16.04.2019

АВЛОДИМГА СЎЗ ҚОЛСИН...

Қозоқ адабий тили ва ёзма адабиётининг асосчиси, буюк шоир, машҳур оқин ва жамоат арбоби Абай (Иброҳим Қўнонбоев) 1845 йилнинг 10 августида Қозоғистоннинг Еттисув вилояти Чингизтоғ (ҳозирги Абай) туманида бой чорвадор хонадонида дунёга келди. У 10 ёшида Аҳмад Ризо мадрасасига кириб, у ерда уч йил таълим олади. Кейинчалик «Приходная школа»да ўқиб, рус тили ва адабиётини ўрганади ва рус тили орқали рус ҳамда ғарб адабиёти вакилларининг ижоди билан яқиндан танишади.

Отасининг хоҳиши билан Иброҳим 15 ёшида эл бийлатиш мансабига ўтириб, эл-улусни бошқаради. Эл-улус ташвиши билан яшаётган ёш Иброҳим отасидан яшириб, шеърлар ёзиб юради. У 1886 йилда шеърларини «Кўкбой ёзган шеър» номи билан, бироз вақт ўтиб Абай тахаллуси остида эълон қила бошлайди. Кейинчалик эса у «Масъуд» (1887), «Искандар» (1901) номли чуқур дидактик ва маърифий мазмундаги достонларини, «Қобуснома», «Гулистон», «Маҳбуб ул-қулуб» каби ахлоқий, фалсафий характердаги «Насиҳатлар» асарини яратади. Халқ куйларини севган Абайнинг ўзи ҳам ўланларига халқона услубда бир қатор куйлар басталадики, шоирдан қолган 27 та куй қозоқ мусиқа меросининг олтин хазинасидан мустаҳкам ўрин олган. У куйга солган ўланлар оқинлар томонидан севиб ижро этилаяпти.

Ҳаёт ва ижод машаққатини бирдай кўтаришга интилган оқиннинг 1895 йили Петербургдаги ҳарбий мактабда ўқиб юрган истеъдодли ўғли Абдураҳмон бевақт вафот этади. Қаттиқ қайғуга ботган ота жигарбандини янги йилга менгзаб, ўзини эса эски йилга қиёслаб, рамзий маънода оғриқли байт ёзган:

Янги йилнинг боши эди,

Мен эскининг сўнги эдим.

1904 йилда шоирнинг яна бир севимли ўғли Мағавия ҳам оламдан ўтади. Оилада рўй берган бу фожиали йўқотишлар сабаб, у тўшакка михланиб қолади ва табиблар назоратидан, олам ва одамлардан воз кечиб, «Юрагим менинг қирқ ямоқ, Хиёнаткор оламдан» дея оҳ чеккан Абай 1904 йилнинг 23 июлида вафот этади. Аммо улуғ оқиндан ўзи бир шеърида умид ва ишонч билан «Авлодимга сўз қолсин» деб ёзганидек, сўз, ўлану насиҳатлари, таржималари ёдгор бўлиб қолди, унинг ушбу бебаҳо меросини дунё халқлари ўқиб-ўрганмоқда.

Абай Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис»да малик ул-калом деб шарафлаган Абулқосим Фирдавсий ижоди билан мадраса таҳсили даврида яқиндан танишади, бу ҳолат кейинги ижодига ўринли таъсир қилади. Ўзининг эътироф этишича, у «Шоҳнома»ни ўқиб-ўрганган. Хусусан, бу муаззам асардаги «Ақл васфи» номли дастлабки боб таъсири Абайнинг шеър, достон, насиҳатларида яққол сезилади, ҳатто, бир шеърида оқинларга қарата «Оқинларга ялинаман ақлга кир» деган мурожаати ҳам берилганини кўрамиз. Фикримиз исботи учун комиллигу хислатлар боши бўлмиш ақлнинг поэтик талқини берилган айрим байтларига мурожаат қилсак:

Сезгиси чуқур ҳамда ақли борга,

Бари аниқ кўринар ўйлаганда.

***

Ақлли қора қилни қирққа бўлар,

Ҳар нарсага ўзидай баҳо берар.

***

Уч нарса одамзоднинг хосияти,

Зўр ғайрат, ёрқин ақл, илиқ юрак.

Абай барча улуғ ижодкорлар қатори халқ оғзаки ижодидан бой маънавий озиқ олган. Унинг ижодида бундай адабий таъсир Шарқ халқлари мақоллари ва афсоналаридан унумли фойдаланишида аниқ кўринади. Хусусан, мақол адибнинг шеърий ва насрий асарларида кенг қўлланган бўлиб, ҳар икки турда ҳам у ирсоли масал санъатининг гўзал намуналарини ижод қилган. «Минг кун синмас, бир кун синар кўза», «Ота билан олишган — одам эмас», «Бир тўйсанг — чала бойлик» «Бир Худодан бошқанинг бари ўзгарар», «Кўк Тангри давлати», «Ўзингда йўқ бўлса, отанг ҳам душман», «Еган оғиз уялар», «Эрнинг моли элда, хоҳлаганда қўлда», «Ишнинг омади — ўз вақти», «Дўсти йўқ билан сирлаш, дўсти кўп билан сийлаш», «Яхшига яқин бўл, ёмондан йироқ» каби. У «Насиҳатлар» асарининг «Учинчи сўз»ида фольклоршунос, элшунос сифатида «Иши билан эмас, кишиси билан улуғ» деган машҳур мақолни сайлов жараёни мисолида шарҳласа, «Ўттиз етинчи сўз»да эса Абайнинг мақолга яқин руҳни берувчи 20 та ўгити жой олган. Шу ўринда мутафаккир адибнинг насиҳатга йўғрилган, халқ шеърлари оҳангида ёзилган баъзи мақолбоб байтларига қулоқ тутайлик:

Ҳунари бор ҳеч кимга қарам бўлмас,

Эринчак ҳеч қачон ҳам одам бўлмас.

Ёки:

Қасам урган қувлардан нари юргин,

Тиниб оқмас сувлардан нари юргин.

Абай ижодида қўлланган афсоналарни қуйидагича талқин қилишимиз мумкин: Биринчидан, афсоналарнинг маълум бир илдизлари асосида у «Маъсуд» ва «Искандар» достонларини яратган бўлса, иккинчидан эса, у гўё афсоналарни шеърларининг мазмун ва мундарижасига сочиб юборгандек туюлади.

Жумладан, Абай тўртта фаслга бағишлаб туркум шеърлар ёзар экан, шеърлари ичида саҳро баҳорини тараннум этган «Кўклам» (1890) номли шеъри алоҳида аҳамиятга эга. Оқин ушбу шеърида Чингизтоғ этакларига кириб келган кўклам фаслини бор бўйи билан тасвирлар, бетакрор чизгилар яратар экан, шеър мазмунига машҳур «Қуёш ва Ер» афсонасининг мазмунини ҳам маҳорат билан сингдириб юборганини кўрамиз. Чунончи: гўё Қуёш Ерга ошиқ бўлиб, уни кўп севар эмиш, у Ер атрофида ўртаниб, куяр эмиш, Ошиқ Қуёш олтин чодирига кириб, тун бўйи Ер висолига кўз тутар эмиш. Саҳарда қучоқ очиб, севгани Ерни муҳаббат оловида ўртар эмиш. Бу — биринчи лавҳа. Иккинчи лавҳада эса Қуёшга ошиқ Ер ҳам қиш бўйи Қуёшни муштоқлик билан излар эмиш, уни кутавериб сочлари оқарар эмиш, гўё қишда ерни қор босар эмиш.

Абай ижодидаги ёрқин рамзий образлардан бири Ўлан образидир. У Ўлан алифбесининг асосчиси сифатида «Ўлан алифбесидан бошлай сенга» дея, Ўланнинг қуйидагича талқинларини ижод қилади: «Қозоққа ширин-ширин ўлан айтдим», «Ўланда ҳеч ким менга тенг келмади», «Мен ўланни ёзаман тушунганга, Авлодимга бир сабоқ бермоқ учун», «Мен ўланда афсона куйламадим», «Ўлан бор — ўланларнинг ўланидир» сингари.

Маълумки, Абай ўз ҳаёти ва ижод йўли билан сўз иқлимида алоҳида ҳурматга эга сўз санъаткори бўлиб, у ўлан, достон, ҳикмат жанрида самарали қалам тебратди. Халқ ҳаётини чуқур билган халқпарвар шоир олға сурган тушунчада бирлик каби умуминсоний ғоялари билан оламга ва авлодларга самимий сўзларини айта олди.

 

Буробия РАЖАБОВА,

ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими, филология фанлари номзоди.

ЎзА

 



DB query error.
Please try later.