08.04.2019

БАХШИЧИЛИК МАКТАБЛАРИ

Бахши сўзи, устод, маърифатчи деган маънони англатиши ҳақида Ҳоди Зарифов ёзган эди. Алишер Навоийнинг «Муншаот» асарида «Бир сабоҳдин туш вақтиғача ва пешиндин оқшомгача анча иш қилурларким, неча девон, неча нависанда бахши ва неча парвоначи қила олмагайлар», деб ёзиб қолдирилганки, бу ерда бахши котиб, мирзо маъноларида ҳам қўлланган.

Фольклоршуносликда Булунғур, Қўрғон, Шаҳрисабз, Хоразм достончилик мактаблари ҳақида маълумотлар бор. Академик Тўра Мирзаев Нурота, Шеробод, Қамай, Пискент, Жанубий Тожикистон каби яна бир қанча достончилик мактабларини кашф этди.

XIX аср охири XX аср бошларида Самарқандда иккита – Булунғур ва Қўрғон бахшичилик мактаблари мавжуд эди. Бу мактабларда асосан эпик санъат ривожланган бўлиб, улардан даврининг буюк ижодкорлари – Фозил Йўлдош ва Эргаш Жуманбулбул ўғли етишиб чиққанлар.

Булунғур мактаби вакиллари асосан «Алпомиш» каби қаҳрамонлик эпосларини куйлашган бўлса, Қўрғон мактабида асосий эътибор романтик достонларга қаратилган. Табиийки, достонларнинг мазмун-моҳияти таъсирида достон куйлаш усуллари ҳам турлича бўлган. Жумладан, булунғурлик бахшилар асарни ўта анъанавий ва архаик бир тарзда куйлашган бўлса, қўрғонлик ижодкорлар куйлаш усулларида бадиий ранг-баранглик ва поэтик жимжимадорлик етакчи ўрин тутган.

Кейинги мактаб вакиллари ижро этган достонларда араб ва форс-тожик адабиётларидаги образлар, ўзбек халқ китобларидаги сюжетлар ҳам учрайдики, бу нарса авваламбор Қўрғон бахшиларининг мактаб ёки мадраса таълимидан яхшигина хабардор бўлганлигидан, ижролари ёзма адабиёт таъсирига учраганлигидан далолат беради.

Бахшичиликнинг яна бир мактаби XIX асрда Шаҳрисабзда мавжуд бўлган. Унинг ёрқин вакили Абдулла Нурали ўғли (1874-1957) бўлиб, у йирик достончи Ражаб шоирнинг шогирдидир. Бу мактабнинг ўзига хос томони шундаки, бу ердаги бахшилар достонларни шўх, қувноқ, кўтаринки руҳда айтишган, куйларни юқори профессионал даражада ижро этишган.

Ўзбекистон ва Тожикистон жанубидаги бахшиларни бирлаштирган Шеробод достончилик мактаби вакиллари ижро этган «Олтин қовоқ», «Малла савдогар», «Оллоназар Олчинбек» каби достонлар юқорида келтирилган достончилик мактаблари вакиллари томонидан ижро этилмаган. Кўплаб шогирдлар етиштирган бахши Шерназар Бекназар ўғли бу мактабнинг машҳур вакили ҳисобланади.

Жанубий Тожикистонда яшовчи ўзбек лақайлари орасида ҳам ўзига хос бахшичилик мактаби мавжуд. Фольклоршунос олима М.Миркамолова 1961-1966 йилларда Жанубий Тожикистонда ўтказган фольклор экспедицияси даврида ўзбек лақайлари орасида яшаб ижод қилган 114 та соқи (бахши) ҳақида маълумот бериб ўтганки, бу ҳолат маҳаллий ўзбеклар орасида достончилик анъанаси нақадар кенг тарқалганлигидан дарак беради.

Ўзбеклар орасида бахши бир қанча номлар билан аталади. Ўрта Осиёнинг жанубий ҳудудларида юзбоши, созанда, Тожикистоннинг ўзбек лақайлари орасида соқи, Фарғона водийсида сановчи, шунингдек жиров, жирчи, оқин каби номлар билан юритилади. Бундай халқ ижодкорлари бошқа туркий халқлар орасида ҳам мавжуд бўлиб, қозоқларда оқин ва жиров, қирғизларда манасчи, мўғулларда тўлчи, ўғузларда узан дейилади. Тожик фольклоршунослигида халқ эпоси ижрочилари гўянда, ҳофиз ва шоир дейилади, бироқ «Гўрўғли» туркумидаги достонлар ижрочисини достонга қиёсан гўрўғлисаро, деб ҳам аташади.

Йирик ўзбек бахшиларининг номига «шоир» сўзини қўшиб ишлатиш ҳоллари мавжуд. Шоир арабча сўз бўлиб, асосан поэтик асарлар ижодкорлари, лирик асарлар муаллифларига нисбатан қўлланади. Бахшиларнинг бундай аталиши нисбатан кейинги даврлар маҳсули бўлиб, ёзма адабиётнинг халқ оғзаки ижодига кўрсатган таъсири натижаси ҳисобланади.

Бахши халқ достонларини юқори, профессионал даражада асосан дўмбира, шунингдек, қўбиз жўрлигида ижро этувчи, уларни авлоддан-авлодга ўтказувчи халқ санъаткоридир. Бироқ, эл орасида бахши деганда, гоҳида келажакни кўрувчилар ҳам тушунилади. Улар сўзлари ва ғайритабиий ҳаракатлари билан касални гўё дарддан халос қилади. Бундай фаолият усули шомонлик ҳам дейилади.

Шомонийлик қадимги туркийларнинг диний эътиқод шаклларидан ҳисобланган. Унинг асосида ёвуз ва эзгу руҳларнинг инсон ҳаётига таъсир этишига ишонч ётади. «Қўрқут ота китоби»даги Қўрқут ота ҳам уруғ оқсоқоли бўлиш билан бирга қўшиқчи ва айни вақтда элининг келажагидан хабар берадиган шомон сифатида намоён бўлади. Бу нарса ўтмишда бахшилар халқ достонларини куйлаш билан бирга руҳий таъсир кўрсатувчи ва касални тузатувчи вазифаларини ҳам бажарган, деган тушунчани ҳосил қилади. Дарҳақиқат, қирғиз манасчиларининг оғир беморларга, тўлғоғи тутган хотинларга дардини енгиллаштириш учун ҳам достон куйлаганлиги маълум. Шунингдек, туркманлар «бахши» деганда халқ ҳофизини тушунсалар, қозоқлар кинначи-шомонни «бақсу», деб аташган. Ўзбек бахшичилик санъатининг ўзига хос, бошқа жойлардаги ижросига ўхшамаган, алоҳида йўналишга эга бўлган Хоразм достончилиги ва халфачилик санъати ҳам бор.

Алпомиш образи нафақат ўзбек халқ оғзаки ижодида, балки бошқа туркий халқларда, шунингдек, ўзбекларга қўшни бўлган тожик ва маҳаллий араблар фольклорида ҳам турли кўринишларда мавжуд. Бу образ вариантлари туркий халқлар қаҳрамонлик эпосларида эволюцион ривожланишни бошидан кечирган. Жумладан, қозоқларда Алпомис, татар ва бошқирдларда Алпамша, уйғур ва олтойликларда Алип Манаш, қирғизларда Манас, ўғузларда Алп Бамси, венгерларда Алпмуш каби образлардаги талқинлари мавжуд.

