08.04.2019

БИР МАҚСАД, БИР ҒОЯ АТРОФИДА БИРЛАШЯПМИЗ

Термиз шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам оламшумул аҳамиятга эга тарихий воқеа бўлди.

Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган ушбу санъат анжумани, айниқса, биз, бахшиларнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Бу анжуман халқимиз қадимдан эъзозлаб, асраб-авайлаб келаётган достонларни бизга туҳфа қилган улуғ аждодларимиз руҳини шод этди.

Дунё бахшиларини Алпомиш ва Барчиной юртида бирлаштирган, бир мақсад, бир ғоя атрофида жипслаштирган фестивалда иштирок этиб, аждодлардан мерос касбни танлаганимдан беихтиёр фахрландим.

Айтиш жоизки, Сурхондарё вилоятида мазкур фестивалга тайёргарлик жараёнида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани, Шеробод достончилик мактаби асосчиси Шерна бахши қабрини ободонлаштиришга киришилгани, кўплаб достонлар китоб ҳолида чоп этилгани юртимизда сўнгги йилларда бахшичилик санъатига қаратилаётган алоҳида эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Термиз шаҳрида бахшилар мактаби, қатор туманлардаги мусиқа ва санъат мактабларида бахшичилик синфлари фаолияти йўлга қўйилгани аждодлардан мерос бу санъатнинг келажаги янада порлоқ эканига далолатдир.

Гапнинг индаллосини айтганда, фестиваль бошланганидан буён ўзимни Термиз шаҳридаги Санъат саройи ҳудудидаги кенг майдонга сиғмаётгандек ҳис этмоқдаман. Биласизми, нима учун? Бу ерда юртимиз ҳудудларининг ўзига хос анъана ва урф-одатлари, ноёб санъати ва буюк қадриятлари ўз аксини топган. Бундан ташқари, барча вилоятларнинг этнографик халқ ансамбллари, санъаткорлари ўз маҳоратини кенг намойиш этмоқда. Бахши, оқин ва жировларнинг сирли оҳангларда хониш қилиши дилларни яйратмоқда. Шунингдек, биз жаҳоннинг турли мамлакатларидан келган машҳур бахшилар билан мулоқот қилиш, тажриба алмашиш имкониятига ҳам эга бўляпмиз. Кечки пайт халқаро кўрик-танловда баҳслашмоқдамиз.

Сўзим аввалида бир неча достон китоб ҳолида чоп этилгани ҳақида қисқача айтган эдим. Масалан, фестиваль арафасида устозим Чорша бахшидан ўрганган «Алпомиш» ва ўзим ёд олган «Олтин қовоқ» достони нашр қилинди. Ўзбекистон халқ бахшилари Шоберди Болтаевнинг «Малла савдогар», Шодмон Хўжамбердиевнинг «Сурхоним дўмбираси» китоблари ҳамда Умр Шоир ва Авлиёқул Мардонақул ўғлининг «Алпомиш» достони китобхонлар қўлига тегди. Булардан қувонмай бўладими?

Мен бахшичиликни ўрганишга киришганимда ёшим ўттизга етиб қолган эди. Бугун Термиздаги бахшичилик мактаби ва туманлардаги махсус синфларда 7-9 ёшли болалар соҳа сирларини иштиёқ билан ўрганмоқда. Уларнинг достонлардан парчаларни маромига етказиб куйлаётгани, турли кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этаётгани, фестиваль доирасида ўтказилаётган халқаро кўрик-танловни диққат билан кузатаётганига ҳавасим келмоқда.

Буларнинг барчаси келажакда мардлик ва жасоратни, ватанпарварлик ва муҳаббатни, юртимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишларни кенг тараннум этадиган янги достонлар яратилишига ишончимизни мустаҳкамлайди.

 

Абдуназар ПОЁНОВ,

Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси.

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: