23.04.2019

Жанубий Корея – Ўзбекистон: МУШТАРАК МАҚСАДЛАР ВА ҚАДИМИЙ ДЎСТЛИК РИШТАЛАРИ

Баҳром ОБИДЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ўзбекистон билан Жанубий Кореяни тарихий дўстлик ришталари боғлаб туради. Қачонлардир тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган минглаб корейс оилалари ўзбек халқи билан дўст-биродар бўлиб яшаб келишади, жамиятимизнинг фаол аъзоларига айланиб, халқимиз билан жипслашиб кетишганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Таъкидлаш жоизки, ўзбек ва корейс миллатларининг ўхшашлик, умумийлик жиҳатлари бисёр. Бизларни тил жиҳатдан Олтой тиллар оиласи бирлаштириб турган бўлса, ҳудуд жиҳатдан бир қитъа, бир минтақа – Евроосиё ва Шарқ умумийлаштириб туради. Тарихий, маданий жиҳатдан ҳам кўплаб уйғунликларни кўришимиз мумкин.

Икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатлар сўнгги йилларда янада равнақ топди. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда халқларимизни янада яқинлаштиришда кўп сонли корейс диаспораси муҳим роль ўйнайди.

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги алоқалар 2006 йилда имзоланган Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация, 2014 йилда қабул қилинган Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация ва бошқа муҳим ҳужжатлар асосида изчил ривожланиб келмоқда. 2017 йил 22-23 ноябрь кунлари муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг мазкур мамлакатга ташрифи эса узоқ йиллик сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилди.

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тўғрисида сўз кетганида, маданият ва таълим соҳасидаги ҳамкорликлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. 1992 йилдан бери Тошкентда Корейс таълим маркази фаолият кўрсатиб келаяпти. Бир нечта университет ва институтларда корейс тили ва маданияти марказлари очилган. Ўзбекистон университетлари Жанубий Кореядаги ўттиздан зиёд олий таълим муассасалари ва илмий ишлаб чиқариш ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасида ахборот коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик Тошкент шаҳрида Инха университети филиалининг ташкил қилиниши билан давом эттирилди. Бу олийгоҳда ўзбекистонлик ёшлар замонавий, халқаро талабларга мос шароитларда компьютер ва дастурий инжиниринг йўналиши бўйича билим олмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда корейслар ўртасида ҳам ўзбек тили, миллий урф-одатларимиз, маданиятимиз ва санъатимизга катта қизиқиш билдирганлар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Жанубий Кореянинг Тэгу ва Пусан чет тиллари университетларида ўзбек тили ўргатилмоқда.

Илдизлари дўстлик, шерикчилик ва шарқона қадриятлардан куч олаётган икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар келгусида ҳам жадал тараққий этаверади.

 

Меҳрожиддин ДАРХОНОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

– Жанубий Корея Президенти жаноб Мун Чже Иннинг мамлакатимизга давлат ташрифи билан боғлиқ воқеаларни катта қизиқиш билан кузатдим.

Мулоқот ва маросимларга оид тафсилотларни оммавий ахборот воситалари орқали билиб боришга ҳаракат қилдим. Ҳар бир лойиҳа ортида халқимизнинг фаровонлиги билан боғлиқ масалалар турганини ҳис этиб турдим.

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг минтақада яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, Орол фожиаси оқибатларини камайтириш, Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Ўзбекистон Корея Республикасининг Корея ярим оролида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга йўналтирилган тинчликсевар сиёсатини маъқуллайди.

Олий мартабали меҳмон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари олдида нутқ сўзлагани тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилди, десам муболаға бўлмайди. Жаноб Мун Чже Ин ўз нутқида Ўзбекистон — Жанубий Корея ўртасидаги алоқалар 1400 йил аввал бошланганини, қадимий корейс давлати элчилари Самарқандга келгани, мустаҳкам дўстлик ва ишонч Афросиёбнинг ғарбий деворидаги суратда ўз аксини топганлигини эътироф этди.

Президент Мун Чже Ин Сеул шаҳри темирйўли орқали Евроосиё қитъасини босиб ўтиб, Тошкент темирйўл вокзалида тушишни орзу қилишини айтгани Ўзбекистонимизга бўлган чексиз ҳурмати ифодаси бўлди. Қолаверса, бу ният алоқаларимизнинг келажакдаги мақсадларини белгилаб беради, десак янгилишмаган бўламиз.

Олий мартабали меҳмон инсоният ҳамкорлик ва мулоқот орқали ривожланиб тараққий этиб келганини, мамлакатимизда Шарқ ва Ғарб билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун кенг имконият мавжудлигини алоҳида таъкидлади. Ал Хоразмий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби бобокалонларимизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссасига тўхталгани, Мирзо Улуғбек яратган жадвал Кореянинг Чосон давлати даврида тақвим яратилишига асос бўлганини алоҳида эътироф этди. Бу биз учун катта фахрдир.

Мен шундай ўйлайманки, Президент Мун Чже Иннинг миллий парламентимиздаги нутқи халқимизга кўрсатган олий эҳтироми намунаси бўлиб қолади.

 

Феруза Эшматова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳаётининг кўплаб соҳаларида, шу жумладан, миллий парламент ҳаётида катта ўзгаришлар рўй берди. Стратегик ҳамкор давлатлар раҳбарларинг парламентда нутқ сўзлаши анъанага айланаётгани тарихий воқеа бўлмоқда. Жанубий Корея Президентининг парламентимизда меҳмон бўлиб, халқ вакилларига мурожаат этиши замирида ҳам чуқур маъно-мазмун бор, албатта.

Ўзбекистон ва Корея ўртасида ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабатлар бугун фаол мустаҳкамланмоқда. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йилда ўрнатилган. Икки давлат тезкор яқинлашувига дўстлик ва ишонч асос бўлиб хизмат қилган. Икки мамлакат ўртасидаги алмашув турли соҳалар, шу жумладан, энергетика, автомобилсозлик, тўқимачилик саноати, логистика, ахборот технологиялари ва молия борасида кенгайди. Ўтган йили икки томонлама савдо ҳажми мамлакатларимиз ўзаро алоқалари тарихида энг юқори даражага — 2,1 миллиард долларга етди.

Бугунги кунда Ўзбекистон — Жанубий Корея муносабатлари янги босқичга кўтарилиб, мамлакатларимиз ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истагини кўрсатмоқда. Корея Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорларидан биридир. Ҳозирги босқичда Ўзбекистон ва Корея ўртасида мустаҳкам шартнома-ҳуқуқий базаси турли ҳамкорлик соҳаларида яратилган.

Шунингдек, парламентлараро муносабатлар ҳам муваффақиятли ривожланмоқда. 1995 йилда Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида «Корея Республикаси — Ўзбекистон» парламент дўстлик ассоциацияси тузилди. Ўз навбатида, Олий Мажлисда Жанубий Корея билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ таъсис этилган.

Президент Мун Чже Ин ўз чиқишида Ўзбекистон тараққиёти Корея тараққиёти эканини таъкидлади. Парламент аъзолари икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда ва эришилган келишувларни амалга оширишда фаол иштирок этиб, ушбу дўстона алоқаларни янада юқори даражага кўтаришига ишонч билдирилди. Ҳар икки мамлакат парламенти вакиллари бу жараёнда фаол иштирок этади, деб ишонаман.

 

Зулайҳо АКРАМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қадимги даврлардаёқ одамлар яшаган ҳудуддаги бугунги Корея шаҳарлари кўз олдимизда қанчалик замонавий кўриниш касб этса, шунчалик узоқ тарихий илдизларга ҳам эга.

Зотан қарийб 14 аср аввал минтақадаги уч корейс қироллиги бирлашуви ортидан вужудга келган мамлакат бунинг яққол далилидир.

Жанубий Корея етакчисининг мамлакатимизга ташрифи айни пайтда энг оммавий мавзулардан бўлиб турибди. Дарҳақиқат, ушбу ташрифни йилнинг энг асосий воқеаларидан бири бўлди, дейишга ҳақлимиз. Боиси, ушбу тарихий учрашув натижаси ўлароқ икки мамлакат ўртасида йирик ҳажмдаги келишувларга эришилди. Уларнинг амалга оширилиши, энг аввало, икки давлат халқларининг фаровонлигига хизмат қилади.

Халқимизда «дўстингни кўрсат, кимлигингни айтаман», деган нақл бор. Шу маънода, Жанубий Корея билан эндиликда стратегик шерикликка кўтарилган алоқалар улкан аҳамият касб этади. Бунинг иккита сабабини алоҳида кўрсатиш мумкин.

Биринчиси, 1948 йилда, ўша пайтдаги мамлакат шароити ва географик жойлашуви ноқулайлигига қарамасдан, Корея давлатининг чинакам меҳнат, сабот ва ирода билан аср сўнггида кучли 20 талик давлатлар қаторидан ўрин олгани;

Иккинчидан, корейс халқининг меҳнатга муносабатини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Тезлик – ушбу халқнинг қон-қонига сингиб кетган. Баъзи манбаларда корейсларнинг тезкорликка муносабати қадрият сифатида эътироф этилганди. Уларнинг бу одати ўз тилларида «palli-palli» ибораси билан ифодаланади.

Буни биз ўзаро мулоқотда кўп қўллайдиган «тез-тез» тушунчасига қиёсласак бўлади. Демак, энди биз ҳам стратегик шериклар каби «palli-palli» ишлашимиз керак. Бир вақтнинг ўзида аниқлик билан, албатта. Шундагина дўстларимиз билан кўп жиҳатдан тенглаша оламиз.

Марра эса қуйидаги маълумотларда: 1953 йилдан 2007 йилгача Жанубий Корея ЯММ 2,3 млрд.дан 1,2 трлн. АҚШ долларига, аҳоли жон бошига ЯММ даромади қиймати 67 доллардан 24600 долларга ўсди.

Мана марра, мана «palli-palli»ча йўл...



DB query error.
Please try later.