Ўзбек «Алпомиш» достонининг ҳозирги ҳолатидаги вариантларининг пайдо бўлганига минг йил бўлса-да, бироқ унинг дастлабки архаик сюжети анча қадимийдир, деган тушунчалар ҳам йўқ эмас. Грекларнинг «Одиссея» достонининг сўнгги таҳрири эрамиздан аввалги 600-йилда, деб қайд этилган. Академик В.Жирмунскийнинг фикрича, грекларнинг «Одиссея» достонида Одиссейнинг қайтиш сюжети Ўрта Осиё «Алпомиш»и сюжети билан боғлиқ. Одиссей билан Алпомишнинг, айниқса қўнғирот версияси шунчалик яқинки, уларни тасодифий ўхшаш дейиш қийин. Энг қадимги ёзув ҳисобланган шумер ёзувида битилган «Гилгамиш» достони «Алпомиш» достонининг қадимги варианти деб фараз қилинмоқда.

«Алпомиш» достони версиялари нафақат Ўрта Осиёда, балки Олтой, Сибирь, Шарқий Туркистон, Кавказорти ва Кичик Осиё туркий тилли халқлар орасида мавжудлигини қайд қилиб ўтдик. Сюжетнинг бунчалик кенг ҳудудга ёйилишида албатта ўзига хос омиллар бўлган. Бунинг асоси сифатида узоқ ўтмишда туркий халқларнинг ушбу кенг ҳудудларда яшаганлигини, шунингдек яшаш манзилини ўзгартириб, улкан музофот узра кўчиб юрганлигини келтириб ўтиш мумкин. Бундай фаолият туркий халқлар орасида нафақат иқтисодий, балки маданий муносабатларни ҳам пайдо қилган, булар замирида оғзаки ижод асарлари ҳам қўшни элатларга оғиздан-оғизга ўтиб, турли даражаларда шакллана бошлаган. Сюжетнинг энг архаик версияларидан бири «Алип-Манаш» Олтой эртагида мавжуд бўлиб, бу сюжет ўзбек «Алпомиш»и каби эволюцияни бошидан кечирмаган ва ривожланмай эртак даражасида қолиб кетган. Шу ерда яна бир масалага муносабат билдириб ўтиш жоиз: ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ версияларига олтой, татар, бошқирд вариантлари бевосита асос бўлган дейиш тўғри эмас. Бироқ достон версияларига асос бўлган «бобо сюжет»ни аниқлаш ва ўша асосида достон версияларининг эволюциясини кузатиш зарурати бу бошқа масала.

Қадимда Сирдарё қуйи оқими ҳудудларида яшаган ўғуз қабилалари ўша ердаги элатлар каби «Алпомиш»нинг «бобо сюжети»ни яхши билишган, чоғи. Қипчоқ қабилаларининг ғарбга қилган юриши ва ўғуз қабилаларининг Кавказорти, Кичик Осиё, Европага қадар силжишлари натижасида Алпомиш ( Алип Бамси) ҳақидаги «бобо сюжет» ҳам ўша жойларга бориб қолган ва кейинчалик «Қўрқут ота китоби» таркибидаги «Алпомиш» достонига энг яқин асар бўлган «Бамси Байрак» достонини вужудга келтирган. Кичик Осиёда бу образ Анадўли халқ эртакларидан ҳам ўрин олган. Шуниси қизиқки, Алпомиш образи билан боғлиқ достон ҳозирги венгрларда ҳам мавжуд. Достон қаҳрамони Отилла асарда иккинчи ном Алмуш (Алпмуш), деб аталган.

«Алпомиш» достони қадим тарих қаъридан асрлар мобайнида оғиздан-оғизга, аждоддан-авлодга ўтиб элни эзгулик сари етаклаб, ўзлигини англатиб, маънавий ва жисмоний камол топтириб келмоқда. Бу достон ўзининг барча жиҳатлари билан жаҳоннинг «Одиссея», «Илиада», «Манас», «Маҳобҳорат», «Шоҳнома», «Нибелунглар ҳақидаги қўшиқ», «Қўрқут ота китоби» эпослари каби буюкдир.

 

Эркин МУСУРМОНОВ,

Самарқанд давлат университети доценти.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: