Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
08.04.2019

СЎЗ – ФЕСТИВАЛЬ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

Магдалина ВАЛДИВАЯ, мусиқашунос (Мексика):

– Ҳар бир халқнинг ўз қўшиғи, халқ оғзаки ижодига асосланган термалари бўлади. Бутун дунёда шундай. Лекин Термизда бўлиб ўтаётган ушбу фестиваль ана шу халқ оғзаки ижодини халқаро даражага олиб чиқди, десам янглишмайман.

Тўғри, турли тилларда куйланадиган термалар маъносини таржима асосида англаб етиш мумкин, лекин бу фестивалда куйланаётган халқ оҳангларига таржимон керак эмас. Ундаги дард, шодлик ва бахт оҳанглари таржимонсиз ҳам қалбларга етиб боради, деб ўйлайман.

 

Ваня ИЛЬЕВ, мусиқа ўқитувчиси (Сербия):

– Сербиялик ёшлар умумжўрликда айтадиган куй-қўшиқлар кўп. Мен ўзим мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлайман, Кўп йиллардан буён халқ термаларини йиғиб келаман. Бу фестивалда жуда кўп ҳамкасблар, бахшилар билан танишдим, уларнинг қўшиқларини, мусиқаларини ёзиб олдим. Ватанимга қайтгач, серб мусиқа асбобларига дўмбира жўрлигини ҳам қўшмоқчиман.

Бундай тадбирлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда катта аҳамият касб этади. Шунинг учун Сербияда халқ фольклорига алоҳида эътибор берилади.

 

Муҳаббат МЕНГЛИЕВА (Туркманистон):

– Термизда ўтаётган фестиваль бу тарихий шаҳарнинг яна бир қиррасини дунёга танитди. Тарихи 3-5 минг йилликларга бориб тақаладиган бу диёрнинг қадимий қалъаларида дунёнинг турли бурчакларидан келган археологлар қазишма ишларини олиб бориб, ўзларининг илк цивилизацияга дахлдор осори атиқаларини топаётгани, Ҳаким ат-Термизий, Мусо ат-Термизий каби кўплаб алломаларнинг ислом оламида таниқли зотлар экани бу заминнинг ҳақиқатан ҳам буюк Ипак йўлида қадимий ва муқаддас қадамжолардан бири эканини билдиради.

Барибир, ўзбек ва туркман халқларининг бахшичилиги, достон ва термалари, ҳатто дўмбира оҳанглари ҳам бир-бирига ўхшаш. Шунинг учун уларни тинглаб мазза қилаяпман. Бир гуруҳ туркман бахшилари билан келганмиз, улар ҳам фестивалда ўз санъатларини намойиш этадилар.

 

Канита КОМСОКСАК, журналист (Таиланд):

– Бизда ҳар бир тадбир куй-қўшиқлар билан ўтади. Энг қизиғи, бу халқ термаларини етти ёшдан етмиш ёшгача билади, биргалашиб куйлашади. Фарзанд туғилганда, ёшига тўлганда, маросимларда, ҳатто ишонсангиз, бир инсон вафот этганида унинг ҳам куй-қўшиқ билан сўнгги йўлга кузатишади.. Бу инсон дунё ғам-ташвишларидан қутулди, энди руҳи абадий шод бўлсин, деб куйлашади.

Мен бу ерда ижро этилаётган шарқ халқлари фольклорида аввало, ажиб бир уйғунликни кўрдим. Яна бир нарса мени қувонтирди: оқинлар, жировлар, бахшилар қайси достонни куйламасин, ўз қаҳрамонини кўкларга кўтариб, қилган ишларини ўн чандон, юз чандон бўрттириб мақтаркан. Бу ҳам ёшларни руҳлантиришга бир чақириқ, улуғвор ишларни қилишга, кўпроқ яхшиликлар қилишга даъват сингари ҳар бир қалбга шижоат бағишлайди. Мен ватанимга қайтиб боргач, ана шулар ҳақида китоб ёзмоқчиман.

 

Карлос Боржес ФРЕЙРА, радиорепортёр (Португалия):

– Халқаро фестиваль ўтаётган майдон гўёки улкан ва бепоён бир театрга ўхшайди. Бир томонда қўғирчоқбозлар, бир томонда дорбозлар, бошқа томонда рақсга тушаётган боболар, момолар, миллий либосдаги қизлар, йигитлар, турли ширинликлар, пазандачилик маҳсулотлари, халқ ҳунармандчилиги намуналарининг намойиши, хуллас, зерикишга вақт йўқ.

Мен ҳар бир соҳа бўйича алоҳида-алоҳида репортаж тайёрлаяпман, суратга тушираяпман. Уларни интернет орқали узатаяпман. Бизнинг ишимизда тезкорлик биринчи ўринда туради, шунинг учун ҳам кундалик олинган суратларни шу вақтнинг ўзида сайтга жойлаштираяпман. Ватанимга қайтиб борганимдан кейин фестиваль ҳақида алоҳида радиофильм тайёрлаш ниятим бор.

 

Сафар ШАЙДИЛОВ, Термиз бахшичилик мактаби ўқитувчиси:

– Президентимиз Термизга келганида: «Қани момоларимиз айтган эртагу маталлар, топишмоқларимиз, тўйларимизнинг боши бўлган бахшиларимиз қани, нега бундай меросни биз йўқотаяпмиз, ахир эртанги авлодга нени қолдирамиз?», – деб жуда куйиниб гапирган эди.

Термизда бахшилар мактаби бўлишини биз кўп йилллардан буён орзу қилардик. Мана, ниҳоят, орзуларимиз амалга ошиб, қисқа вақт мобайнида Марказий Осиёдаги ягона бахшилар мактаби фаолиятини бошлади. Албатта, бундан бениҳоя мамнунмиз.

Бугун бу мактабда жуда кўплаб бахшиларимиз иқтидорли ёшларга устозлик қилмоқда. Бахши дегани, аввал мусиқа илмини мукаммал эгаллайди, ижрода куй ва сўз уйғунлигига эришганидан сўнг эл олдига чиқади. Ана шунда у ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини йўқотмасдан, воқеликни оҳангга солиб, дўмбира жўрлигида ўз санъатини намойиш қила оладиган бўлади. Бахшичилигимиздаги яна бир анъана — айтишув санъаткорнинг ижро маҳоратини ошириб, бадиҳагўйлигини, истеъдодини янада сайқаллайди. Бахшичилик мактабида ўқувчиларга сабоқ беришда ана шуларга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

 

Самандар ГУЛБОЕВ, бахшичилик мактаби ўқувчиси:

– Мен болалигимдан турли созларни чалишга қизиқаман. Бахшичилик мактабида устозлардан сабоқ олиш билан бирга турли созларда куй ижро этиш бўйича маҳоратимни ошираяпман. Ҳозир дўмбира, сибизға, чанқовуз, най, сурнай, қўшнай каби 12 та асбобда турли куйларни чалоламан.

Устоз бахши Шоберди Болтаевдан дўмбира чалиш, унда оҳанг, бахши овозининг ҳамоҳанг бўлиши сирларини ўрганаяпман. Келгусида бахшичилик санъатини дунёга тарғиб этиш ниятидаман.

 

Ғолибжон ОРИПОВ, 5 ёшда, ижтимоий тармоқларда дўмбира чалиб чиққан:

 – Мен дўмбира чалиб қўшиқ айтишни бобомдан ўрганганман. Ҳозир бир нечта достонлардан парчалар ёдлаганман, дўмбира жўрлигида чет элдан келган меҳмонларга куйлаб бердим. Улар менга совғалар беришди. Катта бўлсам, албатта бахши бўламан.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН тайёрлади.



DB query error.
Please try later.