Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
02.04.2019

ЗИЁРАТ ТУРИЗМИ НАТИЖАСИДА ПУЛ АЙЛАНМАСИ 2026 ЙИЛГА КЕЛИБ, 300 МИЛЛИАРД АҚШ ДОЛЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТАДИ

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида юртимизда туризм салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг амалдаги ижроси, шунингдек, мазкур соҳанинг яна бир йўналиши бўлган зиёрат туризмини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди.

 

— Халқаро тадқиқотларга мувофиқ, дунёда зиёрат-туризми йўналиши бўйича саёҳат қилувчи туристлар сони йил сайин ошиб бормоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг зиёрат ва археологик туризмни ривожлантириш сектори бош мутахассиси Саидкомил Холхўжаев. — Жумладан, 2017 йилда дунё бўйлаб саёҳат қилган мусулмон туристлар сони 131 миллион кишини ташкил этган. Улардан тушган даромад эса 142 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган. Бу эса ўз навбатида туризмнинг ушбу тури жаҳон сайёҳлик саноатидаги энг тез ривожланаётган соҳалардан бири саналади. 2020 йилга келиб дунёдаги мусулмон-туристлар сони 160 миллион кишига етиши кутилмоқда. Мазкур туризм турининг пул айланмаси эса 2026 йилга келиб 300 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Шундан келиб чиққан ҳолда дунёнинг кўпгина мамлакатлари, яъни анъанавий мусулмон бўлмаган давлатлар Испаниядан тортиб Япониягача мавжуд истиқболларни ҳисобга олган ҳолда мазкур йўналишга фаол тарзда сармоя киритмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги мусулмон қадамжоларига зиёратни амалга ошириш учун сайёҳларни фаол рағбатлантириш мақсадида 2018 йил февралдан бошлаб Индонезия, Малайзия ва Туркия фуқаролари учун визасиз режим жорий қилинди. Шунингдек, жорий йилнинг 5 январидан Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний-маънавий мероси ҳамда анъаналарини ўрганиш мақсадида ташриф буюрувчи хорижий фуқароларга 2 ойгача бўлган муддат билан берилувчи зиёрат визаси («Pilgrim visa») жорий этилди. 2019 йил 20 мартдан Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган кундан бошлаб 30 кун муддат билан визасиз режим жорий қилинди. Ҳукумат томонидан Эрон, ЖАР ва Гонконг фуқароларининг Ўзбекистонга ташрифи учун электрон кириш визаларини расмийлаштиришга рухсат этилди.

Бундан ташқари, 2018 йилдан бошлаб мамлакатнинг умумий овқатланиш шохобчалари ва ресторанларида «ҳалол» стандартини амалиётга жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, ўтган йил февраль ойидан бошлаб ISO 22000 ва «Ҳалол» озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича умумий қўлланма» O’z DSt 3286:2018 давлат стандарти расман жорий этилди. Халқаро аэропорт ва темирйўл вокзаллари, шунингдек, мамлакатдаги меҳмонхоналарда таҳорат ва ибодатларни амалга ошириш учун шароитлар яратилмоқда.

Бундан ташқари, ўтган йилда қўмита тегишли давлат идоралари Ташқи ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда хорижий мамлакатларда Ўзбекистоннинг зиёрат-туризми бўйича салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган қатор тадбирларни амалга оширди. Масалан, бундай чора-тадбирлар Малайзия, Индонезия, Сингапур, Эрон, Покистон, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, БАА ва бошқа давлатларда ўтказилди.

Зиёрат-туризмини ривожлантириш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, туристик инфратузилмани ривожлантиришда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, мамлакат сайёҳлик имкониятлари ва салоҳиятини тарғиб этиш, шунингдек, Ўзбекистонни ислом дунёсида зиёрат-туризми бўйича йирик марказлардан бири сифатида халқаро эътироф этиш мақсадида жорий йил 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида Зиёрат туризми бўйича биринчи Халқаро форуми бўлиб ўтди.

Форум Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (OIC) қошидаги Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ISESCO) ва БМТ қошидаги Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) ташаббуси остида ўтказилди.

Форумда 34 давлатдан 120 дан ортиқ хорижлик меҳмонлар иштирок этишди, улар орасида ислом дунёсидаги нуфузли халқаро ташкилотллар, идоралар, дин уламолари, олий ўқув юртлари, сайёҳлик маъмуриятлари, илмий-академик доиралар, зиёрат туризми бўйича туристик компаниялар вакилларидан иборат хорижий меҳмонлар ҳамда туроператорлар иштирок этди.

Форумда Перлис штати (Малайзия) муфтийси Мохд Асри бин Зайнул Абиддинга Малайзияда Ўзбекистон зиёрат-туризмини тарғиб қилиш бўйича Элчи дипломини топшириш маросими ўтказилди. Ўтказилган тадбирнинг натижаларига кўра, иштирокчилар «Ўзбекистонни зиёрат-туризмининг марказларидан бири сифатида эътироф этиш тўғрисида»ги Бухоро декларациясини бир овоздан қўллаб-қувватлаб қабул қилишди.

Шунингдек, матбуот анжуманида қўмита томонидан журналистларга Зиёрат туризми гидлар клубини ташкил этиш, зиёрат туризмининг ривожи йўлида Сингапурнинг «Сrescent Rating» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар борасида ҳам маълумотлар берилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: