Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
02.04.2019

ҚАМОҚ ЖАЗОСИ БОЛАНИ ТЎҒРИ ЙЎЛГА БОШЛАЙ ОЛАДИМИ?..

Ушбу мақолани ёзиш олдидан ҳамкасбим кўп фарзандли оилада, ҳеч қандай шароитсиз, доимий камситишлар, уриш-сўкишлар, калтаклар остида вояга етаётган боланинг ҳаёти билан боғлиқ воқелик асосида суратга олинган, «Капернаум» деб номланган фильмни кўришни маслаҳат берди. Фильм якунланаётган пайтдаги воқеалар жуда ҳам таъсирли. Фильм қаҳрамони отаси ва ҳомиладор онасини судга беради. Судъя нима истайсан, деб сўрайди. Дунёга келиб, заррача яхшилик кўрмаган бола «улар ҳам мендай яшаса, туғишни бас қилишсин», деб йиғлаб юборади...

Аслида ҳам, ота-онанинг вазифаси фарзандига тўғри тарбия бериб, вояга етказиш, оёққа туришига кўмаклашиш, унинг бахту камоли учун курашиш эмасми? Ҳеч қайси бола бебош, аҳлоқсиз, ўғри ёки ёлғончи бўлиб туғилмайди. Уни катталар шу аҳволга солиб қўйиб, камига жазо ҳам беради. Бу қанчалик тўғри?

Ўтган ҳафтада пойтахтимизда «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда Германия халқ университети ассоциациясининг Ўзбекистондаги филиали ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференцияда мавзуга алоқадор масалалар атрофлича муҳокама этилди. Унда оилалардаги турли муаммоларнинг олдини олиш, ҳал этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий кўмак бериш ишлари қай даражада олиб борилаётгани ҳақида сўз борди. Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жорий этилиши кўзда тутилаётган жазони ўташ муассаларидан қайтган шахсларнинг ижтимоий мослашуви билан боғлиқ лойиҳа ҳақида сўз юритилди. Халқаро экспертлар ҳамда маҳаллий мутахассислар атрофлича фикр алмашди.

— Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича жуда катта ишлар амалга оширилмоқда, — деди Ўзбекистондаги Буюк Британия бирлашган қироллиги ва шимолий Ирландия элчихона ишларидаги вақтинча ишончли вакили Дэвид Спайерс. — Айниқса, ижтимоий мослашув, жазони ўташ жойларидан қайтган шахсларни жамиятга қайтариш, ижтимоий ҳимоя масалалари устувор саналади. Масалан, яқинда БМТ билан ҳамкорликдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд деклорацияси имзоланди. Унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро меъёрлар қамраб олинган. Буюк Британия ижтимоий кўмакка муҳтож шахсларга кўмаклашиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

 Шу мақсадда жазони ўташ муассасаларидан қайтган шахсларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашувчи лойиҳа устида ҳамкорликда иш олиб борилди. Аҳолининг заиф қатламига ёрдамлашиш имконига эга бўлаётганимиздан хурсандмиз. Бу борада бизга энг яқин кўмакчи ОАВ ҳамда ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ қонунчилик базаси эканини ҳам айтиб ўтмоқчиман. Шунингдек, хотин-қизлар қўмитаси, Бош прокуратура, ҳокимият, Ички ишлар вазирлиги ва яна кўплаб ҳамкорлар билан бошлаётган ишимиз хайрли бўлади. Чунки боланинг хатоси учун уларни жазолаш эмас, тарбиялаш кераклигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

— Ижтимоий масалаларда ҳамкорлик нафақат мамлакат ичидаги муаммоларни ҳал этишга, балки давлатлар ўртасидаги риштани мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, — деди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директор ўринбосари Дилдора Каримова. — Оила мавзуси эса ҳар доим ва ҳар ерда долзарблигини йўқотмаган. Марказимиз ҳамкор ташкилотлар билан бирга оилани мустаҳкамлаш билан боғлиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, репродуктив саломатлик масаласи ва демографик ривожланиш даражасини тизимли ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Шунингдек, намунавий оилалардаги муҳитни тарғиб қилишга эътибор қаратилмоқда...

— Бош прокуратура академияси ҳамда ЮНИСЕФ ҳамкорликда вояга етмаганларни қамоқ жазосидан озод қилиш йўли билан адолатни қарор топтириш тизимини яратиш билан боғлиқ лойиҳа устида иш олиб борилди, — деди Бош прокуратура Академияси бош маслаҳатчиси Олег Ким. — Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида ўтказилган давомли ўрганишлар, ички ишлар идоралари ходимлари, турли ташкилотлар, жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш натижасида халқаро стандартларга мос бўлмаган тажриба юзага келганига гувоҳ бўлдик. Қўпол қилиб айтганда, биз болаларни қамаяпмиз. Нега ахир? Амалиёт ва таҳлиллар шуни кўрсатадики, вояга етмаган, айниқса, 14-16 ёшли болалар ҳатто ҳуқуқбузарлик қилаётганини тушунмайди, бу фақатгина болаларча бебошлик даражасидаги ишлар, деб билади. Шу ёшдаги болалар суд залига ҳам худди вақт ўтказиш, кўнгилхушлик учун келгандек ўзини тутган ҳолатлар ҳам бўлади.

Кузатишлар ва сўнгги пайтларда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар болалар ҳамда аҳолининг заиф қатламига оид қонунчиликни қисқа муддатда такомиллаштиришни тақазо қилмоқда. Аввалига, биринчи марта, ўзи истамаган равишда ҳуқуқбузарлик, жиноят содир этган барча ёшдаги фуқаролар ўртасида мазкур лойиҳани йўлга қўймоқчи бўлдик. Лойиҳанинг мазмуни ҳуқуқбузарлик содир этганларни имкон қадар жазоламаслик, бунинг ўрнига тушунтириш ва ёрдам беришдан иборат бўлади. Чунки олдинда нима бўлишини ҳеч ким билмайди. 2016 йилдан бошлаб шу вақтга қадар таҳлиллар, ўрганишлар, турли тренинглар олиб борилди. Охир-оқибат вояга етмаганлар ўртасида ушбу лойиҳани жорий этиш тўғри, деган хулосага келдик.

Айни пайтда уни Чилонзор туманидан бошламоқчимиз. Агар бирор нима кутилгандек бўлиб чиқмаса, биз ёки лойиҳа иштрокчилари томонидан хатога йўл қўйилса, яна бошқа ҳар қандай ҳолатда ҳам биргина тумандаги камчилик, муаммони бартараф этиш осонроқ бўлади. Айнан ушбу туманни танлаганимизга сабаб эса пойтахтдаги энг кўп миллатли фуқаролар истиқомат қилиши, катталиги, аҳоли қатлами ва яна бошқа хусусиятлари мос келди. 6 ойга мўлжалланган лойиҳа давомида ҳар бир болага индивидуал ёндашамиз ва бир хил муносабатда бўламиз. Айтиб ўтиш керак, Бош прокуратура академияси, Ички ишлар, Адлия вазириликлари, Чилонзор туман ҳуқуқ-тартибот идоралари, жамоат ташкилотлари ҳамда шаҳар ва туман ҳокимлари лойиҳа ташкилотчилари ҳисобланади. Лойиҳада ижтимоий хизматчилар, психологлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, маҳалла, нодавлат ташкилотлари ва яна кўплаб соҳадаги ўнлаб мутахассислар иштирок этади. Улар болани тўғри йўлга бошлаш, руҳияти, хоҳиш-истаклари, оилавий шароитини ўрганиш, бу борадаги муаммоларни ечишга кўмаклашиш билан шуғулланади.

— Фарғона вилоятида яшовчи қиз жазо муддатини ўтаб бўлгач, оилага қайтди, — дейди конференция модератори Венера Эрматова. — Аммо оиласида ота-онаси, сингиллари томонидан салбий муносабат бўлгани оқибатида у яна жазо колониясига қайтиш истаги билан жойларга мурожаат қилган. Унинг айтишича, ўз яқинларидан кўра, қамоқдаги дугоналаридан кўпроқ эътибор кўради. Бу каби муаммолар ҳар бир собиқ маҳбусни қийнайди. Айниқса, у аёл ёки ҳали бола бўлса. Ишда, оилада, яқинлари қалбида жой эгаллаш улар учун ўта мураккаб, ҳатто тасаввур этиб бўлмайдиган орзуга айланади. Бундай ҳолатларга ташкилотларнинг эътиборини қаратиш бизнинг асосий мақсадимиздир...

Халқаро ташкилотлар мутахассислари бошқа давлатларда бу муаммо қандай ҳал этилиши бўйича тажрибалар ҳақида сўзлаб беришди. Хусусан, Қирғизистон, Тожикистон давлатларида аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш масалалари ҳақидаги маърузалар кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортди. Конференцияда ҳамкорликдаги келгуси режалар ҳақида келишиб олинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: