олиб келдим. Ўша вақтда божхоначилар автомобилларни чегарадан ўтказишга рухсат бермади. Нима қилишни билмай бошим қотди. Машиналарни Бишкекка олиб бориб, 300 доллардан рақам ва тех паспорт олдим. «Айдана» деган фирма очиб, машиналарни ижарага бердим. Ўша пайтда ойига 45 доллар тўланса, хориж автомашинаси Ўзбекистонда 3 ойгача юриши мумкин эди. Мен 10 та машинага 1,5 минг доллар тўлаб, бу ёққа олиб ўтдим. 3 ой ичида таъмирлаш ҳисобига уни ўз номингизга олиш мумкин эди. 10 та машинага харидор топдим. Турли вилоятлардан одамлар келиб, 6 миллион сўмдан сотиб олишди. Улар менга 3 миллиондан келганди. Ҳар бири божхона тўловини қилиб, ўз номига ўтказиб олиши ҳақида тилхат берган. Бу 2007 йил бўлган эди. Орадан 3 йил ўтгач, божхонадан, прокуратурадан менинг номимдаги машиналар ноқонуний юргани ҳақида хат келди. 6 та машина қайтарилди. 6 миллиондан олинган пулларни эгаларига қайтардим, 10 машинани 10 миллион 600 минг сўмдан мусодара қилиб юборишди. Яна ҳибсга олишди. Очиқ айтавераман, ўшанда ўғлимга прокурор 10 минг доллар берсанг, онангни чиқариб оламиз, деган экан. Болам уйдаги машинани ўша прокурорнинг қизининг номига ўтказиб берган. Мен хотиржам юраверганман. Лекин барибир мени қамашди. Иккинчи марта 1 йилу 8 ой ўтириб чиқдим.

Қамоқдан қайтгач, 2007 йили харид қилинган 10 машинадан тўрттаси топилмагани ҳақида эшитдим. Суриштирсам, 4 машина қачон топилса ҳам, 100 ёшга кирганимда ҳам жазоланар эканман. Буни билгач, 2010 йил 27 августда Ангренга бориб, ички ишлар бошқармаси бошлиғига ариза ёздим. Текширишга ваъда беришди. Шу вақтда терговчиларнинг бошлиғи андижонлик йигит эди. Ўша йили 29 ноябрда яна менга жиноий иш очилди. Ваҳоланки, ўзим мурожаат қилганман, терговчи билан боғланиб турганман. Лекин буни инобатга олишмади. Учинчи марта судланишим бўлгани учун 7 йилу 6 ойга қамалиб кетдим. Ўшанда умуман тушкунликка тушиб, карахт аҳволда 6 ой яшадим. Ҳаттоки танамга игна санчилса, сезмасдим. Ҳис-туйғуларим, бутун умидим ўлди. Андижон шаҳри Шевченко кўчасидан келишув асосида уй сотиб олгандим. 10 миллионини бериб, қолганини бўлиб тўлашим керак эди. Қамалиб қолганимдан кейин у ердан болаларимни чиқариб юборишди. Улар кўчада қолди. Орқамдан икки ўғлимни турли йўллар билан қўлга тушириб, қамоққа олишган, катта қизим 17 га ҳам тўлмаганди. Ўғлимнинг оғайниларидан бири ёқтириб, унга уйланмоқчи бўлибди. Онасини мен билан учрашувга юборибди. Қизим рози бўлди. Шу тариқа қамоқдалигимда акамнинг номига олинган автомашинани сотиб, узатишибди. Бечора қизим ота-онаси тирик туриб, етимлардек турмушга чиқди. Ака-укаларим оғир кунларимда тиргак бўлмади, мадад бермади. Майли, балки мен шунга муносибдирман...

Орадан бир қанча вақт ўтгач, тикув цехи очилди. Ўша ерда ишлай бошладим. Бир ўзим бир неча кишининг ишини қилардим. Мақсадим бир дақиқа ҳам бекор қолмаслик эди. Нозирлардан илтимос қилиб «Мен кучим етганича тикай, кўзимга уйқу келмайди», десам рухсат беришарди. 300 нафар аёлга бригадир қилиб тайинлашди. Кечалари кўзимни юмгим келмасди. Гўёки ухласам, қайта уйғонмайдигандек қўрқардим.

Орадан 5 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, телевидениедан келишди. 49 миллионгача қарзи борларни йиғишди. Мен ҳам уларнинг орасида эдим. Исм-шарифимни сўрашганди, ишонасизми, фамилиямни эслай олмадим?! Шу сабаб бўлиб, менинг «ишим» қайта кўриб чиқилди. 6 йилда, яъни муддатидан бир ярим йил олдин жазодан озод этилдим. Бироқ негадир хурсанд бўлмадим. Боришга жойим, на бошпанам, на бир ишим бор эди. Нима қиларимни билмай, бир неча ой қизимнинг уйида яшадим. Еганим ичимга тушмасди, кечалари кўзимга уйқу келмасди. Кенжа ўғлим билан амаллаб бир уйни ижарага олдик. Тинмай ишлаб ҳам ижара, ҳам тирикчиликка пул топади болам. Уйсиз, ишсиз юриб, кўп жойга мурожаат қилдим. Пешонани қарангки, на турмуш ўртоқ, на уй ва на фарзандларим билан яшаш бахти насиб қилди...

Тўғриси, ҳеч қачон йиғламайман, деб қўйгандим. Айбдормасман, демайман. Адашганман, осон йўл билан кўпроқ пул топишга уринганман. Болаларимни яхши едириб, яхши кийинтиришни хоҳлаганман. Ҳар гал тўғри йўлдан бошлаб, нотўғри йўлларга кириб қолаверганман. Менинг қилмишларим фарзандларим тақдирига ҳам ёмон таъсир қилди. Ҳозирда икки ўғлим жазони ўташ муассасаларида. Бир неча йиллардан бери айрилиқдамиз. Она учун бундан оғир жазо бўлмас экан. Қизимнинг турмуши ҳам осон кечмади, аммо сабр қилди...

Уй-жой сўраб ҳокимиятга мурожаат қилдим. Хотин-қизлар қўмитасига ариза топширдим. Лекин бир неча марта навбатдан қолиб кетдим. Имтиёзли кредит сўрадим, уйсизлигим сабаб берилмади. Сабрнинг таги олтин экан. Яқинда имтиёзли кредит эвазига уй олиш учун бошланғич бадални тўлаб беришди. Ишлаяпман, шу билан овуняпман. Ёшим олтмишга бориб қолди. Оёқларимдаги томирлар чиқиб, варикоз хасталиги авж олган. Шифохонага борганимизда шифокор «15 дақиқа вақти бор, зудлик билан операция қилиниши керак», деди. Умрим бор экан, сақлаб қолишди. Мана, яшаяпман. Ҳеч нимани орқага қайтариб бўлмайди. Умрим оқар сув каби ўтиб кетди. Энди биргина ниятим бор.Ўғилларимнинг озодликка чиққанини кўрсам, бу дунёда армоним қолмасди...

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

 Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.