08.04.2019

ДУНЁ ТАМАДДУНИДА БАХШИЧИЛИК САНЪАТИНИНГ ЎРНИ

Термиз шаҳрида ўтказилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида «Жаҳон цивилизациясида бахшичилик санъатининг ўрни» мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев ва бошқалар мамлакатимизда халқ оғзаки ижодини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга давлат даражасида қаратилаётган эътибор ноёб санъатимизни улуғлаб, халқимиз, айниқса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарори бу борадаги эзгу ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Анжуманда Франция, Болгария, Россия, Жанубий Корея, Молдова, Туркия, Эрон каби давлатлардан келган фольклоршунос олимлар, илмий тадқиқотчилар иштирокида бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, халқ оғзаки ижоди дурдоналарининг Шарқ ва Ғарб маданияти, санъатидаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, ўзбек ва бошқа халқлар достонларини илмий ўрганиш, ўзаро ижодий ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш каби долзарб масалалар муҳокама этилди.

Халқаро конференцияда «Бахшиларнинг эстетик қарашлари», «Марказий Осиёда номоддий маданий мерос бўйича халқаро ҳамкорлик: минтақада ICHCAP билан муштарак ишлар мисолида», «Жангарчи – «Жангар» қалмиқ қаҳрамонлик достони айтувчиси, сақловчиси ва оммалаштирувчиси», «Туркий эпосда достон айтиш санъатининг бадиий ва вақтга оид контексти», «Мўғул ва ўзбек тилларидаги эпосларнинг терминологик томонлари», «Номоддий маданий мерос муҳофазаси бўйича конвенция рўйхатлари эпик мероси: Ўзбекистон эпик мерос элементлари», «Қирғиз элининг айтишув санъати», «Подшоҳ ва Лала ёки Дахрил ва Зюфрем» гагауз достон эпоси тикланиши», «Тожикларнинг эпик ижоди: ҳозирги ҳолати, сақлаш ва ривожланиш муаммолари» каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Тўра Мирзаев, Жанубий кореялик Сеонг Йонг Пак, россиялик Василий Илларионов, қозоғистонлик Шакир Ибраев ва бошқалар номоддий маданий мероснинг ҳаётимизда тутган ўрни, халқларнинг миллий қадриятларини ривожлантириш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамияти хусусида атрофлича фикр юритди. Аждодлардан мерос қолган халқ оғзаки ижодини ўрганиш ва ўргатиш юзасидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган беқиёс ишларга юқори баҳо берилди.

Конференция иши «Бахшичилик анъанаси тарихи, назарияси ва ижрочилик маҳорати», «Эпос – халқ маънавий меросининг дурдонаси сифатида», «Бахшичилик санъатининг ҳозирги ҳолати ва уни сақлаш муаммолари», «Эпик мерос этномусиқашунослик контекстида» каби мавзулардаги шуъба йиғилишларида давом эттирилди.

Марказий Осиёда қадимдан ривожланган халқ оғзаки ижоди минтақа халқларининг ҳаётий қарашларини мужассам этган. Бахши-достончилик унинг энг муҳим тармоқларидан бўлиб, аждодларимизнинг қаҳрамонлик, ватанпарварлик, меҳр-оқибат каби ғояларини тараннум этади. Ўзбекистон ҳудудида шаклланган бахшичилик мактаблари анъаналари минг йиллар давомида халқимизни эзгу фазилатлар руҳида тарбиялашга хизмат қилган.

Баҳс-мунозараларга бой бўлган халқаро илмий-амалий конференция иштирокчиларда катта таассурот уйғотди.

– Мен Ўзбекистоннинг номоддий маданий мерос дурдоналари билан яқин танишман. Жаннатмакон бу юртда кўп марта бўлганман. Бахши, оқин ва жировларнинг достонларни маромига етказиб куйлаганини бу юртда жуда кўп марта тинглаб, ўзгача завқ-шавқ олганман, – дейди Франция Республикаси Илмий изланишлар миллий маркази директори, профессор Жан Дюринг. – Бойсун туманида машҳур бахши Шоберди Болтаевнинг хонишлари мени ўзига мафтун этган. Ўзбек бахшичилик санъати дунёда жуда ноёб йўналиш. Бахшиларнинг достонларни бўғиз орқали куйлашидан ҳайратланаман. Тўғри, бизда ҳам халқ достонлари бор. Лекин уларга бу даражада эътибор, қизиқиш йўқ. Мамлакатингизда дунё бахшилари ва соҳа мутахассислари жамланган бундай нуфузли халқаро фестиваль ташкил этилганидан жуда хурсанд бўлдим. Албатта, бу бошқа мамлакатларга ҳам ибрат қилиб кўрсатишга арзийдиган ташаббус.

Халқаро илмий-амалий анжуман бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни ёш авлод онгу шуурига чуқур сингдиришдек эзгу ишларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: