16.04.2019

Квон Ён У: ФАОЛ МАДАНИЙ АЛОҚАЛАР ВА АМАЛИЙ ИҚТИСОДИЙ МУНОСАБАТЛАР МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК РУҲИДА РИВОЖЛАНМОҚДА

Ўзбекистон ва Жанубий Кореяни тарихий алоқалар, мустаҳкам дўстлик, стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари боғлаб туради. Ушбу мамлакат Ўзбекистоннинг асосий хорижий ҳамкорларидан бири сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёни ва экспортни оширишга йўналтирилган кенг кўламли дастурларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил ноябрь ойида Жанубий Кореяга олий даражадаги тарихий ташрифи якунида эришилган келишувлар мамлакатларимизнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва аниқ амалий мазмун билан бойитиш имконини берди.

Шу кунларда Корея Республика Президенти Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Ушбу ташриф арафасида Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У ЎзА мухбирига интервью берди.

— Элчи жаноблари, Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги тарихий, маданий ҳамкорлик, унинг истиқболлари ҳақида суҳбатлашсак.

— Замонавий давлатчилигимиз тарихида Корея Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида 1992 йил 29 январда дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Ўтган 27 йил мобайнида ҳурмат ва ишончга асосланган ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ривожланди ва мустаҳкамланди.

Дўстлик ришталари тарихига назар соладиган бўлсак, икки томонлама муносабатлар бундан 1 минг 400 йил муқаддам ўрнатилганига гувоҳ бўламиз. Афросиёб деворида акс этган суратларда VII аср ўрталарида Самарқанд ҳукмдорининг қадимги Корея — Чосон элчисини қабул қилиш маросими мамлакатларимиз ўртасида азалдан борди-келдилар бўлгани, ҳамкорлик ва савдо алоқалари ривожланганидан далолат.

Яқин тарихдан маълум, давр тақозоси билан 75 минг нафардан зиёд корейс миллатига мансуб инсон Ўзбекистонга кўчирилганди. Ўша кезларда меҳмондўст Ўзбекистон халқи корейс диаспорасини ўз оға-инисидек қабул қилган. Шу тариқа одамийлик ва меҳр-оқибат асосида мустаҳкамланган ришталар сабаб корейс ҳамюртларимиз ҳам Ўзбекистонни ватан тутиб, унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилдилар. Бугунги кунда дипломатик муносабатларда кузатилаётган фаолликка ушбу диаспора вакилларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Халқларимизнинг маданияти ўхшаш, ота-она ва ёши улуғ инсонларга ҳурмат, илм олишга бўлган эътибор, урф-одат ва анъаналардаги яқинлик, меҳнатсеварлик ҳар икки халқ табиатида инсонийликнинг олий мезони сифатида баҳоланади. Ҳозирги кунда қарийб 70 минг нафар ўзбекистонлик таълим олиш, меҳнат фаолиятини олиб бориш асносида Корея Республикасида истиқомат қилмоқда. Ўзбекистонда эса корейс тили ва маданиятини ўрганишга бўлган қизиқиш юқори. Бу каби омиллар сабаб, мамлакатларимиз ўртасидаги фаол маданий алоқалар ва амалий иқтисодий муносабатлар манфаатли ҳамкорлик руҳида ривожланиб бораверади.

— Мамлакатларимиз муносабатларининг бугунги ҳолатидан келиб чиқиб ҳамкорликнинг қайси йўналишларини устувор деб ҳисоблайсиз?

— Дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан шу кунга қадар ташкил этилган олий даражадаги учрашувлар, улар натижасида имзоланган манфаатли лойиҳалар туфайли икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкам асоси яратилди. Бугунги кунда мамлакатларимиз инвестициялар, саноат, савдо, соғлиқни сақлаш ва таълим, давлат бошқаруви каби соҳалар, шунингдек, узоқ муддатли тараққиётни таъминлашнинг устувор йўналишлари бўйича фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Бугунги кунда Корея Республикаси Евроосиё минтақасида тинчлик ва фаровонликни таъминлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида Шимолий иқтисодий ҳамкорлик сиёсатини илгари сурмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси унинг муҳим шериги сифатида қайд этилади. Чунки, мамлакатимиз Корея яриморолида ядро қуролидан холи ҳудуд ва ҳамкорлик муҳитини яратаётган бир шароитда, Ўзбекистон Республикаси ҳам Марказий Осиё минтақасида қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни йўлга қўйиш орқали ўзининг тинчликпарвар сиёсатини намойиш этмоқда. Афғон муаммосини ҳал этиш бўйича халқаро ташаббусларни илгари сурмоқда. Шу боис мамлакатларимиз Евроосиё минтақасида тинчлик ва фаровонликни ўрнатишда идеал ҳамкорлар бўла олишига ишончим комил.

Ўзбекистон Республикаси билан яқин ўзаро муносабатларга асосланган барча муҳим тармоқлардаги алоқалар жадал ривожланиб, икки томонлама ҳамкорлик халқаро майдонда ҳам ишончли шериклик руҳида амалга оширилади, деган умиддаман.

— Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий соҳани модернизация қилиш, ушбу соҳада мамлакатларимиз ҳамкорлигини янада кенгайтириш борасидаги имкониятларни қандай баҳолайсиз?

— Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланган вақтдан бошлаб мамлакатнинг янгиланган ташқи ва ички сиёсатидаги муҳим йўналишлар қайта белгилаб олинди. Давлатнинг рақобатбардошлигини таъминлайдиган мустаҳкам асос барпо этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда 2019 йил — Фаол ивестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили, деб эълон қилди. Бу, ўз навбатида, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш ўртасидаги манфаатли, шу билан бирга, мутаносиб даврийликни яратиш имконини берди. Ушбу саъй-ҳаракатлар мамлакатни ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш учун зарур бўлган оқилона қадамдир.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистондаги ислоҳотлар сиёсати хорижий инвестициялар, хусусан, корейс сармоядорларини мамлакатингизга жалб қилишга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Аксарият корейс тадбиркорлари амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, давлат бошқарувидаги, валюта сиёсати ва виза тартибидаги ўзгаришлар натижасида юртингизда ишбилармонлик муҳити яхшиланаётганини алоҳида эътироф этмоқда. Мазкур чора-тадбирлар Корея Республикаси компанияларининг Ўзбекистонга янада кўпроқ кириб келишига туртки беришига ишонаман.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил ноябрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида умумий қиймати 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 60 дан зиёд ҳужжат имзоланганди. Ушбу келишувларнинг бугунги кундаги ижроси ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи тарихий ва муваффақиятли бўлди. Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Ушбу ташриф якунлари бўйича икки давлат раҳбарлари иштирокида 9 та ҳужжат имзоланди. Бу икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдаги меъёрий-ҳуқуқий асосни янада мустаҳкамлади.

Бунинг самарасида мамлакатларимиз ўртасида иқтисодиёт соҳадаги ҳамкорлик муносабатлари янада ривожланмоқда. Ҳамкорлик, айниқса, автомобилсозлик, энергетика, шаҳарсозлик соҳаларида янада фаоллашди. 2018 йилда мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар айланмаси ҳажми 2 миллиард АҚШ долларидан ортди. Бунда Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган 600 та корейс компаниясининг ҳам муносиб ўрни бор. Рақамларда айтганда, Ўзбекистонга 2018 йилда инвестиция киритган хорижий компаниялар орасида кореялик ишбилармонлар 4-ўринни қайд этди.

— Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Ушбу ташрифдан қандай натижалар кутиляпти.

— Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистонга кутилаётган давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорликни, энергетика, транспорт, АКТ, соғлиқни сақлаш, таълим каби муҳим соҳалардаги шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Миллий сиёсат фалсафаси борасида ҳамфикр бўлган икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишонч ва дўстлик ришталари ўзаро манфаатли бўлган соҳалардаги муносабатларни ҳар томонлама тараққий эттириш учун асос бўлади.

Ушбу ташриф халқларимиз ўртасида қарор топган ҳурмат ва ўзаро ишончни маданий алмашинувлар орқали мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим пойдевор яратиш имконини беради.

 

ЎзА мухбири

Улуғбек ШОНАЗАРОВ

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.