Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
08.04.2019

МАРД ЭЛНИНГ БАХШИЛАРИ КЎП БЎЛАДИ

Фирдавс Шарипов, халқаро фестиваль ишчи гуруҳи аъзоси, халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

— Мазкур фестиваль ЮНЕСКО шафелигидаги Термиз шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас, албатта. Негаки, бахшичилик санъатига ошнолик, меҳр ҳар бир сурхон фарзандининг қон-қонига сингиб кетган. Шу боисдан ҳам байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш учун ҳудудда кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишларида барча бирдек жонбозлик кўрсатди. Термиз шаҳри марказида Алпомиш ҳайкали ўрнатилган бўлса, аэропортда янги бино фойдаланишга топширилди. Воҳадаги 40 га яқин туристик масканлар буклетлари, шаҳар харитаси, бахшичилик санъатига оид рисолалар ўзбек, инглиз ва рус тилларида чоп этилди. Тарих ва маданиятимиздан сўзловчи китоб ва фотоальбомлар чиқарилди. Фаёзтепа, Кампиртепа, Султон Саодат, Ал Ҳаким ат Термизий каби тарихий обидалар таъмирланди. Санъат саройи ҳудудида томошабинлар учун амфитеатр барпо этилди. Кўча ва хиёбонлар, кўпқаватли уйлар ободонлаштирилиб, йўл ва йўлаклар барпо қилинди. Меҳмонлар ва иштирокчилар учун турли маданий тадбирлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Миллий созлар, либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари барчага манзур бўлиши муқаррар.

Халқаро бахшичилик фестивалида бахши-шоир, оқин ва жировларнинг чиқишлари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилади.

Танлов ғолибларига диплом, махсус статуетка ва пул мукофотлари берилади. Ҳар бир йўналиш бўйича 1-ўрин соҳиблари 10 минг долларни қўлга киритса, 2- ҳамда 3-ўринни эгаллаганлар мос равишда 7-5 минг доллар соҳиблари бўлишади. Шунингдек, «Энг ёш бахшичилик санъати иштирокчиси», «Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи», «Энг яхши чолғу ижрочиси» каби йўналишлар бўйича ҳам рағбатлантирувчи мукофот ва дипломлар топширилади.

 

Райҳон РАҲИМОВА, халқаро фестиваль ишчи гуруҳи аъзоси, халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

— Сурхондарё инсоният тамаддунида ўзига хос ўрин тутган замин ҳисобланади. Халқимизнинг урф-одат ва анъанларини кенг тарғиб қилиш борасида бугунги кунда хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Шўрчи туманидаги Далварзинтепа, Термиздаги Фаёзтепа, Деновнинг шимолий ҳудудида жойлашган Қорабоғтепа, Сариосиёдаги Сангардак шаршараси ва бошқа ўнлаб маконлар рўйи-замин сайёҳлари, олимлари ва археологларни ўзига мафтун этмоқда.

Икки дарё оралиғида жойлашган қадим ва навқирон Термизда Халқаро бахшичлик санъати фестивалини ўтказилиши эса бу борадаги хайрли ишларнинг давоми бўлди. Дунёнинг турли қитъаларидан ташриф буюрган меҳмонлар қарийб бир ҳафта давомида халқимизнинг ноёб дурдоналаридан баҳраманд бўлишади. Илк бор ташкил қилинган анжуман сайёҳлик, маънавият ва маърифий соҳалар ривожида ҳам ўзига хос мустаҳкам кўприк бўлишига ишонаман. Дунёнинг турли мамлакатларидан келган меҳмонларга қадриятлар мужассам масканга хуш келибсиз, деймиз!

 

Шоберди БОЛТАЕВ, Ўзбекистон Халқ бахшиси:

— Юртимизда Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Самарқанд, қорақалпоқ бахшичилик мактаблари бор. Булунғур, Шаҳрисабз, Чироқчи, Деҳқонобод, Шеробод, Бойсун ва бошқа туманларда ҳам бу борада хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудуд бахшиларининг ижро усуллари ва репертуарлари бир-биридан фарқ қилади. Булунғур бахшичилигида қаҳрамонлик достонлари машҳур бўлса, аксарият манзилларда ишқий қиссалар куйланади.

Халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдоналарини тарғиб қилишда Шеробод-Бойсун мактабининг алоҳида ўрни бор. Анъаналар авлоддан-авлодга ўтишида Ўзбекистон халқ бахшилари Бола бахши Абдуллаев, Абдуназар бахши Поёнов, Боборайим бахши Маматмуродов, Қора бахши Умиров, Абдуқаҳҳор бахши Раҳимов, Шомурод бахши Тоғаев, Зиёдулла бахши Исломов, Норбек бахши Абдуллаев, Қаландар бахши Норметов, Қодир бахши Раҳимовлар муносиб ҳисса қўшганлар.

Сурхон тўйларини бахшиларнинг бетакрор достонлари, ажойиб термаю ўзига хос айтишувларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Минг йиллардан сўзлагувчи санъат ўлмас қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни тараннум қилади. Элларни бирлаштириб, миллатларни яхшилик, меҳр-оқибат, дўстлик ва биродарликка чорлайди. Шу боис миллий удумларимиз уйғунлашган алёру лапарлар кишиларни мафтун қилади. Соз сеҳрининг бетакор оҳангларига маҳлиё бўлиш табиий.

Президентимизнинг ўтган йил январ ойидаги вилоятимизга ташрифи давомида дилдан суҳбатлашгандик. Давлатимиз раҳбари бахшичилик санъатини ривожлантириш борасида ажойиб таклиф билдирганлари ҳамон ёдимда. Ўшанда юракдан қувонган эдим. Буни қарангки, кўп ўтмай Термиз шаҳрида бахшилар мактаби ташкил қилинди.

Яхши элнинг бахшилари кўп бўлади, дейдилар. Қирқ беш йил давомида ўнлаб шогирд тайёрлаган бўлсам, келажакда уларнинг сафи янада кенгайиши муқаррар. Ўзаро фикр алмашиш, ижодий мулоқотларни йўлга қўйиш албатта ўзининг ижобий натижаларини беришига ишонаман.

 

Равшан бахши МАМАТМУРОДОВ, Халқаро фестивал иштирокчиси:

— Ўзбекистон Халқ бахшиси Боборайим бахши Маматмуродовнинг фарзанди эканлигимдан фахрланаман. Падару бузрукворимиз куй устаси, моҳир достончи, ички (бўғиқ) овоз соҳиби эдилар. Уч юздан ортиқ достон ва термаларни ёддан билганлар.

Умрбоқий қадриятларимизни тараннум қилувчи бахшилар халқнинг турмуши, маданияти ва юрт тарихини яхши билишлари керак. Сўз ўйинлари, қочиримлар, мақол ва иборалардан унумли фойдаланиш лозим. Оҳанг топа билиш достону термаларни янада жозибали ва қизиқарли бўлишида муҳим ўрин тутади. Шу боис бахшилардан юксак истеъдод, ўткир идрок, теран нигоҳ ва мустаҳкам сабот талаб қилинади.

Бахшичлик Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва бошқа давлатларда ҳам ривожланган. Бахшию оқинлар асосан рубоб, доира, қўбиз, дутор, дўмбира жўрлигида терма ва достонлар айтишади. Айтимларда куй ва овоз мутаносиблиги муҳим ўрин тутади. Шу билан бир қаторда, сўз бойлигига ҳам алоҳида эътибор бериш керак. Шундагина дўмбиранинг сеҳрли овози кишини мафтун қилади.

Биласизми, ўтган асрнинг охирларида тўйларимиз бахшиларсиз ўтмаган. Тунни тонга улаб айтилган терма ва достонлар давраларга файз киритган. Аммо кейинги йилларда уларнинг сони бироз камайганди. Президентимизнинг тарихий қарорлари эса бу борада ўзига хос янгилик бўлди. Бундан кейин кўплаб ёш бахшилар етишиб чиқади, деб ишонаман.

 

 «Ўзбекистон овози» мухбири

Абдумалик ҲАЙДАРОВ

ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: