08.04.2019

ТУРКИСТОН ва ТУРКИЯ бахшилик анъаналари

Ҳусайн БАЙДЕМИР, филология фанлари доктори, профессор, Отатурк университети ҳозирги туркий тиллар ва адабиётлар кафедраси, ўзбек-уйғур тиллари ва адабиётлари бўлими мудири:

— Қадимги Ҳун давридан бери дунёнинг турли қисмларига кўчиб бориб, Шарқий Сибирдан то Болқонларгача бўлган ҳудудларда янги-янги маданият соҳалари бунёд этган туркий халқлар юз йиллардан бери бир-биридан узоқ юртларда яшаганига қарамай, уларнинг орасидаги маданият, адабиёт ва санъат боғлари сақлангандир. Туркий халқларни бир-бирига маҳкам боғлаб турган маънавий ришталардан бири бахшилик анъанасидир. Минтақага қараб номланишда бирмунча фарқ қилишига қарамай, бахшилик анъанаси ҳар бир туркий жамиятда минг йиллик маданият ва халқ оғзаки ижодининг боқий анъанаси сифатида яшаб келмоқда.

2016 йилда Туркиядаги бир қанча университетларнинг ходимлари билан биргаликда «Турк дунёсида бахшилик адабиёти» мавзусида 800 саҳифали бир китоб нашр этиб, барча туркий халқлардаги бахшилик анъаналарини айри-айри бобларда баён этдик. Туркий дунёдаги ҳар бир бахшилик анъанасини шу соҳанинг мутахассиси ёзган бу китобнинг мен «Ўзбек бахшилик анъанаси ва термалар» қисмини ёзиш бахтига муяссар бўлган эдим. Мазкур асарни ўқиб чиққан киши бахшилик бутун туркий дунёнинг муштарак маънавий-маданий қадрияти эканлигига амин бўлади.

 Туркий дунё жўғрофиясида Шимолий-шарқдан Жануби-ғарб томонга борган сари халқ оғзаки ижодида исломнинг таъсири остида шаманлик ва эски фольклор унсурларининг озайганлигини кўрамиз. Бахшилик анъанасида ҳам ана шу вазият кузатилмоқда. Ибтидоий даврда шаманлик ва бахшиликнинг бирга тараққий этгани кўрилади. Исломдан илгариги эски аждодларимизда уруғ ва қабиланинг диний арбоби, табиби, фолчиси ва бахшисига «қам» ёки «ўйин» дейилган ва бу шахс бу ишларнинг барчасини айни бир вақтда ижро этар эди.

Бундан кейинги даврларда буддист уйғурларда роҳиб маъносини ташиган «бахши» сўзи аста-секин эски буддист ритуалларни ижро этувчининг номи бўлишдан чиқиб, халқ оғзаки ижоди намуналарининг айтувчиси маъносини ўзида жамлади. Исломий даврга келгач, бахши атамаси ўзининг эски маънолари ўрнига «халқ оғзаки ижоди намуналарини айтувчи, яратувчи» англамида кенг халқ оммаси ўртасида ёйилди. Аммо бизнинг давримизда баъзи қипчоқ қавмлари ҳамда ўзбек ва туркманларда халқ табибларига «бахши» дейилишининг илдизлари ҳам юқоридаги ҳолатга бориб боғланади.

Кейинги асрларда туркийларнинг қипчоқ, қарлуқ ва ўғуз тармоқларида бахшилик халқ достонларини куйловчилар, яратувчилар ва авлоддан авлодга узатувчи ижодкор табақанинг умумий номига айланди.

Ўзбеклар энг эски даврлардан бери қипчоқ ва ўғуз халқлари жўғрофиясининг ўртасида жойлашгани учун бу таъсир бу соҳада ҳам кўрилади. Ўзбек халқи ўртасида бахшиларга «достончи» ҳам дейилади.

Достончилик анъанаси IX-X-асрлардан эътиборан Каспий денгизининг ғарбий тарафидаги жўғрофияларга ёйилган Турк-ўғузларнинг орасида халқ оғзаки ижодининг лирик ва эпик жанрларидаги асарларни куйловчи достончиларга «ўзон» атамаси қўлланила бошлади

 XVI асрда Усмонли давлати ўз куч-қудратининг чўққисига улашган эди, халқнинг турмуш даражаси ошган ва адабий-эстетик ёндашувлар ҳам ўзгарганди. Энди одамлар қаҳрамон ботирлар ҳақидаги достонлар билан бир қаторда, ишқий-саргузашт асарларга рағбат кўрсата бошладилар. Шу туфайли ишқий достонлар айтиш анъанаси пайдо бўлди ва севги-муҳаббат мавзуси олд планга чиқа бошлади. Бир қанча ўзонлар бундай шеърий ҳикояларни ўзларининг бошларидан ўтган савдолар сифатида кўрсата бошладилар ва асарларининг бош қаҳрамонлари ҳам «ўзон»га синоним бўлган «ошиқлар» эди. XVI асрдан кейин «ошиқлар» сифатида халқ адабиётига кириб келган бу тоифа ижодкорлар ҳозирда ҳам шу ном билан юритилади. «Ўзон» атамаси ҳам яшаб қолди, аммо «ошиқ» ундан янада оммавийроқ эди. Ўзбекистон ва Туркманистонда «бахши» деб юритилган ижодкорларга Туркия ва Озарбойжонда «ошиқ» дейилишининг сабаби ҳам шунда.

XVI асрдан кейин бу ошиқлар ўзларидан олдинги авлод бахшилар куйлаган эпик достонларни, ибора жойиз бўлса, «парчалаб», улардан янги-янги шеърий ҳикоялар чиқардилар. «Дада Қўрқут» достонсимон ҳикояларининг пайдо бўлиши ҳам ана шу анъана билан боғлиқ. Бугунги кунларга «Китоби Дадам Қўрқут ала лисони Тоифаи ўғузон» номи билан етиб келган достонсимон ҳикоялар ичида 12 ҳикоя мавжуд. Бу ҳикоялар бошдан охиригача ўқилганда буюк бир достоннинг бўлимлари экани англашилади. Фақат шу бўлакларга айириш амалиёти шунчалик усталик билан қилинганки, бугун уларни бирлаштирганда эски ягона асарнинг ўртага чиқиши гумон. Бутун бир достондан бир қанча шеърий ҳикоятлар «ясаган» уста ўзон ўз ишини шундай маҳорат билан амалга оширганки, ҳикоятлар мустақил бир гўзал лиро-эпик асарлар тусини олган.

Демак, Шарқдаги ва Ғарбдаги туркий тамаддунларда XVI асрдан бошлаб ўзига хос бахшилик, ўзонлик, ошиқлик анъаналари вужудга кела бошлаган ва ўтган асрлар давомида ҳар бир анъанада оғзаки адабиётимизнинг гўзал асарлари майдонга келган. Туркистон минтақасидаги бахшилик анъаналарида узоқ асрлар давомида «Алпомиш», «Кунтуғмиш», «Гўрўғли» каби эпик асарлар яратилиб, бойитилиб ва ижро этилиб келди. Анадўли жўғрофиясида эса бундай узун ва эпик асарларга XVI-асрдан кейинги даврда шоҳид бўлмаймиз. Бизнинг ошиқлар ижодида «Карам ва Асли», «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин», «Орзу ва Қамбар», «Тоҳир ва Зуҳра» каби ишқий достонлар олд планга чиқди, улар Ўзбекистондаги бахшилар куйлаган қаҳрамонлик эпоси достонларига қараганда қисқа ҳажмли асарлардир. Шу сабабли бу турдаги асарларга Туркияда достон дейилмайди, «халқ ҳикояси» деб номланади. Ошиқларимиз ўртасида сўнгги чорак асрда халқ ҳикояларини куйлаш тобора озайиб бораётганини ҳам афсус билан қайд қилиш лозим. Анадўли жўғрофиясидаги ошиқлар ижоди халқ ҳикоячилигидан узоқлашаётгани ва бадиҳа билан шеър айтиш (термачилик, «қўшма» номи билан юритилади) тобора ёйилаётгани маълум.

Туркистон жўғрофиясида эса бахшилар энг эски даврлардан бери достончилик анъанасини давом эттириб келмоқдалар, кичик жанрларда ижод қиладиган бахшилар ҳеч бир замонда достончи ижодкорлар каби иззат-эътиборга сазовор бўлмаганлар. Каспийнинг шарқидаги ва ғарбидаги халқ оғзаки ижодимиз анъаналарида охирги беш юз йилда юз берган энг муҳим ўзгариш ва фарқлардан бири ҳам шудир.

Туркистондаги бахшилар ва Анадўлидаги ошиқлар чалган мусиқа асбоблари орасида ҳам маълум бир фарқлилик ўртага чиққан. Туркистонда бахшилар моҳирона чалиб достон куйлаган дўмбира, дутор, қўбиз каби чолғу асбобларини Анадўли ошиқлари билмайдилар, бу ҳудудда «соз» ёки «боғлама» машҳур бўлиб, бу мусиқа асбобининг тор ва пардалари бирмунча кенг. Бахшилар достонни бўғиз ва орқа томоқ пардалари билан куйлайдилар, Анадўли ошиқлари эса халқ ҳикояларини ижро этганида бу усулдан фойдаланмайдилар.

Туркистон ва Анадўли халқ оғзаки ижоди анъаналари, усулларида минг йиллик тарих давомида фарқлиликлар ўртага чиққан бўлса-да, бахши ва ошиқларни етиштириб чиқарган адабий-фольклор муҳити, устоз-шогирд муносабатлари, устозга ҳурмат ва шогирдга диққат-эътибор, жамиятдаги халқ оғзаки адабиётига нисбатан ҳурмат хусусида умумият ва ўхшашликлар жуда кўпдир, ҳатто бахшилар ва ошиқлар ўртасида фарқ йўқ, дея оламиз.

XX аср бутун дунё миқёсида анъанавий қадриятларнинг аста-секин йўқолиб бораётгани қайд этилган замондир. Бу асрда радио ва телевидениенинг, кинонинг оммалашгани ва кейинчалик Интернетнинг ривожланиши ҳар бир кишининг эстетик дидига, дам олиш усулига таъсир ўтказди. 1950-йилларгача Туркиянинг шаҳар ва қишлоқларида ошиқлик анъанаси бирдай мавжуд эди, аммо сўнгги 60-70 йилда шаҳарда бу анъана ҳаётдан сиқиб чиқарилди. Туркиянинг шарқида, жанубида, ички Анадўлида, Чуқурова минтақасида бугунларга қадар ошиқлик санъати яшаб келмоқда. Айниқса, Арзирум, Қарс каби шимоли-шарқий вилоятларда бу анъана жуда жонли, улар маҳаллий ҳокимиятлар тарафидан қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзбекистоннинг кўпгина минтақасида бахшилик анъаналарининг мавжуд эканлиги ва бахшиликни ривожлантиришга катта эътибор берилаётгани, бу соҳанинг равнақи учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шахсан ғамхўрлик қилаётгани, унинг шафелигида миллий ва халқаро фестиваллар бўлиб ўтаётгани мени бу соҳа мутахассиси сифатида жуда севинтирди. Шу кунларда Алпомиш юрти Сурхонда халқаро Бахшилар фестивалининг бўлиб ўтаётгани бунинг исботидир. Мингларча километр узоқда бўлсам-да, бу фольклор байрамига тайёргарлик ва ўтказилиш жараёнини жуда диққат ва ҳаяжон билан кузатиб бораяпман. Бу фестивални ўтказиш ташаббускори муҳтарам Президент жанобларига, халқларимизнинг ўлмас анъаналарини бугунларгача етказиб келган оловқалб бахшиларимизга қардош Туркиядан туриб алангали салом ва энг яхши тилакларимни йўллайман.

 

Арзирум, Туркия.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: