23.04.2019

КИТОБСИЗ, БИЛИМСИЗ КЕЛАЖАК ЙЎҚ

Ангрен шаҳрида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Тошкент вилоят кенгаши ҳамкорлигида «Ёшлар учун бахтли ҳаёт» шиори остида анжуман ўтказилди.

Унда Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига урғу берилди. Ҳар бир ташаббус бўйича секцияларга бўлинган ҳолда иш олиб борилди. Маҳорат дарслари ўтказилди. Шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид сиёсатнинг устувор йўналишлари, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

— Ёшларда янги ташаббус ва таклифлар кўпаяётгани қувонарли, — дейди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Меҳрожиддин Дархонов. — Президентимиз илгари сурган бешта ташаббус бугунги кун талаби эканини ҳис этдим. Чемпионлар билан учрашув вақтида бир болакайнинг онасига қараб, «Мен ҳам жаҳон чемпиони бўламан, медалларим кўп бўлади», деганини эшитдим. Демак, яхши ташаббуслар албатта натижа беради.

Қўли-қўлига тегмай савдо қилаётган «Baraka kitob.uz» дўкони ходими Ниҳола Маҳмадалиевани гапга тутдик.

— Келганимизга ҳали кўп бўлмади, — деди у. — Лекин йигирмага яқин китоб сотдик. Биласизми, авваллари детектив, кўнгилочар руҳдаги қиссалар яхши сотиларди. Бугун харидорлар асосан тарихий, диний мавзуга оид асарлардан ҳамда дунё адабиёти дурдоналаридан сўрашяпти. Ўқувчиларда эса турли ўқув қўлланмалар, шеърий китобларга қизиқиш баланд. Айниқса, Худойберди Тўхтабоевнинг асарлари дўкон расталарида кўп турмайди. Ҳа, айтгандек, Обиддин Маҳмудовнинг «Фарзанднома» китоби ҳам ҳозир қўлма-қўл бўляпти.

Ёшларни китобхонликка тарғиб этишнинг янгича усулларини ўйлаб топишимиз керак. Масалан, хорижда китоб дўконларида муаллиф ўз асаридан парча ўқиб бериши одат тусига кирган. Бизда ҳам шу анъанани кенгайтириш лозим. Бу барча учун қизиқарли бўлади, деб ўйламан.

Ниҳолани ишдан қўймай, анжуман доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркаси томон йўл олдик.

      Бугунги ярмаркага учта бўш иш ўрни билан қатнашяпмиз, — деди «Ангрен Иссиқлик энергетикаси» ДУК ходими Муҳайё Исмоилова. — Ҳозиргина бир номзод билан суҳбатлашиб, ҳужжатларини қабул қилдик. Ярмарка давомида қолган иш ўринларига ҳам муносиб ходимларни ишга оламиз, деган умиддаман.

— Сиз журналистмисиз, — деб сўради Ангрен шаҳридаги 40-оилавий поликлиника ходимлар бўлими нозири Улуғбек Сотиболдиев. — Бир таклифимиз бор эди. Шуни газетангизда ёзсангиз. Мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидаги шифохона, оилавий поликлиникаларда тор мутахассисликларга, шунингдек, умумий амалиёт шифокорига эҳтиёж катта. Аксарият ҳолларда аҳоли тиббий кўрик учун марказга боришига тўғри келади. Бизнинг шаҳримизда ҳам шу каби ҳолатлар учраб туради. Ангренлик йигит-қизлар орасида Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олаётганлар анчагина. Бироқ уларнинг кўпчилиги пойтахтда ишлаш истагини билдиришади. Бироқ туғилган жойимиз ободлиги учун хизмат қилиш барчамизнинг вазифамиз, инсонийлик бурчимиз эмасми?..

Олдинлари ойлик маош камлигини айтишарди. Эндиликда эса ҳар уч-тўрт ойда шифокорларнинг ойлиги ошириб бориляпти. Таклифимиз шундан иборатки, клиник ординатурада ўқийдиган талабалар ўқиш жараёнини ҳудудлардаги шифохоналарда амалиёт билан бирга олиб борса яхши бўларди. Ҳудуд аҳолисининг кайфияти, тиббий маданияти ва бошқа кўплаб маълумотлар бўлажак шифокорга асқотарди.

— Бугун шаҳримизда катта байрам, — деди Ангрен шаҳар ҳокими Шукрулла Маҳмудов. — Фарзандларимиз чемпион ака-опаларига ҳавас қилиб, спорт тўгаракларига ёзилишди. Ота-оналар китоб ярмаркасидан болалари учун харидни амалга оширди. Ўйлайманки, бундай тадбирларни кўпайтириш керак. Соатлаб ўқилган маъруза ёшларнинг юрагига етиб бормаслиги мумкин. Аммо биргина юзма-юз мулоқот, меҳр билан ўқилган битта китоб уларнинг ҳаётини ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас. Ишонаманки, бугун бўлажак жаҳон, Олимпия чемпионлари мана шу тадбир сабаб қўлига биринчи бор чарм қўлқоп олишди ёки белига белбоғ боғлашди. Бизнинг мақсадимиз ҳам аслида шу.

— Болалигимизни бир ёдга олайлик, — дейди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Сайёра Файзиева. — Ота-онамиз қанча насиҳат қилмасин, уларнинг гаплари эмас, кўпроқ амалларидан ўрганганмиз. Барчамиз фарзандларимизга амалий ишларимиз, хатти-ҳаракатларимиз билан ўрнак бўлишимиз зарур.

Ота ёки она қўлига бир бор китоб тутмаса, минг марта айтса ҳам фарзанди китобга меҳр қўймаслиги мумкин. Демак, биз оилавий китобхонликни ҳам тарғиб этишимиз керак бўлади. Агар ҳаракатни бугун бошламасак, эртага кеч бўлади.

Анжуман доирасида депутат ва ёшлар учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Фаол ёшларга ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналаридан иборат китоблар совға этилди.

Шунингдек, тадбир давомида тижорат банклари хотин-қизларга имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.