08.04.2019

ЎЗБЕКИСТОН БАХШИЛАРИ

«Ўзбекистон» нашриёт матбаа ижод уйи томонидан «Ўзбекистон бахшилари» номли китоб альбомнинг нашр этилиши халқаро бахшилар фестивалига ўзига хос туҳфа бўлди.

Бахшичилик жаҳон халқлари оғзаки бадииятида ўз нуфузи, мавқеига эга бўлган бетакрор сўз санъатидир. Юртимизда яшаб ижод этган бахши-шоир ва оқинлар ижро этган термалардан намуналар ва фотосуратлар жамланган мазкур альбомдан ўзбек халқининг достончилик санъати намуналари жой олган. Бундан кўзланган асосий мақсад ўсиб келаётган ёш авлодни халқ оғзаки ижодининг бой хазинаси билан яқиндан таништириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.

Альбомдан Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Бола бахши, Ислом Шоир Назар ўғли, Қодир бахши Раҳим ўғли каби 10 га яқин устоз бахшилар, Шоберди Болтаев, Қаҳҳор Раҳимов, Қора бахши Умиров, Абдуназар Поёнов, Етмишбой Абдуллаев, Гулбаҳор Ақимбетова каби 20 дан ортиқ мустақиллик йилларида «Ўзбекистон халқ бахшиси» фахрий унвони билан тақдирланган бахшилар ҳамда устозларидан достон айтиш сир-асрорларини ўрганиб, ёш бўлса-да, кўплаб ютуқларга эришаётган Феруз Норматов, Илҳом Норов, Жанибек Пиязов, Лола Маҳаммаддинова, Саламат Аяпов каби бахшичилик санъатининг 5 нафар навниҳоллари ҳақида тўлиқ маълумотлар ўрин олган.

Ушбу китоб-альбом миллий достончилик ва бахшичилик санъатини янада ривожлантириш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва муҳаббат туйғусини кучайтириш, турли халқлар ўртасидаги ижодий ҳамкорлик, дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бугун Термизда халқаро фестиваль доирасида ўтказилаётган кўрик-танлов ва турли кўргазмалар, бахшичилик санъатининг жаҳон цивилизациясидаги ўрни мавзуларига бағишланган илмий-амалий конференциялар билан бирга ушбу китоб-альбом тақдимоти ҳам бўлиб ўтмоқда.

 

Назокат ЮСУФЖОНОВА,

«Ўзбекистон» НМИУ матбуот котиби.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: