16.04.2019

ҲАЙРАТЛАРИМ СУРАТИ

Йиғилиш қарори:

1. «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ижро этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги 295-сонли қарори ва вилоят ҳокимининг 2012 йил 20 октябрдаги 232-сонли ҳамда Музработ туман ҳокимининг 2012 йил 25 октябрдаги 327-сонли қарорлари ижроси юзасидан «Юртим жамоли» маҳалла фуқаролар йиғини Жартепа қишлоғидаги янги қабристонни «Биби Робия» қабристони деб номлаш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

2. Ушбу қарорнинг тасдиғи географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича «Сарҳад» ҚФЙ ҳудудий комиссиясига тақдим этилсин.

Ўзбекистон Республикаси географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш масалалари бўйича вилоят комиссияси мажлисининг 2014 йил 5 сентябрдаги Музработ тумани «Юртим жамоли» ҳудудидаги қабристонга «Биби Робия» номи берилиши тўғрисидаги юқоридаги қарор муҳокамага қўйилди.

С. Турсунов — Термиз давлат университети профессори, комиссия аъзоси.

— Жойларга ном бериш бўйича 1994 йилдан буён шуғулланиб келаман. Жойларга шахсларнинг номларини қўйиш фақат Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгилаб қўйилган меъёрлар асосида амалга оширилиши керак... Айрим қабристонларга азиз-авлиёлар номлари қўйилган бўлиб, улар минг йиллик тарихга эга. Мен Робия момонинг ҳаётини ўрганиб чиқдим. Бу шахс Музработ тумани тарихида ҳеч қандай тарихий из қолдирмаган... Шунинг учун ҳам қабристонга унинг номи берилишига қаршиман.

А. Амантурдиев — Термиз давлат университети профессори.

— Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш бўйича меъёрий ҳужжатларни Термиз шаҳар ва туманлар комиссияларига, барча қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларига тарқатиш ва уларни минтақавий ўқишлар ташкил этиб, ўқитиш зарур. Қонунларни мукаммал билмаганлар ўзбошимчалик билан турли қарорлар чиқариб беришмоқда. Бунга янги қабристонга «Биби Робия» номини бериш ҳақидаги йиғилиш баёни мисол бўла олади. Бу қонунга мутлақо зид қарор.

И. Ботиров — Термиз шаҳри музейи директори, комиссия аъзоси.

— Мендан олдин сўзга чиққанларнинг фикрига қўшиламан. Қабристонни момо номи билан аталишига қаршиман.

Вилоят статистика бошқармаси бошлиғи Б.Очилдиев, маънавият-тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари М.Азимов, маҳалла жамоат фонди вилоят бўлими раиси Т.Норбоев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси М.Олломуродов, Термиз давлат университети география кафедраси мудири Ҳ.Абдуназаров ҳам бир овоздан қабристонга Биби Робия номи берилиши қонунга зид, деган фикрни баён этишди.

Шундай қилиб, вилоят комиссиясининг 2014 йил 9 сентябрдаги 05-5154-сонли йиғилиши географик объектларни номлаш ва қайта номлаш бўйича Музработ тумани комиссиясининг 29 майдаги тумандаги «Юртим жамоли» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қабристонга Биби Робия номини бериш тўғрисидаги 10-сонли баёни Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 12 октябрдаги «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонунининг 4-моддасига зид эканлиги қайд этилсин ва туман комиссиясининг мазкур қарори қайта кўриб чиқиш учун Музработ туманига қайтарилсин, деган қарорни қабул қилади.

 

Халқ рози бўлсин

«Бор отангга, бор онангга» қабилидаги тўрт йиллик югур-югурлар, сарсонгарчиликлар натижаси эди бу. Вилоят комиссияси йиғилиши баёни билан танишганимизда, Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 12 октябрдаги «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонунни чуқур ўрганиб чиқмаганликлари, комиссия аъзоларининг аксарияти қонунга бир томонлама суяниб иш кўрганликлари сезилади.

Айни шу қонуннинг 4-бобининг якунловчи қоидалар қисмидаги 21-моддадаги низоларни ҳал этиш, 22-моддасидаги географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик, айниқса, комиссия аъзолари суянган 4-моддадаги географик объектларнинг номларига доир талаблар бандидаги маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш қоидалари эътибордан четда қолган. Кун тартибидаги масала юзасидан ўтказиладиган муҳокамада қонуннинг ана шу бандларига эътибор бермаслик комиссия аъзоларининг шошма-шошарлик, эътиборсизлик билан иш кўрганликларидан далолатдир. Қонунларни яратадиган ҳам, янгилайдиган ҳам, ўзгартирадиган ҳам одамлар. Бунга ҳаётда мисоллар кўп. Назаримда, Термиз давлат университетининг икки профессори хулосаларига комиссиянинг бошқа аъзолари бир ёқадан бош чиқариб қарсак чалиб туришган, холос.

Момо шаънига нисбатан «Бу шахс Музработ тумани тарихида ҳеч қандай тарихий из қолдирмаган... Шунинг учун қаршиман», деган олимнинг фикрига мутлақо қўшилгим келмади. Буни шахсни камситиш, ўтган инсон хотирасига ҳурматсизлик, деб билдим.

Дунёга келган ҳар бир инсон ўзидан, албатта, из қолдиради, деб ўйлайман. Робия ая саккиз ўғил-қизни туғиб, уларнинг ёнига ота-онасидан етим қолган яна икки болани асраб олиб, ҳаммаларини оқ ювиб, оқ тараб, оналик меҳрини берган қаҳрамон она эди. Музработ чўлларини ўзлаштиришда қатнашган, пахта экиб, пахта териб, ғалла экиб, ғалла йиғиб, ўзини меҳнатда кўрсатган илғор колхозчи бўлган. Яшаш, яратиш завқининг, жафокашлик ва мардликнинг бундай сурати ҳам ўзига хос қаҳрамонлик, тарихий излар эмасми?!

...Қайси туман ҳокимияти вилоят тасарруфидаги комиссия қарорига қарши чиққанки, Музработ тумани бунга журъат этсин?! Шундай қилиб, республика географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш масалалари бўйича вилоят комиссияси мажлисининг 2014 йил 5 сентябрдаги тумандаги янги қабристонга «Биби Робия» номи берилмаслиги тўғрисидаги қарори ўз кучида қолди.

Тўфа Боймуродова кечагина маҳалласи йиғини қароридан хурсанд бўлиб, устозидан суюнчи олган бўлса, бугун Юсуф Вализода Дарбандий ҳузурига бошини эгиб кириб келди. Улар узоқ ҳасратлашишди, суҳбалашишди ва ниҳоят, устоз билан хайрлаша туриб, шогирди ўзининг сўнгги қарорини айтди:

— Қабристонга онамнинг номи бериладими ёки бошқа ном билан аталадими, гап бунда эмас. Гап халқ қарорига эътиборсизликда, эл-улус ризолигига қаршилик кўрсатишда... Ҳар қандай вазиятда ҳам мен онамга берган сўзимдан қайтмайман, устоз. Қабристон ободончилиги учун бор куч, ғайратимни сарфлайвераман...

Устоз шогирди орқасидан дуога қўлларини очганча, унга сабр-қаноат, куч-ғайрат тилаганча кузатиб қолди. Сени тушунадиган, ниятларингга эш бўладиган битта дуогўйинг бўлса ҳам, катта куч экан. Унинг энг оғир кунларида ёнида турган, қўллаб-қувватлаган опаси, поччаси, жонажон укалари, келинлари бор. Улар буёғида ҳам уни ёлғиз қолдиришмайди, у билан бирга бўлишади. Ахир, Робия момо уларнинг ҳам бибиси, жондошу қондоши...

Тўфа қабристонда бошлаб қўйган қурилиш ишларини давом эттиришга киришиб кетди...

... Август ойининг сўнгги ҳафтаси эди. Кун жазирама. Қабристонни айланиб, бундаги бунёдкорлик ишлари билан қизиқаман. Ҳар бир янги қурилма, кўкарган дарахт, сув омбори, яшнаган гулзорни Тўфа номи билан боғлаб гапиришади. Бу гапларга бир ишонсам, бир ишонмайман. Кайфиятимни сездими, Дарбандий домла чўнтагидан икки варақ қоғоз олиб, менга узатди. Ўқиб кўринг, бу шу оддий сурхон қизи қилган саҳоват ишлари рўйхати. Ёзиб юрганимни ўзи ҳам билмайди. .. Ҳар гал қилган, қилаётган ишларидан ҳисоб бериб кетарди. Баъзида биргалашиб, баъзида эртасига қабристонга бориб, у қилган янгиликларни ўз кўзим билан кўриб қайтардим ва кела солиб ўша ишлар рўйхатини йилма-йил, кунма-кун ёзиб боравердим. Бунга хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг...

Мана ўша рўйхат:

1. 2012 йил 8 март — қабристонга 140 та атиргул ва 30 та арча кўчати экди.

2. 2012 йил октябрь-ноябрь. Қабристон учун тобутхона ва қоровулхона қуриб берди.

3. Қабристонга кираверишдаги йўлларга қишда лой-ёмғирдан, ёзда чанг-тўзондан асрайдиган майда-майда тошлар ётқизилди.

4. 2014 йил. Хотира ва қадрлаш куни. Тошкент шаҳридан катта юк машинасида рангоранг гуллар ва манзарали дарахтлар кўчати келтирилди. Қабристонга келганлар ёрдамида гул ва кўчатлар экилди.

5. 2014 йил 25 октябрь. Қабристонга 380 метрли платина трубалари ўтқазилиб, 40 тонналик иккита сув омбори ўрнатди.

6. 2015 йил 18 март. Қабристонга 300 та манзарали дарахт экилди. Наврўзи олам муносабати билан 350 кишига хайрия оши берди.

7. 2018 йил 1 апрель. Хайрия оши берди. Ошга келганлар ёрдамида 200 та кўчат экилди...

 

Дилбар Маҳмудова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Давоми келгуси сонда.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: