02.04.2019

ИБРОЙИМ ЮСУПОВ ИЖОД МАКТАБИ – ИСТЕЪДОДЛАР МАКОНИ

Нукус шаҳрининг темир йўл вокзали томонидан келаётиб, ажойиб бир бинога кўзинг тушади. Бу — Ибройим Юсупов номидаги давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати биносидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 21-январь куни ўзининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Нукус шаҳрида Ибройим Юсупов номидаги қорақалпоқ тили ва адабиёти фанларига ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этишни белгилаб берган эди. Қисқа вақт ичида уч қаватли замонавий мактаб барпо этилди. Унинг ҳовлисида Ибройим Юсуповнинг саловатли ҳайкали ўрнатилди.

Бугунги кунда бу даргоҳда 276 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. 100 ўринга мўлжалланган ётоқхона, 50 ўринли ошхона ва 100 ўринга мўлжалланган фаоллар зали, кутубхона ўқувчиларга хизмат кўрсатмоқда. Мактаб-интернати қошида таржима маркази, кичик босмахона ва спорт зали, инглиз тилини ўрганиш хоналар, физика, кимё лабораторияси, тасвирий санъат, информатика, технология хоналари ва 10 та ўқув хонаси мавжуд.

— Ўқувчиларимизнинг барчаси иқтидорли. Улар ўқиб, ўрганишлари, ижод қилишлари учун зарур шароит яратилган, — дейди мактаб-интернат директори Фархад Палымов. — Мактаб-интернатда «Оқ йўл, ёш қаламкаш», «Ёш адабиётшунослар», «Ёш ижодкор», «Ёш таржимонлар», «Публицистик асар сирлари», «Нотиқлик санъати», «Биз-Аёзий издошлари» (Аёзий - И.Юсуповнинг тахаллуси) каби тўгараклар фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, ўқувчилар турли танловларда қатнашиб совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, 11-синф ўқувчиси Айжамал Калыбаева 2018-йил февраль ойида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган иншолар танловида қатнашиб, Ислом Каримов номидаги хайрия фондининг Олтин медали ва ташаккурномаси билан мукофотланди. Шунингдек, 2018-йил 26-апрелда республика Рус миллий маданий маркази томонидан ўтказилган «Знаешь ли ты историю России?» иншолар танловида ғолибликни қўлга киритиб, Россия Федерацияси Санкт-Петербург шаҳрига саёҳатга йўлланма билан тақдирланди.

10-синф ўқувчиси Гулпаршын Жолдасбаева 2018-йил июль ойида Япония давлатининг Токио ва Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтган «Sakura Sience Exchange program in Japan» номли конференцияда қатнашиб, сертификат билан тақдирланди. Абдирашид Смайлов эса ўтган йили баҳорда Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ўтказилган «Аёзий издошлари» танловининг Республика босқичида фаҳрли биринчи ўринни эгаллади.

9-синф ўқувчиси Бийбижамал Реймбаеванинг «Бағымдағы қус» номли ва 6-синф ўқувчиси Мухаддас Кобейсинованинг «Мен баҳорни соғиндим» номли китоблари нашрдан чиқди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси ташкилотчилигида шоирнинг сайланма асарларининг уч жилди «Билим» нашриётида чоп этилган.

Ибройим Юсуповнинг шеърлари шунчалик халқчилки, ҳатто улардан мақоллар келтириб гапиришга ўрганганмиз. Шоирнинг 1962 йилда ёзилган «Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг» шеъри қўшиқ қилиниб, концерт дастурларида ижро этилиб келинмоқда. Бу шеърни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Рустам Мусурмон ўзбек тилига ўгирган.

ТошДУ десам дарҳол тушади эсга,

Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг…

Тўғри самолётдан тушдим-да кешда

Ётоқхонангизнинг эшигин қоқдим.

Нукусдалигингда сен мени кунда,

Ҳатто соат сайин соғинар эдинг.

Ушбу дамда мени кўриб Тошкентда,

Зўрға мийиқ тортиб: «Сенмисан?» дединг.

Гулшанда очилган бир атиргулдай

Чиройинга чирой қўшган экансен.

Қувончимни қандай айтишим билмай,

Ютиниб, термулиб қарайвердим мен…

Қўлтиқлашиб кетдик катта йўл бўйлаб,

Жим бораётирмиз. Кулиб қўясан.

«Жоним, айт, хаёлга толдинг не ўйлаб?

Эртанг учрашамиз қаерда, қачон?»

«Эрта қўлим тегмас… Имтиҳоним бор…»

Дединг менга айёр сузиб кўзингни.

Навоий театри халқ билан қайнар,

Одамлар ичига урдинг ўзингни.

Зар кўйлак нур сочиб ёнар устингда,

Ногаҳон: «Кечиргин, тобим йўқ…» дединг.

Сўнг мармар зинадан тезда тушдинг-да,

Кетдинг… Мен сен учун бегона эдим.

Сўнги «Казбек»имни олиб тутатиб,

Узоқ тентирадим Анҳор бўйинда.

Мажнунтол шохлари сувларга ботиб,

Сенинг сочларингни солар ўйимга.

ТошДУ десам, мудом тушади эсга,

Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг.

Сенга энди қайтиб халал бермасга

Бел боғлаб, жонимни ўтларга ёқдим.

— Мактаб-интернатимизга республиканинг барча туманларидан, чекка қишлоқ мактабларидан ижодкор ўсмир ёшлар танлов асосида ўқишга қабул қилинади. Уларга олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар жамоаси янги педтехнология ва инновацион услубларида таълим-тарбия бериб келмоқда, — дейди мактаб-интернатнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари Мамбетмурод Реймов. — Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15-16-декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида мактаб-интернатимизда бўлди, ўқувчилар билан суҳбатлашди. Ибройим Юсуповнинг ижодига бағишлаб, ташкил этилган экспонатлар билан танишди. Ибройим Юсуповнинг қорақалпоқ ва ўзбек адабиётида тутган ўрни, туркий адабиётга қўшган улкан ҳиссаси ҳақида тўхталиб ўтди. Давлатимиз раҳбари ўз сўзида мамлакатимизда илм, фан ва таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, келажагимиз бўлган ёшларга яратилиб берилаётган шароитлар тўғрисида сўзларкан, китобхонликка жуда катта эътибор қаратиш зарурлигини қайта-қайта уқтирди. Президентимиз мактаб-интернатга «IZUSU» маркали автобус совға қилди.

Шунингдек, муҳтарам Президентимиз ижод мактаби ўқувчиларининг ҳар 10 нафарини ҳудуддаги таниқли шоир ва ёзувчиларга бириктириш таклифини берди. Бу таклиф ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда амалга оширилмоқда. Уюшма ва мактаб-интернет ҳамкорлигида тез-тез ижодий учрашувлар, адабий кечалар ва янги китоблар тақдимотлари ўтказиб келинмоқда.

Жайҳун бўйларида ўсган бойтерак,

Илдизи бир, шохи минг бўлур демак,

Сен шундай сояли, қуёшли элсан,

Тинчлик ва иқбол сендаги тилак.

Ибройим Юсуповнинг ушбу сатрларини ўқиганда хаёлга бир фикр келади: шоирнинг ўзи қорақалпоқ адабиётининг бойтераги эди. Бугун қўлига қалам олиб, Ибройим оғанинг йўлидан боришни ният этган истеъдодли ёшлар унинг минглаб шохларига ўхшайди...

 

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: