Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
16.04.2019

ҲАЁТБАХШ ТАШАББУСЛАР

Президентимизнинг ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, бўш вақтини мазмунли ўтказишни таъминлаш ҳамда хотин-қизлар бандлигига оид 5 ташаббуси доирасида Тошкент вилоятининг Бўка туманида Президент администрацияси томонидан бир қатор маданий-маънавий тадбирлар ташкил этилаётганини эшитиб, таҳририят топшириғи билан ўша томонга йўл олдик.

Шаҳардан чиқишимиз билан мусаффо дала ҳавоси димоққа урилди. Баҳорнинг сарин эпкини, Шарқдан чиқаётган қуёш кайфиятни кўтаради. Аслида, баҳор уйғониш, янгиланиш, бунёдкорлик таърифлари билан бежиз қиёсланмайди. Тошкент вилояти ҳокимлиги кўчиб ўтган эски Тўйтепа — Нурафшон шаҳри томонга кета-кетгунча йўлнинг икки томонида замонавий меъморчилик асосида икки қаватли уйлар шиддат билан қад ростлаяпти, қурилиш-ободончилик ишлари авжида.

«Тошкент денгизи»дан ўтиб, Бўка туманига кираверишда тадбирга китоб, спорт анжомлари олиб келаётган «Маърифат карвони» автобусларига кўзимиз тушди. Ундан ўтиб, тадбир ўтказилиши режалаштирилаётган «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги футбол майдонига етиб келдик. Одам гавжум, уларнинг кўпчилиги ёшлар.

— Биз Бекободдан ҳашарга келдик, ободонлаштириш ишларида қатнашамиз, — дейишди улар.

 Ҳали тадбир бошланмаган бўлса-да, бу ерга вилоятнинг Бекобод, Оққўрғон, Олмалиқ каби бир қатор туманларидан ҳашарчилар етиб келишибди.

— Ишонсангиз, мана шу футбол майдони уч кун аввал ташландиқ, қаровсиз аҳволда эди, — дейди тадбир ташкилотчиларидан бири, «Маҳалла» жамғармаси туман бўлими бошлиғи Ҳакимхўжа Турсунов. — Ана шу жойни қисқа муддатда ҳашар йўли билан тартибга келтирдик. Туманимизда 40 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. Ҳар бирининг ўзига яраша муаммоси йиғилиб қолган. Ёшлар бандлигига етарли эътибор берилмай келингани ҳам сир эмас. Шуларни ҳисобга олиб, Президент администрацияси раҳбар ходимлари, ташаббусга масъул бўлган вазирлар ва уларнинг жамоалари томонидан тажриба тариқасида туманимизда маданий тадбирлар, компьютер саводхонлиги ва интернет марказлари, спорт тўгараклари, китоб дўконлари, «book cafe»лар ташкил килиш, уй бекаларини тикув ва текстиль цехларига жалб қилиш ҳаракатлари бошланди.

— Икки кун олдин мана шу футбол майдони қурилишига раҳбар этиб тайинландим, — дейди Абдурасул Акмалов. — Илгари бу майдон аҳоли мол боқадиган жойга айланиб қолганди. Энди футбол майдони тумандаги спорт мактаби тасарруфига ўтказилди, ёшлардан футбол жамоаси туздик. Худо хоҳласа, бугун ўтадиган тадбирдан кейин туманда ёшлар ўртасида спортни кенг оммалаштиришга, уларни спортга жалб этишга бутун кучимни сарфлайман.

Стадионда саф тортган ёшларнинг бир томонида пушти дуррачаларда, пушти либосларда қатор турган хотин-қизлар эътиборимни тортди. Улар ёнида турган аёл туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, туман ҳокими ўринбосари Марҳабо Абдулазизова экан.

— Президентимизнинг «5 та ташаббус» лойиҳаси доирасида Бўстон маҳалласида хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида 150 иш ўрнига мўлжалланган тикув цехи қурилаяпти, — деди Марҳабо Абдулазизова. — Унга уй бекаларини таклиф этдик. Иш икки сменада ташкил этилади. Демак, шу маҳалладаги 300 хотин-қиз иш билан таъминланади. Чавлисой маҳалласида ҳам 150 ўринга мўлжалланган енгил конструкцияли тикув ва текстиль цехи қурилиши бошланди. Ҳозир ишлаш истагида бўлган 512 нафар хотин-қиз рўйхатга олинди. Улар 20 кун мобайнида Бўка қишлоқ хўжалиги касб ҳунар коллежида тикувчилик йўналиши бўйича 4 гуруҳда ўқитилади. Хотин-қизларимиз орасида тажрибали тикувчилар ҳам бор, улар устозлик қилишади.

— Мен илгари тумандаги тикув корхонасида ишлаганман, — дейди Наргиза Ғойибназарова. — Ишхона тугаб кетганидан буён уйда ўтирибман. Янги тикув цехи қурилаётганини эшитиб, биринчилардан бўлиб рўйхатга ёзилдим. Жуда хурсандман.

— Туман марказидаги тикувчилик фабрикасида ишлар эдим, — дейди Гулчеҳра Тожибоева. — Йўл узоқлик қилгани учун ҳозир уйда ўтирибман. Маҳалламизда тикув цехининг очилиши бизга ўхшаган хотин-қизларнинг иш билан бандлигини таъминлайди. Бу биринчи навбатда оилага моддий мадад бўлади, турмуш фаровонлиги ошади.

 — Бундан 22 йил аввал Бекободдаги касб-ҳунар коллежини тикувчилик йўналиши бўйича битирганман, — дейди Мавжуда Эшмонова. — Шундан буён иш йўқлиги учун биров буюртма берса, уйда тикиш-бичиш ишларини бажариб келаётган эдим. Энди маҳалламизда очиладиган тикув цехида ишлайдиган бўлдим.

Тошкентдаги «Машҳура» тикувчилик курсини битириб, ҳозир Бўстон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида модератор бўлиб ишлаётган Мадина Йўлдошева, Ҳурниса Маматова, унинг қизи Нилуфар Абдуҳошимова ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлардан мамнунлигини билдиришди.

Биз бу ерга ҳашарда қатнашиш учун Олмалиқ шаҳар хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси Сайёра Нодирова билан келган 50 га яқин фаол аёллар отряди, Оққўрғон туманидан келган «Маҳалла» жамғармаси туман бўлими мутахассислари Муҳаббат Ҳайдарова, Ҳусния Халилова, Маъмура Йўлдошева бошчилигидаги хотин-қизлар билан ҳам суҳбатда бўлдик. Ҳаммаларида кўтаринки кайфият, ҳатто меҳнат қуролларини ҳам ўзлари билан олиб келишибди.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилда Сирдарё ҳамда Наманган вилоятларига қилган амалий ташрифи давомида «Маърифат карвони» ташкил этилиб, мазкур ҳудудлардаги туман ва шаҳар кутубхоналарига бир неча юз минг нусхада бадиий адабиётлар, спорт жиҳозлари ва мусиқа асбоблари етказиб берилган эди, — дейди Тошкент вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Одил Рустамов. — Шу асосда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб мутолаасига бўлган қизиқишни ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббус ўртага ташланди. Уни амалга ошириш механизмлари атрофлича таҳлил қилиниб, бу борада Сирдарё вилояти тажрибасини юртимизнинг барча ҳудудларига жорий этиш вазифаси белгиланди. Бундай тадбирлар тажриба-синов тариқасида Тошкент вилоятининг Бўка, Пскент ва Оққўрғон туманларида ўтказилади.

— Бу ташаббус мамлакатимиз бўйича кенг қулоч ёяди, — дейди Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев. — Ёшларимизнинг 30 фоизи маҳаллий ҳомийларни жалб этган ҳолда, маданият марказлари, бадиий-ҳаваскорлик жамоалари, ёшлар театр-студиялари ва «Ёшлар клублари»га, яна 30 фоизи спорт тўгараклари, компьютер саводхонлиги ва интернет марказларига, қолган 40 фоизи қизиқишига қараб маънавий-маърифий тадбирларга жалб этилади. Уй бекалари учун тикув ва тўқимачилик цехлари қурилади.

Бу тадбирларни сифатли ташкил этишда албатта, бир қатор муаммоларни бартараф этишга тўғри келади. Масалан, мамлакатимизда 12 мингдан зиёд спорт иншооти бор, лекин ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга қамраб олиш даражаси етарли эмас. Умумтаълим мактабларини спорт анжомлари билан жиҳозлаш кўрсаткичи мамлакат бўйича 56 фоизни, жумладан, Сурхондарё вилоятида 12, Хоразмда 14, Қорақалпоғистонда 15 фоизни ташкил этади, холос.

Бу борада бугун Президент Администрацияси, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоятлар мутасаддилари томонидан тегишли ишлар амалга оширилаяпти. Мана, ҳозир Бўка туманида қилинадиган ишлар кўлами ва молиялаштириш манбалари аниқланиб, Бўстон, Ровот, Чавлисой ва Янгиқўрғон маҳаллаларида комплекс қурилиш-бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Энди бу тажриба бошқа вилоятларда ҳам қўлланилади.

— Ҳудудимизда 67 минг нафар меҳнатга лаёқатли аҳоли бор, — дейди Бўка тумани ҳокими Бектемир Ибрагимов. — Шулардан деярли ярмини ёшлар ташкил этади. Уларни иш ўринлари билан таъминлаш, биринчи навбатда, бизнинг вазифамиз. Тумандаги мавжуд 40 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳоли, айниқса, 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг оилавий шарт-шароитларини ўрганиб, таклиф ва тавсиялар бериш мақсадида 20 та ишчи гуруҳ шакллантирилди.

Бўстон маҳалласи ҳудудида жойлашган «Бўстон» маданият уйи биноси, 160 ўринли томоша зали таъмирланаётир. Маданият уйининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 10 дан ортиқ мусиқа асбоблари келтирилди. Маҳалланинг истироҳат боғига янги аттракционлар ўрнатилиб, ҳудуддаги фаолиятини 2000 йилда тўхтатган кутубхона таъмирланмоқда.

Айни пайтда 150 ўринга мўлжалланган «Бўстон» маданият марказида ўриндиқлар ўрнатиляпти. 35 йил мобайнида таъмир нималигини кўрмаган қишлоқ кўчаларига асфальт ётқизилиб, симёғочлар янгиланаяпти. Кутубхона ёнидаги 130 ўринли болалар боғчасини капитал таъмирлаш бўйича ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Абгор ҳолга келиб қолган қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Бўка шаҳридаги адирлик устида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бўка тумани кенгаши, «Ёшлар келажагимиз» жамғармаси туман филиали биноси, Ёшлар коворкинг марказини қуриш ишлари давом этмоқда. Ҳудуд ободонлаштирилиб, турли манзарали дарахтлар экилмоқда. Бўкалик ёшлар учун истироҳат маскани ҳам ташкил этилади.

— Президентимизнинг 5 та ташаббуси бўйича 5 та вазирлик ҳамкорлигида ишлар ташкил этилаяпти, — дейди Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев. — Масалан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги компьютер саводхонлиги ва интернет марказлари ташкил этиш билан шуғулланса, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги зиммасига аҳолининг кенг қатламини спорт билан шуғулланишга, спорт инфратузилмасини ривожлантириш, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни оммалаштириш, болалар спорт таълими сифатини ошириш каби вазифалар юкланган.

Маданият вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигига ҳокимликлар билан биргаликда туман ва шаҳарларда маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, қўшимча 1,5 мингта тўгарак ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Таниқли санъаткор ва истеъдодли ижодкорларни туманлардаги маданий ишларга кўмакчи сифатида бириктириш яхши натижа бераётганини инобатга олиб, бу тажрибани бутун мамлакатга ёйиш бўйича кўрсатмалар берилди. Унга мувофиқ, таниқли артистлар туман ва шаҳарларга ижодий маслаҳатчи сифатида бириктирилиб, ўша жойларда маданият ва санъатни ривожлантиришга масъул бўлади, туман ва шаҳарлар ҳокимлари эса бу ишларга моддий ва ташкилий жиҳатдан ёрдам беради.

Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликларига муайян мавзулар бўйича тарих дарсларини музейлар, тарихий обидалар, қадамжо ва театрларда сайёр тарзда ўтказилишини ташкил қилиш топширилган. Ёзувчилар уюшмаси, Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан китоб ярмаркалари, шоир-ёзувчилар билан учрашувлар ташкил этилади.

... Ниҳоят, ёшлар билан гавжум стадионда тадбирнинг очилиш маросими бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосарлари Улуғбек Муҳаммадиев, Қаҳрамон Қуронбоев, Президент маслаҳатчиси ўринбосари Фарҳод Маҳмудов, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир-ёзувчилар иштирок этди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғиёс Бойтоев ва бошқа санъаткорлар ижросида куй-қўшиқлар янгради. Тадбир сўнггида маданий-маърифий учрашувлар, китоб ярмаркаси ва спорт мусобақалари ўтказилди.

Бўстон маҳалласи аҳли, шунингдек, ёшлар, қўшни туман ва шаҳарлардан келган кўнгиллилар томонидан марказий кўчалар, истироҳат боғи, маданият саройи ободонлаштирилиб, гул ва дарахт кўчатлари экилди. Марказий кўчага асфальт ётқизилди.

Бўка тумани ёшларига 18 мингдан зиёд китоб совға қилинди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўзбек ҳамда жаҳон адабиётининг 5 минг нусхадаги сара намуналарини Бўка мактаблари ва маҳаллалари учун туҳфа қилди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов тумандаги 2-умумий ўрта таълим мактабида ёшлар билан мулоқотда бўлди. Тумандаги 27-ИДУМнинг 2-синф ўқувчиси Фазилат Ёқубова Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг «Уйимизда йўқ эди китоб» шеърини айтиб берди

Ёшлар иттифоқининг «Ёшлар медиа маркази» ижодий гуруҳи Бўстон ва Дўстлик маҳаллаларида бўлиб, ёшлар фаолияти билан танишди. Ўзбек ва қирғиз тилларига ихтисослашган 34-умумтаълим мактабига фан, таълим ва маънавият намояндалари, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан китоблар жамланмаси тақдим этилди. Санъаткорлар ҳамда ўқувчиларнинг турли саҳна кўринишлари, куй ва рақслар тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев 19-болалар мусиқа ва санъат мактабида Бўка туманидаги таълим муассасалари етакчилари билан учрашди. Учрашувда таълим муассасалари етакчилари томонидан бир қатор таклифлар берилди. Туманда китобхонлик танловини ўтказиш, ғолибларни Самарқанд шаҳрига саёҳатга юбориш, таълим муассасаларида ҳаваскор театр-студиялари ташкил этиш, умумтаълим мактабларига радиоузел ўрнатиш, «Бўка ғунчалари» кўрик-танловини ташкил этиш, ғолибларга чолғу асбоблари жамланмасини тақдим қилиш каби масалалар илгари сурилди.

Тумандаги 35-умумтаълим мактаби етакчиси ҳозирда ўз шахсий кинотеатрига эга эканини билдириб, таълим муассасаларида кўчма кинотеатрлар ташкил этиш таклифини илгари сурган бўлса, 50-мактаб етакчиси спорт майдони учун жой ажратилишини сўради. Шу ернинг ўзида Қаҳрамон Қуронбоев бу борада масъулларга тегишли кўрсатма берди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров бошчилигидаги маънавиятчилар томонидан ёшларга икки мингдан зиёд турли номдаги китоб совға қилинди. Туманда қаровсиз қолган эски стадион ўрнига «Маънавият ва маърифат» экопарки қурилиши режалаштирилди.

Туман маданият марказида мактабларга китоб ва спорт анжомлари тақдим этиш ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Бу ерда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоирлари Усмон Азим, Анвар Обиджон, Маҳмуд Тоир ва бошқалар иштирокида ўқувчи-ёшлар билан учрашув ўтказилди. «Ўзбекистон» НМИУ, «Ўқитувчи», «Чўлпон», «Шарқ». «Машҳур-пресс», Ўзбекистон миллий энциклопедияси каби давлат нашриётлари томонидан китоб ярмаркаси ташкил этилди. Мактаб ва маҳаллаларга «Маърифат карвони» томонидан олиб келинган китоб ва спорт анжомлари тақдим этилди. Тошкент вилоят ҳокими Ғуломжон Ибрагимов ўз ҳисобидан 50 дан ортиқ китоб харид қилиб, уларни тумандаги бешта мактаб кутубхонасига топширди.

Туман «Халқ овози» газетаси таҳририятида маҳорат дарслари ўтказилди, «Бўка ниҳоллари» иқтидорли ёшлар тўгарагига Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг «Ижод» жамоат фонди томонидан 300 та бадиий китоб ва компьютер жамланмаси совға қилинди. Ҳамкор ташкилотлар томонидан тумандаги мавжуд 49 та мактабнинг ҳар бирига 200 тадан, маҳаллаларда фаолият олиб бораётган 14 та кутубхона, Болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда Меҳрибонлик уйига юзтадан, оилаларга мингдан ортиқ китоб совға қилинди.

Бугун ёшлар таълим-тарбиясида, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётида янги давр бошланаяпти. Энг муҳими, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни эртанги кунга тайёрлаш бўйича ғоятда зарур механизм юзага келаяпти. Бўка туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича бошланган бу жараён келажакда барча шаҳар ва туманлар, вилоятлар, мамлакат ҳаётига татбиқ этилади, умумхалқ ҳаракатига айланади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: