16.04.2019

ЧЕТ ЭЛ СИЁСАТИ ЧЕТ ТИЛИ СИЁСАТИДАН БОШЛАНАДИ

Мамлакатимизда чет тил сифатида ғарб тилларидан асосан немис, инглиз, француз, испан, шарқ тилларидан эса араб, форс, ҳинд, хитой, корейс тиллари ўргатилиб келинади. Бу тилларни ўргатиш даставвал Тошкент ва Самарқанд давлат университетларида, кейинчалик Тошкент давлат педагогика институтида амалга оширилган. 1948 йилга келиб, мамлакатимизда алоҳида Чет тиллар педагогика институти ташкил этилди. Ўқитиладиган чет тилларга адолатли тарзда деярли бир хил ўрин (квота) ажратилар эди. Рус тили эса деярли иккинчи она тили мақомида ўқитиларди ва бу табиий ҳол сифатида қабул қилинар эди.

2013 йилдан бошлаб Халқ таълими тизимида чет тилларни ўқитиш аввалгидай 5-синфдан эмас, балки 1-синфданоқ йўлга қўйилди. Бу эамон талаби, яхши янгилик. Бироқ ўрганилаётган чет тиллар орасида «асосан» деган урғу билан инглиз тилига эътибор қаратилганлиги анча-мунча мунозарали ва номаъқул ҳолатга айлана борди. Халқ таълими вазирлиги тизимига қарашли барча таълим муассасалари раҳбарларига барча мактабларда инглиз тили ўқитилишини жорий қилиш буюрилди. Мактаб директорлари эса немис, француз ва бошқа чет тиллари ўқитувчиларига тез фурсатда Абдулла Авлоний номидаги Республика малака ошириш институти қошида ташкил қилинган 4 ойлик қайта тайёрлаш курсларида ўқиб, инглиз тили ўқитувчиси сертификатини олиб келишни, акс ҳолда ишдан бўшатилишини билдирди.

Натижада қарийб беш мингга яқин немис, француз ва бошқа чет тиллар ўқитувчилари ўқув йили давомида ишдан бўшатилди.

Бундай кескин «чора-тадбирдан» нафақат мамлакат зиёлилари, балки дунёнинг мамлакатимизда аккредитация қилинган сиёсий, иқтисодий ва дипломатик доиралари таажжубга тушишди. Тегишли мутасаддилар эса «буни ота-оналар хоҳлашаяпти», деган сохта жавоб билан ўзларини оқлашди.

Ачинарлиси шундаки, бу борада юқори идораларда чет тил ўқитиш сиёсатининг моҳияти яхши ўйлаб кўрилмай, масаланинг туб таълимий моҳиятини тушунмай мамлакат миқёсидаги масалада қиёмига етмаган қарор лойиҳаси тайёрланган. Ҳолбуки, бу лойиҳа чуқурроқ таҳлил қилиниши, халқ муҳокамасига қўйилиши лозим эди.

Глобаллашув, техник инқилоблар ва дунё халқларининг бағрикенглик асосида ҳамжиҳатлик билан яшаши турли миллат ва элатларга мансуб халқларнинг бир-бири билан тиллашувига, мулоқотига бевосита боғлиқдир. Бу миллатлараро тиллашув фақатгина чет тиллар воситасида амалга ошади. Демак, эндиги масала чет тилларни янада жиддийроқ, интенсивроқ, самаралироқ ҳамда тезроқ ўрганиш билан боғлиқдир. Ўрганишнинг тезлиги ва сифат даражаси эса ўз навбатида ўргатиш методлари ва технологияларининг тўғри қўлланиши билан белгиланади ва амалга ошади.

Ушбу мақолада мен Германия давлат бошлиғининг Ўзбекистонга ташрифи олдидан асосан немис тилини ўрганиш ва ўргатиш билан боғлиқ айрим долзарб масалалар устида тўхталмоқчиман.

Чет тилини ўқитиш сиёсатидан кўзланган асосий мақсад – чет эллар билан оқилона, ўзаро манфаатли ташқи сиёсатни амалга оширишдан иборат. Шу орқали узоқ ва яқин мамлакатлар, аввало ривожланган давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, мамлакатни ривожланган ва рақобатбардош давлатга айлантиришдир. Бу борада талабаларга ўргатилаётган чет тиллари ичида (Россия, Корея, Туркия, Европа Иттифоқи давлатлари) пешқадами – немисзабон давлатлар, жумладан Германия Федератив республикаси ҳисобланади.

Мустақил Ўзбекистонимизни сиёсий жиҳатдан биринчилардан бўлиб тан олган – Германия давлати ҳисобланади. 1994 йилда имзоланган Германия-Ўзбекистон ҳамкорлик шартномаси асосида олиб борилаётган қарийб 25 йиллик сиёсий-иқтисодий ва маданий ҳамкорлик натижалари беқиёс.

Масалан, Ўзбекистонда 1991-2018 йиллар давомида ташкил этилган икки юздан ошиқ алоҳида ва қўшма корхоналарда ГФР тадбиркорларининг иштироки бор. Биргина КНАУФ корхонаси, пойтахт марказида қурилган муҳташам Халқаро анжуманлар саройининг интерьер ва дизайни асосан немис мутахассислари иштироки билан бунёд бўлган.

Автомобилсозлик саноатида Самарқандда MAN юк машиналари корхонаси ишлаб турибди, ўзбек автомобил йўллари ва шаҳар кўчалари қурилиши ва реставрациясида асосан немис йўл қуриш машиналари қатнашмоқда. Ўзбек монопол аграр маҳсулоти ҳисобланмиш пахтани қайта ишлаш 100 фоиз Германиянинг Кемниц заводи тўқимачилик технологияси ва техникаси ёрдамида амалга ошмоқда. Косметика саноатида ишлаётган UZGERSOV қўшма корхонаси энг янги ва сифатли Нивеау совунини немис технологияси ва техникаси асосида ишлаб чиқармоқда.

Ўзбекистон таълим тизимида фаол ҳамкорлик қилаётгаган асосий чет эл фондлари эса DAAD-Германия академик алмашувлар хизмати, Конрад Аденауер, Фридрих Эберт, Герда Ҳенкел, Александр Ҳумбольдт фондлари, Гёте институти, Науман фонди ва бошқа немис ташкилотлари ҳисобланади. Биргина DAAD деярли ҳар йили ўзбек талабалари, докторантлари ва илмий ходимларга бир миллион евро доирасида стипендиялар ажратиб, ўзбек ёшларининг Германияда таълим олишларига ёрдам қилиб қилмоқда.

Германиянинг Фрайбург университети қошида тузилган DUWG – олмон-ўзбек илмий жамияти ташаббуси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизимига гумантар ва консультатив ёрдам берилмоқда, мамлакатимизда муаммолли касалликларнинг консультацияси ва беморларнинг Германияда даволаниши, ўзбек медик олимларининг Германия клиникаларида малака ошириши йўлга қўйилган. Бу жамият ёрдамида 2002 йилдан буён ўзбек ва немис университетлари ўртасида кўплаб ҳамкорлик шартномалари асосида немис фондлари ёрдамида академик айирбошлаш амалга оширилмоқда, ўнлаб талабалар Германияда ўқиб, ёш олимлар немис университетларида докторлик диссертацияларини ёқлаб келмоқда.

Ўзбекистон Озиқ-овқат саноатига немисзабон мамлакат ҳисобланмиш Швейцариянинг Нестли каби фирмаси кўп йиллар давомида қадоқлаш ва ўзбек мева-сабзавотларини қайта ишлаш соҳасида етакчи ўринларда фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон ижодкорлари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган немисзабон мамлакатлар ижодий уюшма ва фондлари деярли ҳар йили ўзбек таржимонлари билан бевосита ижодий ҳамкорлик қилиб, ўзбек адабиётини немисзабон адиблар Ёҳан Волфганг Гёте, Ҳайнрих Ҳайне, Ҳерманн Ҳессе, Томас ва Ҳайнрих Маннлар, Франц Кафка, Стефан Цвайг, Арно Гайгер каби адиблар ижоди билан таржималар орқали яқиндан таништиришда ва уларни моддий таъминлашда фаол қатнашмоқда. ÖAD – Австрия академик алмашувлар хизмати эса қатор йиллар мобайнида ўзбек талабалари ва германист олимларга турли ҳажмли стипендиялар воситасида таълим инвестицияларини киритмоқда.

Ҳўш, юқорида айтилган – мактабларда ўқувчиларга инглиз тилини ўргатиш ва шу билан бирга, бошқа чет тилларда сабоқ беришни чеклайдиган лойиҳадаги номаъқул ҳолатлар нималарда намоён бўлди?

Биринчидан, ўрганиладиган чет тилларни белгилашда Австрия, Германия, Швейцария ва Франциянинг халқаро майдонда ва Европа Иттифоқидаги ўрнига етарли эътибор берилмади.

Иккинчидан, юқорида эслатиб ўтилган иқтисодий омиллар – немисзабон мамлакатлар, айниқса, Германия Федератив Республикасининг мустақил Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармоялари ва икки томонлама тузилган қўшма корхоналар фаолияти натижалари ҳисобга олинмади.

Учинчидан, барча таълим муассасаларида дидактик тайёргарликсиз, ўқув-меъёрий ҳужжатлар, янгича Давлат таълим стандарти, ўқув ва ишчи режалар ҳамда дастурлар, дарслик ва қўлланмалар яратилмасдан туриб, инглиз тили сабоқлари берила бошланди. Бу ҳужжатлар йўлма-йўл, аксари ҳолатларда хом-хатала ҳолда тузилди.

Тўртинчидан, методик хусусият назарга олинмади, яъни, чет тилини ўқитишнинг асосий мақсади ўқувчиларни нафақат гапириш ва тинглаб-тушуниш, айни пайтда ўқиш ва ёзишга ҳам ўргатишдан иборатлиги инобатга олинмади. Натижада 1-синф ўқувчилари бутун йил давомида ўзлари кўтариб юрган дарсликнинг нафақат топшириқ ва машқларини ўқий ва бажара олди. Бу эса халқаро таълимий тажрибани нотўғри талқин қилиш ва тушуниш оқибатидир.

Таълим муассасаларидаги ўқув шароити ва вазиятни ҳисобга олмаслик натижасида барча мактаблар ва синфлар инглиз тилини ўқитадиган педагог кадрлар билан етарлича таъминланмади. Айрим вилоятлар, жумладан Сирдарё ва Наманган университетиларида немис тили ўқитилиб турилган бир пайтда умуман, немис тилида ўқитиш тўхтатиб қўйилди. Инглиз тилини барча мактабларда ўқитишни йўлга қўйиш учун керакли 5000 га яқин инглиз тили ўқитувчисига бўлган эҳтиёж бугунга қадар тўла қондирилмаган. Бу бўшлиқни тўлдириш учун эса немис ва француз тиллари ўқитувчиларини 4 ойда «бир юмалатиб» инглиз тили ўқитувчиси қилиб қўйишди. Тўрт йилда қиёмига етказиб тил ўрганолмаган мутахассис қандай қилиб 4 ой ичида инглиз тилини ўргана олади, деган савол ҳақида ўйлаб кўрилмади.

Инглиз ва немис тиллари генетик жиҳатдан қариндош, бироқ лексиканинг ўзидаёқ «таржимоннинг сохта дўстлари» (ложные друзья переводчика) бисёрки, бу тилларни ўқитиш методикасида жиддий фарқлар бор. Масалан, немисча Gift – гифт – заҳар, инглизча gift эса – совға. Немис тили ўқитувчиси табиий ҳолда гифтни заҳар маъносида ишлатаверади...

Немис ва француз тилларининг дунё тамаддунидаги аҳамиятига эътибор қилинмади. Немис тили Европа Иттифоқининг асосий ишчи тили мақомидалиги, немис тили фан ва технологиялар тили эканлиги, немис тили Австрия, Германия ва Швейцариянинг давлат тили, Люксембург, Лихтенштайн, жанубий-шарқий Франциянинг, Шимолий Италия, Чехия ва Венгрия каби мамлакатларда яшовчи немисзабон халқларнинг коммуникация тили эканлиги ҳам эътиборга олинмади.

Мамлакатимизга келаётган туристларнинг асосий қисми инглиззабон Англия ва АҚШдан эмас, балки биз юқорида эслатган немисзабон мамлакатлар ва Европанинг немисзабон ҳудудларидан келиб, республикага салмоқли туристик инвестиция келтирмоқда.

Албатта, инглиз тили халқаро тил мақомига эга. Бироқ шу тил мамлакатларидан бугунгача мамлакатимизга қанча инвестиция киритилди? Турли тарихий шарт-шароитларда халқаро тилга айланиб қолган бу тилни оммавий тарзда ўргатиш учун талабанинг 4 йил бакалавриатда ўқиши ва битирганидан сўнг мутахассислиги бўйича иш тополмай юришига вақтида эътибор қаратилмади. Бу ва бошқа ҳар қандай чет тилини амалий ўрганиш учун 4 йил эмас, оддий методикада 4 ой, жадаллаштирилган методикада эса ўн кунгина кифоя қилади, холос. Бироқ ўқувчиларга чет тилини ўқитиш учун керакли мутахассисларни махсус педагогик ва методик тайёргарлик асосидагина синфга киритиш мумкин.

Сўнгги йилларда инглиз тили факультетларига қабул планлари «ошириб бажарилмоқда». Бу йигит-қизларни келажакда иш билан таъминлаш ва ишга тақсимлаш қай даражада пухта ўйлаб кўрилган? Буни яқин 5-10 йил кўрсатади. «Олмон тили ва адабиёти» ихтисослиги бўйича ўқитувчилар тайёрлашга иккинчи даражали иш сифатида қаралди.

Немис тили ихтисослиги ўқув режасида педагогика, психология ва методика фанлари учун Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида бошқа тил ўргатувчи олийгоҳларга нисбатан 3 баравар кўп ўқув соатлари ажратилган эди. Бу ўқитувчи учун жуда зарур бўлган касбий тайёргарликни кафолатлайди. Шу сабабдан немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш вазифаси асосан педагогика университети ва институтлари зиммасига юклатилмоғи лозим эди. Бироқ афсуски, айни пайтда аҳвол тескари.

Етакчи ҳисобланмиш педагогика университидаги немис тили бўлими тугатилган, немис тили ўқитувчилари тайёрлаш асосан нопедагогик, жумладан, умумтаълим университетлари ва филологик йўналишдаги университет ва чет тиллар институтларига юклатиб қўйилган. Мамлакатга эса филолог ва таржимонлардан кўра, мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун кўпроқ ўқитувчи кадрлар керак.

Ўқитувчиларни эса классификатор бўйича ва етакчилик мақомига эга бўлган махсус педагогик ва методик йўналтирилган меъёрий ҳужжатларни яратиб бераётган педагогика университети ва институтлари тайёрлаши керак. Бироқ қатор вилоятлардаги немис тили бўлимлари ва кафедраларида немис тили назарияси ва уни ўқитиш методикасидан мутахассислашмаган, илмий даражалари ва унвонлари бўлмаган ўқитувчилар кўпчиликни ташкил қилади.

Мамлакат академик лицей, касб-ҳунар коллеж ва ўрта-умумтаълим мактабларида 2013 йилгача салкам бир миллион нафар ўқувчи немис тилини биринчи чет тили сифатида ўрганмоқда эди. Ҳозирги кунда эса бу рақам ярмига ҳам етмайди. Олий ўқув юртларига ҳар йили 500 дан ортиқ абитуриент немис тили ўқитувчиси йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинарди. Хоҳловчилар сони эса 7-8 баробар кўп эди. Бироқ қабул бўйича «планлаштириш» бугун асосан инглиз тили фойдасига ҳал қилинмоқда.

Менимча, бу масалада жиддий ўйлаб кўрмоқ керак. Қайси тилни танлаш эса ёшлар ихтиёрида бўлади. Мамлакатимиз Президенти ўзбек-немис алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Ўзаро манфаатли кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда тил билиш ўта муҳимлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

 

Хуррам РАҲИМОВ,

профессор, Германиядаги олмон-ўзбек илмий жамияти раиси.


DB query error.
Please try later.