Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
08.04.2019

АКАДЕМИКЛАР ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Тошкент Педиатрия институти лицейида лицейнинг собиқ медалистлари ва кимё фанининг фидойилари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг таниқли академиклари Бахтиёр Иброҳимов, Абдулаҳад Жалилов, Мирзиёд Мирсаидов, Ҳожимурод Кимсанбоев ва Бакир Зариповлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда лицейнинг профессор-ўқитувчилари, жаҳон фан олимпиадалари ғолиблари ва фаол ўқувчилари иштирок этишди.

Лицей директори Ортиқбой Эшонқулов учрашувни кириш сўзи билан очаркан, бугунги мураккаб таҳликали замонда ёшларимизда илм-фанга қизиқишни ошириш, уларни ёт ғоялардан асраш, ватанпарвар, мард ва жасур, маърифатли авлод этиб тарбиялашда бундай тадбирлар муҳим аҳамиятга эгалиги ҳақида тўхталди.

Ўз навбатида эса академиклар лицейда таълим олаётган ўқувчилар келгусида етук олим ёки етук мутахассис бўлиши учун нима қилиш кераклиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Учрашув ўқувчилар билан ўзаро мулоқот руҳида ўтганлиги боис уларни қизиқтирган қатор саволларига жавоб берилди.

— 2008 йилдан буён академик лицейимизнинг 49 нафар ўқувчиси кимё фани бўйича Халқаро ва Жаҳон фан олимпиадаларида 6 олтин, 12 кумуш ва 31 та бронза медални қўлга киритган, — дейди лицей директори Ортиқбой Эшонқулов. — Дастлаб академик лицейда ўқувчилар ўртасида ички олимпиада ўтказамиз. Мазкур билимлар баҳсида биз олдинги халқаро ва жаҳон фан олимпиадаларида фойдаланилган масала ва мисолларни ўқувчиларга ҳавола этамиз. Гуруҳ ва босқичлар ўртасида бўлиб ўтадиган бу беллашувда ҳар бир ўқувчининг масала ва мисолларни қандай ечганига қараб ёш олимпиадачилар гуруҳини шакллантирамиз. Мазкур махсус гуруҳ билан машғулотни тажрибали ўқитувчиларимиз ҳамда илмий тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари олиб боришади. Бундан ташқари, биз Москва давлат университетининг кимё факультети билан ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Кимё фанининг тегишли йўналишлари бўйича ушбу олий ўқув юртидан тажрибали профессор-ўқитувчилар ташриф буюриб, сараланган гуруҳда дарс ўтади. Бундай мақсадли саъйи-ҳаракатлар эса амалда ўзининг кутилган натижасини бериб келмоқда.

— Сўнгги ўн йилда кимё фани бўйича жаҳон олимпиадаларида республикамизнинг барча лицей ва мактаблари жами 5 та медал олган бўлса, бу лицей ўқувчилари 12 та медал соҳиби бўлган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг академиги Мирзиёд Мирсаидов. — Буларнинг 2 таси олтин, 2 таси кумуш ва 8 таси бронза медаллардир. Шунингдек, охирги ўн йилда Халқаро Менделеев олимпиадасида қатнашиб, республикамиз ўқувчилари олган 70 медалнинг 43 тасини шу лицей ўқувчилари қўлга киритган. Бундан ташқари, ўтган йил ушбу лицей учун омадли келди, дейиш мумкин. Чунки, Цингапурда ўтказилган жаҳон олимпиадасида 1 олтин, 1 кумуш ва 4 та бронза медалини, шунингдек, Словакия ва Чехияда ўтказилган олимпиадаларда 2 бронза, Минск шаҳрида ўтказилган Менделеев олимпиадасида 1 кумуш ҳамда 3 бронза медалини қўлга киритишди. Яқин кунларда мазкур академик лицейнинг ёш кимёгар ўқувчилари навбатдаги халқаро ва жаҳон фан олимпиадаларида иштирок этишади. Улар бу олимпиадаларда ҳам муносиб қатнашишларига шубҳа йўқ.

Шунингдек, тадбирда академиклар Фанлар академияси лабораторияларида амалий машғулотлар ўтказиш учун ўқувчиларга йўлланма топшириш ҳамда келажакда академик лицей ўқувчилари учун замонавий кимё ва биология лабораторияларини жиҳозлаш 2019 йил йўл хариталарига киритилгани ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: