02.04.2019

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗЛАРИ АҲОЛИ ХИЗМАТИДА

Одамларнинг мушкулини осон қилиш, ҳаёт сифатини яхшилаш, турли оворагарчиликларнинг олдини олишдек эзгу мақсадларни кўзлаб йўлга қўйилган янги тизим ўз самараларини бермоқда. Буни Қашқадарё вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади. Ана шу мезон асосида аҳолига ва юридик шахсларга хизмат кўрсатилиб, одамларнинг мушкули осон қилинмоқда. Қарши тумани Давлат хизматлари маркази томонидан жорий йилнинг шу давригача 11 минг 138 та давлат хизмати кўрсатилди. Жумладан, 1 минг 426 нафар фуқаро жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимида ҳисобга олинди. 500 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. 200 нафар фуқарога фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун йўлланма берилди. Хатлов жараёнида аниқланган муаммолар жойида ҳал этилаётир.

Туманнинг Керайит маҳалласида истиқомат қилувчи Ражаб момо Раҳматова 91 баҳорни қарши олган. Аммо шу пайтгача унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва фуқаролик паспорти бўлмаган. Хўжалик дафтари асосида расмий никоҳдан ўтган, никоҳ қоғози билан фарзандларига гувоҳнома олган ва пенсияга чиққан. Яқинда момога туман Давлат хизматлари маркази ва Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан гувоҳнома ҳамда фуқаролик паспорти топширилди.

– Бугун хурсандчилигимнинг охири йўқ, – дейди Ражаб момо. – Шу юртда яшасам-да, ўзимни кераксиздек ҳис қилардим. Умидимни ҳам узгандим. Ҳақиқат бор экан, ниҳоят 91 ёшимда гувоҳнома ва паспортимни қўлга олдим. Биз кексалар ҳолидан хабар олиб, мушкулимизни осон қилаётганларни дуо қиламан. Доим йўллари ёруғ бўлсин.

Ражаб Раҳматовага ҳужжатлар топширилиши катта байрамга айланди. Маҳалла фаоллари, фарзандлар, невараю чеваралар жам бўлиб, қайта туғилган онахонни қутлади.

Давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси ҳамда шаҳар ва туманлар марказлари томонидан 80 дан ортиқ турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида тез-тез тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Хусусан, яқинда бошқарма ходимлари Қамаши туманидаги Меҳрибонлик уйида бўлиб, катта ҳаёт остонасида турган тарбияланувчиларга мамлакатимизда боқувчисини йўқотганларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва уларга тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида кенг тушунча берди. Шунингдек, тарбияланувчиларга Давлат хизматлари агентлиги томонидан кўрсатиладиган хизматлар тури ҳақида ҳикоя қилувчи буклетлар тарқатилди. Меҳрибонлик уйи кутубхонасига ва тарбияланувчиларга китоблар совға қилинди.

Давлат хизматлари агентлиги марказлари томонидан амалга оширилаётган хайрия ва саховат тадбирлари қанчадан-қанча кўнгли ўксик кишиларнинг ҳаётига мазмун олиб кирмоқда. Хусусан, Ғузор туманидаги "Бўстон" маҳалла фуқаролар йиғини Янги ҳаёт қишлоғида истиқомат қилувчи Ҳурмат Муҳаммадиевага замонавий тикув машинаси совға қилинди.

— Бу эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди, — дейди Ҳурмат Муҳаммадиева. — Қўлимдан тикувчилик келади, лекин имкониятим йўқ эди. Туманимизда завод-фабрикалар кўп. Энди буюртма асосида завод ишчиларига махсус кийимлар тикиб бераман. Бундан оила аъзоларим ҳам жуда хурсанд.

Ҳурмат ая билан бирга яшайдиган 6 ёшли набираси Санжарбекка кийим-кечаклар совға қилинди ва шу куннинг ўзида у тумандаги 8-мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилди. Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган ушбу янги тизим ижобий самаралари билан одамларни мамнун қилмоқда.

 

Ў.БАРОТОВ,

ЎзА мухбири



DB query error.
Please try later.